Амир Худойберди (1961)

Амир Худойберди 1961 йили Қарши туманидаги Шилви (Шайх Шиблий) қишлоғида таваллуд топган. 1985 йилда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. «Дунё ва мен», «Жавобсиз савол», «Эврилиш», «Еттинчи малак», «Ойдин лаҳзалар», «Девоналармиз» китоблари чоп этилган.

ИЗҲОР

Ўтиб кетди болалик,
Ўтди шўхлик барчаси.
Юлдуз бўлди, ой бўлди
Ёнган юрак парчаси.
Илҳом келди, очилди
Самоватнинг дарчаси.
Илҳом онлари ширин,
Ўзга болни тотмасман.
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ватан дея, халқ дея
Чиқди илк бор саводим.
Қаламим бийрон бўлди,
Бийрон бўлди давотим.
Дилимдаги бол меҳрим,
Тилимдаги новвотим
Нурга дўнди, нур бўлдим,
Кун ботди, мен ботмасман.
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Билмас ҳеч ким: қайларда
Қолур хоки, турбати.
Ҳижронларни енгишга
Етар кимнинг қурбати.
Ҳар сўзимда ўзим бор,
Сўз — қалбимнинг сурати.
Ўлсам ҳамки бегона
Тупроқларда ётмасман .
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Тандан чиқар жон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Унутилар шон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Фано — беимкон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Ўзга олам кўксида
Асло илдиз отмасман.
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ҳақдан келса иноят
Шоир зоти суюкдир.
Халқи каби бардошли,
Халқи каби буюкдир.
Шоир қалби ҳамиша
Қувғиндаги кийикдир.
Ватан бағри зўр паноҳ,
Ўзга паноҳ топмасман.
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ватан учун фидо ҳар
Кипригимнинг толаси.
Юрагимдир қирларда
Ёниб турган лоласи.
Шоир бўлдим, мен оддий
Ўзбекнинг бир боласи.
Бир томирмиз, элдошлар,
Мен сизники — ётмасман.
Шеърим — менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

ДЕВОНАЛАРМИЗ

Бир тўшакда, бир кўрпада ётиб ёнма-ён
Ухлаяпмиз, ахир дема бегоналармиз.
Тўшагимиз замин бўлса, кўрпамиз осмон,
Ёндошликни англолмаган девоналармиз.

Бир илдиздан кўкарганмиз, муаззам олам
Бешигимиз, дема сийқа афсоналармиз.
Момо Ҳаво онамиздир, отамиз Одам,
Қондошликни англолмаган девоналармиз.

Бани башар ошёни шу митти сайёра,
Қўлни қўлни берсак гўё маржоналармиз.
Элни элга, дилни дилга боғлолсак зора,
Жондошликни англолмаган девоналармиз.

“Худо бир!” деб пайғамбарлар ўтди, биз ҳамон
Ҳақ йўлини топа олмай сарсоналармиз.
Эътиқодлар айри-айри, ягона имон,
Диндошликни англолмаган девоналармиз.

Дилдошликни англолмаган бегоналармиз.

1990

АЮРМАСИН ЎЗБЕКИСТОНДИН

1
Дедилар: «Энг гўзал маъво қайсидур?»
Дедим: «Она юртим – бахт фирдавсидур!».
Дедилар: «Нечун у муқаддас, улуғ?»
Дедим: «Боболарим бермиш унга руҳ!»
Дедилар: «Кечарсан ондин ё жондин?»
Дедим: «Аюрмасин Ўзбекистондин!»

2
Эй, Ватан, сен ила ҳаётим, борим.
Сен менинг иймоним, номусим, орим.
Неча азизларим ётган мозорим
Ва эрка дилбандлар эркин кезган боғ.
Таърифинг беқиёс – ожиздир калом,
Сен менга қўшиқсан, қалбимга илҳом.
То абад бор экан ўзбек деган ном
Мен учун сен доим муқаддас тупроқ.
Асрларким келур Фурқат фиғони,
Ҳинддан шоҳ Бобурнинг соғинч, армони.
Оҳ, қийин узмоқлик ҳижратда жонни,
Лолалар кўксида қайғулардан доғ.
Дедилар: «Кечарсан ондин ё жондин?»
Дедим: «Аюрмасин Ўзбекистондин!»

