Дилшод Шамс (1964)

Дилшод Шамс 1964 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1986 йили Тошкент Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

1986-1992 йиллари Ўзбекистон радиосида ишлаган. 1992 йилдан шу кунгача Ўзбекистон телевидениесида хизмат қилмоқда. Ҳозирда ЎзМТРК «Кинотеатр» телеканали директори.

1985 йили “Эзгуликнинг мовий осмони” китобчаси “Булоқ кўз очди” тўпламида чоп этилган. 1991 йили “Тумор” шеърлар китоби, 2011 йили “Қалбимдаги Ватан” бадиалар тўплами нашр этилган. 1992 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Шеърлари Ҳамид Исмоилов таржимасида Москва, Лондон нашрларида эълон қилинган.

* * *

Тун тўшига ботган новдалар чағир,
Сукунат қўйнида беватан овунч.
Дарахт –
дарралардан қаварган бағир,
Овозсиз оҳингда оғриқли соғинч.

Тун сокин…
Сукутда бир буюк Ватан,
Юлдузлар, дарахтлар фуқаролари.
Безовта оромда буюк руҳ ва тан
Қалбида ўт билан сув яролари.

Сукунат шунчаки кўрингай бедард,
Япроқлар уқса-да янгича урфни,
Не асрлар асрар бешикаст, бегард
Илдизлар чангаллаб ётган қулфни…

1989 йил

БАШОРАТ

Умидлар қайтади, бахтлар қайтади,
Қайтади унутган куйларинг.
Мозийдан ярадор мардлар қайтади,
Зиёга тўлади уйларинг.

Тўлғин тунларингни безайди ойлар,
Юлдузлар қошингга қўнади.
Қузғунлар чўчитган жонбахш ҳумойлар,
Ҳотиржам бошингга қўнади.

Тоғларнинг тубидан чиқар сандиқлар,
Минг йиллик китоблар чиқади.
Саҳфалар сатҳида битган чандиқлар
Бағридан хитоблар чиқади.

Қисматнинг буришган сўқмоқларини
Тилакнинг гуллари ёритар.
Фалакнинг сим-сиёҳ пучмоқларини
Юракнинг йўллари ёритар.

Булбуллар елкангга қўниб куйлайди,
Уйғониб кетади булоқлар.
Қуёш нақ теппангда,
Вужуд куймайди,
Куяди кишанлар, тузоқлар.

1988 йил

* * *

Ҳали сиз кўнглимнинг парчаларини
Гулдонда сақлашдан хижолат чекиб,
Юзингизга босиб бедор ўтасиз.

Маьюс дийдаларни умидвор тикиб,
Севгимнинг забонсиз жарчиларини
“Тирикмисиз” дея, йиғлаб ўпасиз.

Балки, у кунларга етмоғим гумон,
Ўртамизда, балки, умрим узун чоҳ,
Сўнгаклар сўнгида озодруҳ оғриқ.

Уфқда умматин чорлаган уммон
Кўнглимда ишқ борки, ундан-да тортиғ –
Абадий армондир ул ёруғ даргоҳ.

Ҳар нечук муҳаббат кўнглимда сўнмас,
Пойингиз гардидан руҳим ёришгай,
Ўлим-да ул нурни қилолмас қарам.

Бевафо умр ризо. Лек, руҳим кўнмас,
Гўё ишқ – беажал мангу ёнишдай,
Тобут – кундай гулдон, ойдай сув – кафан.

1988 йил

* * *

Ойдин остонамни ўзим асрагум,
Ёлғиз осмонимни ўзим асрагум,
Тилда достонимни ўзим асрагум,
Элда забонимни ўзим асрагум,
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Кўҳна Руҳ дарахтин яшил баргимиз,
Руҳимиз омондур – қутлуғ дардимиз.
Шу буюк бўстоннинг бўлсак марди биз
Илоҳий ёғдудан ёнар қалбимиз,
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Уфқ жанггоҳида қуёш тўкар қон,
Бир муддат чекингай, тинмагай исён.
Ўлмаган ғолибин бошда тутар тонг,
Боиси имондир, боиси имон.
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Кўнглимда бир қуёш – нури ўзгача.
Толаси пайванддир чўғу музгача.
Юз очар бирдайин кимхоб бўзгача,
Ризқимиз дояси нондан тузгача.
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Тонглар томиримда тунар тўлғониб,
Булбуллар қошимда сайрар уйғониб.
Чечаклар шивирлар ишққа чўлғаниб,
Имон – Ишқ аҳлининг қадим қўрғони,
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Тупроқ энтикиши бахтдан аломат –
Бизни ўртамасин қатлу қиёмат.
Бошимиздан кетар мангу маломат,
Ватан саломатдур – имон саломат.
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

Умид уммонида умримиз – баёт,
Кўнглимиз кўшкида қумридир сабот.
То ҳаёт бор экан, то бормиз ҳаёт,
Бизга имон мурод, имондир қанот,
Тангрим, имонимни ўзинг асрагин.

