Ботиржон Эргашев (1975)

Ботиржон Эргашев Йўлдошали ўғли 1975 йил 12 декабрда Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги Қашқар қишлоғида туғилган. Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат Санъат институтини тамомлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаб келмоқда.

ГАР НОЛИСАК…

Зулмат ичра ўтар менинг туну-куним
Мен ҳам сиздай кўргим келар ой-қуёшни
Лек Тақдирдан нолимасдан яшайман жим
Фарёд солиб тошга урмам азиз бошни.

Шукур дейман оёқ-қўлим саломатдир
Гар нолисам, бу Худога маломатдир.

Минг бор шукур кўкка етар бўйларимиз
Ҳар кун тўйга уланмоқда тўйларимиз
Тирик жонни ризқин берар Қодир Худо
Элга тинчлик сўрар дуогўйларимиз.

Неъматларнинг энг яхшиси ҳаловатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

Тўрт ёнимда топганим чин ёру-дўстлар
Билинмайди унча-мунча каму-кўстлар
Фарзандларим кулгусини эшитсам бас
Хотиржамман кўрмаса ҳам майли кўзлар.

Қалбинг билан кўриш ҳам бир кароматдир
Гар нолисам бу Худога маломатдир.

Кимга эрта, кимгадир кеч келгай даврон
Кимларгадир бу кунлар ҳам бўлган армон
Синовларга сабр қилмоқ қандай гўзал –
Шунда ўзи қўллар бизни Буюк Раҳмон.

Шукур қилмоқ мўминликдан аломатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

Тақдирим шу, не қилса бош эгадирман
Ношукурга балки тошдай тегадирман
Кўзим ожиз бўлса ҳамки, меҳнат билан –
Санъат ичра ўз ўрнимга эгадирман.

Кўрмай туриб дунё кезиш – тароватдир
Гар нолисам бу Худога маломатдир.

Рози бўлинг дўстлар гўзал ҳаёт учун
Бу дунёга ечим бўлинг, бўлманг тугун
Дунё шундай оқшом кўрган одамингни,
Қайтиб кўрмай қолишлик ҳам мумкин бугун.

Тирикликнинг ўзиям зўр мукофатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

ЎЗИМ ҲАҚИМДА…

Заҳматларда шаънимни,
Йиллаб йиққан Одамман.
Гапи ростдир ғанимнинг –
Чангдан чиққан Одамман.

Қўймаса ҳам шум армон,
Охир топдим шуҳрат-шон,
Асли юзи заъфарон –
Рангдан чиққан Одамман.

Тортмай ҳеч кимнинг таъби,
Жойим эди жар лаби.
Кераксиз буюм каби –
Зангдан чиққан Одамман.

Кеча эдим ёлғиз, тоқ,
Бугун-чи ҳар ён ўртоқ,
Мен бир қисмати чўлоқ –
Лангдан чиққан Одамман.

Бахт сабримга берди тан,
Омадлар айтди ўлан,
Тинмай йўқчилик билан,
Жангдан чиққан Одамман.

Менинг кечган умрим шу,
Энди кенглик даврим бу,
Ботир бўлсам ҳам тору –
Тангдан чиққан Одамман.

МEНИ СEВИБ ҚОЛСАЙДИНГ

Сен боғдаги елдай шўх,
Бир дам ором олсайдинг.
Дерлар орзуга айб йўқ,
Мени севиб қолсайдинг.

Ёй нишонга етмасдан,
Фурсат мағлуб этмасдан,
Умрим ўтиб кетмасдан,
Мени севиб қолсайдинг.

Дунё синовли, шартли,
Ҳам қувончли, ҳам дардли,
Орзуйим бўлмай гардли,
Мени севиб қолсайдинг.

Қадру-қимматим билиб,
Бироз назарга илиб,
Кўнглимга шафқат қилиб,
Мени севиб қолсайдинг.

Келди меҳринг фурсати,
Бўлай васлинг улфати,
Ботирлигим ҳурмати,
Мени севиб қолсайдинг.

ОТАМДИРСИЗ

Суянганим, тоғим дерди сизни онам
Яшнаб турган боғим дерди сизни онам
Бу дунёда ҳатто азиз отамдан ҳам –
Менинг яхшироғим дерди сизни онам.

Сиз мен учун беминнат бир оламдирсиз
Онам шундай бино қўйган отамдирсиз.

Сиз ёнимда бойлигимсиз, кимдан камман
Дуойингиз билан элда мукаррамман
Хонадоним чироғисиз, шул сабабдан –
Кўча-кўйда юрганимда хотиржамман.

