Алишер Назар (1976)

Алишер Назар 1976 йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1998 йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. “Бизга аталган тонглар” шеърий мажмуаси (1999) ва “Холислик эҳтиёжи” публицистик тўплами (2012) чоп этилган. Айни пайтда “Ёшлик” журналининг шеърият бўлими мудири лавозимида хизмат қилмоқда.

ОЖИЗ ОДАМ ҲАҚИДА

Бу одамга алам қилади,
Қаршисида мудом бир тилсим:
Нега унинг душмани йўқдир,
Нега унга қаршимас ҳеч ким?

Нега унга ҳасад қилишмас?
Ёки ҳеч ким келиб урмас дўқ?
Кўчалардан карвони ўтар,
Ҳурадиган бирорта ит йўқ!

Узун-узун режалар тузмас,
Уйқу қочмас олис тунлари.
Сочларида бирорта оқ йўқ,
Юрагида йўқ санчиқлари.

Алам қилар унга шуниси,
Ўтиб борар беғалва, бесас.
Курашгиси келар унинг ҳам,
Лек арзирли ғаним топилмас.

* * *

Сизга нима бўлди, бунча бахтлисиз,
Нега бошингиздан баҳорлар кетмас?
Заминнинг фарзанди эмасмисиз ё,
Бунчалар юксаксиз, овоз ҳам етмас.

Бироқ ҳар парвознинг қайтажаги бор,
Қарзга олгансиз-ку ахир бу жонни!
Тутиб қолай деса бирор қўл етмас,
Шунча юксаклардан қулаш осонми?

ЁЛҒИЗЛИК

Ёлғизликдан жуда қўрқаман,
Ёлғизликда адолат йўқдир.
Кўзларингга тикилиб туриб,
Ҳақиқатни айтар бирма-бир.

Овутмоқчи бўласан ўзни,
Самоларга тикасан кўзинг.
Ўксиб-ўксиб йиғлагинг келар,
Негалигин билмайсан ўзинг.

Олисларга термуласан жим,
Шамолларга кўнгил ёрасан.
Кетгинг келар бош олиб, бироқ
Бу бош билан қайга борасан.

Ҳеч нарсадан тўлмайди кўнглинг,
Юрагингни нимадир ўртар.
Юзларингда синиқ табассум,
Кулгуларинг йиғидан баттар.

Ёлғиз қолган одамга қийин,
Енгиб бўлмас сукунат юкин.
Ёлғиз қолган одам ҳаттоки,
Сен ҳақингда ўйлаши мумкин.

* * *

Ишонманг бу кўнгил эртакларига,
Унда хиёнатнинг кўп нишонаси.
Шу маъюс термулган нигоҳлар асли,
Қанча нигоҳларнинг оғриқхонаси.

Унинг юрагига ачинасиз сиз,
Кўнглингизни юлиб “ол” дейсиз – малҳам.
Аслида бу юрак бир мозорхона,
Битта лаҳадида ётибман мен ҳам.

* * *

Ортиқ севолмадим, мени кечиргин,
Гарчи қурбон этдим оқликларимни.
Энди ўртамизда тоғлар кўкарди,
Мен йиртиб ташладим оғриқларимни.

Сенсиз бугунларга ўрганиб қолдим,
Кўнглимни тарк этган у кунлар тафти.
Сени юрагимдан суғириб олдим,
Сенсиз ҳам тонг отиб, кун ботаяпти.

Муҳаббат сўзининг рангин унутдим,
Энди сўнгги илинж тилайман сендан.
Фақат кўзларимга осилиб қолган,
Масрур кунларингни олиб кет мендан.

* * *

Сиздан кетиш қанчалар осон,
Кетиш мумкин бесадо, беиз.
Дунё қадар кетиш ҳам мумкин,
Кетиш мумкин ҳатто кўз ёшсиз.

Эрта учган турналар мисол,
Кетса бўлар мутлақо беғам.
Сиздан кетиш шунақа осон,
Кетолмайман шунинг учун ҳам.

* * *

Нега сизнинг бунча бошингиз эгик,
Саратон тафтида кўзларингиз — муз?
Айтинг-чи, қолдими бисотингизда,
Бирорта ҳайқириқ, бирор тирик сўз?

Ўрнингизга биров яшаётгандай,
Чиқиб кетолмайсиз нега бу издан?
Бунча тинч ухлайсиз тўшагингизда,
Чўчиб тушинг ахир, илтимос сиздан!

ИЛТИЖО

Қачон ерга йиқилиб тушдим,
Кўнглим бунча лат мани.
Рутубатли туманлар аро,
Йўлим қани, осмоним қани?

Юролмайман… билмам елкамга,
Бунча оғир нималар ортдим.
Ўзинг яқин келмасанг осмон,
Бўйнимгача заминга ботдим.

ТАВАЛЛОЛАР

Ҳар неки сўрадим, бердингу фақат…
Сен менга ўзимни жуда оз бердинг.
Яшашдек жазони берган Худойим,
Куйини бермасанг, нега соз бердинг?

* * *

Келдим… кетмоғимнинг нишонаси бу,
Кетар йўлларимни кўрсатгин, Жаббор!
Ўзим бу йўлларда бош урай десам,
На девор бор менда, на пешона бор.

* * *

Бўм-бўшман, кел, Ўзинг тўлғаз,
Кўксимга кир, кўнглимга киргин.
Тангрим, ахир яшашим учун
Йўқотишга нимадир бергин.

* * *

Шундайин дард берсанг, шундай ташналик,
Дунёни бир қултум сув каби ютсам.
Ўзимга кирсамда сарҳадларимда,
Сени излавериб йўқолиб кетсам.

* * *

Қўлларим дуода, ҳовучим тўлмас,
Самон йўлларида ўлтираман жим.
Илҳақман, интизорман, лек имдод бўлмас,
Сабрим тўлиб борар, тўлмайди кўнглим.

* * *

Букун бозоримиз қизиб бородур,
Ғаддор дунё биздан ўзиб бородур.
Рўёга харидор нафси баломиз,
Икки дунёмизни бузиб бородур.

* * *

Гоҳида сиғмайди ёдимга ёдинг,
Бир оғриқ бошланар бағримда сим-сим.
Ахир Сенга қандай бахшида этай,
Ўзимга етмаган ўзимни, Тангрим?

* * *

Тўлиб бормоқдаман, тўкилмай туриб,
Аллоҳим, қалбимга наззора эт бир.
Ахир саҳройингда ташна бир қулман,
Мусофирман, мусофирман, мусофир!

* * *

Чарчадим, назар сол бу йўллар аро,
Ўзимни йўқотдим, Сени йўқотдим.
Ишон, йўлсизликдан қийналмадим мен,
Йўлим кўплигидан қийналиб кетдим.

* * *

Умримни бесамар кунларга сотдим,
Бунда топганларим ҳаммаси — рўё.
Сенинг омонатинг асрай олмадим,
Қимматга тушди-ку менга бу дунё!

* * *

Кўнглимда йиғлайди минг йиллик фироқ,
Сен менга яқинсан, мен Сендан йироқ.
Саҳарларда туриб сасинг излайман,
Эй дўст, айрилиқдан бағрим минг қуроқ.