1989 йил

* * *

Куйдим-эй, дарёлар бошида куйдим,
Дилимга дарёдан дардлар қуйилди.
Шу зайл саҳролар қошида куйдим,
Саҳролар қайғудай қаттол туйилди.

Ўртанган умримнинг ўлмас лаҳзаси –
Вужудим саҳрога қонларим қуйди.
Дунёда биттадур дарднинг лаҳжаси,
Осмон қумда куйди, қум хунда куйди.

Мен бунда абадий қолдим, кетмадим,
Руҳим саҳро узра саргардон кезар.
Қумлар қирғоғига, аммо, етмадим,
Қуриган бу уммон бағримни эзар.

Билмадим, бир менинг қоним не бўлғай,
Барибир бахт сари битта манзилман.
Юрак сардобамдан сув кутган чўлда
Бир ўзим Ватанман, бир ўзим элман.

Демакки, ситамлар қолмас адоқсиз,
Ҳар томчи қонимдан унар бир чаман.
Сарғайган саҳронинг сонсиз-саноқсиз
Қумлари қонимга бўлолмас кафан.

1989 йил

* * *

Муҳаббат бизга тан бўлғай,
Юракка бир Ватан бўлғай.
Ул ойнинг ҳажрида ўлсам,
Вужудимға кафан бўлғай.

Фиғонлар ўлкаси узра,
Ҳиёнат кўлкаси узра
Тилаклар қовжираб ўтса,
Тилакларға чаман бўлғай.

Дилимнинг дояси – офтоб.
Элимнинг қояси – офтоб.
Магар офтоб – ўшал моҳтоб,
Кўнгулға кун бадан бўлғай.

Саҳарлар салқини сўлмас,
Баҳорлар ёлқини сўнмас.
Юзига юз тутиб кун маст,
Атиргул ё суман бўлғай.

Юракнинг ёстиғи – васлинг,
Муҳаббат тасдиғи васлинг.
Асл васфинг – асал аслинг
Шикаст дилға расан бўлғай.

Кўнгил бут – ишқ деган эл шод.
Агар эл шод, демак, дил шод.
Ёниқ сўзим – ёнар тил шод
Муҳаббатға қасам бўлғай.

1989 йил

* * *

Бу икки йўл: ўнгу сўл –
Қисматимиз айрилиқ.
Сиз кетарсиз, дилда дўл,
Қаҳр билан қайрилиб.

Қақраган ишқ қонталаш,
Томир тўла армондир.
Ўт, сув аро жон талаш,
Юрак куйган қўрғондир.

Умр ўтар ўртаниб,
Ҳар лаҳзаси исёндир.
Кўксимдаги пўртана
Ҳам тупроқ, ҳам осмондир.

Шу тупроқ, шу осмоним
Сизга ҳам тенг эди-ку…
Кўнглимдаги жаҳоним
Осмондай кенг эди-ку…

Йўллар маьюс гул-ғунча
Умид сўлғин, дил ғариб.
Энди ўла-ўлгунча
Ўтар бўлдим ахтариб.

Қадамимга нур қуйиб,
Офтоб нотинч, ой нотинч.
Парча-парча эт ўйиб,
Йўлни тўйдирар соғинч.

1989 йил

* * *

Офтоб бошинг узра чарақлаб кулсин,
Босган изларингдан чечаклар унсин,
Қалбинг бахтга тўлсин,
қувончга тўлсин,
Фақат кўзинг ёшга тўлмасин, жоним.

Сени соғинганлар қилсинлар дуо,
Жамолинг жилвасин айлаб тўтиё,
Бор бўлсанг,
бизга ҳам бутундир дунё,
Дунё кўзингга тор бўлмасин, жоним.

Ҳаёт – бу…
Довон ҳам, синов ҳам кўпдир,
Изғирин, қаҳратон, қиров ҳам кўпдир,
Музларга қасдма-қасд олов ҳам кўпдир,
Қалбингда оловлар сўнмасин, жоним.

Сенга кўп ярашгай кулгу, табассум,
Ўзингдай самимий,
кўзингдай маьcум,
Толе – боғларингдан кетмас бир мавсум,
Сен куйиб, ғанимлар кулмасин, жоним.

Ҳар қалбда очилгай
бир гул, бир чаман,
Шу чаман ичрасан,
чаман ичраман.
Дилга танҳо Ватан,
Меҳрга Ватан
Бизнинг бу чечаклар сўлмасин, жоним.

Бандамиз,
хато ҳам ўтар бу бошдан,
хижрон ҳам, жафо ҳам кетар бу бошдан.
Кўнгиллар кўнгилга
қайтадур бошдан,
Кўнгилда кўнгиллар ўлмасин, жоним.

