Алишер Нарзулло (1967)

Алишер Нарзулло 1967 йилда туғилган. Олий маълумотли. “Рангин олам”, “Яшил дарахтлар”, “Болаликнинг сўнгги куни” сингари китоблар муаллифи. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

Гуллаши мумкин оҳ, бодомлар,
Тоғларнинг бошида ҳали қор.
Бир енгил шаббода эсади,
Қайдадир бир кўнгил йиғлар зор…

Бодомлар гуллади ўнгурда
Сен ғамгин ўйларга ботибсан.
Илонлар ғимирлай бошлаган
Заминда нега сен ётибсан?..

* * *

Қопоғон итмиди
йўлимдан
тўсатдан чиқди, о –
ёқмади.
Бир бурда нон тутсам
на қиё…
ҳаттоки,
қайрилиб боқмади.
Дедим:
эй, ёнимда бори – шу…
Билмадим,
шўрлик гап уқмасми?
индамай
жим ўтиб кетсам гар
олдимдан бошқа ит чиқмасми?..

* * *

Кўзларим ичида қалқиди
Дилимда қўзғалган унларим.
Қаршимдан ўтяпти индамай
Ҳам ширин, ҳам аччиқ кунларим.

Кун келиб эшикдан
бир зарба,
Танимни кўчага отмасми?..
Дунёнинг ҳасрати
баногоҳ
Суякка пичоқдек ботмасми?..

* * *

Кечир, дедим
Сен: зинҳор, дединг,
Қарғамоқни қилмадинг канда…
Оёғингга йиқилмоқ бўлдим
Эслайсанми, ўксиб… ўшанда.
Аммо,
энди…
Кўнгул озурда,
яйрамоққа қолмаган ҳоли.
Менга энди дўст  ҳам керакмас,
суянсам бас
Бўлса… чумоли.

САҲРОДА

Шамоллар кезинар бегона
Ёмғир савалайди қумларни.
Жунжикиб санайман
мен бу дам
Ҳар лаҳза, ҳар соат…
кунларни.
Шамоллар қайтмайди ортига
Бу дайри дунёда
кенглик  йўқ.
Мен йўлга чиққанман
биламан…
Биламан
ҳеч қачон тенглик йўқ…

* * *

Бу гапларни шивирлаб ҳам
айтсам
сенга етарди,
Аммо, дилдан томирлар
узилиблар кетарди.
Ичкаридан бир вулқон
отилади, қарамас.
Отилмаса бугун у,
бир чақага ярамас…
Кўзларимни юмаман
руҳ уйғоқ –
сўлмаганман.
Нечун шивирлай ахир
мен ҳали ўлмаганман…

* * *

Нима эди бу талаш,
ким эди у,
айт, бебош?
Пешонамга қарсиллаб
теккан
наҳот… эди тош?
Энди бир қадам нари
юрсам мен юрак сари,
кимдир шу дам атайин
кетиб қолса тескари…
Қон силқиган бошимни
бошлайман
хуш дамларга.
Менинг гапим бор ахир
ҳали бу одамларга…

* * *

Парвойи палакми
бу одам,
– Борман, деб қўйишни
Кўзламас…
Ўзининг борлиги ҳақида
шивирлаб бўлса-да
сўзламас.
Қушлар:
– Бормиз, дея
жар солар,
бир тонгда
ўрик ҳам гуллайди…
Уйғонмаса агар шунда ҳам,
Тангрим уни
қандай қўллайди?..

* * *

Чумчуқлар чуғурлар шохларда
дон сепиб қўймабман
негадир,
Ёмғир, сўнг
майдалаб ёғар қор
аччиқ қилгандайин
само кимгадир.
Қоп-қора қарғанинг
ҳурпайган
вужудин қор лекин
кўммайди.
Бу оппоқ кенгликда
неки бор,
Негадир кетишга кўнмайди.
Чумчуқлар шохларда
вақтинча,
Вақтинча
дилларда бир хуруж…
Атиги бир кунга чўзилар
эълон қилинмаган
бу уруш…

* * *

Сенга қарай олмадим
бу дам,
Балки етар,
бўлди, етгани…
Аммо
кимга мен аччиқ қилиб
Чўғландим, о, у кун
кетгани…
Очдим, мана – юрак
зорманда
Ичкарига кирди
дўст, ҳам ёт…
Бир дунё ғам-андуҳлар
ичра
Танидингми, мени о, ҳаёт…

* * *

Юзларимга боқмагил энди
Қилма энди зарра андиша.
Мен ўзгариб кетганман буткул,
Сен-чи, ҳамон фаришта – ўша…

Сен оловнинг ёлқинидансан
Чиқишмайсан бу олам билан.
Нега ахир яшаяпсан жим
Нари борса бир одам билан.