Барнобек Эшпўлатов 1963 йили Бухоро вилоятининг Навоий туманидаги Кўҳнамачит қишлоғида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини битирган.
* * *
Аёлни қучоқлаб йиғлашинг хушдир,
Арзийди артмасанг кўзда ёшингни.
Аёл — ҳасад билмас бокира қушдир,
Бағрингга меҳрдай кетади сингиб.
Капалакдай мунис, армон, ташвиши
Ҳуркиниб қўнаркан кифтингга бир-бир
Аёлни қучоқлаб йиғлар эр киши,
Бахтин ато этса устивор тақдир.
Қари ёз жон берар унинг пойида
Очун атаганин айлайди рўёб.
Аёл қимтинади. Кўчар жойидан —
Билинар-билинмас куз солган рўё.
Унинг хаёлидан қушлар аслида
Бегона юртларга кетмаслар бир кун.
Изиллаб йиғлайди баҳор фаслида
Кайтмаган қалдирғоч жуфтлиги учун.
Ардоқлагин, ютгин кўзларда ёшин,
Аёл тўдасидан айрилган қушдир.
Ҳаёт ғурбатлари эгаркан бошинг,
Аёлни қучоқлаб ўкинмоқ хушдир.
* * *
Чечаклар исмини излайди қалбим,
Оламни поклайди қуёш тошқини.
Қўнар борлиғимга капалак каби
Кўшиғу армону ҳайрат ёлқини.
Кўмилиб ётаман майсаларга жим
Улуғвор дунёнинг гирдоби аро.
Минг йиллар тафтида овунар таним
Бу ойдин кунларнинг ҳуснига қараб.
Оппоқ қор чўкади кўчаларга жим,
Дарахтлар юксалар ойдинлик аро.
Нафаси илиқдир сирли дунёнинг,
Кўзларим нурланар — этгум илтижо.
Ойдин кечаларнинг саргардонлиги
Юрагим қаърини қитиқлайди хуш.
Сулувни ўйлайман кўзларим тиниб,
У-да узоқларда мени кўрар туш.
* * *
Настаринлар, олчалар суҳбатга имлар
Ўртар
ўрикларнинг хушбўйи,
тонгда қари чорбоқларга қочиб кетаркан,
Изиллайман муҳаббатнинг армонлигидан.
* * *
Болалар-чи, сизларга
Гъурурдан иштонча тикмак,
Ақлдан гул кўйлак кийдиргач,
унга қадамоқ керак
Саховатнинг ёрқин тугмачаларин.
* * *
Бу аёлни жуда узоқ
чордоқлар,
ҳасрат ойдинлиги,
умид ягоналигидай
Ақлингни танигач, сева олгансан.
* * *
Кўнмайман, аслида шундай эмасди,
Иззалар уйғотар ярим тунда ҳам.
Бир замон юрагим қониққан юпанч
Ўткир тирноқ каби бағрим тимдалар.
Кўнмайман, ададсиз деворлар аро —
яшириб кўзлардан муборак таним.
ўзлигим ишониб совуқ қулфларга,
эшигим ёпаман — иложсиз ғаним.
Кўнмайман, бу осмон, ҳорғин турналар
сарғайиб боргувчи боғларнинг учи
Бир-бирига далда бериб куйларкан,
қўшиғи унинг-чун,
қўшиқ—мен учун.
Қайдадир,ул ўғлон Еру Осмоннинг
Қоқ белида нурга бурканиб олиб—
муҳаббат байтидан бошини эгмиш,
Шамолдан, ўзидан, мендан-да ғолиб.
Кўзалар қорнида тиниб борар сув —
бармоқдай лойқадан туясан ғашлик.
Соғинчдан тиниркан кўнгил ўйлари
чорлайди ўзига тундлик, саркашлик.