Қарайман,
бир йўллар кўрингай ёруғ,
Гумонлардан фориғ,
ғамлардан фориғ,
Кўксимдан кетмоқда армон ва оғриқ,
Бизларни худойим қўлласин, жоним.

2006 йил

* * *

Юр, гул юзим, иккимиз
йироқларга кетамиз,
Зулмат орти порлаган
чироқларга кетамиз.

Қалбга ботган тикондан
лолазор бўлди йўллар,
Майли, қўллар шилинсин,
гул боғларга кетамиз.

Хижрон – азоб, ғам – азоб,
дийдор танқис, бахт танқис,
Ҳар лаҳзаси ғанимат
хуш чоғларга кетамиз.

Равон йўлда ғанимлар
қадамимиз пойласа,
Ул нокаслар етолмас
сўқмоқларга кетамиз.

Кенг шаҳарда икки дил
“оҳ”ларига ошён йўқ,
Тошкент қолсин ҳувиллаб,
қишлоқларга кетамиз.

Дардларимиз тўкилсин
дарёларнинг қаърига
Қум зарраси – дур-гавҳар
қирғоқларга кетамиз.

Ишқ тиғига дош бермоқ
ошиқларга осонмас,
Қисматимиз шу экан,
қийноқларга кетамиз.

Қўлим Сенга чўзилган,
умрим ипи тарангдир,
Кетолмасак…
Бир умр
фироқларга кетамиз.

2006 йил

* * *

Ёмғир ёққан кун бу кун,
Ёмғир балққан кун бу кун.
Ёмғир бўлиб ёдимга
Ёмғир оққан кун бу кун.

Ёмғирларга қўшилиб,
Ёмғир бўлиб айтайлик.
Ёмғир бўлиб йиғлама,
Ёмғирларга қайтайлик.

Ёмғир қўнган лабингдан
Ёмғир бўлиб сизарман.
Ёмғир қучган пойингда
Ёмғир бўлиб сузарман.

Ёмғир тинса, майлига,
Ёмғир ерга синггайдир.
Ёмғир- ёмғир туйғудан
Ёмғир кўнглим тинмайдир.

Ёмғир фақат сув эмас,
Ёмғир оташ, ёмғир чўғ…
Ёмғир ёққан юракда
Ёмғирдан сўнг оғриқ йўқ..!

2006 йил

“КУЗ ЭРТАГИ” сериалига

Куйган юрак эмас,
тўкилиб ётган,
Дарахтдан узилган япроқдир асли.
Шафақ ҳам аслида шошилиб ботган
Қуёшнинг заволи,
тийрамоҳ фасли…

Гарчи, юрагимга қўнса ҳам ҳазон,
Бахтиёр кунларим кетса қайрилиб.
Муҳаббатинг билан руҳим чароғон,
Бизни ажратолмас ҳатто айрилиқ…

2005 йил

* * *

Қуюқ эди қаро тун,
қошинг тегиб кетдими,
Сочилмоқда новдалар
сочинг тегиб кетдими,
Умр – умид,
жон – умид,
узилмоғи узунмас
Ушоққина юлдуздек
тошинг тегиб кетдими…

2006 йил

* * *

Япроқлар узилар видолар каби,
Висол ва дийдордан жудолар каби.
Шивирлар энг сўнгги нидолар каби,
Руҳингни силайди дуолар каби…

2009 йил

* * *

Яна шаррос ёмғир.
Сўнг биринчи қор…
Қушлар ҳам яйрашиб қилади “чурқ-чурқ”.
Лабларим шивирлар миллиончи бор:
“Ўттиз саккиз…
Ўттиз тўққиз…
Қирқ…”
Ҳар томчи – хотира…
Ҳар томчи – фиғон…
Суякмас,
юрагим қилади “зирқ-зирқ”…
Айтсам,
томиримда тирилади жон:
“Ўттиз саккиз…
Ўттиз тўққиз…
Қирқ…”

Ҳар булут ортида офтоб бор алвон!
Умр ва умидга ҳижрон – чиғириқ…
Қонталаш бўлса-да,
чиқди-ку омон
“Ўттиз саккиз…
Ўттиз тўққиз…
Қирқ…”
Ҳеч ким ечолмагай рақамлар сирин,
Баҳор ўтди ҳисоб,
фурсат энди зиқ…
Бағрида армоним,
бахтим яширин
“Ўттиз саккиз…
Ўттиз тўққиз…
Қирқ…”
Яна ўша ёмғир…
Ва биринчи қор…
Қушлар ҳам қўшилиб қилади “чурқ-чурқ”.
Умр ўткинчидир…
Боқийдир изҳор:
“Ўттиз саккиз…
Ўттиз тўққиз…
Қирқ…”

2016 йил