Аъзам Ўктам (1960-2002)

Аъзам Ўктам (Аъзам Худойбердиев) 1960 йил 4 октябрда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1985). «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари нашр этилган. «Бола дунёни тебратар» (1988), «Хабар» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. Рабиндранат Тагор ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 2002 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.


ТАРАДДУД

Аниқ ҳеч нарса йўқ, ҳар нарса тусмол,
Айбларим ўйласам – ҳушдан озарлик.
Қизларнинг юзидай очилган осмон
Булут келишига кўрар ҳозирлик.

Битта шам ўчгайдир шаббода елса,
Кулга либос балки, асли у қайғу.
Босқинчи бировнинг юртига келса,
Бир кун қувилишга ҳозирлиги шу.

Кўзни совуқ кўрдим, юракларни муз,
Шайландим ўт ила ўйнашмоқ учун.
Муҳит бўлса қишни бошлаб келар куз,
Юзма-юз чиқмасанг – яшамоқ нечун.

Йўл аниқ, қайтиш йўқ.
Мен кетдим энди.
Кечган нарсам – жонни ўйламам ҳечам.
Битта майдон керак – курашгим келди:
Тўшакда ётгулик қилмасин ўлим!

ОРАЛИҚДА

Жонимга тегмоқда барчаси бир-бир,
Жон эса ҳалқумга келар охири.
Битта мен йўқ бўлсам не бўпти ахир –
Ўзбекнинг камайиб қолмас шоири.

На Тошкент, на Қўқон билади мени,
Ахир ўз-ўзимни алдаб, нетаман?
Шу оппоқ қоғоздан яширай нени –
Бир ўлиб кўрмадим, холос. Кетаман!

Бир қалтис қулади кеч кузги офтоб,
Чўққидан чўққига урилиб синди.
Куннинг синиқлари бунчалар сероб –
Улар юлдуз бўлиб милтирар энди.

Яна бегоналар янглиғ турарман,
Мезбонларга ўхшар отам ҳам онам.
Қишлоқ кўчаларин кезиб юрарман,
Танимас дўстимнинг болалари ҳам.

Қийнагай ҳар нарса юракни эзиб:
Шохи синиб қайтди қўчқор подадан.
Аянчли ғингшийди кўнглимни бузиб,
Итим яраланиб келди тўдадан.

Сўнг тонгда жўнарман яна қалтираб,
Ўз ҳолим ўйлайман аччиқ жилмайиб.
Шаҳарда болалар кутар мўлтираб,
Қишлокда волидам қолар мунғайиб.

СЎРОҚ

Талпиндинг, йиғладинг – елдинг дунёга,
Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,
Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,
Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

Тилингни тиймайсан – бешарм сўйлар,
Кўзингни тиймайсан – бузукқа бўйлар,
Ўзингни тиймайсан – неларни ўйлар,
Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?

Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,
Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,
Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг –
Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.

Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,
Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,
Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг –
Не учун тикдинг бу юзи қарога?

Қишда қушларга дон сочган қўлингни,
Нопок луқмалардан қочган қўлингни,
Оллоҳ, деб дуога очган қўлингни –
Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.

Тўйдириб ўт, қонга тўйган юракни,
Ўлдириб ҳақ дея тўлган юракни,
Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,
Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

НЕГА?

Кун узун, кун иссиқ – малоллар келур,
Тунлари қоп-қора саволлар келур,
Тонг чоғи мусаффо хаёллар келур,
Ақлим менинг тиниқ тортмади ҳануз.

Етти оқ-қорани ажратиш они,
Бу умр, бу ўлим кимнинг эҳсони?
Ҳар лаҳза шу қарзни узиш имкони,
Билдим, чин сарватни йиғмадим ҳануз.

Энг улуғ сўздан-да титрамас юрак,
Кўзимга ёш келмас – бу недан дарак,
Халқимга не бердим ваъдадан бўлак,
Эккан ниҳолим ёш, мевасиз ҳануз.

Маҳкам боғласам-да рост йўлга белни,
Кўнгил равшан эмас, доғи бор дилнинг,
Юртимни танидим, билдим-ку элни,
Бироқ унутмадим ўзимни ҳануз.

ҚАНОАТ

Асл айбим –
Текис йўлда қоқинмокдир.
Асл бахтим –
Ўзинг кўрмай соғинмокдир.
Еру кўкдан мудом излаб
Хато қилдим.
Сени топмоқ йўли
Доим топинмоқдир.

ИБОДАТ

Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,
Такбир айтган чоғи гулдураб само.
У янглиғ муножот қила олур ким,
Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.

Ел йиғлар ер тирнаб. тупроқ сесканар,
Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
Дуолар ижобат бўлган саначар,
Кун нурлари бундан келтирар мужда.

ИШҚ ҲАҚҚИ

Ажаб, дил шод бўлур тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.
На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи, хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни.

ЙЎЛ

Йил йиқилар йилнинг устига,
Хотиралар типирчилар хит.
Елкам оғрир, қақшар устихон,
Юк остида силтанар умид.

Бераймикан тақдиримга тан,
Наҳот бари тугади ёҳу!
Йилдан йилга етаклаб ўтган –
Орзуларим ушапмади-ку?!

Сергак қадам ташлайман, ахир,
Юрар йўлим – қалин тиканзор.
Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.

Юксакларга чўзибман қўлни,
Омон етай унга ишқилиб.
Танладим сал оғирроқ йўлни,
Сал енгилроқ жон берайин деб.

Кадам босиш тобора қийин,
Умр кифтда. Қақшар устихон.
Олға қараб юрганим сайин
Йил йиқилар йилнинг устига.