Гоҳо шодон, гоҳо дардли ноламдирсиз,
Онам шундай бино қўйган отамдирсиз.

Ота десам яйрагайдир забонларим,
Сизникидир сурган давру-давронларим,
Сизни қучиб бобом дея эркаласа –
Қувонаман жоним қизим, ўғлонларим.

Онам, онам, онам суйган одамдирсиз
Онам шундай бино қўйган отамдирсиз.

КИМ БЎЛДИМ?

Ўзингсан азалий, абадий борим,
Тақдиринг олдида фақат жим бўлдим.
Марҳаматинг чексиз, Парвардигорим –
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Қанча қилганларим бўлгач бесамар –
Ҳатто яқинларим ҳазар қилдилар,
Сен назар қилгандинг, назар қилдилар
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Меҳнатим рўёбга ошиб турибди,
Дўстлар, қирғоғидан тошиб турибди,
Нигоҳлар мен томон шошиб турибди,
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдимж.

Тунлар ўтмишимга бўйлаб қоламан
Гоҳ фарзандларимга сўйлаб қоламан
Ё ширин тушми деб ўйлаб қоламан
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Қудратинг олдида таслимман, қулман,
Ҳимматинг олдида бир ҳовуч кулман
Сен қўллаб турмасанг бир чақа пулман
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Адаштириб қўйма тўғри йўлимдан
Номинг ушлаб юрсин икки қўлимдан
Шукур, омад бердинг ўнгу-сўлимдан
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Сен бердинг илкимда тутган боримни
Энди доғлаб қўймай шаъним, оримни
Унутиб қўймайин пойдеворимни
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Бошим осмондадир, меҳрим шу ерга
Номардлик хос эмас исми-ки эрга,
Нафим тегиб қолди минг шукур элга
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Менга хурмат бердинг, об қўймасанг бас
Ҳадикда юраман ҳар зум, ҳар нафас
Бугун кўплар менга қилмоқда ҳавас
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Бошимни эгаман сенинг пойингда
Бир умр турайин айтган жойингда
Мастман бугун шундай бахт саройингда
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

Тангрим ман-манликни мендан узоқ қил
Иймонни нафсимга ҳар дам тузоқ қил
Шу сўзни бир умр менга сўроқ қил –
Кеча ким эдим-у, бугун ким бўлдим.

КУНДАН, КУН ЯХШИ

Кунсайин чирой очар дил нақши,
Ҳаётни куйлаб бўлдим мен бахши,
Ҳар ёнга боқиб, қиламиз шукур –
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Фарзандларимиз қувноқдир, шўхдир,
Орзулари кўп, армони йўқдир,
Келажакдан ҳам кўнглимиз тўқдир,
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Ота-оналар дуо билан банд
Дуолар билан бошимиз баланд
Бахт бор, омад бор, гўё асал-қанд
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Дунёлар кўрди – бўйларимизни
Рўёбга чиққан – ўйларимизни
Адоғи йўқдир, тўйларимизни
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Ҳурлик нарвонин ҳар поғонаси –
Нурли манзилнинг, бир кошонаси
Ҳали бу бахтнинг, илк нишонаси
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Тўрт фасли тўкис, Худо суйган жой
Ҳар он, сулувдек очмоқда чирой
Кундузин Қуёш, тунин безар Ой,
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши.

Бу юртда тинчлик, энг олий талаб,
Бунга элпарвар Юртбоши сабаб!
Бошларин омон айлагин Ё Раб!
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши!

Эй дўстлар, бизга бўйлайверинглар!
Шоирлар, ростин сўйлайверинглар!
Хофизлар, тинмай куйлайверинглар!
Кўз тегмасин кўз, кундан кун яхши!

ТИЛАГИМ ШУДИР

Болаларимнинг онасига

Ким учундир бу дунё роҳат, кимга қайғудир,
Ғам кўрмадим ҳеч буни майли, бутун эл билсин.
Шу ҳаётда сен билан яшаб, тилагим шудир –
Сени менга таништирганлар, жаннатга кирсин.

Сен-ла ўтган ҳар лаҳзамда хуш – наводадирман,
Мен фақат бахтли инсон яшар – дунёдадирман,
Сочларингни силаб ҳар куни, дуодадирман –
Сени менга таништирганлар, жаннатга кирсин.

