Азизбек Анвар (Турдиев) 1983 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган.
ЎзМУнинг журналистика факултети магистратура босқичини тамомлаган.
2006 йилда “Сени яхши кўраман жуда” китоби нашр этилган.
Айни пайтда “Ўзбекистон” телерадиоканали “Ассалом, Ўзбекистон!” студиясида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда.
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби.
СИЗ МEНИ ЭСЛАЙСИЗ
Сиз мени эслайсиз, лаъли лабингиз
Тоза табассумни соғинганида.
Қизғалдоқ баргидан нозин қалбингиз
Дилозор сўзлардан оғринганида,
Сиз мени эслайсиз.
Қулоққа айланиб жону жисмингиз,
Қадрдон товушга зор бўлганида,
Менинг лафзимдаги гўзал исмингиз
Ишқсизлар тилида хор бўлганида,
Сиз мени эслайсиз!
Қалбингиз тубида қолган сўзингиз
Тунлар уйқу бермай қийнаганида,
Ногоҳ суратимга тушиб кўзингиз
Бедор юрагингиз ўйнаганида,
Сиз мени эслайсиз.
Ширин хотиралар ёдингиз бузиб,
Хумор этганида эркалигингиз,
Чидолмай, садоқат риштасин узиб,
Унутиб бир уйга бекалигингиз,
Сиз мени эслайсиз.
Мен унда эртакка айланган бўлиб,
Кетаман энг узоқ тушдан-да олис,
Кўр ва кар тириклар наздида ўлиб,
Учаман энг баланд қушдан-да олис.
Сиз мени эслайсиз.
ЁШИНГИЗНИ АЙТИБ ТУРАР КЎЗЛАРИНГИЗ
Бўйларимиз бўйлагани ёшман, дейсиз,
Бировларни ўйлагани ёшман, дейсиз,
Ишқ куйига ўйнагани ёшман, дейсиз,
Ёшингизни айтиб турар кўзларингиз.
Ўн саккизда барчинойлар бўйга етар,
Бойчиборли Алпомишни орзу этар.
Севги йўқ, деб овозингиз титраб кетар,
Ёшингизни айтиб турар сўзларингиз.
Кеча тўптош ўйнаган қиз эрта келин,
Момолари тилаб қолар ойдин йўлин.
Жамолингиз ўн беш кунлик ойдан тўлин,
Ёшингизни айтиб турар юзларингиз.
Жон риштаси сочингиз ҳар толасида,
Суратингиз кўзларимнинг қорасида.
Юракдек қон атиргулзор орасида
Ёшингизни айтиб турар изларингиз.
Ёд биласиз минг ноз ила карашмани,
Аразлару аччиқлару ҳар нимани.
Ёшман ҳали, деб алдайсиз бунча мани,
Ёшингизни айтиб турар ҳисларингиз…
ШАҲАРДА
Оёқлар остидан емиш қидириб,
Шовқиндан қўрқмайди шаҳарлик қушлар.
Оломон ичига ўзини уриб,
Писта пўчоқ билан вақтини хушлар.
Асфалт йўлакларнинг чокини сўкиб,
Исён кўтаради нозикқад майса.
Қўйсанг ҳам устидан тошларни тўкиб,
Барибир кўтариб чиқади найза.
Ортиқ тингламайди бировни-биров,
Ҳар ким ўз ҳолича яшашни ўйлар.
Озод булутларнинг йўлларида ғов –
Тинмай ким ўзарга бўй чўзган уйлар.
Шаҳарда фурсат ҳам шошқалоқ жуда,
Олифта қизлардек ортига боқмас.
Ёниб куйишларинг бари беҳуда,
Мудроқ кўнгилларга муҳаббат ёқмас.
Қадим қонунлари қатъий макон бу –
Ҳаммани бир кўйга солиб қўйгувчи.
Алдовга фаровон турмуш берару
Диллардан шафқатни олиб қўйгувчи.
Мен ҳам шу муҳитда улғайдим, она,
Гарчи болалигим беғубор ўтган.
Ёнингизга қайтгим келади яна,
Афсус, у туйғулар мени унутган.
Синглим, деб куярдим қизғалдоқ учун,
Бугун кипригимда эски ёш қотган.
Юрагим ўрнида муштдек бир тугун,
Дарддошлик йўқолган, дийдам тош қотган.
Аммо мен асролдим таниш туйғуни,
Болалик завқлари ёдда қоларкан.
Умрим адоғида ахир бир куни,
Капалак қаноти қарши оларкан.
ШУ ҚИЗЧАГА МEҲРИМ БЎЛАКЧА
Ёрим билан ёнма-ён юрай,
Узаяқол қисқа йўлакча.
Узун-узун суҳбатлар қурай,
Шу қизчага меҳрим бўлакча.
