Дилафрўз Тўрақулова 1986 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган.
ЙЎҚОТДИМ ВА ТОПДИМ
Қалб. Исён кўтарар. Беаёв ҳадик,
Бошга ғишт тушгандек карахт турибман.
Бойлигин йўқотиб қўйган телбадек,
Мен ҳамон ўзимни излаб юрибман.
Ҳаёт. Юклаб қўйма дарду-ташвишинг,
Кўрган ситамларим шусиз ҳам озми?
Бир пайтлар кутардим қорнинг ёғишин,
Энди ҳис қилмайман баҳорми, ёзми.
Шамол. Ёлғиз эсиб зерикмадингми?
Билсанг ҳамроҳ бўлар булутлар селга.
Дил дафтарим варақла, кел, энди мени –
Олиб кет қадамлар етмас манзилга.
Мўъжиза! Мен қайта туғилдим гўё,
Йўқотиб қўйгандим ҳатто сўзимни.
Барин қайтиб берди шафқатли дунё,
Ажаб, топиб олдим энди ўзимни.
СЕВИШНИ ЎРГАТ
Муҳаббат. Нима у, бахтми ё кўзёш?
Не учун бемаврид музлади кўнглим?
Энди қандай бўлай у билан сирдош,
Севишни менга ҳам ўргатгил, дўстим.
Асраган кўзларга тушди хору хас,
Севги кўп яшамай таслим қилди жон.
У тирик. Топаман. Ҳали кеч эмас,
Ёрдам бер, севишни ўргат, қадрдон.
Нетай, муҳаббатнинг кўзи кўр экан,
Менинг ҳам кўзларим кўр бўлди, нетай?
Юрагим саҳнини босмасдан тикан,
Севишни ўргатгин, мен ҳам ҳис этай.
Юракни ғам босди ёғилгандай сел,
Ювилиб кетсайди ўтмишдаги дард.
Йўл сўраб одамдай яшай, ёрдам бер,
Йўл кўрсат, севишни ўргат, муҳаббат.
Айтгил, нима қилсам уни топаман,
Не қилсам оғриққа топилар малҳам?
Бир умр ўтмайин гўё шарпадай,
Менга муҳаббатни ўргатгин, Эгам!
ОДАМДЕК ЯША
Келасан, кетасан. Лом-мим демайсан,
Керак эмас менга жонсиз ҳис-туйғу.
Эшикдан мунғайиб қарайсан мудом,
Ва ташлаб кетасан бир олам қайғу.
Меҳмон бўлиб эмас, мезбондек яша,
Қалбим ўртасидан жой ол, қаср қур.
Сен излаган севги мана, кўр, ўша,
Мардлик қил, у билан абад бирга юр.
Ишқнинг нимжонгина қўлларидан тут,
Етакла уни ҳам бахт манзилига.
Бас, энди қўрқувни, ҳижронни унут,
Шодлик-ла олиб чиқ севги сайлига.
Юрак ирмоғида югурмаса сув,
Муҳаббат боғида хазон бўлардим.
Сенинг ҳаётимга атаганинг шу –
Келмоқ қувончи-ю, кетмоқнинг дарди.