Қувонаман сендай дилдорга, ёр бўлганимдан,
Яна сени гул ҳаётингда, бор бўлганимдан,
Куймам энди ўз севганимга, зор бўлганимдан,
Сени менга таништирганлар, жаннатга кирсин.

Тақдиридан ким рози бўлса – ўша мен ёрим,
Кимни бахтдан пардози бўлса – ўша сен ёрим,
Кўзларингга қараб айтаман, сўнгги иқрорим –
Сени менга таништирганлар, жаннатга кирсин.

ЁЛҒИЗ АЁЛЛАР

Ҳеч ким ўз жонига ёмонликни раво кўрмайди, аммо билибми, билмайми, ўзларини азоблар қаърига отаётганлар ҳам талайгина. Аёл, бу машаққатлар чигилини ечувчи, керак бўлса бу йўлда жондан кечувчи, улкан матонат эгалардир. Бироқ шундай муқаддас номни хиралаштираётган, бир эрни кўнглига йўл топа олмай, қайнона-қайнотани келиним ҳам қизим-ку деб берган танбеҳини хазм қила олмай, жондан азиз оиласидан ,турмушидан, ширин-ширин фарзандлар оромидан кечиб, ўзини кўнглини кўчасида юрган аёллар ҳар қадамда учраб турибди. Уларнинг бирига ака, бирига ука, яна бошқасига дўст сифатида инсоф сўраб айтаман… Кўзингизни очинг, яхши кунингизни олдиндан изламанг, уни ортда қолдириб кетяпсиз, тез

Ортингизга…Оилангизга…Фарзандларингизга қайтинг.
Унутманг ёт, бегона шердан, ёмон эр афзал.

Қалбимни чўқийди, қузғун – саволлар
Наҳотки сизда йўқ, ширин хаёллар
Чақиннинг умрича дунёда, сизга –
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ойдай чиройингиз дардларга малҳам
Лек унга қувониб юрманг сира ҳам
Меъёридан ошса ёқмас шира ҳам
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Сизлар асли бахтнинг – пойдеворисиз
Бутун бир миллатнинг шаъни, орисиз
Нечун дилингизнинг – дилозорисиз
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ҳамма рўзғорда ҳам каму-кўст бўлар
Шул дам доно аёл, ширин сўз бўлар
Шунда бахт сизларга доим дўст бўлар
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Эрни эр қилгувчи, мушфиқ ёр бўлинг
Бироз оғир бўлинг, хокисор бўлинг
Умрингиз ўтмоқда тез хушёр бўлинг
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Атрофга бир боқинг нақд кўринади
Турмушли аёлда аҳд кўринади
Йиғласа ёшида бахт кўринади
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ўзингиз бир ёнда, ёрингиз бир ён
Аро йўлда қолган фарзандлар гирён
Ҳатто ёлғизликни суймайди чаён
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ёлғизлик биргина – Яратганга хос
Сиздан қизингизга бахт бўлсин мерос
Ёлғизликка кўниб қолманг илтимос.
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ҳеч ёқмади деманг ёзган бу байтинг
Турмуш деб аталган бахт томон қайтинг
Кўзларимга қараб ростини айтинг
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?

Ёлғизлик яхшимас, азиз аёллар!!

СИНГЛИМ

Бу жонимнинг бор дардига малҳам ўзинг
Онажоним сўзларига ўхшар сўзинг
Сени кўрсам қолмагайдир соғинчларим
Онажоним кўзларига ўхшар кўзинг.

Сенинг ўрнинг босолмайди зинҳор ҳеч ким
Онажоним ўрнин босиб юрган Синглим.

Онам каби тўримдасан, тўйларимда
Сенинг меҳринг бордир баланд бўйларимда
Юрагимга борлигингни ўзи таскин –
Авж пардада бўлдинг кўнгил куйларимда.

Рухсорингдан ёришгайдир зулмат кўнглим,
Онажоним ўрнин босиб юрган Синглим.

Ҳар йўқотган бир недан, минг ибрат олдим
Ака деган бир сўзингни қадри олтин
Бахтимга сен дард нелигин билмай яша
Не бўлсам ҳам мен бўлайин сендан олдин.

Чаманимда барча гулдан хушбўй гулим
Онажоним ўрнин босиб юрган Синглим.

БАХТ

Муҳаббатим топмоқда якун
Қувончимга берилди барҳам
Дийдам қотди ҳаётдан бу кун –
Кўзларимга ёш бўлгин Шабнам.