Кўргим келар кўрганим сари,
Жонни қийнар ҳижрон хатари,
Айнитмасин дугоналари,
Шу қизчага меҳрим бўлакча.
Дунё гулзор – чиройи тўкин,
Унга нигоҳ ташласанг секин,
Гўзаллар кўп, гўзаллар, лекин
Шу қизчага меҳрим бўлакча.
Ошиқ учун висол кун – байрам,
Доим бирга шодлик ва алам.
Аччиқлари ширинки бирам,
Шу қизчага меҳрим бўлакча.
Келар такрор исмин сўрагим,
Бармоғимга зулфин ўрагим.
Тарс ёрилар ҳозир юрагим!
Шу қизчага меҳрим бўлакча.
АЛДОВЛАР БАС ЭНДИ
Менинг ғуруримни осмондан сўра,
Лекин ишқ бошимни эгди гулижон.
Йиғлоқи шоирлик сендан ҳам кўра
Ўзимнинг жонимга тегди гулижон.
Қуёшдан чароғон жамолинг кўриб,
Жунун саҳросида ақлдан оздим.
Қўлингдан бир бора тутмасдан туриб,
Қайноқ бўсаларинг ҳақида ёздим.
Ёлғон байтларимда мен чалолмаган
Зулфинг қўнғироғин жаранглари бор.
Ошиқлар такрора айтиб толмаган
Севги иқрорининг оҳанглари бор.
Тугал бахтли эдим яна шеъримда,
Боғларни кезганмиз ёнма-ён, сарҳуш.
Бугун оғриқ турди муштдек еримда,
Наҳот умрим бори хаёл ила туш.
Алдовлар бас энди, муҳаббат аро
Фарҳоду мажнунлар менга дарс эмас.
Қўлимга қўлингни бергин дилоро,
Ёлғонсиз яшайин ҳеч йўқ бир нафас.
АРМОН
Ўйнаб ўсдик, эй парирухсор,
Муҳаббатга етди ёшимиз.
Сен эрка қиз, мен эркин шунқор –
Боғлаб бўлмас бизнинг бошимиз.
Болаликдан ўжарман ўзи,
Қайтарим йўқ айтар сўзимдан.
Ўпиб олсам, тарсакчанг изи
Кетгани йўқ хамон юзимдан.
Чопар эдим қўлингдан тортиб,
Ёқар эди ҳамма шўхлигим.
Сочингдаги оройиш тартиб
Англатарди менинг йўқлигим.
Инжиқликлар ўрнига нозлар,
Болаликнинг риштасин узди.
Кундан-кунга нозик пардозлар…
Ўйинимиз балоғат бузди.
Ҳадиксираб юрагим қурғур,
Кетиб қолдим ёнингдан кўчиб,
Эй эрка қиз, сени бир умр
Аразлатиб қўйишдан чўчиб.
Яшаяпман сендан олис лек,
Муҳаббатим ҳаддан зиёда.
Ишон сени ҳеч кимса мендек
Севолмайди икки дунёда!
Ўйнаб ўсдик, эй парирухсор,
Муҳаббатга етди ёшимиз.
Сен эрка қиз, мен эркин шунқор –
Боғлаб бўлмас бизнинг бошимиз…
ҚЎРҚУВ
Эй рақиблар, билинг ҳеч наф йўқ,
Юрагимга қутқу солишдан.
Бор қўрқувим – кўнглимдаги чўғ
Оловланмай ўчиб қолишдан.
Исён билан ҳамнафас яшаш
Мерос Машраб бободан менга.
Тафт олади дилдаги оташ
Мудроқ қалби музларни енга.
Саодатга биринчи рахна –
Индамаслик, розилик жимлик.
Томошангни бас қил эй саҳна
Жонга тегди томошабинлик.
Дардлари кўп дил дафтарининг,
Кошки барин баён этолсам…
Ўлганим шу – илҳом парининг
Шивирини англолмай қолсам.
Адо этар ким менинг фарзим
Бош кўтармай ётсам болишдан?
Қўрқаман кўп дунёдан қарзим
Узмай туриб кетиб қолишдан.
ИЛТИЖО
Азон. Бомдод ибодатга ибтидо,
Албатта ижобат неки тиласанг.
Эй барча асрордан хабардор Худо,
Сендан нима тилашимни биласан:
Тақдир кулиб, толенинг энг ёруғи,
Ҳамроҳ бўлсин деҳқон бобо йўлида.
Юлдуздек сочилсин буғдой, тариғи,
Ҳилол олтин ўроқ бўлсин қўлида.
Майдон ичра от чопганда чавандоз
Чақмоқ отсин тулпорининг туёғи.
Давраларда кўкрак керсин қадди ғоз,
Ғурур бўлсин эр йигитнинг байроғи.
Кибр кетиб ул қиз нафасларидан,
Юрагини ишқ қонида рангласин.
Бу дунёнинг ҳамма ҳавасларидан
Ёрлик бахти афзаллигин англасин.
