Аъзам Обидов (1974)

Аъзам Обидов 1974 йил, 8 ноябр куни Наманган шаҳрида туғилган. Наманган давлат университети ва Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини тамомлаган. «Катҳа» Осиё Ижодий Фестивали; Тасаввуф, анъаналар ва шеърият анжумани (Ҳиндистон, 2006), Ижодий Дастурлар I Халқаро Конгресси (Германия Федератив Республикаси – 2005), Халқаро Ижодий Дастур (Америка Қўшма Штатлари – 2004) иштирокчиси.
«Соғинтириб кетгум қадамларимни», «Йўлимни пойлайди мў]жиза» шеърий тўплами (инглиз ва ўзбек тилларида), «Dream of lightsome dawns» (Чўлпон ва Усмон Носир шеъриятидан инглизча таржима), «Муҳаббат, оқавер томирларимда» (Н. Абдуллаэва билан) ва яна бир қанча китоблар муаллифи.

ҚЎМСАЙМАН

Вақтим ўтиб кетди, ўқимоқ учун
Қуръонни қўлимга олмоғим керак.
Бўлмасам-да бу кенг дунёга устун,
Ақалли бир мулло бўлмоғим керак.

Сенда яшамоқдир менинг истагим,
Айт, қачон қайтасан, о, ўтган замон.
Домланинг узундан-узун калтаги
Ва эски мактабни қўмсайман ҳамон…

ОЙНИНГ ДУОСИ

Ўтмиш кунлар шиддати буюк,
Ёлғиз гапга қолгувчи замон,
Фақат дўкдан чиқаркан қуруқ,
Соя солмиш бепарво само.

Бу кунларни кўрмаган Темур,
Ўтмагандир учқур отида,
Минг хил зийнат, минг битта қусур,
Айтмоқ мумкин қанча хотира.

Сен ўзингни ўнгла, меҳмоним,
Бу кунларнинг йўқдир қиёси.
Шукур, шукур, осий дунёни
Асраётир Ойнинг дуоси!

КЎНГЛИМ ОСМОН ҚАДАР…

Кўнглим осмон қадар ўсармукин,
Ёлғон тилларимиз кесармукин,
Рўзи азалгача яшармукин,
Кўҳна дунё, кўҳна дунё!

Ёрилмаган юраклари аёлларнинг,
Бардоши зўр қистовига чаёнларнинг,
Наҳот-наҳот банд этмайди хаёлларинг,
Момо χаво, Момо χаво!

Тиёлмаган ўзни бойлик, ишратлардан,
Воқиф бўлиб бош тортса фарз, суннатлардан,
Қувилмасми фарзандларинг жаннатлардан,
Одам Ато, Одам Ато!

Қабиҳликка тўлар қайта йўлларимиз,
Совуқ лойдан бўшамайдир қўлларимиз,
Ўзлигини танимаган элларимиз
Эт мосуво, эт мосуво!

Мен-ку умид қилолмасман ҳайвонлардан,
Безиб бўлдим алдагуви шайтонлардан,
Фақат меҳр тилаб ўсгум инсонлардан,
Иншооллоҳ, иншооллоҳ!

ҲАЛИ БУ ДУНЁНИ

Сени бу заминдан кўчиргим келар,
Бутун борлиғингни этиб ғайри ҳол.
Қаро тупроққа ҳам суянса бўлар,
Мусаффо заминда кўкарган ниҳол.

Ҳали бу дунёни алдайверар шон,
Бизни ёлғизлатмас дўстона шамол.
Қурисак,
Осмонда қовжирасин жон,
Қуласак,
Паноҳга олар Зулжамол!

БИРЛИК

Бу кўхна, қўллари титроқзаминни
Босмай юриб бўлмас, кўзим етмайди.
Ўзини фаришта санаса кимки
Албатта осмонга учиб кетмайди.

Кечиргил, икков ҳам эрурмиз асир,
Оламнинг яралган кунидан бери.
Шукур, жим кўтариб юрибмиз ахир,
Сен мени, мен эса ўзингни,
ЕРИМ!

РИВОЯТ

Халқ бўлганмиш бир замон,
Пок ниятли, мусулмон.

Сўз йўқ экан шарҳига,
Ҳалол-ҳаром фарқига

Борармиш, хўп шод экан,
Юрт тамом обод экан.

Бир кун босиб фалокат,
Бўлсин дея ҳалокат,

Келди босқинчи душман,
Лек кириш этилди маън.

Ғазаб ўт олди ёвда,
Шаҳар қолди қуршовда.

Хийла ўйланди роса,
Охир этиб хулоса.