Томиримда оқади армон
Танамда қон қолмади бу чоғ
Сўнгги дамда кўтарай исён
Менга қон бўл Лолақизғалдоқ.

Ишқнинг тафти куйдирмади ҳеч
Ёр истамас бўлмоққа сирдош
Кел, фалакдан жиловингни еч
Мени куйдир, ёндиргин Қуёш.

Севги мендан ўгирмоқда юз
Бўлсам ҳамки бу туйғуга қул
Баҳоримга чанг солгин эй Куз
Бундан кўра сўлганим маъқул.

Эй Шамоллар бўлмангиз баҳил
Сўнгги бор бир орзуга етай
Чанг-тўзонлар кўтаринг оғир,
Мен тупроққа қўшилиб кетай.

Гумбирла эй Момақалдироқ
Чақмоқ чақинг йиртилсин фалак
Элга аён бўлсин бир жумбоқ –
Менда ҳам бор йиртилган юрак.

Эй Ёмғирлар ёғинг тинмасдан
Тупроғимни сувларга чайинг
Вафосиз ёр учун ҳам қасддан
Майса бўлиб униб чиқайин.

Ёр йўлини бурсин мен томон
Кўриб майли бўлайин карахт
Майли қўйсин кўксимга товон
Эзиб ўтса шуям менга Бахт!

ҚИЙНОҚ

Хайр Орзу, хайр Мақсадлар
Хайр майли эй ишқий Туғён
Бизлар бўлдик тиик жасадлар
Кел Лоқайдлик, келақол Армон.

Келяпсанми дўстим Надомат
Хўрсиниқни ҳайдаб бўғзимга
Елкамга чиқ эгилсин қомат
Кишан сол бу ўтли сўзимга.

Афсусларга буткул ғарқ қилгин
Бахтни қўмсаб отланган Дилни
Ҳижронгинам тиғинг-ла тилгин
Севдим деган бу шаккок Тилни.

Азизим Тош, юрибсан қайда
Менга зарур бўлдинг бу палла
Юрагимни кўксимдан ҳайда
Ва ўрнини ўзинг эгалла!

Эй қария Бардош, алвидо!
Паймонанг ҳам тўлганга ўхшар
Шунча кутдик бўлмади вафо
Муҳаббат ҳам ўлганга ўхшар.

Бардошгинам ўлавер майли
Қасд айлади Севги жонингга
Шу бадкирдор Севгим туфайли
Ишончим ҳам борар ёнингга.

Лоқайдлик кел, ишингни бошла
Кулгумга санч аямай бигиз
Сўнг юзимдан супуриб ташла
Ўрнига муз суратини чиз!

Раҳм-шафқат мендан кетинг тез
Ғазаб келар, кўтариб тўқмоқ.
Кўнглимнинг кенг кўчаси шу кез
Бўлмоқдадир хатарли сўқмоқ.

Самимийлик юзини доғлаб
Эй Соҳталик босинг ғубор-чанг
Эзгуликнинг қўлларин боғлаб
Оёғимнинг тагига ташланг.

Бевафонинг жабри жонимга
Тамға бўлиб қолди босилиб
Айрилиқ кел менинг ёнимга
Кел, бўйнимга қолгин осилиб.

Келажак, сен ўчир бешафқат
Хотирамнинг қора хуснини
Ўтмишдан из қолдирма, фақат,
Ўчирма бир Унинг исмини.

ҚИЗИМ СИЗГА ЎХШАСИН

Пайғамбаримизнинг суюкли қизлари, ҳазрат Алининг суюкли ёрлари Фотима онамиз ҳамда қизалоғим Зайнабга

Тангримга айтиб таҳсин,
Йиғлай кўнглим бўшасин.
Дилимда бир илтижо –
Қизим сизга ўхшасин.

Сиз пайғамбар боласи,
Жаннатнинг гул-лоласи,
Юрагимнинг толаси –
Қизим сизга ўхшасин.

Сўзи ширин қандликда,
Иймонга пайвандликда,
Меҳрибон фарзандликда –
Қизим сизга ўхшасин.

Ҳавас қилганман роса,
Сиздан олсин андоза,
Ахир қонингиз тоза –
Қизим сизга ўхшасин.

ДИЛ ИЗҲОРИ

Ватан нима, кўнгилнинг шу саволи ҳам Ватан,
Жавоб учун ҳар ён учган хаёли ҳам Ватан.

Дунёлардан бир лаҳзага узр сўраб айтай,
Бу Ватаннинг эсиб турган шамоли ҳам Ватан.

