1979 йилда туғилган. Наманган Давлат университети филология факультетини тамомлаган.
Матбуотда шеърлари, “Қора “Нексия” сири”, “Қонли гул”, “Талваса” каби детектив қиссалари эълон қилинган.
Умрим
Кунларим – қайғунинг қариндошлари,
Ўкинчлар ўпади этакларини.
Юзимни куйдирар соғинч ёшлари,
Сўйлай…
Ўттиз иккининг эртакларини.
Ҳафталар – аламга туғишган сингил,
Кўзларини сабрқушлар ер.
Қувончни яшириб қўяди кўнгил,
Тўкилиб қолади этагимдан шеър.
Ойларим – оймома кўзидаги ёш,
Самода кезади – дарбадар.
Сен, барибир, кетдинг, бағритош,
Сенга кетгим келар нақадар…
Йўлларим – кўчамдан оқиб ўтган сой,
Йўлингга қадалган кўзларим оғрир.
Ўн олтидан буён, шунча йил ва ой,
Сени кутиш, нақадар оғир?!
Умрим – ҳеч ким айтмаган қўшиқ,
Оҳанги оламни йиғлатар – маҳзун.
Сенга элтар йўлда очилмас тўсиқ,
Ҳижроннинг сочлари йўлимдай узун…
Умрим – ҳеч ким айтмаган қўшиқ…
Нима қилай?
Бошимда кезади беҳад коинот,
Пойимда юракдай титраётир ер.
Ўнгимнинг сўзига кирмадим азал,
Сўлимдаги лаъин иймонимни ер.
Айролиқлар аро юраман дайдиб,
Кўзгулар чил синар қараб аксимга.
Фалак бунча торлик қилади ё раб,
Бағримга сиғмаган куюк кўксимга?
Кўксимга тошлардай осилар юрак,
Юракка юк бўлган, шу ғамбода дил.
Дилимда бир сўзки, залворлари тоғ,
Тоғ – харсанг тиғидан тилинади тил.
Бу сўзни ҳеч маҳал айтмагум,
Забонимни кесиб ташлагум, мана.
Қара, хунларим томчиси тош бўлиб,
Юракка осилиб қолаяпти яна.
Нима қилай?
Бу сўзни ҳеч маҳал айтмагум…
Энди
Энди адоликдан тийилар жоним,
Энтикиб бораяпман сен томон.
Энди сокинликка кўнар ҳар оним,
Энди обрўйимнинг обрўси осмон.
Энди минг йил асраган дардимни
Шартта оёғингга тўкиб ташлайман.
Энди ўт тафтингга қилолмай бардош
Чимматим чокини сўкиб ташлайман.
Энди баланд кўнглим айвонасини
Тарк этган қалдирғоч қайтади.
Энди қорлари беминнат қишларим
Илиқ баҳоримга видо айтади.
Энди нигоҳингга талош бўлгим бор,
Энди англагим бор дунё завқини.
Энди бир кунгина яшаб ўлгим бор,
Минг йил ўтган умрим ҳаққини…
Ёнингга
Тоқатим тугади, тугади сабр,
Чарчадим ёнингга энтикавериб.
Садпора жонимга қилдим-ку жабр,
Ишқингнинг пойига гул тикавериб.
Шу тоғлар бердими бардошларини,
Аямай, кулимни совурдим кўкка.
Баҳорлари ёлғиз, сарсона умрим
Пойимда йиғлайди, тушганча чўкка.
Ахир, ҳақ сен учун айлади мени,
Қалбимга назр осмайсанми ё?
Тоғлардай баланд кўксингга мени
Бир даста гул янглиғ босмайсанми ё?
Мана… чўққиларда қарибди қорлар,
Соғинчинг тўзитди, алҳол, тўзимни.
Афтода бағрингни тўлдирмоқ учун
Олиб кетаяпман кўкка ўзимни…