Адиба Умирова (1980)

Адиба Умирова 1980 йили Қарши туманида туғилган. 2003 йилги Зомин семинарида бош совринни қўлга киритган. Олий Адабиёт курсини битирган. «Оила ва жамият» газетасида хизмат қилади. «Руҳимнинг овози»,«Яшил тушлар» шеърий тўпламлари муаллифи.

* * *

Сизни суйдим бошим турар дор устина,
Харидорман ўзим харидор устина.
Не ғам бўлса розидурман ёр устина,
Баҳорларим азонларда хазон бўлғай.

Хуш дийдорлиғ сўрайдирман осмонлардан,
Бир бор ичиб, минг бор кечдим сайхонлардан,
Бир «ҳув» десам келса ўша томонлардан,
Озорлари дардларимга дармон бўлғай.

Надур юлдуз, юрагимга ўт ёқмаса,
Надур денгиз, тўлқинида гул оқмаса,
Надур бу ишқ, ёнимда ёр бир боқмаса,
Гар оҳимдан дунё томи вайрон бўлғай.

Доғингизда куйганларим сароб эмас,
Худойимнинг даргоҳида хароб эмас,
Ичиб ўлай десам дунё шароб эмас,
Орзуларим энди бир-бир армон бўлғай.

Сиз қайдасиз? Мен ўзимга бегонаман,
Дунёлардан чиқиб кетган девонаман.
Ўзим ёққан шамга ўзим парвонаман,
Бу ҳолимга замонлар ҳам ҳайрон бўлғай.

ОТА

Бу дунёнинг бош-охири ғамми, ота?!
Борми ўжар Адибадек девонаси?
Ўн саккизнинг кўзларига ишонгандим,
Бунча мени хор қилади остонаси.

Отам бўлиб ҳайқиради анов даштлар,
Шамол каби тентирайман, қарорим йўқ.
Сиз кетасиз майхонами, ғамхонага,
Худойимдан бошқа ерга борорим йўқ.

Бахт берардим агар менга кўнгил берса,
Ишқ дегани бошдан-оёқ озор экан.
Бир гул эдим дарёларни беҳуш қилган,
Ота, дунё савдоси йўқ бозор экан.

Ҳар кўнгилни кўнгил дея хато қилдим,
Далли дунё, яшолмаган армонингиз.
Сиз тупроқни, мен юракни паноҳ билдим,
Кечирмасин даштда қолган чопонингиз.
Бу дунёнинг бош-охири ғамми, ота?..

УНДА ГУНОҲ ЙЎҚ

Йиғламайман… севмайман ортиқ,
Ўлгим келар уни эсласам.
Гулим, бунча аянчли борлиқ,
Шунинг учун кўзларимда ғам.

Мен тушундим… ҳаммаси жафо,
Бу дунёси кўзидек эртак.
Унутмайман, хайр, Бевафо,
Менга афсун… шамолга эрмак.

Гулим, бизни кутмоқда йўллар,
Бунча ғамли, изтиробли қиш.
Яна келар телба мактублар,
Севмоқликка йўқ менда хоҳиш.

Шундан бери дунёлар бечўғ,
Кўзларида қолмишдир бахтим.
Гулим, гулим бизда гуноҳ йўқ,
Унда гуноҳ йўқ эди балким.

ЎН ТЎҚҚИЗНИНГ СОЧЛАРИ ОППОҚ

Нигоҳларим турар заъфарон,
Гулдонингиз гуллар чамани.
Мен бошқача сизни севаман,
Ғунчаларга кўмилган каби.

Осмонлардан тушиб келдим мен,
Боғларингиз армонга тўлиғ.
Кўзларимга ўт истаяпман,
Борлиғим ишқ… ўн тўққизим ишқ…

Олмалардек адашиб оққан
Кўнгилгинам сизга кўндими?
Кўзингизга оловлар ёққан
Юлдузларим эрта сўндими?

Яшайманми гулдек сарғайиб,
Ҳовлингизга хазон тўлади.
Елкангизга бошимни қўйиб
Бир чиройли ўлгим келади.