Бу Ватанда инсон учун жондан ширин не бор?
Жондан ширин фарзандларнинг камоли ҳам Ватан.

Ватан деса, ер майдони кўринмасин кўзга,
Унинг файзи, унинг кўрку жамоли ҳам Ватан.

Ўғлим Темур бобосидай мард бўлса, юрти тинч,
Қизгинамнинг онам берган рўмоли ҳам Ватан.

Бу боғларни боғ қилгунча шафтолидай пишдик,
Тош отмасдан тотинг уни, зардоли ҳам Ватан.

Ботир, ҳурлик пешонамиз терларидан бунёд,
Шундай экан, ҳалол элнинг ҳалоли ҳам Ватан.

«АФРОСИЁБ»

Мақсадингу манзилинг бир эзгуликдир,
Сезилмайди, йўл азоби деган азоб.
Элимизга хизмат қилиб йўлинг тикдир,
Асримизнинг мўъжизаси — «Афросиёб».

Сен пойтахтдан Самарқандга учар офтоб —
«Афросиёб».
Шиддатингда қонимиздай бордир шитоб —
«Афросиёб».

Билсанг, элим кундай ёруғ пешонадир,
Қанча элга ҳали номинг афсонадир.
Элу юртнинг қудратидан нишонадир,
Асримизнинг мўъжизаси — «Афросиёб».

Сен пойтахтдан Самарқандга учар офтоб —
«Афросиёб».
Шиддатингда қонимиздай бордир шитоб —
«Афросиёб».

Шамолларни қувиб ўтар карвонимсан,
Орзу сари кўтаргувчи нарвонимсан.
Вақт етолмас темир юрак — полвонимсан,
Асримизнинг мўъжизаси — «Афросиёб».

Сен пойтахтдан Самарқандга учар офтоб —
«Афросиёб».
Шиддатингда қонимиздай бордир шитоб —
«Афросиёб».

АХТАРАРМИШ

Ошиқлар висолга имкон ахтарармиш,
Гўёки ойини осмон ахтарармиш.

Жайроннинг йўлини сайёд пойлагандай,
Ҳар ошиқ кўнглини ҳижрон ахтарармиш.

Ҳижрондан бу жонни бардош асрагайдир,
Сабри йўқ ошиқни гумон ахтарармиш.

Гумонлар юракка солар ўз ғуборин,
Гард ҳам ўз-ўзига макон ахтарармиш.

Ёрини изламоқ Одам Атодандир,
Шундан ошиқ ёрин ҳамон ахтарармиш.

Дардга нишон бўлдим, йўқдир қоши камон,
Ҳануз нишонини камон ахтарармиш.

Жонлар жононини истармиш бир маҳал,
Жонларни ҳам ҳар он жонон ахтарармиш.

Ҳижронлар ваҳмига ўтмас Ботирлигинг,
Улар ишқ йўлида қурбон ахтарармиш.

ТАШБЕҲЛАР

Бошинг Шоҳимардон тоғига қиёс,
Икки қошинг унда сакраган оҳу.
Икки юзинг бири ой, бири қуёш,
Бир кўзинг — Сирдарё, бириси — Аму.

Кипригинг тўрига илинар ҳар жон,
Дудоғинг бол қайнар чашмага соҳил.
Зулфларинг нигоҳлар ўқига нишон,
Ипак йўли мисол узундир кокил.

Кўнглинг тоғ ҳавоси каби мусаффо,
Орзуинг ўхшаши — беғубор оқ тонг.
Юрагинг соатдай урар бехато,
Тошкент курантидай кўксингдаги бонг.

Қадаминг етган жой чаманзор, гулзор,
Хаёлларим унда мафтун капалак.
Сен йўқ жойлар — саҳро, сен йўқ дам — озор,
Бор бўлсанг фалакман, йўқ бўлсанг — йўлак.

СОҒИНЧ

Соғинч нима ўзи, кўринмас тоғми…
Елкам узра менга оғир қарайди.
Соғинч нима ўзи, ўткир тароқми?
Жон томирларимни тирнаб тарайди.

Юрак йўқ, кўксимда урган юракдай,
Бир кунда қадринг минг билиниб қолди.
Дарахтга илиниб қолган варракдай,
Чеҳранг хаёлимга илиниб қолди.

Келмасанг бир кунда бўламан абгор,
Севгилим, ҳолимга боқмагин лоқайд.
Соғинч — дард, бу дардга битта чора бор —
Узоқ қолиб кетма, ёнимга тез қайт!