Юртга кириш йўлида,
Дарвозанинг сўлида,

Мавжуд эди сув боши,
Халқнинг ризқ-рўзи, оши.

Шундан ҳаёт борарди,
Эл-юртни суғорарди.

Ёв бошлиғи олиб сўз:
«Топиб келтиринг тўнғиз!

Сувга ташлангиз сўйиб,
Тўнғиз қонини тўйиб

Ичгач, кўрармиз ҳолин»
Деб силади соқолин.

Айтганини қилди ёв,
Ҳаром билан беаёв

Эл халқумин булғади,
Нопокликка чулғади.

Шундан кейин бемалол
Юртни этилмиш ишғол.

Эл кўзидан кетиб нур,
Қайга бурса, қайрилур

Ҳолга келибди, хор-зор,
Ҳисса: бўлгин сен ҳушёр!

ҚУШЧА

Бир қуш кузатмишдир дунёни,
Чиқиб кўкка оҳу фиғони,
Амал бору ҳисоб йўқ бугун,
Эрта эса терс келгай бутун.

Чуғур-чуғур қилар митти қуш:
Бул башарнинг наҳот кўнгли тўқ?
Айлама дер асло фаромуш –
Эрта ҳисоб бору амал йўқ!
Эрта ҳисоб бору амал йўқ!

ОЯТ

Бандамиз, ризқ улуғ бўлса гар,
Аллоҳ икром қилди деб айтар.
Неъматни танг қилса, алҳазар,
Шикоятчи бўлурмиз қайта.

Эсга тушар ўтган ҳар юмуш,
Бўғизда тош қотиб қолгай ун.
Оҳ, не учун бўлурмиз хомуш,
Ер даҳшатли қимирлаган кун?

Қайда эдим тириклик маҳал,
Вужудимни босади тошқин.
Охиратга бир эзгу амал
Тақдим этган бўлсайдим кошки!
Кошки!

НАҲ ОТ-НАҲОТ

Ҳақнинг қўли етди бўғзимга,
Кўнгил маъюс тортиб қолди жим.
Шу он савол қилдим ўзимга,
Қайтгум қандоқ, келиб ким бўлдим?

Зотан нуқул чайналди тилим,
Не иш бўлса ютдим ичимга.
Мени ҳаққа қовуштир, ўлим,
Тили кесик жонга ачинма!

Бир кун илдиз отмоққасдида
Дил тубига тўкилар сирлар.
Наҳот-наҳот қабр устида
Бўй чўзади рўйи-рост шеърлар.

ҲАЙРАТ

Олисларда қолар юрагим,
Йиллар бўйи чиқмас дарагим,
Пуч пуч бўлар, сарак – сарагим,
Мени бир кун ғурбат ўлдирар,

Борлигимни суяди кимдир,
Кимнинг куйиб юргани тимдир,
Ўзни сабр наҳрига шимдир,
Мени бир кун ғийбат ўлдирар.

Етдим дедим, етмаганим кўп,
Ғайрат билан кетмаганим кўп,
Вақтнинг совуқ қўлларини ўп,
Мени бир кун ғафлат ўлдирар.

Қийнаб олса чиқмайди жоним,
Тўкилганда минг қатра қоним,
Ҳаётимнинг энг сўнгги они
Мени ҳайрат, ҳайрат ўлдирар!

АЛАМ

Бу дунёга на бир эътибор,
На бир парво бирла қаралмиш.
Иблис каби бўлгаю маккор,
Яхшиликни билмас яралмиш.

Нечун келдим дея сурмас ўй,
Кетмоғин ҳам асло ўйламас.
Тубанликда қолиб қаро кўй,
Комилликка ўзни бўйламас.

Ҳаёт гоҳ шўх, гоҳо осуда,
Бир ёнда дўст, бир томон ғаним.
Алам қилар менга баъзида
Аросатда яшаётганим

НАСИҲАТ

Нафс, нимани қилмадинг орзу,
Қай юмушга урмадинг бир қўл.
Бир кун ахир тошу тарозу
Ва келгуси боши бекик йўл.

Ўтинчим шул: очиқ қўйма, бас,
Устинг савоб илки-ла ёпгин.
Гуноҳ ишга қилган бўлсанг қасд
Худо кўрмас бир жойни топгин!

ИККИЛИК

Замин билан само бор,
Эркак ила аёлдир.
Тун ортида оқ наҳор,
Қуёшдан сўнг ҳилолдир.

Жаннат ила бўлур нор,
Куфр йиқар иймонни.
Туғилмоқ-ла, ўлим бор,
Йўқ қутулмоқ имкони.

