1946 йилда туғилган. ТошДУнинг филология факультетида таҳсил олган. Шоирнинг “Фаввора”, “Мовий осмон”, “Замин кўрки”, “Толбаргак”, “Кўнгил кабутари”, “Сирлар” номли тўпламлари нашр қилинган. У таржимон сифатида Еврипиднинг “Медея”, Эсхилнинг “Қабр олдидаги қурбонлик” асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Шоир 1986 йилда вафот этган.
Уйғониш
Бўлсамки, у чоғ ҳали расида,
Келдим баҳорга мисли қалдирғоч,
Узала тушган ерга кўз солиб.
Борлиқдан гўзал нашъалар олиб,
Шеърият олди – бўсағасида
Дедим мен: сим-сим, эшигингни оч!
У не кошона, у не саройки,
Зимни яралмиш шоир қонидан,
Ғишти қайғудан, рангин ҳислардан.
Боболар солиб кетган излардан
Кўрдим гумбазда бир хипча ойки,
Сочма юлдузлар жилмас ёнидан!
Паға булутлар монанди оққуш
Қаср устидан учиб ўтганда,
Анҳор бўйидан ялпиз бўйлари.
Эсиб турарди… Тўп-тўп болари
Нафис гуллардан истабон оғуш
У ҳам яшашни этмасди канда.
Тип-тиниқ эди ўша кез само,
Ям-яшил эди ўша кез япроқ.
Кундай ёйилиб борлиққа ишқим.
Нечундир унга келди қотишгим!
Ўша онданоқ худди Қайснамо
Севдим сени мен, эй, она тупроқ!
Тилак
Юксакда, ундан-да, авжлансанг сал нари
Ер сатҳи кўринар ғоят кенг.
Ўлкалар жимжима харита сингари,
Денгизлар япалоқ тошга тенг.
Шу онда жонланар кўнгилда тилак,
Орзуки беқиёс, муқаддас,
Заминни яшнатмоқ ишқида бу юрак!
Улуғ ер тинч-омон бўлса, бас!
Ёмғир
Бугун ҳаво бошқача,
Чунон оғир, зил-зил.
Эртадан то кечгача
Ер узра сув мил-мил.
Бирин-кетин томчилар
Синар гўё чил-чил.
Гоҳ сув бетин чимчилар,
Гоҳ товланар хил-хил.
Узилган умидлар
Сув узра раъноми, сув узра гулми,
Майлини оқимга топширган?
Чинданам дарёми, чинданам сувми,
Бир даста чечакни гирдобда шопирган?
Соҳилда мўлтираб турган эй, майсалар,
Гапиринг, тилингиз бор бўлса!
Чечаклар қирғоққа чиқолмай чайқалар…
Наҳот, гул шунчалар хор бўлса?
Сув ичра тентираш жонга озордир,
Халос эт гулларни, эй, шамол.
Ахир, гул кўрк эрур, гарчи хазондир,
Бири йўқ эрса, йўқдир бу жамол…
Сув узра раъноми, сув узра гулми,
Майлини оқимга топширган?
Чинданам дарёми, чинданам сувми,
Бир даста чечакни гирдобда шопирган?
Чорлаш
Ёмғир тинди. Ювилди боғлар,
Энди шодон ўйнайди сабо.
Томчиларга тўйган япроқлар
Чапак чалиб, куйлар дилрабо.
Шу асно, сен кўргизиб ҳиммат,
Бахш айлагин табиатга зеб.
Тушун, ёрим, бу дамлар қиммат,
Кўрк яралди сену мени деб.
Сочларингни кифтингга ташла,
Майли, ўйна, майли хиром эт.
Бу истиғно, бу кўзгу қош-ла,
Кўнглимни оч, ақлимни ром эт.
Сенга алвон лолаларимдан
Тикиб бергум хилъати жаннат.
Ҳижронзода нолаларимдан
Кўргизайин анвойи санъат.
Гар истасанг: ойу юлдузни
Қадамингга тутдек тўкаман.
Гар истасанг: кеча-кундузни
Кокилингга айлайман каманд.
Фақат, қўл бер, кел, мен билан бўл,
Истиқболинг этайин таъмин.
Бизга илҳақ бийдай дашту чўл,
Бизга илҳақ шу қутлуғ замин.
Биродарлик орзусида
Кенг Ватанни қучиб олишга,
Қўлим калта, етмас қулочим.
Енг шимариб тушилгач ишга,
Борми дея менинг иложим,
Кечалари ўйга толардим.
Кеча-кундуз зикримда Ватан,
Суратини сақлар кўзларим.
Қитъалар кўп, агар ҳурматан,
Қўлни-қўлга берса дўстларим,
Ер шарини қучиб олардим.
Ўтинч
Сени таъриф этайин,
Гапга қулоқ сол-сол.
Қаро зулфинг дилбарим,
Эшилибди тол-тол.
Ҳар бир тола сочингга
Етмас дунё мол-мол.
Ой юзингни бир кўрай,
Гажагингни ол-ол.
Қора туним эслатди
Чаккангдаги хол-хол.
Сўз ўрнига лабингдан
Топмоқдаман бол-бол.
Ошиғингдан бир йўла
Сўра шарҳи ҳол-ҳол.
Оғишмасдан юр бирга,
Дема, яхши қол-қол.