1992

ВАТАН

Ўтиб кетди болалик,
Ўтди шўхлик барчаси.
Юлдуз бўлди, ой бўлди
Ёнган юрак парчаси.
Илҳом келди, очилди
Самоватнинг дарчаси.
Илҳом онлари ширин,
Ўзга болни тотмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ватан дея, халқ дея
Чиқди илк бор саводим.
Қаламим бийрон бўлди,
Бийрон бўлди давотим.
Дилимдаги бол меҳрим,
Тилимдаги новвотим
Нурга дўнди, нур бўлдим,
Кун ботди, мен ботмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Билмас ҳеч ким: қайларда
Қолур хоки, турбати.
Ҳижронларни енгишга
Етар кимнинг қурбати.
Ҳар сўзимда ўзим бор,
Сўз – қалбимнинг сурати.
Ўлсам ҳамки бегона
Тупроқларда ётмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Тандан чиқар жон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Унутилар шон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Фано – беимкон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Ўзга олам кўксида
Асло илдиз отмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ҳақдан келса иноят
Шоир зоти суюкдир.
Халқи каби бардошли,
Халқи каби буюкдир.
Шоир қалби ҳамиша
Қувғиндаги кийикдир.
Ватан бағри зўр паноҳ,
Ўзга паноҳ топмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

Ватан учун фидо ҳар
Кипригимнинг толаси.
Юрагимдир қирларда
Ёниб турган лоласи.
Шоир бўлдим, мен оддий
Ўзбекнинг бир боласи.
Бир томирмиз, элдошлар,
Мен сизники – ётмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.

2011

НАЖИБА

Нажиба, ажиб-а,
Бир ёшли қизим,
«Дада», деб илк бора тилга кирибсан.
Менинг бу дунёда қолгувчи изим,
Тетапоя қадам ташлаб юрибсан.
Кўкдан қувонч бўлиб тушган фариштам,
Чароғдай порладинг хонадонимда.
Самони заминга боғлаган риштам,
Минг йилларки кезиб юрдинг қонимда.
Нажиба,
Бошимни онамдай гоҳо
Силайдурсан митти қўлларинг билан.
Ёруғ манзилларга етгин, илоҳо,
Йўлларим туташсин йўлларинг билан.

* * *

Бирма-бир очди фалак ўз талъатин,
Тиклагач шом маснадида шавкатин.

Зарофат буржида Зуҳро порлади,
Берди Чўлпонга фатонат навбатин.

Авжланиб ёнди Зуҳал — зебо ҳусн,
Бўлди танҳо зийнати шамъ ҳайъатин.

Гўё тилло бошимиздан сочқали,
Очди сандиқдан фалак бор сарватин.

Ўйнашур нурлар илоҳий сас ила,
Кўргузур оламга партав санъатин.

Самовий рақс хайлида минг-минг малак
Қувлади кўкдан зулумот калхатин.

Зарнигор гумбаз тагида бир ғариб
Сиғдиролмас кўксига кўк ҳайбатин.

Тортилур дил беҳудуд нур базмига,
Чарх урар руҳ тарк этиб тан турбатин.

Мижжа қоқмасдан Амир зор бўйлади,
Кўк соғинди, тун тушунди ҳайратин.

* * *

Юзи олма, кўзи бир жуфт қаролу қиз,
Изн беринг, боғингизга бороли, қиз.

Олуланиб қонга тўлмиш ишқ захмидан,
Лабингизни олудан қутқароли, қиз.

Ҳуркак-ҳуркак нигоҳингиз олиб қочманг,
Кўксимдаги даштнинг эрка мароли, қиз.

Қарайверсак тортманг қошингиз ёсини,
Тўймадик-ку яна бир бор қароли қиз.

Гар қўшилиб оқиб кетсам қўярмисиз,
Икки кифти тоғу қирқ шаршароли, қиз.

Нетай севги сийратида ситам кўрдим,
Суврати ҳам қалбимиздек яроли, қиз?

Ўз дилида юрт сўраган Амир эдим,
Энди бўлдик, айтинг, кимнинг қароли, қиз?..

МЎЪЖИЗА

Нафас олган ҳар онинг мўъжизадир — тириксан.
Томирда тоза қонинг мўъжизадир —тириксан.
Мўъжизадир — кўксингда уриб турган юрагинг,
Олддаги ҳар имконинг мўъжизадир — тириксан.

* * *

Яшайлик тинч, аҳил, инсонларга хос,
Душманлик саодат келтирмайди, рост.
Адоват олови дўзах ўтидан
Бир учқун, бандалар ўтиндир холос.

* * *

Кокилингни ўрмиш минг бир малойик,
Зулфингга занжирми, зар, нима лойиқ?
Кўкни куйдирганда юзунг партави
Зулумот пинжига қочмиш халойиқ…

* * *

Билмадим, шеърларим эскими-янги,
Қалбда садо берар ҳар вақт оҳанги.
Лойни Вақт кулоли обдон пишитган,
Соз эрур боз эски хумнинг жаранги.

СЕВАМАН

Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб адо бўлган бир шам мисоли.
Мен сени севаман, чўққини қучиб
Жарликка осилиб турган қоядай.
Мен сени севаман, ўзидан қочиб
Ўзига эргашиб юрган соядай.
Мен сени севаман…
О, бундан ортиқ
Севишимни талаб қилмагин, гулим.
Бундан ортиғини этолмам тортиқ,
Бундан ортиқ севги бўлади ўлим!

1985

ИЗЛАМАНГ

Гар кетар бўлсам мени дашти фанодан изламанг,
Топмагайсиз барибир, еру самодан изламанг.

Белги қўймангиз мозорим устига тошдин, ажаб,
Ул нишон бўлгайму мендин, ҳар балодан изламанг.

Тупроғимдин бир сариқ гул унса, булбул йиғласа,
Бўзласа фарёд чекиб най, ул наводан изламанг.

Ўзим бирла этмагайман асло ғамни ҳамроҳ,
Шул сабабдин ҳар бир мотамсародан изламанг.

Изламанг нури муаллақ офтобнинг ҳуснидан,
Тийра тундан – мардуд, юзи қародан изламанг.

Изламакдин фойда йўқдир, келдиму кетдим, бу – сир,
Яхшиси даркор унутмоқлик, бақодан изламанг.

Ўтди умрим ўзлигимни англайин деб, кимлигим
Ёлғончи олам берган ёлғон баҳодан изламанг.

Бир либос эрди Амир исмим азалдан, оқибат
Ечганимда мен уни, мендек адодан изламанг.

1995

ИККИ ГЎША

Шаҳримда ёнма-ён икки гўша бор,
Бирови бозору бирови мозор.
Бир ёнда тинчимас шовқину сурон,
Бир ёнда абадий жимжитлик ҳоким.
Ташвишлар устидан кулиб беомон
Шамол сочиб ўйнар қабрлар хокин.
Бир ёнда тириклар молини мақтар,
Марҳумлар кафанга ўранади жим.
Бир ёнда фалсафа: жой топ, жой ахтар,
Бир ёнда ўз жойин топгандир ҳар ким.
Тириклар гоҳ пулга сотарлар имон,
Ўликларга эса зар тупроққа тенг.
Тирикларга торлик қилади жаҳон,
Ўликларга эса бир қабр ҳам кенг.
Фойда, деб жиққамушт, эй аҳли бозор!
Ҳув анув гўшага солинг бир назар!
Улар сизу биздек яшаб ўтганлар,
Тупроқ босиб ошин ошаб ўтганлар.
Ва яна орзуси ёзмай туриб барг,
Эрта хазон бўлган қанча жувонмарг.
Ёнма-ён ётишар низоси унут,
Бир-бирин ғийбати, иғвоси унут.
Ҳасад қилмас ғариб қабрдаги зот,
Мармартошга эга марҳумга, ҳайҳот!
Мен бир шоир, дунё бозорин кўриб,
Уфққа боқаман ғамгин ўй суриб.
Наҳотки тириклар аъмоли риё?
Дунё азал шундай яралганми ё?
«Биз ҳам сиздай эдик, сиз ҳам биздайин
Бўлишингиз тайин», дегандек майин,
Ухлайди ўликлар мўмин, беозор,
Сирли сукунатга чўмади мозор.

1976-1986

КАЛЛА СУЯГИ ОЛДИДАГИ ЎЙЛАР

Ишонгим келмайди, шу бош чаноғи
Бир замонлар тирик бўлганлигига.
Қуёшнинг нурлари ўпиб ёноғин,
Кўзларида юлдуз кулганлигига.
Ишонгим келмас, шу суяк ичинда
Орзулар жимирлаб оққандир наҳот?
Икки чуқурчада нур бўлиб чиндан,
Оламга ҳайрат-ла боққандир наҳот?!
Бу кўҳна фалакнинг савдосидан лол,
Нималар ҳақида ўйлаган экан?
Бир гўзал ишқида куйиб телбаҳол,
Гулларни қучоқлаб куйлаганмикан?
Ишонгим келмайди, бир кун менинг ҳам
Суягимни қўлга олишларига.
«Шуям севганмикан, чекканмикан ғам?»
Дея сукут ичра қолишларига!

1989

ДУНЁ ВА МЕН

1

Пишмаган бир бошоқ эдим, ўрди чарх,
«Ниманг қолди унда?..» деб на сўрди чарх.
«Дилим қолди…» деёлмадим, инчунин,
Неча мендин улуғларни кўрди чарх.

2

Етишдим: кўкка кўз тикиб – тупроққа,
Елиб-югуриб, ранж чекиб, тупроққа.
Ўйлайдурман: хуррам пайтларим салом
Бердимми бир, бошим эгиб тупроққа?!

з

Васл истадим – фироқ бўлди насибам,
Нафас чиқиб бир «оҳ» бўлди насибам.
«Эй, ёронлар! Қандай одам эди у?..» –
Деган сўнгги сўроқ бўлди насибам.

