Бобоқанд Мирзо (Бобоқанд Умаров) 1980 йил Хатирчи туманида туғилган. Навоий педагогика институтини тамомлаган. 2004 йили илк китоби “Кўнглингиз топсам” номи билан чоп этилган. 2016 йили “Иккимиз икки олам” китоби чоп этилган.
ЎШАНДА
Ўшанда қор ёғди. Бу олам оппоқ,
Мен сизни изладим оппоқ қизлардан.
Қалбимиз бўзлади бўлган учун тоқ,
Яшагим келмади тоғу музларда.
Қорни тепкиладим, ғирчиллар юрак,
Бугун ҳам қор ёғди. Аламим келди.
Ўзимни қарғашим, аврашим керак,
Шеър ёзмоқ истадим, қаламим келди.
Асраб-авайлайсиз, ювиб тарайсиз,
Кўнглингизда қолган нигоҳларимни.
Йўлимиз дуч келса маъюс қарайсиз,
Мен гуноҳкор этдим гуноҳларимни.
Сизни соғинмоқни чиндан хуш кўриб,
Бугун макон тутдим, ёлғизлик – ғорни.
Уйқумда уйғондим қорни туш кўриб,
Сиз ҳам эслайсизми биринчи қорни?!
О, Виждон!…
Бугунги қор ёғди сочимга…
НИЛУФАР
Денгизнинг тубида ўсган қиз,
Гул тўшаб йўлимни тўсган қиз,
Умидим узумдек узган қиз,
Нилуфар…
Қақрасам, сув тутган кўзида,
Фаслнинг баҳор, ёз, кузида,
Бир гул бор, денгизнинг юзида,
Нилуфар…
Мен сувга тош каби ғарқ бўлдим,
Гоҳ Шимол, гоҳ Жануб, Шарқ бўлдим,
Ифоринг туйдиму барқ урдим,
Нилуфар…
Дард келса гоҳ ўнгу сўлимдан,
Қўрқмайман, ҳаёт ва ўлимдан,
Туну кун тушмайсан қўлимдан,
Нилуфар…
ЁДИНГДАМИ…
Ёдингдами, ўн йил илгари,
Ишқим сенга баён этганман.
Сен олислаб кетганинг сари,
Билмам, мен ҳам қаён кетганман.
Ёдингдами, дўстим тўйида,
Танишгандик. Ноз қилган эдинг.
Тўйдан кейин сойнинг бўйида,
Сувлар сепиб соз қилган эдинг.
Ёдингдами, сирли эди тун,
Қўлларингга гул тутганларим.
“Розиман…” Шу битта сўз учун,
Йиллаб кутиб қон ютганларим.
Иккимизни Фарҳод ва Ширин
Сингари сен фараз қилардинг.
Лабларингдан ўпсам… яширин
Эркаланиб араз қилардинг.
Қўлларингга қўғирчоқ тутиб,
Ёдингдами… Она бўлганинг.
Висол онин интизор кутиб,
Мен билан ҳамхона бўлганинг.
Ёдингдами…
ЙИҒЛАТИБ ҚЎЙДИНГИЗ
Кулишни билмайдиган одам бахтсиз одам,
йиғлашни билмайдиган одам
икки ҳисса бахтсиздир.
Ўткир Ҳошимов
Хазондек супурдим ўзимни,
Бу дилга неларни туйдингиз.
Мен сиздан яширдим кўзимни,
Сиз мени йиғлатиб қўйдингиз.
Дарёга чўккандек тангача,
Бу дилга чўкдим мен. Тўйдингиз.
Ёмғирдек ёғдингиз тонггача,
Сиз мени йиғлатиб қўйдингиз.
Бу не ғам, бу не дард, не зулм,
Кул эсам, чўғ каби куйдингиз.
Севгилим, севгилим, севгилим,
Сиз мени йиғлатиб қўйдингиз.
Бахт ваъда этар бу кўзингиз,
Кўзингиз ёлғонга йўйдимми?
Эркалаб чақирсам исмингиз,
Мен сизни йиғлатиб қўйдимми?
Хотима. Тугар ишқ эртаги,
Бир жисму бир танга сиғмаймиз.
Ким айтар, не бўлар эртага,
Биз қачон бир бўлиб йиғлаймиз.
ҚИЗ ҚЎШИҒИ
Эсламасман, энди ҳойнаҳой,
Қўмсамасман, йўқ-йўқ, сизни ҳеч.
Лек ҳолимга қайғуради ой,
Мижжа қоқмай зорланиб ҳар кеч.
Умидларим тул қолсин, майли,
Дард даштида кезаро кўнгил.
Мени ҳаргиз атаманг Лайли,
Ҳижрон…Мени бекафан кўмгил.
…Соғинасиз, миллион йил бешак,
Тушингизни сувларга айтиб.
Гул умримга ғам бўлди безак,
Ўтинаман, келманг, йўқ, қайтиб.
Мен симлари узилган торман,
Фиғонимдан куй чалар фироқ.
Мен ҳаётман, ҳали мен борман,
…Юрагимни…
Қийнар…
Ишқ…
Сўроқ…
АРМОН
(Муҳаммад Юсуф хотирасига)
Мендан нима қолар икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ.
Муҳаммад Юсуф.
Сиздан нима қолди, икки мисра шеър,
“Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ”.
Замин, элга бугун халқ шоирин бер,
Соғинган қалбларни босади титроқ.
Баҳор… Қабрингизни майсалар ўрар,
Қаламларда қолди бармоқ излари.
Сизни Қизғалдоқдан, Райҳондан сўрар,
“Куёвга чиқмаган ўзбек қизлари”.
Дерлар ҳикмат бўлар тонгги сабода…
Шоир зотига ким дўсту ким ағёр.
Бир қўшиқ янграйди еру самода:
“Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр”.
Юртни, муҳаббатни куйламоқ учун,
Сизнинг қалбингиздек дардли қалб керак.
Шоирлар армондан туғилар нечун,
Армондир шоирга ҳатто Оқ терак.
Йўлингиз, ўрнингиз бошқа эди-ку,
Мушоираларда жуда билинди.
Менинг юрагимни бир ғам еди-ку,
Ва қанча шоирнинг бағри тилинди.
Сўзнинг масъулиятин, сеҳри ва кучин…
Билсанг, улғаяди юракда ўсиб.
Бир даста шеъримни кўрсатмоқ учун,
Сизга бораяпман, Муҳаммад Юсуф.
СИЗНИ БАХТЛИ ҚИЛАМАН
Юрагимни тилсангиз,
Қандоқ чидаб биламан.
Мени бахтли қилсангиз,
Сизни бахтли қиламан.
Эй, кўзлари жайрон қиз,
Севишимга ҳайрон қиз,
Қилманг дилим вайрон қиз,
Сизни бахтли қиламан.
Дийдор-ишқнинг сайлими,
Исмингиз ким? Лайлими,
Рози бўлинг, майлими,
Сизни бахтли қиламан.
Олинг, майли, жонимни,
Шоирлигу шонимни,
Ҳатто хонумонимни,
Сизни бахтли қиламан.
Чиройлисиз, нега сиз,
Қачон бошиз эгасиз,
Менга эрга тегасиз,
Сизни бахтли қиламан.
Сизни бахтли қиламан.