Азиз Саид 1961 йил, 25 сентябрда Душанбе шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тутатган (1984). «Чилтор» (1988), «Дили қани Бедилнинг» (1996), «Ғойибдан дўст билан суҳбатлар» (2001), «Фурсат дарвозаси» (2007) номли шеърий китоблар муаллифи. У. Уитменнинг «Майса япроқлари», Н. Ҳикматнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Б. Брехтнинг «Театр ва реализм», Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» китобларини ўзбек тилига таржима қилган.
* * *
Бухоронинг дарвозасини,
Камалаклар очади ҳар тонг.
Боди қутни етаклаб минор
Кўчаларда чалиб юрар занг.
Алла айтиб бобом Чор Минор
Бешигимдан ясади чилтор.
Чашми Аюб коса-косалаб,
Аҳли ишққа тутади зиё.
Гул чаяди Лаби ҳовузда
Келинчаклар, зулфлари сиёҳ.
Чилторимга қил тортди лайлак –
Баҳор ўпган дил каби сайрак.
Шаҳарга бир карвон киради,
Устида бор қирқта ошиғи.
Шаҳардан бир карвон чиқади,
Юлдузларга етар қўшиғи.
Чилторгинам, куйла борингни,
Чертдим фақат битта торингни.
* * *
Машраб қадамларидан
тўкилади юлдузлар,
Хуржуннинг тешигидан
мўралайди оппоқ тонг.
Саҳар чоги машриқдан
Машраб бўлиб келади
Сарпойчан Ўзбекистон.
Дарвозаларга чўзар
қадоқ босган қўлини: –
«Намангон шаҳридин кетсам
мени йўқлар кишим борму?
Ғариблик шаҳрида юрсам
мени йўкдар кишим борму?»
Жимжитликда қағиллар
Машрабга қора қарға,
Кетар пою-пиёда
бечора бир бадарға.
Машраб яна қадамлаб
юлдузларни судрайди,
Хуржуннинг тешигида
оппоқ бир тонг мудрайди.
* * *
Кеча йиғлар, қора сочига
Қадаб синган ой – тароғини,
Шамол секин ўрмалаб сувдан
Судраб чиқар бўш чаноғини:
– Дили қани Бедилнинг?
Қушнинг бўм-бўш уясин дарахт
Туни билан чиқар пайпаслаб.
Капалаклар тоғни уйғотиб,
Саҳроларга кетади бошлаб:
– Дили қани Бедилнинг?
Чумолилар учар фалакка –
Нигоҳларин пуфлар кўзлари.
Юлдуз тушар ҳовуз тубига –
Балиқларга айтар сўзларин:
– Дили қани Бедилнинг?
Тошбақалар мисқол-мисқоллаб
Ўлчаб берар бахт ҳамда алам.
Қарға тақдир тошини қирар –
Тумшуғида қадимий қалам:
– Дили қани Бедилнинг?
Шафақ аста йиртилиб оқар –
Бир кўза сут бийдай саҳрога.
Карвон жилар, кўнғироқ йиғлар –
Савол бериб гумроҳ дунёга:
– Дили қани Бедилнинг?
* * *
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Чаён еган бўлса юрагим нишлаб?
Жоним симиллатиб келди ҳуққабоз,
«Ё ишқдан» ирғитди кўзим тарашлаб.
Сева оладурман нурдан-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Мен илон изидан адашган бўлсам?
Томирим кесди ой – кулди чувалчанг,
Балиққа едирди фақат бир тишлам.
Сева оладурман тундан-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Алдаган бўлсам гар ҳатто эртакни?
Юлдуз хато ёнди, кемамиз чўкди,
Бари бир куйладик қирқта қароқчи.
Сева оладурман йўлдан-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Мангуга тушдайин бўлсам гар ғойиб?
Тасаввур чархфалак косаларига
Ёдингни қуяркан умримни соғиб.
Сева оладурман сендан-да кечиб.
* * *
Бу хато йўлни секин бармоғига ўрайди,
Макрул ўсмани сиқар пиёлага, тўлмайди,
Ишқу гуноҳ қозонда, ўт-оловсиз қайнайди…
Ишқу гуноҳ қозонда…
Руҳ қанотин савайди, савачўпин жуфт қилиб,
Урчуғига ўрайди туну кунни ип қилиб,
Қиличини қайрайди қасд лашкарин саф қилиб,
Қиличини қайрайди…
Ойна қилдим фалакни, дил чоҳига қарай деб,
Тароқ йўндим дутордан, хаёлини тарай деб,
Игна олдим, алдасам, кўзларимга суқай деб,
Игна олдим, алдасам…
Кафтимда гулхан ёқдим, йиғлаб-йиғлаб ўчирди,
Бўйнимга занжир такдим, ишқ юртидан кўчирди,
Жонни сепиб қуш бокдим, дард кўлига учирди,
Жонни сепиб қуш боқдим…
* * *
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб.
Алдаб келган эдим сизларни ҳар кун,
Минг бир бор туғилиб, минг бир бор ўлиб.
Кўксимга санчилган найзалар найза
Эмас, кўзим эккан майсапар эди.
Кафтимга кўнган қуш қўшиғим тинглаб
Сизларни кулдирди, тилимни еди.
Тош билан болтани қарсиллатган мен,
Бу ёлғон ўрмонда адашган сизсиз.
Най чалдим, дарз кетган умр кўзамдан
Ишкдан маст илонлар чиқмади, эссиз.
Мен бир бозингарман, бутун сўнгги бор
Жаранглар гиллари боғлиқ қўнғироқ.
Чироқлар ўчади, бойўғли хувлаб
Сарупо тикади менга минг ямоқ.
Чиқаман бўғзимда оловлар ўйнаб,
Хатони пичокдай ютади юрак.
Кўзимда фаввора қон билан ўйнаб,
Юзимга сепади – сиз учун эрмак.
Довуллар чалинар, лангарчўп синиб
Қуларкан мен дордан, сўрамам шафқат.
Қумсоат сирларим санаркан бир-бир,
Алвидо айтаман – сизларга нафрат!
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб…