Абдураззоқ Обрўй (1956)

Таниқчи ҳажвчи, шоир ва ёзувчи Абдураззоқ Обрўй 1956 йили Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган.
1985 йили Москва давлат университетининг журналистика факултетини битирган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Муштум” журналида, “Ватанпарвар” газетасида хизмат қилган. Нафақадаги подколковник.
У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Абдураззоқ Обрўйнинг “Хўплам-тўплам”, “Ҳуринг-ҳиринг”, “Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Рухсат беринг шЪер ўқийман”, “Сен авайла, асра Ўзбекистонни” китоблари нашр этилган.

Боболар ва момолар

Бобо севар момони,
Момо севар бобони,
Одам Ато севгандай
Гўзал Момо Ҳавони.
Қадри баланд боболар,
Азиз бизда момолар.

Азалдан кампирларга
Чол ёқар соқоли бор,
Ҳозирги боболарнинг
Ҳар гапда мақоли бор.
Оппоқ бўлса соқоли,
Ярашгайдир мақоли.

Бобо эккан буғдойнинг
Тўқдир доим бошоғи,
Омон бўлса кампири,
Увол бўлмас мошоғи.
Хирмонлар донга тўлсин,
Дастурхон нонга тўлсин.

Кампирларнинг ким айтар
Оғзида бир тиши йўқ,
Ўзларига қарашдан
Бошқа бирор иши йўқ.
Уюлмасин қовоғи,
Ошга тўлсин товоғи.

Чолу кампирлар, майли,
Бўлишсин Мажнун-Лайли,
Умрлари узайган хўб,
Мустақиллик туфайли.
Шундай бахтли замонда,
Ҳамма бўлсин омон-да.

Бекободлик қиз

Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги “Тақачи” қишлоғида қизил ғиштдан барпо этилган қабр бор. Ривоят қилишларича, бу қабрни Бобур қурдирган экан. У халқ орасида “Қизил мозор” деб аталади.

Бунга бўлиб ўтди бир қанча замон,
Андижондан келиб, юрса бу томон,
Душманлари қўйган унга зўр қопқон,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Ўзига хос эди шарми, ибоси,
Жуда ярашганди жангчи либоси,
Лашкар бўлишган-да, ота-бобоси,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Лашкар бўлишга ҳам зарур зўр талант,
Мардларнинг доимо ғайрати баланд,
Қилични серпаган Алпомиш монанд,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Қуёш нурин сочиб Шарқдан чиқади,
Вафодорлар оддий халқдан чиқади,
Аслида, бариси Ҳақдан чиқади,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Бобурни олдинда боғ, бўстон кутган,
Тахт кутган, бахт кутган, гулистон кутган,
Ярат деб, яшнат деб, Ҳиндистон кутган,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Бугун ғалат дунё, севги бозорда,
Ромео, Жулъетта роса озорда,
Қандай тинч ухлайди “Қизил мозор”да,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Ўрнидан турдию шартта кетди у,
Яна жангга, яна ҳарбга кетди у,
Ҳаёни етаклаб, Ғарбга кетди у,
Бобурни қутқазган бекободлик қиз!

Аскар йигит

Халққа хизмат шарафли бурчдир,
Йигит борки, шу бурчга ўчдир,
Юртни севган енгилмас кучдир,
Аскар йигит бу, аскар йигит.

Эл-юрт шаъни олий номус, ор,
Мардга бўлар юксак толе ёр,
Постда турар доимо ҳушёр,
Аскар йигит бу, аскар йигит.

Ҳаракатда ўтар ҳар они,
Томирида аждодлар қони,
Тинчлигимиз менин қалқони,
Аскар йигит бу, аскар йигит.

Калаванинг топилди учи,
Ўн от кучи – бир посбон кучи,
Унинг учун муқаддас бурчи,
Аскар йигит бу, аскар йигит.

Барча қизлар кулиб боқар шу,
Биттасига жуда ёқар шу,
Бир кун унга узук тақар шу,
Аскар йигит бу, аскар йигит.


Бир қиё боқ

Қадам босиб келасан,
Ёрим, аста-астагина.
Гуллар совға қилайин,
Борим, даста-дастагина.

Сенинг ишқинг ўтида
Куйсам нима, куйсам нима?
Сендай гўзал жононани
Суйсам нима, суйсам нима?

Тошга ёмғир кор қилмас,
Ёққан билан, ёққан билан.
Кам бўлмайсан бир қиё
Боққан билан, боққан билан.

Бор юкингни орт менга,
От бўлайин, от бўлайин.
Бир умрга сен билан мен –
Шод бўлайин, шод бўлайин.

Қадам босиб келасан,
Ёрим, аста-астагина.
Гуллар совға қилайин,
Борим, даста-дастагина.