Бахтиёр Мирзо (1959)

Бахтиёр Мирзо 1959 йилда туғилган. Андижон Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган. Унинг “Сени излаб”, “Ишқ илҳомлари” шеърий тўпламлари нашр қилинган.

МОВИЙЛИК

Мовийлик қўйнида салобат тўкиб,
Уфққа қуёш жим эна бошлайди.
Гул ҳислар тобора қалбим яшнатиб,
Бир қатим нур кўзим ёшлайди.

Кумуш тасма каби товланиб осмон,
Юлдузлар сийм тани кўринар аста.
Ой ҳам пок жамолин элга кўрсатиб,
Само вазмин куйин чалар бир пасда.

Қўнғиртус булутлар елга эргашиб,
Сукунатни кесар шўх арғувонлар.
Меҳнаткаш эркаклар қувватини деб,
Овқат ҳозирлайди қизлар, жувонлар.

Замин, сўнг, тун билан хайрлашади,
Кўкрагин керади пурвиқор тоғлар.
Тун эса тонг ила дийдорлашару
Мовийликни қайта кашф этар боғлар.

МАЖНУНТОЛ

Сой бўйида ўсган бир туп мажнунтол,
Жамалак сочларин мудом тарайди.
Интиқ бўлиб неларга ул, эҳтимол,
Мендан зум уялиб ерга қарайди.

Мажнунтолим, кўҳли мажнунтолгинам,
Пардозлар ўзингга чунон ярашиқ.
Сени кўрганимда, эслайман онам,
Қизил либос кияр қора қорачиқ.

Суйганим, ул сеҳринг танангданмикан,
Шунча жозибани қайдан олгансан?
Балким, сочларингнинг тархиданмикан,
Серсалом малика бўлиб қолгансан.

Ақлим лол, ким ўрган шул сочларингни,
Бунчалар гўзалсан, гўзалим, ойим?
Мен суяман қайрилма қошларингни,
Келинчакдай мудом саломга бойим.

Биламан, шўх сойни яқинроқ кўриб,
Эрта-кеч у билан суҳбат қурасан.
Ҳар тонг сочларингни майдалаб ўриб,
Борлиққа саломинг бериб турасан.