Қуруқликка денгиз мос,
Аршга буюк курсидир.
Қалам асли лавҳга хос,
Амал илм дарсидир.

Ҳуснга ишқкўрикли,
Барча бунга шоҳиддир.
Неки бўлса, шерикли,
Ёлғиз Аллоҳ – воҳид, бир!

БУНДА

Бунда соғлик учун ичилгай шароб,
Тирикчилик учун одам авралар.
Наҳот дил тубию атрофи хароб,
О, қайда қолдингиз дилкаш давралар?

Бунда хотиротнинг уммони саёз,
Тафаккур осмонин соддалик тутмиш.
Минглаб забон мавжуд, бор битта овоз,
Бунда яралмишни асрайди ўтмиш…

Бул муҳит илкида бир синиқ парча,
Устингга ёпасан гина, озорни.
Ахир пайғамбарни билади барча,
Ҳамма тасдиқлайди Парвардигорни.

Лекин соғлик учун ичилгай шароб,
Тирикчилик учун одам авралар.
Мен нурни соғиндим, бу зулмат аро,
Тезроқ қутқарингиз, дилкаш давралар!

МИСОЛИ

Шунча дуру-жавҳар на ҳожат,
Нега керак ахир бошпана?
Тор лаҳадга етгум ниҳоят,
Бир кун бўлар ахир тош пана!

Кишан солмиш қўлимга бу дам,
Шижоатни қиламан канда.
Янги кунга босгайман қадам,
Мисоли ҳеч ўлмайдигандай…

***

ҲАР ЮМУШНИНГ БОРДИР ЎЗ ВАҚТИ,
ҳар нарсага лозим риоя,
Борми-йўқ деб ўтирмас нақди,
Бир хоҳишга йўқдир ниҳоя!

Яъни хотин контсерт, кинога
Бормоқликни истайди, лек эр:
– «Уят, ахир қўшни бинода
ҳатто битта радио йўқ, -дер.

– Мана, тайёр ойнаи жаҳон,
Кўрса бўлар контсерт, кинони,
Қойиллатиб етмагани он
Чалиб бергум пианинони.»

Бошқа кун-чи хотин дабдуруст
Кабобхўрлик ҳақда очар гап.
Эр: «Қўшнимиз неча ойки гўшт
Емас, ҳатто чиқар нон сўраб.

Ана, сенга қанча гўшт-лаҳм,
Котлетми ё бошқа гўшт таом
Тайёрлагин, бўлма бефаҳм,
Қўшнига-да чиқар, вассалом!»

Бошқа бир кун хоҳлайди хотин
Ўқимоққа ҳайдовчиликка.
– «Йўқ нарсага бўлма кўп бетин,
Ўзни ҳадеб қўйма кўрикка!»

Хуллас, яна қанча машмаша,
Балки тўғри, балки хатодир.
Ёш боладай қилиб хархаша,
Истаб-истаб ўтиб кетодир.

Балки эрда йўқ дерсиз хоҳиш,
Лекин асли бунда эмас гап.
Эр тутади ақл билан иш
Мў‘тадиллик турилар сақлаб.

Балки бордир сизда зўр имкон,
Ҳар истакни этмакка бажо.
Лек унутманг қилмоқни эҳсон
Ҳам эл учун бўлмоққа фидо.

Ҳар юмушнинг бордир ўз вақти,
Ҳар нарсага лозим риоя,
Хоҳишни деб бой берманг бахтни,
Ахир унга йўқдир ниҳоя!

ДEМАК, ҲАЛИ…

Бир кун ўтиб кетар шунчаки,
Қисқаради йўл бахтга қарши,
Йўқ, эмассан кеча кундаги,
Буткул ўзга бу кўнгил тарзи.

Ўйлама, ҳеч ўлган эмассан,
Мавжудликни қилмадинг канда.
Юрак эссиз, эсиз қуруқ тан,
Эсиз шунча бандалик, банда.

Умр — Худо берган бокира,
Ҳаётингни турар тўлдириб.
Келмасмиди яшагинг сира,
Ким наф топар сени ўлдириб?

Умидим — зўр паҳлавон келбат!
Турар мулзам минг узр айта:
«Эрта бахтинг кулгайдир албат,
Ва умрингни бошлайсан қайта!»

Бугун эса ўтди, ё Раббим…
Қоларми деб ҳуш ис ва кўлкам,
Уриб турар кўксимда қалбим,
Демак,
ҳали тирикмиз, эркам!
Юрак, ҳали тирикмиз, эркам!

ТОВЛАМАЧИ

Ким алдади, алданди биров,
Ёғди ишонч бошига қиров,
Эрта ахир келгайдир сўров,
Ё олма, ё олганни қайтар!

