Эгамберди Мустафоев 1938 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтини тамомлаган. “Мен шеърият шайдосиман” шеърлар тўплами ва кўплаб илмий китоблар муаллифи. Иқтисод фанлари доктори, профессор.
БАҚАТЕРАК ҚИСМАТИ
Ҳар тонгда шаббода терак шохларин
Уйғотиб, оҳиста куйга соларди.
Кўркига шаббода шайдолигидан,
Терак, шохлари-ла ором оларди.
Мамнун эди бисоти танҳолигидан,
Силкиниб тўрт томон,
Турарди мағрур.
Шод эди.
Сабода инъом беқиёс,
Сарафроз саҳнидан кўнглида ғурур.
Ҳар баҳор нашъасин айлаб тараннум,
Қушлар оғушида ўтказарди ёз.
Тўплабон кузакда баргидан уюм,
Келар қиш, пойига солар пойандоз.
Баъзан барглари-ла, шивир-шивирлаб,
Қуёш ёғдусини инкор қиларди.
Довулга чап бериб, аёзга мирлаб,
Кўклам жаласининг кўксин тиларди.
Аммо ўтди йиллар…
Эскирди виқор,
Чириди илдизи,
Барглари ҳазин.
Қуриди танаси,
Кетганди оҳор,
Кесилди…
Бўлди у, бир уюм ўтин.
Терак қисматини
Ўйла, ўқувчим,
Бекорчи умрга зеб бермоқ, нечун?
Ўтган авлод гувоҳ, азалий бичим –
Тарвақайлар терак “бақа”лиги-чун.
Баъзилар мевасиз терак сингари,
Қадди-қоматининг ростлигидан, шўх!
Бироқ у бир куни вақтнинг пойида,
Ўтин бўлишидан хабарлари йўқ…
* * *
На керак инсонга тил,
Ул гуфти бийрон бўлмаса.
Лутфидин нусрат йиғар,
Эл дили шодон бўлмаса.
Не забон? – дерлар ани,
Улфати чорни чоғ этиб,
Дўсту ёрни шод этар
Барқи сухандон бўлмаса.
Кечалар дийданг қуриб,
Ёнсангу ҳижрон ўтида,
Ҳасрату ғаминг йиқар,
Таъбири хандон бўлмаса.
Бир қамар ҳажри сени
Хастаи зор этса магар,
Васфидин зоринг йитар,
Ҳадиси афғон бўлмаса.
Ҳой Эгамберди, ҳазин
Хонишинг элга ёйилмас,
Тинглаган мардум тўкар
Кўз ёши маржон бўлмаса.
* * *
Малҳам эрмас, тўтиё
Кўзга сурилмасдан бурун,
Дийда мулкин саҳнида
Эриб, суюлмасдан бурун.
Сизгай, ул, аста-секин
Кўз туби-ю, гавҳар томон.
Сочмағай мардум зиё
Парда очилмасдан бурун.
Токи равшан гавҳаринг
Нурин ажабо акси бор.
Айла аксин тўтиё,
Кўзинг ёпилмасдан бурун.
Неки ишга қўл урарсан
Асра кўзни, шошма, сен!
Ечмагил, дерлар этикни
Сувни кўрмасдан бурун.
Жон Эгамберди, улусга
Панди фикрат дема, кўп!
Элга маълум Ҳақ иши,
Назминг битилмасдан бурун.
ВАТАН САРҲАДИ
Тафаккур ёғдуси сочганида нур,
Чулғайди қалбимни ажиб бир ғурур.
Сарҳадин чеки йўқ, борлиққа монанд,
Кўпирар тўлқиндек қирғоқдан баланд.
Андоза олгандек эл боқар ондан,
Қўзғатар шуурим, ошар уммондан.
Хаёлларим қийғос сочилур ҳар ён,
Инсон тафаккури унда намоён.
Шунда ҳолатимга тафсир излайман,
Топганимдан ани, қувониб дейман:
Азиз Она замин қадрини билсам,
Тупроғин кўзимга тўтиё қилсам.
Дилбандлик ҳимматин этиб дилга жо,
Халқим хизматини айласам бажо.
Меҳнатим авжидан яшнаса боғлар,
Сочса нур, зулматни йиққан чароғлар.
Мард аскар фарзанди бўлсам Ватанни,
Эркига бахш этсам жон ила танни.
Шунда Ватан боғи гулларга тўлур,
Инсон буюклиги намоён бўлур.
Ватанда бахтиёр инсонлигимни,
Садоқат рамзига посбонлигимни,
Дилга туйган бўлиб, вақт ўтган сайин,
Орзум жиловини тортибон тайин,
Натижа бобига битиб таҳайюр,
Камолот элига айтиб минг узр,
Ҳайқириб, жаҳонни ларзага солгум,
Ватан оғушида то абад қолгум…