Осмонлардан баландроқ эдим,
Ишқингизга кўмилдим шу чоғ.
Боғингиздан кетиб борар жим
Ўн тўққизнинг сочлари оппоқ.

ШОИР ВА МEН

Биз шеър ўқирдик осмонга учиб
Ўлим туюларди ҳаётдек мангу.
Заминнинг юраги ётарди қонаб,
Кўзларин босганча асрий ғам, қайғу.

Виждон – энг муқаддас сажда шубҳасиз!
Ноҳақ посанггилар келганда ғолиб.
Ўйимиз бир эди муҳаббат билан,
Бу дунё шеър билан ўзгаради деб.

Дунё дунё эмас – бевафо саҳна,
Жирканч ниқобларда чиркин хаёллар.
Қайдадир надомат, қайдадир фитна,
Гўдаклар оҳидек инграр шамоллар.

Боқаман кўзимда ҳадик, хавотир,
Ногаҳон йиқилсанг суямас ё раб.
Битта сўз топмоқлик нақадар оғир,
Ўлгиси келмаган маҳбусга қараб.

Тушимга киради Навоий нега,
Машраб хаёл сурар дорига бориб?
Битта бевафодан қолган ғам нима,
Агар Ватан турса юраги оғриб!

Қарсаклар чўғида қоврилар таним,
Мени ташлаб кетган кемалар қайда?
Дўстим, айт, шоирлик нима дегани,
Бир меҳрибон қўллар керак пайтида.

Мангулик саҳнамас – мангулик мангу,
Сўз – абадий, мен-чи йўловчи одам.
Менга бир шеър керак, йўқолсин қайғу,
Гуллар, чечакларга тўлсин бу олам.

Гуллар, чечакларга тўлсин бу олам…

БАҒРИМ ЭРУР БУ ЛОЛАРАНГ ҚИР

Сенинг измингдадир жону жаҳоним,
Юракман, исёнман, ишқман бор-йўғи.
Нега кўзларимдан излайсан хато,
Ўзи бу дунёнинг қаэри тўғри?
Келсайдинг…
исмингга тўлса кўзларим,
Ҳушингни ўғирлаб кетсам мангуга.
Ҳали танимасдан, топмасдан ўзим,
Шивирлаб оқсайдим томирларингда.
Руҳинг само бўлса, топинса қуёш,
Сўнсам ҳам ҳеч кимга бермайин севсанг.
Бағрингга отилса шу палаҳмон тош,
Кўксига бошингни уриб йиғласанг.
Ҳийласи ўтмаса жодугар дуннинг,
Ёмғирга тўкилсанг, эксанг юрагинг.
Гуноҳлар оқласа гуноҳлигини,
Ҳақнинг даргоҳини ёритса ишқинг.
Сенсиз нур сочмаса бу еру само,
Абадий ғамларим қучиб яшасанг.
Келсайдинг…
айланса тўхтаган дунё,
Кўзларимдан кечиб кета олмасанг.

ДАШТ

Дашт. Қизил қум. Сўнгги саратон.
Гулханларинг сўнг даъфа ёқиб,
Кўз олдимдан солланиб чунон,
Мағрур қиздек турасан боқиб.
Ҳадигингми, Шарқнинг шамоли,
Кузатарсан, беизн, бесўз.
Хайрлашув чоғидек ғамли,
Ҳар не менга туюлар азиз.
Уфқ сендан бошланган эй, чўл!
Барханларинг кечардим яланг.
Чақирарди олис, нурли йўл,
Олис сукут… бошоқранг даланг.
Қандай гўзал эди… Қирларинг
Қир-тепалар ва… иссиқ меҳринг.
Томиримда оқар шивиринг,
Тортар эди ҳаяжон, сеҳринг.
Чўпон қизнинг ҳасратларига
Юрагингни берганмидинг ё.
Довул бўлсанг дарбандларида
Қум заррангга айланар дунё!
Одам бўлай девдим, бу ҳаёт
Шоир қилди базмларга ўч.
Чорлайвердинг соғинганинг пайт,
Унутдилар, унутмадинг ҳеч.
Орзуларим қаноти улкан,
Осмон эмас ғамларни қучди.
Ҳақ — ягона. Сен ҳақ экансан,
Руҳим яйдоқ бағрингга учди.
Сен мангусан. Мен эса ҳамон
Ўз сўзимда турдим ловуллаб.
Сенда битта қолганди имкон,
Битта йўл бор — кутар ҳувиллаб.
У мен учун яралган каъба,
Асрларнинг эврилар тоши.
У мен учун тавбадир, тавба,
Кезар гумроҳларнинг кўз ёши.
Тўзонларинг кўзимга кириб,
Бағрим эрур бу лоларанг қир.
Фақат сенда шон-шуҳрат мағлуб,
Тақдиримиз, манзилимиз бир!
Дашт. Қизил қум. Сўнгги саратон…

