Даврон Ражаб (Раджапов Давронбек Джаббарович) 1967 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1984 йилда безакчи рассом сифатида бошлаган. Шу йиллар ичида вилоят марказий кутубхонасида безакчи рассом, “Бадиий дизайн” тўгараги раҳбари ва тасвирий санъат ўқитувчиси ва республика газеталарида мухбир лавозимларида ишлаган. 1982-83 йилларда Бенков номидаги рассомлик билим юртида ва (2001-2003) Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан жорий этилган Олий Адабиёт курсида таҳсил олган. “Бир томчи юлдуз” Урганч: “Хоразм”,1995. илк тўплами нашр этилган. Унинг шеърлари ва адабий мақолалари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Моҳият”, “Туркистон”, “Жамият”, “Ҳуқуқ” , “Маърифат”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Звезда востока”, “Ёш куч” газета ва журналларида мунтазам чоп этилиб туради. Туркум шеърлари “Уч томир”. Нукус. “Қорақалпоғистон”, 1990; Тошкент.: “Ватаним деб сени уйғондим”, 2003; “Ўзбек модерн шеърияти”. Тошкент. Янги аср авлоди. 2003; “Осиё овози”.Тошкент.Янги аср авлоди (инг.тил.2004); 2001, Ёшлар овози. Тошкент. “Шарқ”, 2008 (ҳикоялар); “Анор-Гранат”. Москва. Новая Юност, 2009(рус ва ўзбек тилида); Шунингдек ҳинд тилида чоп этилган коллектив баёзларга киритилган.
График-рассом сифатида Хосият Рустамованинг “Ридо”, “Девор”, Турсун Алининг “Ой япроғи”, Ўктамойнинг “Оқаётган кўнгил”, Усмон Азимнинг “Фонус” китобларини , шунингдек, кўплаб наср ва назмда чоп этилган атоқли ўзбек шоир ва адибларининг китобларини безаган.
2008 йилдан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
* * *
Соҳил сув бўёқда ишланган суратга ўхшар
қум ғижирлар оёғим остида
Манзарадан йўлга тушаман
кўприкнинг остида зарғалдоқ қуёш
ёлғиз ёниб турган манзил каби
Уфқда бошқа йўл йўқ
бинафша рангга бўялган осмон
МАНЗАРАЛАР
Гулбаргларни елдириб учаётган насим
Навоси билан
Бузиб юборарар
Пўстлоғига сиғмаган дарахт жимлигин
Манзарага қўшилар
Яшил рангда ун берган чим
Ва хиёбондаги нурлар товуши
ҚЎШИҚ
Ҳужрамнинг ўнг деразасида
Мусича — овозидан танийман
Чап томонда шаҳар чумчуғи,
Ва чинор барглари ичида
Мен исмини билмайдиган қуш сайроғи
БОЛАЛИКДАГИ УЙ
(туркумдан)
Қайтишни эслайман
Бу уйга
Олис — олис-да
Бошқа шаҳар
Бошқа уй
Эшик тирқишидан
Қўлимни узатаман
Болаликдаги кийимларим
Нур таратиб турар
Олис — олис-да
* * *
Болалигимдаги палто
Жуда кийгим келар уни
Бироқ сиғмай қоламан.
Дардларим
Қарзларим
Гуноҳларим
Кўпайиб кетган
Унга кира олмайман
* * *
Икки дўст
Кўришишдан олдин
Бир-бирини тавоф қиларлар
Икки дўст
бир-бирини мазах қилгандек
Кўринар
Икки дўстнинг самимийлиги
Кулгисини қистатар бошқаларнинг
* * *
Сўзлардан тўкилиб олдим
Қутулгандек кўп дарддан
Ҳеч нима қилганим йўқ
СОҒИНЧ
Бошқа шаҳар
Ярим тунда
Мактабдош дўстим
телефон орқали буюртма берар
Мен яхши кўрган суратни чиз, деб
Кейин бирдан жим бўлиб қолар
Ҳаяжонли нафаси эшитилар
Майли чизиб ҳам ўтирма
Ўзим бораман дейди у
Чизишимни истар
Ўттиз йил олдинги манзараларни
Мен у ёққа ўта олмайман.