Олишда-ку кирар жон, ё раб,
Рўкач бўлар шуҳрат-шон, ё раб,
Охир ўзинг боргайсан сўраб,
Ё олма, ё олганни қайтар!

Босма, кўнгил, савоб устига,
Ишлатгандир каму-кўстига,
Ким мол берса, берар дўстига,
Ё олма, ё олганни қайтар!

Бугун битта сичқон қасдида,
Э воҳ, яна қирқ ёрсанг қилни.
Эрта муштдек елканг устида
Осгайдирлар минг битта филни!

Ким алданар, алдайди биров,
Ёғар ишонч бошига қиров,
Бир кун ахир келгайдир сўров…
Ё олма, ё олганни қайтар!

БУ БИР ДУНЁ…

бу бир дунё, баъзан ҳеч нарса
истамайсан истакни излаб,
мазлум учун чалинар қарсак,
золим тўрга олингай сизлаб.

бу бир дунё, пулинг бори-да
ўйламайсан аслингни асло.
бунда ҳар ким иш бозорида
қилгайдир ўз билгича савдо.

бу бир дунё, кўпдир баҳона,
гуноҳ учун тўкилмайди ёш.
девор бориб теккач пешона
ибодатга эгилади бош.

Бу бир дунё – сароб даштида
Қурбонликка сўйилар қўзи,
Бу бир дунё – сувнинг устида
Кўпиклигин билмайди ўзи.

Бу бир дунё…

АҚАЛ БИР БОРА…

Тутмоқ қийин кечар ўзни ҳар доим,
Бехос кимларгадир кўтарилар қўл,
Сен дарғазаб бўлсанг, тортиб мулойим –
Муштдак жигарпоранг жавдирар мўлт-мўлт.

Жуда раҳминг келар, сезасан, чиндан,
Ақлингга бир танбеҳ ёзилар ногоҳ:
Ўзинг-ку минг гуноҳ қилсанг-да кунда
Ақалли бир бора чертмади Аллоҳ…

ИЙМОНЛИ ЗОТ ВА ОЗОД ҚУЛ

Кайсидир кун бир иймонли зот
Бор қулларин этибди озод.

Афсус, қуллар чиқмиш беодоб,
Фаҳш ишларга берилиб шу тоб,

Бири дарҳол чекибди оғу,
Шароб ичиб то кеч қоронғу,

Туролмайин ҳатто оёққа,
Бир йўлчини тутмиш сўроққа:

– Бери кел-да, қўлимдан ушлаб
Мени уйга элтиб қўй, ошна!

Йўлчи юриб у билан бирга
Бошлаб келмиш очиқ қабрга,

Дебди: – Мана, келдик уйингга
Кириб ётгин энди жойингга…

Мастнинг бошдан учибди ҳуши,
– Ўнггими бу ва ёки тушим,

Дея минмиш жаҳл отини
Ва йўлчининг бериб додини

Роса уриб оқизди қонин,
Калтаклардан оғриб кўп жони,

Чурқ этмади йўловчи, ҳолсиз –
«Инсоф бергин!» деб турди ёлғиз.

Кимдир мастни тўхтатди шу он,
– Не қиляпсан, тўхта, ҳей, ҳайвон!

Қора қонга белаганинг зот,
Сени этган эди-ку озод!

Маст бир фурсат қолди-ку шошиб…
Ва қулликда эгилди боши…

Ногоҳ ботди қоп-қаро терга,
Кошки кириб кетсайди ерга!..

Шу лаҳзадан тавба қилди-ю
Кўнглин иймон томон бурди у…

ҚАЛБИМ ИШҚҚА ТЎЛА

Қалбим ишққа тўла…
Лекин қўрқаман,
Лойиқ бўлсам эди бўлмоққа уммат!
Эзгу амаллардан унса бир чаман,
Ғашликнинг ортидан чекинса зулмат!

Қалбим ишққа тўла…
Магар қон тағин…
Эрта шўр бошимга не бўлар қайтим?
Кошки Пайғамбарнинг
ёшлигидаги
Миндириб юрган бир туя бўлсайдим…

БАНДА ВА УНИНГ АМАЛИ

Узоқ умр кўрган бир обид,
Ибодатни этибон собит,

Χаққа айлаб беш юз йил сажда
Тасбеҳини этмади канда.

Бир кун етгач ўлимга охир
Χақ олдида бўлмишди зоҳир.

Аллоҳ демиш: Эй, фархунда дил,
Раҳматим-ла жаннатга киргил!

