Дилшод Ражаб (1964)

Дилшод Ражаб 1964 йили Бухоро вилоятида туғилган. Филология фанлари номзоди. «Отамнинг боғи», «Дарё кўнгил», «Жилвон ўғлони», «Алифбо», «Саноқ», «Сукут сарҳади», “Таниш  товушлар”, “Ўн  ўртоқ” каби китоблар муаллифи. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Вазият» газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди.


БУХОРО  ҚАСИДАСИ

Баҳорда лайлагию қишда лайлак қори бор,
Ҳар майсаси малҳаму, ҳар гиёҳи доривор.
Хазонлари – хазинам, тиконлари – зар нинам,
Валийлар пойи теккан ҳар кафт тупроғи тумор,
Бухорий нисбасинда Имом, Ҳофиз, Дақиқим,
Бухоройи шарифим, Бухоройи шарифим.

Шавкатингни ёзсалар Минор бўйи китобдир,
Юз Табарийга бу иш табаррук бир “азоб”дир.
Муқанна ёққан ўтда жинқарчадай ёнди ёв,
Ғалвирида ғанимни “элади” мард Торобий.
Не Наршахий лол қолур тугатолмай тарихинг,
Бухоройи шарифим, Бухоройи шарифим.

Шофирконнинг шони-ку не тоғлардан ошгандир,
Ҳайратдадир Самарқанд, тан олган Шош – Тошканддир.
Шопур қазган ариқнинг бўйларида ўсган эл
Илму ирфон, ижодда дарё каби тошгандир.
Бургут бўлар чумчуқ ҳам еса бу ер тариғин,
Бухоройи шарифим, Бухоройи шарифим.

Таърифингга етолмай шоҳбайтлар ҳам мот бўлар,
Сен ҳақингда ҳар бир гап ҳикмату баёт бўлар,
Камолингни куйлаган фарзандинг Дилшод бўлар,
Не ҳам десин шаънингга бир шоири ғарибинг,
Ўз номинг ўз-ўзингга энг муносиб таърифинг,
Бухоройи шарифим, Бухоройи шарифим.

ЁЛҒИЗЛИК

Сен йўқсан уфққа ботган қуёшдай
Бу дунё қоронғи, қисматим қаро.
Тураман чорасиз, кўзларим ёшлаб,
Адашган боладай чангалзор аро.

Хўмрайган без девор тўрт томоним-а,
Шифт бошим устида калхатдай, ё Раб!
Бир ёвуз сеҳргар каби танимдан
Жонимни ҳайдайди «чиқ-чиқ»лаб соат.

Дастурхон қошига келаман беҳол,
Гўёки марҳамат тиланиб, бироқ
Пиёла чақчаяр девнинг кўзидай,
Ямлашга шай турар ялмоғиз товоқ.

АПРЕЛ

Тобора қизғинроқ сўйлайди қуёш
Асрлар тўқиган эртакларини.
Қизишиб тинглайди қотган тошлар ҳам,
Дарахтлар ёзади куртакларини.

Самовий бир ҳисда ёнади ҳар ён,
Қизийди заминнинг юз минг томири,
Ҳеч нарса қолмайди пинҳону ниҳон,
Борлиқ очиб ташлар йўғу борини:

Оламга ошкора бўлади буткул
Қушчалар лабида қимтинган сирлар;
Ёрилиб кетади момоқалдироқ,
Тўкилиб-тўкилиб йиғлар абрлар…

Диллар соф ёмғирлар ювган ҳаводай,
Бахтиёр нафаслар куй бўлар найда.
Шаробга узанган хушнуд подшодай
Яқинлаб борамиз дилкушо Майга!

* * *

Дилшодман, гар ранги сомондирман мен,
Ким айтди эгилдим, тамомдирман мен?
Узоқни кўзлаган ўқ бор кўксимда,
Эгилган эсам-да камондирман мен!

БУҒДОЙНИНГ ТАҚДИРИ

Майса эди, она офтоб
Бошидан нур тўкарди.
Ювар эди ёмғирлар гоҳ,
Еллар силаб ўтарди.

Ўсиб камол топди дуркун,
Роса пишиб етилди.
Синовлардан ўтказмоқ-чун
Бир кун олиб кетилди:

Аввал, аввал билмоқ лозим
Чидаму бардошини.
Юритдилар бошидан зил
Тегирмоннинг тошини.

Энди унинг поклигин ҳам
Бир текширмоқ керак-да.
Майин, оппоқ ун бўлса-да,
Ўтказдилар элакдан.

Сув қуйдилар, муштладилар,
Минг бир куйга солдилар.
Қизиб турган тандирга ҳам
Бир киритиб олдилар.

Нон бўлгач у сабр қилиб
Бор синов-оташларга,
Эъзоз қилиб кўзга суриб,
Кўтардилар бошларга.

ТУНГИ ОСМОНГА БОҚИБ

Баҳор кезар еру кўкда,
Ҳатто осмон тоқи гуллар.
Юлдузлар – кўк майсазорда
Бодраб чиққан қоқигуллар.

ДАРЁ

Икки ёқдан икки қирғоқ
Исканжаси ёмон-да.
Нима қилсин шўрлик, кетмай
Боши оққан томонга.

* * *

Баҳор келар музаффар, ғолиб,
Елкаларда оғир ғам каби
Босган пўстинларни даст олиб,
Осиб қўяр бўғзидан барин!

Жун рўмоллар исканжасидан
Халос бўлар банди сочлар ҳам.
Ўсма тегиб ярашиб қолар
Оралари очиқ қошлар ҳам.

Паранжидан қутулган каби
Гул-гул яшнар қизлар, аёллар.
Елкасига текканча офтоб
Ишлар деҳқон озод қаролдай.

Ҳаяжондан ловуллар қуёш,
Дов-дарахтлар сиғмас пўстига.
Шамол тегар ғариб уйларнинг
Захлар қучиб ётган кўксига.