4

Мусулмонлар ёмонламас марҳумни,
Кулол ясар айри-айри ҳар хумни.
Кўҳна бозор, синиқ сопол бўлсам-да,
Бошқалардан кам қўймади нархимни.

5

Чарх айланар – армонимга не парво?
Ғамим, қувончу шонимга не парво?
Осмон ўша осмон, ер ҳам ўша ер –
Увол кетган ёш жонимга не парво?!

6

Ўйлайдурман: қолгай бу жаҳон менсиз,
Яшайдур эл, кечадур замон менсиз.
Унутишар яқинларим бирма-бир,
О, мен ғариб… Ўзимга ёмон менсиз.

7

Ўлим сўнгги девор эмас, юпанч – шу,
Заволсиздир Руҳ – хор эмас, юпанч – шу.
Янги либос кийганингда ҳайитда
Эскиси ҳеч даркор эмас, юпанч – шу!

8

Сен дунёдан, дунё сендан жудоми?
Лабингдаги қотган сўз не? Видоми?!
Дегайдирлар: гар имонинг бут бўлса,
Висолига эришгайсан Худонинг!

9

Имон нима – кеч англадим, ғўр эдим,
Ғофил эдим, кўзи очиқ кўр эдим.
Имонсизлар «Сен биздан!» деб қўлимдан
Етаклади – пешонаси шўр эдим!

10

Кеч англадим: тавфиқ надир, сужуд на,
Илоҳ надир, руҳ нимадир, вужуд на?
Кўгаролмай гуноҳимнинг қопини
Қолганимда билдим – қўрқув, умид на?

11

Мен оламдан ўтмадим, балки олам
Мендан ўтди. Эмди менинг зуволам,
Буюк Кулол илкидадир, хоҳласа
Кўза ясар, хоҳласа яна одам!

12

Соғинч қолди юрагимнинг унида,
Тошдек қотди жигаримнинг хунида.
Дийдор учун бу дунёдан кетдим мен,
Кўришгаймиз Буюк висол кунида!

13

Кетганимдан ғаним хурсанд, ё раббим?!
Кўрмадилар маним хурсанд, ё раббим?!
Улар азоб ичра қолди, маним-чи,
Руҳим озод, таним хурсанд, ё раббим!

1991

ТОНГДА БИР БЕБАХТ ҚУШЧА…

Тонгда бир бебахт қушча
Кафтимга келиб қўнди.
Дон сўради, дон бердим
Қалбим ушоқларидан
Сув сўради, сув бердим
Кўзим булоқларидан.
Ин сўради, ин қурдим
Вужудимда жонимдан.
Остига хас тўшадим
Меҳримдан.
Осмонимдан
Бир парча узиб бердим.
Не сўраса – шу бердим,
Барин этдим муҳайё.
Бадбахтликнинг тамғаси
Бўйнида эди, аё!
Аммо бахт беролмадим,
Асло бахт беролмадим.
Шомда у учиб кетди,
Кафтимни очиб кетди…

2001

МАКТУБ

Майли, мени Насимийдек
товонимдан сўйсинлар.
Юрагимни жаҳаннамнинг
оловига қўйсинлар.
Аммо йўлим ҳақдир менинг!
Мен йўлимдан қайтмасман,
“Сизни севдим” деган сўздан
ўзга сўзни айтмасман.
Ошиқ бўлиб қолганимни,
майли, жаҳон эшитсин.
Шоир қалбда ҳеч қандай сир
қолмас ниҳон, эшитсин.
Майли, менга маломатдан
тошлар отсин оломон.
Қаро қонга ботсам ҳамки,
севгим билан қоламан.
Ишқингизда ўлсам агар
бир бор қабримга боринг,
Кўз ёшингиз тўкинг, майли,
мозоримни суғоринг.
Қарайманки, баҳор мени
соғинибди – келибди,
Юракларда қотган ўшал
парча музлар эрибди.
Қўрқманг асло, ёлғизгинам,
сизни тутмасман сўроқ,
Яқин келиб назар солинг
тупроғимга яхшироқ.
Майсаларнинг орсида
ўсиб ётар митти гул.
У – Амирнинг қабри ичра ичра
сиғмаган умиди, гул.
Нечун бунча безовтасиз,
нечун титрар юзингиз?
Мен шу гулни сизга бердим,
олинг, уни узингиз.
Лабга босиб ҳидланг тўйиб,
муҳаббатнинг бўйи – бу!
Шафақларни уфқларга
ёйган қалбнинг куйи – бу!
Япроқлари гарчи заъфар,
муғжалари жиққа қон,
У – зулматнинг косасидан
тошиб чиққан дард-армон.
Сизники у, бировларга
элтиб ҳадя этмангиз,
Олиб кетинг, қабристонга
асло ташлаб кетмангиз.

1986