Даврон Ҳотам – 1981 йил Жалолобод вилоятида туғилган. 2004 йили Ўш Давлат университетининг журналистика факултетини тугатган.
Шавкат Раҳмон номидаги мукофот соҳиби. Ўшда ўтказилган ёш ижодкорлар семинарининг ғолиби.
“Иқтидор” ёшлар газетасининг бош муҳаррири.
Ўшдаги Ўзбек гуманитар педагогика факултетида адабиёт фанидан дарс беради.
“Икки дил баёзи”(2002), “Кўнгулга йўл”(2009) шеърий тўпламларининг муаллифи.
Ёқтирган шоирлари: Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Абдували Қутбиддин, Асқар Маҳкам, Рислиғой Ҳотамова.
М.ГА
Гўзал эди бизнинг онимиз,
Гўзал бўлсин видолашув ҳам.
Сирқирасин, оғриб жонимиз
Лек, тантана қиломасин ғам.
Ҳайратларда қолсин мйҳаббат,
Ожизликдан хўнграсин ҳажр.
Сўнгги тилак – кўнгила тоқат
Тақдир учун Тангридан ажр.
…Яна озроқ қилайлик сайр,
Бир умрлик хотира учун.
Юраклара ёзайлик – САБР
Бир томчи ёш хотима учун.
БИР КАТТАНИНГ ДEГАНИ
Оқни оқ, қорани демагин қора,
Ҳар не ҳам нисбийдир, ҳар ранг ўзгарар.
Шоҳлар ўзгаради, кўчгай идора
Бугун тунд, эртага қора жилвагар.
Оқни оқ, қорани демагин қора.
Бўлмаса муттаҳам ёлғончи зотсан.
Ранглар ўзи сени айлагай пора,
Сен “рангин” дунёга бутунлай ётсан.
Оқни оқ, қорани демай тур қора,
Оқ-оппоқ бўлгунча индама!
* * *
Остонадан кузатиб қайтдим,
Мулозаматетмадим…айтдим –
Қайтиб кетинг…
Деразамни синдирар шамол,
Югуради юрагим…беҳол
Эслаб бир куйни…
Хориб ўтар кунларим тунга,
Жоним қурбон аҳир бир унга…
Мен ҳам кўчай
энди кечамдан.
…Англолмайман бугунги ҳолим,
Кайфиятим ўғирлар ёлғон.
Кимга уволим.
Ўксиб, ўксиб кетар юрагим –
“Менинг ахир йўқми, керагим?”
…Остонада кўзларим унди
Мен севаман – жону тан кўнди.
Энди қайтинг…
Илтимос
Юрагим билан.
* * *
Сен баҳор тонгига ўҳшайсан,
Нигоҳинг уятчан, титроқли.
Оқ булут – рўмолинг ўрайсан,
Сен хали маъсума, ҳаёли.
Сен яшил рангдаги тушимсан,
Қуёшга нур берган ҳаёлим.
Майсалар шароби ёшимсан –
Шабнамга айланган аёлим.
* * *
Бу олам меники,
Меники фақат.
Нима дейсиз,
Тан оласизми?
Бу гул ҳазон эмас,
Сарғайган тоқат.
Тоқатнинг тоқига чиқоласизми?
Менинг оламимда кулмаса Баҳор,
Сиз менинг Кузимни севоласизми?
Шалаббо ташвишга
Мазаҳ отиб ёр
Исёнкор кўзимга чўколасизми?
Ҳар тонг жангоҳ эрур Ватаним.
Дилимнинг БАДРида туроласизми?
Душманнинг измига тушса гар таним
Қилич ялонъочлаб уроласизми?
Бу олам бизники,
Бизники фақат!
Кўнгулни кўнгулга
Қўшоласизми?
“Бу олам бизники,
Бизники фақат” деёласизми?
* * *
Тушларимга кириб чиқасан.
Рости ширин бўлар бу тушлар.
Мийиғимда кулиб юраман
Ҳаёлларим чўқилар қушлар.
Тош отаман қушлар учади.
Сен сувга ҳам айтилмас тушим…
Армон қуши бола очади
Зумда мижиб қочади қизим.
* * *
Кўнгулдек яшагин кўнгулда,
Ҳисларим сувратин танигин.
Дўст бўлгин Ҳудойим йўлинда,
Сен менинг ёнимда қаригин.
* * *
Гул қошида капалак,
Дардин айтолмай ҳалак.
Умрим қисқа деёлмас
Эгнида гўзал куйлак.
* * *
Гандираклаб қолди чумоли,
Мажақланди бели, оёғи.
Ажал бўлиб келган эканда
Келинчакнинг ҳарир рўмоли.
ҚАСИДА
Озғин эди Меҳр
Қалтрироқ қўли.
Узатса етмасди
Токчага…
Ўйладим
бу ҳолда кампиршо
Етмасо-о
Тонггача.
* * *
Тун – ҳижобга кирган гўзал қиз,
Ой юзини булут тўсади.
Канизаги ҳурлиқо юлдуз,
Ишқ ҳақида куйлаб беради.
… Шаккок шамол ҳижобни тортиб,
Сочларини тўзгитар ёрни.
Кўнглим инграб, қолди дил оғриб,
Кўргим келмас энди ҳеч тонгни.
* * *
Судимми суймадим
Куйдимми куймадим
Билмадим
Туйдимми туймадим
Меҳрни
Куймидим кулмидим
Кунмидим кулмидим
Бимадим
Кўрмадим кўрмидим
Меҳрни
Зўрмидим зормидим
Ёвмидим ёрмидим
Билмадим
Ёдида бормидим
Меҳрни
Қушманми тушманми
Қишманми ҳечманми
Билмадим
Кечиккан кечманми
Меҳрни
Тутдимми тутмадим
Кутдимми кутмадим
Ўйнадим
Мен сира ютмадим
Меҳрни