Дилноза Тоҳирова (1982)

Дилноза Тоҳирова 1982 йилда туғилган. Муқимий номидаги Қўқон Давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган. Ижодкорнинг “Бахт калити” номли шеърий китоби чоп этилган.

СОКИНЛИК

Сокинликни яхши кўраман,
Чунки сокин қолган маҳалда,
Бир соҳир қуш учиб келади
Ва юракка беради далда.

Жуда нозик, жуда сезгир қуш
Сал овозга чўчиб кетади.
Юрагингни бера олмасанг
Осмонларга учиб кетади.

Сокинлик – бу менинг ҳамроҳим,
Ҳатто келмас кўзга уйқулар.
Сокинликда яшнаб япроғим
Ва гуллайди ажиб туйғулар.

Бир илоҳий нурнинг ичида
Эриб кетар қалбимдаги қор.
Тўлқинланган дарднинг кучида
Бошланади янгидан баҳор.

СОЧИ ҚИРҚИЛГАН ҚИЗГА

Ой сенинг сочингда тунни кўрарди,
Момом қирқта қилиб сочинг ўрарди,
Бошингда зардўппи кулиб турарди,
Нега сочинг қирқдинг, эй ўзбек қизи?

Кокилинг дарёдек тўлғанар эди,
Завқдан қаро кўзлар чўғланар эди,
Зулфинг занжирига боғланар эди,
Нега сочинг қирқдинг, эй ўзбек қизи?

Ағёрлар сўзига қулоқ солдингми,
Узун сочинг кўтаролмай толдингми,
Надоматлар тўфонида қолдингми,
Нега сочинг қирқдинг, эй ўзбек қизи?

Тўлқин-тўлқин кокилингдан айланай,
Иффат бўлиб кўзларингга жойланай,
Ҳар тола сочингга минг бор бойланай,
Ҳавас билан боқсин дунёнинг кўзи,
Сочларингни асра, эй ўзбек қизи!