* * *
Шундай сўз топсам
ўзгармайдиган,
вақт ҳам дахл қилмаса унга
Шундай сўз топсам
маънолар йўқотмаса ифодасини
Шундай сўз топсам
шакли ўзгариб қолса-да
ҳаётимдан иборат бўлса
* * *
Қиш уйқусига кетиб
ҳамон уйғонгани йўқ
Дарахт гапирмаяпти
Энди бу дарахт ёғочга айланганини
Англаб турибман
Деразамдан кўриниб турган шундай дарахтдан
Сулаймоннинг ҳассаси ясалган
Балки бу дарахт тик турганича
Тарк этмас деразам манзарасини
Буни билиб билмайди
Атрофда
Дарахтнинг дўстлари шохларида
яшил садо ун берар
Хиёбон ларзага тушмоқда
Майса ўсмаяпти
Бу Баҳор келганилиги
Ҳақидаги Сўз
Ана шивирлаб
Ниш уриб борар:
“Дарахтжон,
Наҳот етиб келолмадинг…”
* * *
Ярим тунда
Нурли сўзларни
Ёзаман учсиз қалам билан.
ГУЖУМ
(учбитик)
1
Ранглари олисда қолган
Япроғини кўришим учун
Болаликка
боришим керак
Манзил ўтмишда
2
Бу дарахт осмонда ўсар
Хаёлимда ин қурган
қуш сингари
шох-шаббадан
рангларини йиғиштираман
3
Қўлим яшилланиб қолар
Сурат чизсам
Сурат чизсам
Болаликка юқиб қолган
Бу япроқ ранги
Мен энди қайтиб боролмайман
Уйғонганда
эслайман
Гужумнинг изларини
* * *
Мақсадсиз жиддийлик
Мақсадсиз жилмайиш
Кезиб юрар қирқ йилдан бери
* * *
Ёнимдан бир япроқ учиб ўтди
Сўзларини сиғдиролмаган
Кузнинг сўнгги мактуби
* * *
Сенинг нигоҳингда бўлсам
Жамлана бошлайди барчаси
Сенинг нигоҳингда акс этиб
Ёдимга тушади кимлигим
Сенинг нигоҳингга келсам
Кучим етмай қолар қайтишга
* * *
(1983 йил)
Онажон
Сиз бу суратимда
сумка кўтариб турган бўласиз
унда тиқилинч оломон орасида
кўзларингиз ниманидир сотиб олишни
унутганингизни акс этиб туради…
ёдингиздан чиққан нарса
менинг ҳозирги соғинчимдир
мана мен сизсиз йиллар ичида
кўтара олмаяпман
оғир юкларингизни
вақт ўтган сайин
вазни ошиб бораётган
бу тугунларни кўтарарканман
сизга оғир ботиб кетаётир
мен эмас
сиз мени йўқотиб қўйгандайсиз
тиқилинч оломон орасида
мени излаб
мен томонга
ўта олмайсиз
Онажон
Бу суратда
сизни одамлар орасида
яна кўргандайман
1995 – 2008
* * *
Унинг ёнида бўш жой бор
Бироқ ҳеч ким сиғмас у ерга
Бу жой у доим суҳбатлашиши
лозим бўлган одам учун ажратилгандай
Ташқаридан қарасанг унга ҳеч
кимнинг кераги йўқдай
Унинг ёнида доим бўш жой бор
Фақат ўзи сиғар ўша жойга!
* * *
Тушимда ўрик гуллабди
Атрофни тутганмиш ифори
Боғларда болари овози
Қўшиқдай уйқумни бузганмиш
Тушимда олхўри укпари
Қор каби ёғармиш бошимга
Байрамга бормаган боладай
Кўзимга ёш олибман
Тушимда чор атроф йўл эмиш
Мен эса юрибман адашиб
* * *
Ўзингдан ташқарига чиқсанг
Ер остида яшаётган
хаста юрак ёруғликка чиққандай
Ичингда
Пайдо бўласан бошқатдан
Бошқа одам сийратида
Ташқаридан қараса
Шу қиёфа
Аслинг ниқобдек
қаэрдадир унутиб қолдирилган.
ЖИЙДА ГУЛЛАРИ
(хойкулар)
* * *
Гулбарг тўкилар
Томда ўсган қизғалдоқ
Куйлар ол рангда
* * *
Баҳор бошланди
Куртак отган новдалар
Шивирлаб қўяр
* * *
Жийда гулидан
Сариқ ифор таралар
Яшириб бўлмас
* * *
Болари учар
Гулзор ичра таралган
Сўзданда митти
* * *
Гулга қўнганда
Асалари сасидан
Таралди ифор
* * *
Гуллаб қўйганидан
Ичи қора лоланинг
Юзи қизарди
* * *
Мен бир қумликман
Қучма сингиб кетасан
Сен ахир шабнам
* * *
Кутсам сўнгги йўқ
Олисда чироқ ёнар
Муҳрланган вақт
* * *
Дарахт шохи
Самога томир тортган
Чақмоққа ўхшар
* * *
Мени ташлаб кет
Мени севиб ўлдириб қўйма
Қўлингдан келса
* * *
Сўз музлаб қолди
Энди томоша қилинг
Хаёлларимни