Дилфуза Комил (1975)

Дилфуза Комил 1975 йили Наманганда туғилган. Наманган давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. “Асотир”, “Кўкдан келган кўнгил” тўпламлари муаллифи. “Маърифат гулшани” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

* * *

Қиш йиғлайди бағрим баҳорларида,
Баҳор дилга соғинч суратин солар.
Изингизда эзгин қолган кўнглимни ,
Бинафша бўйлари никоҳлаб олар .
Нечун сиз эмас

Юракранг ҳинолар қўлга киргайлар,
Бардош тиканлари дилга киргайлар.
Тавоним қонидан ишқ таъмин тотиб
Тақдирнинг тошлари тилга киргайлар .
Нечун сиз эмас

Илинжлар заволдан асрар умрни,
Зоримни зор қолган кунга бермаслар .
Кўз ёш исларига чўмган парқулар
Мени ғам титраган тунга бермаслар
Нечун сиз эмас

Ойдиннинг қўллари кўксимга этар,
Ойнинг нигоҳлари келмоқда малол .
Соғинч чўғларини лабида тутиб ,
Мени қучоғида куйдирар ҳаёл.
Нечун сиз эмас

***

Куйгулари мўл кўнгил,
Кўз ёшлардан ҳўл кўнгил ,
Азоб унган сўқмоғим ,
Ҳақ қошига йўл- кўнгил .
Тавонларим тиликдир ,
Дилда илинж тирикдир –
Жон потраган бўғзимда
Куйларингни тирилтир .
Дил сўраган суйгулим,
Андуҳ тутди куйгулик.
Шаҳид кетди туйғулар,
Муҳаббат бер туйгулик.
Оқ ёмғирлар бошимда ,
Ой қорайди қошимда .
Бир жонимда минг ямоқ-
Не савдо шу ёшимда
Қисмат –нўноқ чечаги
Ямар ишонч теграсин –
Ишончга тош отмишлар
Юрагимни эгаси …
Кўнмоқ нима- билмайман ,
Кулмоқ нима- билмайман .
Ўзинга бошла, кўнгил ,
Сендан қайтиб келмайман .
Бефойда дард уқмоғим ,
Бунда йиғлаб ўтмоғим .

ВАТАН ДEСАМ

Қочиб кетар вақтнинг ортига ,
Ватан десам ,
Йиғлайди юрак .
Қодирийни қабрин изламай
Севмоқликни билмайди юрак .
Қочиб кетар мозийга дилҳун
Чўлпонларга байтлар айтади .
Сибирларнинг тупроқларидан
Усмон Носир билан қайтади .
Тушларимда беролмайди жон
Қонлар келиб Боту оғзидан .
Ватан десам ,
Вақт ҳам тисланар –
Сталинннинг олар бўғзидан .
Ватан десам,
Гуллайди юрак ,
Гуллар таннинг ҳар бир суяги .
Кўзларимда ҳилпирар мағрур
Файзулло Ҳўжанинг кўйлаги .
Ватан десам жилмаяр дунё .
Ватан
Дунё ошиғинг сенинг .
… Ҳуросонни севиб ўтганди
Ўрис бўлса ҳамки Эсенин .

* * *

Дунёда тошлар ҳам оғрийди ,
Тавба деб йиғлайди кесаклар.
Тупроқдан эмган оқ сутуни ,
Тупроққа қусади кўсаклар .
Тоғларнинг кўз ёши дарёдир,
Дарахтнинг муглари беадоқ .
Қирларни йиғлатар инграниб
Лабидан қон сизган қизғалдоқ.
Қалдирғоч тилида валфажир ,
Шамоллар тилида тавалло.
Ҳушидан айрилиб булутлар
Ҳақ- дўст,
Ҳақ -дўст ,
Ҳақ –дўст,
Ё ,Аллоҳ..
Шамс ,қамар кўксида аланга ,
Эру кўк гирёндир баробар .
Шу чексиз қайғулар даҳрида
Сен нечук ҳушнудсан ,
Биродар .

* * *

Мен дунёга келдим ахтариб
Бир аёлни –
Қайғулар тенги…
Йўқлатдилар уни соғиниб
Ҳудо
Ўлим ва …яна
Севги .
Танимасмиш уни ҳеч кимса ,
Кўрмаганман мен ҳам ,
Не дейин .
Омон қолганмикин бечора
Ўттиз йиллик ёмғирдан кийин .
Бироз йиғлоқи,
Бироз маҳзун
Бироз инжиқ ва аччиқ тилли ,
Аршда яхши биларлар уни-
Андуҳ урган шоир шекилли …
Ҳуллас ,уни изланг ,
Топинглар ,
Сизга ажиб ажирлар тегар
Ўша тентак соҳиб қаламга
Кўкдан кўнгил келибди денглар.
Никоҳимга оларман уни ,
Дил аҳлида шундай таомил.
У барибир сиздан эмас-ку ,
Одам эмас ,Дилфуза Комил.

* * *

Жон нодирим ,
Мендан қўрққулик,
Суйишингни кўнглимга айтма .
Кет ,
Кетақол …
Кетолсанг агар
Қайта мени дардимга қайтма .
Юрагимни икки қўли қон –
Юрак мени ўлдириб қўйди .
Кўз остига олди-ю сени
Қош остига қабрингни ўйди .
Жон нодирим ,
Мендан қўрққулик –
Лабларимда жонинг таъми бор .
Рост эмасдир раҳимдиллигим ,
Бўлолмайсан сен ҳам бахтиёр .
Кулгум –Илонпаридан эҳсон ,
Кўзларимда қурбон талаби .
Атрофимда тўзғир туйғулар
Қўҳиқофнинг девлари каби .
Йўлларинга ташладим тароқ –
Қучолмайсан энди ҳеч мени .
…Жоним ,
Ишқдан азизми жонинг ,
Энди мени чақирмайсанми .