Баҳодир Баҳром 1990 йилда туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. 2008 йилги “Зомин” ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Энг сулув армон” номли шеърий тўплами чоп этилган. Ҳозирда “Соғлом авлод” газетасида фаолият юритмоқда.
МАНЗАРА
Оловнинг бағрида ёнган бу япроқ,
Қачондир ям-яшил бўлиб яшнаган.
Булбул нафасидан ажиб бир титроқ
Туйганча, мағруру масрур яшаган.
Шамол билан лаззат ошлашган ҳам шу,
Чақмоқда вужудин тоблаган талай.
Қўйнида сел бўлиб оққан минг томчи,
Шу – қуёш қўлидан симирган ҳам май.
Ҳарқалай яшаган тупроқдан баланд,
Ҳарқалай узоқни кўра олган у.
Бироқ, нечун уни олов ямлаган,
Не учун сиқим кул бўлиб қолган у?!.
ЧЎП ОДАМ
Бир одат бор Паландарада,
Балки русумдир ҳаммаёқда ҳам.
Миқ этмайди узумзорларда,
Ҳилпиратиб енгин Чўп одам.
Инсонлар бор, ишонар унга,
Боғдан кетмас ёғса ҳам тошлар.
У қўрқади куз келишидан,
Куз. Дўстлари кетади ташлаб.
СЕВГИ ЯПРОҒИ
Сариқ япроқларни илдинг деворга,
Юлдузга ўхшайди дединг, жилмайдинг.
Шу куни жилмайиб ҳаётимизга
Куз олиб кирганинг, наҳот, билмадинг?
Ташлаб юбор дедим, кулиб-шивирлаб,
Йўқот дедим, сўнгра… сўнгра ҳайқирдим!
Баджаҳл атадинг гулим билмасдан,
Азобда кўзингга ёшдай қалқирдим.
Қалқирдим ҳаётнинг тўфонларида,
Ғашлик юрагимга кўтариб исён.
Ёмғирдай кўксингга урилдим, сўрдим,
Дунё зулумотми, дунё нуристон?
Ўртамиздан ўтди роҳатбахш ел,
Ўртамиздан ўтди жаннатий висол.
Ташқарида кимдир кутяпти сени,
Кутиб қолди, балки, бахт у, борақол.
Жоним, сариқ гулли рўмолинг ўраб,
Шу-шу кетганингча йўқсан, келақол.
Ҳижронда қуридим, гувоҳсан, ё, раб,
Лек, сариқ япроқлар топмади завол.
Сен кетдинг, умримни кўмдим хазонга,
Танимда музларнинг аёзи зоҳир.
Армон деб аталмиш совуқ маконда,
Кимдир исмим айтди, кўкар Баҳодир!
Кўкардим армоннинг қучоғида даст,
Орзуга қўл силтаб, яхши бор, дедим.
Шу дам янги туфли кийиб ўтди вақт,
Эски туфлилардай тешилди этим.
Кузак ёмғирлари сўрди мадорим,
Етолмайман сенга бўлса ҳам қанот.
Мен ожиз, кузларга кўмдим умримни,
Сени баҳорларга беркитди ҳаёт!
Сени баҳорларга беркитди ҳаёт!
ҚАМИШЛАР
Дунёдаги турфа хил ишлар,
Кўйлак қилиб кийган гардини.
Найга айланмаган қамишлар
Зовурларга сўйлар дардини.
ЁМҒИРЛИ КЕЧА
Юрагимда армон кўтарди исён,
Осмон салтанати кетди емрилиб.
Сени қандай қучай, топиб бер имкон,
Нечун ёмғир бўлиб келдинг севгилим?
Юрагим сукутнинг бағрига отдим.
Сукут – армонимга тор келган тобут.
Ҳижрон ҳовлисида дарахтдай қотдим,
Сўнг, оловга дўндим, чақмоқлар шоҳид.
Тилим айланмади, кел, демоқликка,
Деразам очмоққа ярамади қўл.
Бизни бўғизлади шафқатсиз тақдир,
Сен – томчи сув бўлдинг, мен – бир сиқим кул.
Қамарни қайд қилди очофат булут,
Чала қолган тушдай йўқолдинг, ногоҳ.
Юрагинг ойнамда ҳолсиз жон берди,
Наҳотки, юрагим ўлди гулимоҳ?
ТАҚДИР
Ўхшар, тўнкарилган кемага бу қир,
Минг йилки, манзилга етаолмайди.
Минг йилки, бағрида яширин не сир,
Барига қўл силтаб кетақолмайди.
Унинг ҳам манзили олис эди-ку,
Жуда улкан эди орзулари ҳам.
Ким билсин, йўлидан адашгандир у,
Маёқ керак жойда ёқишганда шам.