* * *

Сенинг измингдадир жону жаҳоним,
Юракман, исёнман, ишқман бор-йўғи.
Нега кўзларимдан излайсан хато,
Ўзи бу дунёнинг қаэри тўғри?
Ҳаммадан қолган май қуйқаси — ҳаёт
Бу телба руҳимни кимга оғдирар?
Қумнинг заррасидан кичик коинот,
Бошимга маломат тошлар ёғдирар.
Юксакроқ нима бор сенинг кўнглингдан,
Исминг лабларимни куйдирган чўғми?
Ўзингни оқлайсан кўз ёшларимда,
Дилкаш кўзларингнинг гуноҳи йўқми?
Арзимай шу битта мангу лаҳзага,
Тириклик ҳикмати бир куни битар.
Юрагимни кўмиб ишқзорларингга,
Қақроқ лабларимга тўкилсанг нетар!

* * *

(Пушкин ҳайкали қошида)

Тинглайман шамоллар марсиясини,
Виқор-ла турасан боққанча мағрур.
Қайинзор оралаб кечган ўйларинг,
Дилимга солади ажиб бир сурур.
Сен — Руснинг ҳеч сўнмас юраги абад,
Ҳақ сўзингни айтдинг энг оғир кунда.
Қузғун булутларни енгиб қандай, айт,
Русни олиб чиқдинг қора қуюндан.
Нега тугамайди фитнапарастлар,
Ватан деб лахта қон бўлмаган қалби.
Сотқинлар отилмас, отилар мардлар,
Қайгадир надомат, қувғинлик ҳали.
Қонимда уйғонар хаёлинг, ёдинг,
Тунларни тонгларга улайман ёлғиз.
Наҳот сен сўз учун туғилдинг, ўлдинг.
Кўзингда ҳайқирар мовийранг денгиз.
Дилингда, тилингда чўккан сўзларинг,
Шоирлар шеър ўқир келиб қошингга.
Асли шуҳратга ўч кибор давралар,
Майда кўринади сенинг қаршингда.
Сен фақат Эрк учун туғилган виждон,
Қошингда турсам-да ўйчан ва беун.
Сўнгсиз ғуссаларим, дардларим билан
Сенинг юрагингга яқинман, Пушкин.

* * *

Ҳаммаси — ўткинчи, ҳаммаси — ҳаво,
Барига қўл силтаб, жонимда титроқ.
Мен учун сеҳрга кўмилган маъво,
Сен учун ёнмоқда юлдузларга боқ.
Қандай яхши боринг… борлигим ахир,
Ғамдийда ичимда кўкарар ҳавас.
Аччиқ кўз ёш билан тугамас тақдир,
Айрилиқ дунёнинг охири эмас.
Мени кўзларингда адаштириб кет,
Энг гўзал армонинг бўлайин ўзим.
Севмоқ — нақадар бахт, севилмоқлик — бахт
Гул ёшда севмаслик гуноҳ, Азизим!
Ҳаётда энг сўнгги чорамас хато,
Бир умр сўнмоқлик фаслимас, билгин.
Қарагин, нур тўкиб турибди само,
Ҳали яшаш мумкин, кутиш ҳам мумкин!