Яна кўпдир илтижойим, дуойим,
Тилакларим буюк ҳадди аълоси:
Шу миллатга бир дард бергин Худойим
Аҳилликда бўлсин унинг давоси.
МУҲАММАД ЮСУФНИНГ АЙТГАНЛАРИ
Чин шоир ҳақ сўзни айтар,
Агар ҳақни демассан,
Битсанг ҳамки сара байтлар
Асл шоир эмассан.
Ном топиб эл орасида,
Халқ ғамини емассан,
Бахшида эт минг қасида
Халқ шоири эмассан.
Атиргулга капалакнинг
Шивирни сезмассан,
Ишқсиз экан тор юрагинг
Демак шоир эмассан.
Онанг кутса эртаю кеч
Бир йилда бир келмассан.
Қўй меҳрдан сўз очма ҳеч,
Асло шоир эмассан!
Тинглаганда зўр битта шеър,
Дилдан қойил эмассан
Борлиғингни бахиллик ер
Шоир-поир эмассан.
СEНИ СEВМАЙ ЯШАШ…
Кўкка термуламан тунда ўй суриб,
Юлдузлар ишқимга гувоҳ, севгилим.
Шундай сулувсанки, ёнингда юриб,
Сени севмай яшаш гуноҳ, севгилим.
Исминг Гул, ифоринг гулдан хушбўйроқ,
Фасллар алмашар сен ўша-ўша:
Шабнамдан покиза, ойдан хушрўйроқ,
Лаҳзалар ўтади сенга кўрк қўша.
Сен кулсанг, чаманлар қўшилиб кулар,
Лабинг табассуми – олам қувончи.
Дунёнинг бошига маломат бўлар
Мунчоқ кўзларингдан томган ҳар томчи.
Ҳаётга келганман висолинг учун,
Бенаво умримга мазмун хаёлинг.
Юракда авжланар меҳр кундан-кун,
Янгидан севдирар тилдаги болинг.
Ўхшашинг йўқ сенинг, боринг бошқача,
Не қилай айт эй ГУЛ НОЗинг соғинсам.
Қайсар дил кўнмайди сендан бошқага,
Ишон танҳо ўзинг қалб ардоғимсан.
СИРДАРЁ
Сенга айтай шарҳи дилимни,
Андуҳларим кетгаз Сирдарё.
Ишқим рамзи – атиргулимни
Суйганимга етказ Сирдарё.
Ҳарирқанот паридай сузиб,
Бир қиз кетди оромим бузиб.
Ният қилдим, битта гул узиб,
Суйганимга етказ Сирдарё.
Совчим бўлиб сувинг оқими,
Ёрга айтсин кўнгил оҳини.
Гулим олсин дилим соҳиби,
Суйганимга етказ Сирдарё.
Гарчи ерда томчи мунчоқсан,
Амудан кенг ҳайбатинг, боқсам.
Тоҳир бўлиб бағрингда оқсам,
Суйганимга етказ Сирдарё.
Умрим ўтар унинг ўйида,
Яшар эмиш соҳил бўйида.
Учрашайлик висол тўйида,
Суйганимга етказ Сирдарё.
Япроғига ёзиб қатма-қат,
Қучоғингга отдим бир гулхат.
Ёзганим сир, айтсанг ҳам фақат,
Суйганимга етказ Сирдарё.
ТАСАЛЛИ
Ёр қўйнида ишқ тафтидан шуъла ичиб,
Офтоб кўрган ой мисоли тўл, қизгина.
Мунглиғ онанг ҳамда менинг бахтим учун
Сен ҳамиша соғу омон бўл, қизгина.
Қулоқ тутсам, зарра ғам йўқ сўзларингда,
Аммо пинҳон ўкинч зоҳир юзларингда.
Бу не қисмат, кулсанг ҳамки кўзларингда
Адуҳларинг юлдузлардан мўл, қизгина.
Арзир осмон манзил бўлса асли сенга,
Муносибдир маликалар қасри сенга.
Урмиш кимнинг гуноҳларин касри сенга…
Тиконидан озорланган гул, қизгина.
Гарчи бағри кемтик – найнинг навоси бор,
Яратганнинг суйганига атоси бор.
Қайғурма кўп, ҳар оғриқнинг шифоси бор,
Кўз ёшидан ёстиқлари хўл, қизгина.
Кўнгил ёрсам, кенг кўнглимга дунё сиғар,
Сенинг дардинг сендан кўра мени сиқар.
Ишон, бир кун қадамингга пешвоз чиқар,
Толеингда тонгдан ёруғ йўл, қизгина.
Гўдакдайин масъумгинам, ҳасрат нечун,
Яйраб яша ой қизгина, гул қизгина.
Сенсиз дунё бўлолмайди бахти бутун,
Бу дунёнинг бахти учун кул, қизгина!