Обид айтмиш: Бўлсам, эй Холиқ,
Амалим-ла жаннатга лойиқ…

– Амалларин ўлчангиз дарҳол!
Дея буйруқ қилди Зулжалол.

Фаришталар шу он бўлиб шай
Ул обиднинг битта қолдирмай

Амалларин чиқаркан тортиб
Келтиришди шундайин тартиб:

«Беш юз йиллик банда тоатин
Босиб тушмиш бир кўз неъмати!»

Χисса: раҳмат бандага тортиқ,
Амал асло бўлолмас ортиқ!

ЁМҒИР ЁҒАР УСТИМДАН…

Ёмғир эмас устимдан
Раҳмат ёғар томчилаб,
Билмам, гуноҳ дастидан
Тушар балки қамчилар.

Бу не, пана қилмоқдан
Соябонми ёпганинг?
Во дариғо, қийноқдан
Қутқарарми чопганинг?

Бир кун азоб фаслида
Ёғар пушмон томчиси
Χеч нарсамас аслида
Бу дунёнинг қамчиси!

БИРОҚ ДОИМ…

Биз учундир бу дунё асли,
Бизга эса охират муштоқ.
Фитнадандир оламнинг насли,
Ҳам хиёнат қилмоқ-чун ўртоқ.

Бунда гўё ҳаёт атирли,
Боқ- гўзаллик оқибатига, –
Кўрмаганинг нарса қадрли,
Кўрганинг — бир уюм атиги…

Шундай экан, қандай ажаб иш,
Бул фанодан бир нарса кутмоқ.
Гарчанд дунё биз учун битмиш,
Бироқ доим охират муштоқ,
Бироқ доим охират муштоқ!

ТАВБА

Тонг отаркан, кучли бир одам
Келди ниҳол олдига шаҳдам.

Қўпормоқчи бўлди ниҳолни
Ўйлади: бу ишим муҳолми?

Кўрди: ниҳол илдизлари бор,
Суғурмоқлик балки кўп душвор.

Кел, яхшиси кейинроқ келгум,
Бугунгидан кучлироқ бўлгум.

Дея ортга қайтиб кетди ул
Неча йилки унутди буткул

Лекин бир кун тушиб ёдига
Қайтди миниб тезлик отига

Кўрди, лекин бўлди у карахт –
Ниҳол эмас, азим бир дарахт

Ўсар эди қаршида бу вақт,
Илдизлари чуқур, бақувват.

Кучим кўп деб суринди роса
Қўпормоққа уринди роса,

Чиранишни бас қилди охир,
Заифлиги бўлди-ку зоҳир.

– Афсус, деди, – ул ниҳол қани, –
Вақт борида суғурмаганим…

Кўп пушаймон келмади ҳеч кор
Гуноҳ ўти ўчмади зинҳор.

Дарахт бўлмай ул гуноҳ ҳали,
Фурсат топиб тавба қилгали

Шошил, дарҳол оёққа тур, дўст
Қайта ўсмас қилиб суғур, дўст!

У ДУНЁДА…

Бир инсоннинг тугади умри,
Лек ортидан кўпайди гап-сўз.
«Бисёр эди ул зотнинг шукри,
ҳалол ишлаб топарди ризқ-рўз.

Ёш эди-я, тағин ортидан
Болалари қолди чирқираб.
Тиним билмай элнинг дардида
Букилганни турганди тираб.

Учраганда кўнгли шикаста
Аҳвол сўраб ўтарди нуқул,
Оҳ, юрсайди қани ўлмасдан
Ҳузур кўрса бўлмасмиди ул?!»

Ўйладим – бу гаплар пуч асли,
Беихтиёр ахир жон-танлар…
У дунёда керак бўлмасми
Бу дунёда тиргак бўлганлар?!

КEЛ, ҚАЙТА БОШЛАЙМИЗ, ЮРАГИМ…

Жисму жон қораймиш ғубордан,
Не бахт, бир завқ етгай ифордан,
Яшашни ул яшил баҳордай
Кел, қайта бошлаймиз, юрагим.

Умримиз асли-ку ҳайрия,
Фанонинг бақога сайри-я,
Ўтмишнинг барига хайр дея
Кел, қайта бошлаймиз, юрагим.

Дўст дебон юрганим олчоқдир,
Остимда қоп-қаро ботқоқдир,
Вазифам – тонг бўлиб отмоқдир,
Кел, қайта бошлаймиз, юрагим.

Иймон бор – Фазойим ҳулкари,
У бир йўл – умримнинг меҳвари,
Тавбага – ўлмасдан илгари
Кел, қайта бошлаймиз, юрагим!