Амирқул Пўлкан 1948 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Шоирнинг “Пойга”,”Булоқ”, “Изҳор”, “Оҳанг” каби шеърий тўпламлари, “Мангуликка суиқасд”, “Шайтоннинг ўлими” достонлари нашр этилган. У 1982 йилда вафот этган.
ИНТИЗОР ЧЕЧАКЛАР
Қиш куни булбулни соғиндим жуда,
Кўзимни тўрт қилди сайроқи қумри.
Аслида, баҳорни қўмсаш беҳуда,
Зероки, уч ойдир қишнинг ҳам умри.
Биламан, шу фасл ўтмасдан қолмас,
Шу ёлғиз бир умид кўнглимга қанот.
Лекин, у қалбимга таскин беролмас,
Бахш эта олмайди менга ҳаловат.
Дунёда баҳордан сулувроқ не бор,
У менга сўзлагай эзгу чўпчаклар.
Дўстларим, ҳадемай келади баҳор,
Доим қор остида ётмас чечаклар.
* * *
Ўн тўрт кунлик бўлганида ой,
Тун қўйнига кирганда фалак,
Тингла, мени, кўнглимни айтай,
Деразангни очиб қўй, малак!
Йироқларга кетганим чоғда,
Қилганида ҳижрон жонҳалак.
Рақибларни қолдирган доғда,
Деразангни ёпиб қўй, малак!
БОТИРЛАР
Неча бор заминни куйдирди оташ,
Неча бор мозийнинг айланди чархи.
Ва лекин, йўлидан тоймади қуёш,
Ва лекин, тушмади ботирнинг нархи.
Ғанимлар юртимга қилдилар юриш,
Муқаддас тупроқда тутдилар чодир.
Интиқом олмоққа чорлади уруш,
Ёвларга ўқ бўлиб санчилди ботир.
Ботирлар жон берди мардона туриб,
Тулпорлар қон кечиб чопдилар сарсон.
Ўқ еган бургутдек, ногоҳ, чарх уриб,
Уларнинг кўксига йиқилди осмон…
Улар ҳам ҳаётни севарди жондан,
Улар ҳам яшарди толе ахтариб.
Ботирлар кўксидан сачраган қондан
Кўкдаги юлдузлар қолди қизариб.
Эҳ, улар шароб ҳам ичмади қониб,
Умр ҳам бермади жангги беомон.
Шоирлар қудратни куйлади ёниб,
Уларнинг шаънига битдилар достон.
Зотан, мен улардан олгайман сабоқ,
Шул узоқ ўтмишга солгайман назар.
Бугун ҳам қайдадир писганча қўрқоқ,
Ботирнинг ортидан урмоқда ханжар.
Мен қандай чидайин бундай жафога,
Не қилай гўдаклар қолсинлар сағир?
Умримни бергайман балки даъвога,
Мен ҳам ботирларга зурёдман, ахир.
Ва, лекин, бу билан ўзгармас тарих,
Тўкилиб битмагай киприкдаги гард.
Барибир, уларни бўлмас қайтариб,
Жазога мустаҳиқ бўлмагай номард.
Майда гап қилсам гар кечиринг, бироқ,
Дўстларим, ботирлик эмасдир осон.
Кўз юмган ботирлар бугун ҳам уйғоқ,
Уларнинг кифтида турибди осмон.
* * *
Шодлигимнинг поёни йўқдир,
Олам яшнар қуёш нуридан.
Бу дунёда парилар кўпдир,
Сен яхшисан аммо баридан.
Шодлигимнинг поёни йўқдир,
Олам яшнар қуёш нуридан.
Бу дунёда ошиқлар кўпдир,
Мен яхшиман аммо баридан.
МАҚСАД
Одамлар ҳаётда ўтаркан бурчин,
Эришмоқ истаркан собит бўлмоққа.
Мақсад керак экан яшамоқ учун,
Мақсад керак экан ҳатто ўлмоққа.
Мен унинг ортидан югурдим йиллаб,
Гоҳида оёғим тойилди тошга.
Аллаким панд берди тушсин деб қулаб,
Бировлар оғамдек кўтарди бошга.
Гарчи, мен юлдузни кўзлаганим йўқ,
Ҳавойи ишқни ҳам қилмадим одат.
Ё Ҳумо қушини излаганим йўқ,
Мақсадим кетидан интилдим фақат.
Оҳ, уриб ётмадим фурсатни кутиб,
Қўрқмадим келгай деб бевақт заволим.
Гоҳида деҳқоннинг қўлидан тутиб,
Эгатдан сув бўлиб оқди хаёлим.
Меҳрибон халқимни севдим ҳар қачон,
Бошига ғам тушса, ғам чекдим минг бор.
Мен учун юртимдек азиздир жаҳон,
Мен уни куйларман беҳудуд, бисёр.
Шу боис, ўйимнинг йўқ эрур кети,
Шу боис, бўлолмам андак бепарво:
Кетмасин уйлардан ҳеч вақт нон ҳиди,
Инсонга ҳамиша бахт бўлсин раво.
Матлабим, заҳматинг чекдим кўп ғоят,
Мақсадим, мен учун ўзинг бўл даҳо!
Сен бўлсанг, мангуга боқийдир ҳаёт,
Сен бўлсанг, менга ҳам йўқдир интиҳо!
* * *
Сен менинг орзум бўл,
Қўшиқ бўлиб янгра қалбимда.
Муқаддас бўй бўлгин,
Умри узун бўл,
Армон бўлиб қолма қалбимда.
Зангор бўшлиқларга шўнғи,
Юлдуз бўлиб порла, қувонай.
Сабо бўлиб эсгил тонгги –
Гўзаллигинг шавқига қонай.
Сени куйлаб ўтай…
Ҳур бўл,
Ёниқ қалбим бўлиб қол, гулим!
Умримга мезон бўл,
Мақсад бўл,
Кўзларимга нур бўл, севгилим!
* * *
Нур этагин йиғиб олиб,
Шом талпингач ер томон,
Хона ичра танҳо қолиб,
Сирлашамиз икковлон.
Хаёл мени сархуш этар,
Ўй сураман суюниб.
Тонгда аранг чиқиб кетар,
Тун хаёли кийиниб.
* * *
Мен сени севаман,
Олис фазони,
Ёрқин юлдузларни куйлайман ёниб.
Денгизга лаб тутган улкан дарёларнинг
Ҳаётбахш сувидан ичгайман қониб.
Мен сени севаман,
Куйлаб, мадҳ этиб,
Сўйларман бу дунё одамларига.
Гуллар унаверар,
Бахт кўкаради
Сўнгсиз далаларнинг этакларида.
Мен сени севаман,
Юксак тоғлардан
Шошилган шоввадек билмайман тиним.
Сенга талпинаман бутун умр бўйи,
Боболар Ватани – Ўзбекистоним!