Бобур Элмуродов 1989 йилда туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозирда ушбу факультетнинг 2-босқич магистранти. Шу билан бирга, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаб келмоқда. Шеърлари республика нашрларида эълон қилинган.
* * *
Бир тош бўлар экан “Лангар ота”да,
Жуда ҳам қадимий ҳамда ғаройиб.
Уни кўролмадим, айтишларича,
Бир кечада бўлиб қолганмиш ғойиб.
Дунёнинг иккинчи бир томонида,
Бир тош кўпчиликни қилмишдир шайдо.
Уни ҳам кўрмадим, айтишларича,
Бир кечада бўлиб қолганмиш пайдо.
Тақдирлар ҳам кўчмиш тошлар сингари,
Бир ерда яралиб, бир ерда ўчиб.
Юради қайсидир аждод қисмати
Қайсидир авлоднинг умрига кўчиб.
Кўчади менинг ҳам барча сирларим,
Шодликларим кўчар, қайғуларим ҳам.
Кўчади тузалмас инжиқликларим,
Кўчади поёнсиз туйғуларим ҳам.
Аммо қўрқаманки, дилгир давомчим
Менинг қисматимга қиларми ҳавас?
Ишқилиб, дунёнинг бир чеккасида
Бир одам ўксиниб яшамаса, бас!
* * *
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда
Яшаса энг буюк зотларинг,
Ичкарига кира олмаса
Ёмон отлиқ, ёмон отларинг.
Ағанаса туйғуларингни
Босиб ётган минг-минглаб харсанг,
Алдамаса қулоқларинг ҳеч,
Кўзларингга буткул ишонсанг.
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда,
Ичингда бир кўнгил йўқласанг.
Кўз юмсанг…
Қоронғу бўлмаса,
Ёп-ёруғ кундузда ухласанг…
* * *
Қаерга бош олиб кетди муҳаббат,
Ахтаринг, унга ҳеч зиён етмасин?
Ахир, улкан эмас биз турган сарҳад,
Тағин чегарадан чиқиб кетмасин.
Агар шундай бўлса тугар барчаси,
Кўнгилнинг айтгани бўлмайди тўғри.
Турмушга чиқмайди севиб Хон қизи,
Бахтли бўлолмайди бирор Бой ўғли.
ЮК
Биз томонга келар икки зот
Олис тоғлар бағирларидан,
Бири ёйдек эгилиб борар
Тўрвасининг оғирлигидан.
Ҳамроҳининг қўли эса бўш,
На юки бор, на бир насаби.
Мунғаярди, хомуш негадир
Юк кўтарган шериги каби?
Чиқар эди турфа хил нигоҳ
Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.
Бари бир хил – ҳориган чолнинг
Тўрвасини олар қўлидан.
Ғамга ботар эди бундай пайт
Йўлдошининг қорачиқлари.
Оғирлашиб борарди унинг
Чап кўксида турган юклари.
Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,
Ортда қолар таҳқирланган йўл.
Наҳот, улар битта кўнгилни
Кўтаришга узатолмас қўл?!
КИМЁГАР ДЎСТИМНИНГ ЎЙЛАРИ
Сунъий гул ясаб тонгда
Бироз хаёлга толдим.
Унда бол излаб келган
Арини кўриб қолдим.
Ўйладим, моддаларнинг
Бирлашуви бир чақа.
Қандай бирлашган экан
Тошлар билан тошбақа.
Ишонмадим муҳаббат
Кўнгилда яшар деса.
Билмадим, севиб қолиш
Фанда қандай ҳодиса?
Бағритош деди бир қиз,
Ошиб кетгандим ҳаддан.
Туни билан ўйладим
Кўнглим қайси моддадан?
Билмас эдим не учун
Кўзимга ёш тўлишин.
Бир томчи ёш қуримай
Қаерлардан келишин?
Менинг гуноҳим қайда,
Қайда менинг савобим?
Гул ясамайман бошқа,
Шудир менинг жавобим.
Сунъий гулга термилиб,
Йиғлаб, ўй суриб қолдим.
Ахир унда жон берган
Арини кўриб қолдим.