Абдунаби Ҳамро 1961 йилда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтини тугатган. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бери бадиий ижод билан шуғулланиб келади. 1995 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Хиёнат” (1993), “Оқ алвасти” (1994), “Отам айтган қўшиқлар” (2002), “Йиртқич” (2003), “Унутилган қўшиқ” (2005), “Олис манзиллар сари” (2006), “Болаликка саёҳат” (2007), “Қишда очилган гул” (2008), “Вақт дарёси” (2010) каби шеърий ва насрий китоблар муаллифи.
ИФТИХОР
Сиз десам, қуёшланар кўзда ёшим, Навоий,
Сўзюлдузим, сўзойим, сўзқуёшим, Навоий.
Қай лаҳза дегум Сизни бағримга босиб сўзни,
Кўзим кўзлар юлдузни, кўкда бошим, Навоий.
Сиз борсиз олам аро, мағрур Ҳирот, Бухоро,
Самарқанду Хоразм, Кешим, Шошим, Навоий.
Ғариб кўнглим ҳур бўлди, руҳимда сурур бўлди,
Сиз борсизки – нур бўлди ичим-тошим, Навоий.
Турку Туронюрт бўлсам, интиқ, кўзи тўрт бўлсам,
Кошкийди шогирд бўлсам, дилнаққошим, Навоий.
Йўлингиз бўлди йўлим, қўлингиздадир қўлим,
Ассалому алайкум, замондошим Навоий!
ВАТАН СУРАТИ
Баъзан китоблар ҳам алдайди, дўстим,
Фикрлар тумтароқ, сўзлар ялтироқ…
Сен Ватан суратин кўрмоқчи бўлсанг,
Боболарнинг ўйчан кўзларига боқ.
Бу кўзларда миллат тарихи бордир,
Бу кўзларда яшар халқнинг қисмати.
Юз эллик йил сендан яширилган сир –
Оқсоч Туркистоннинг муқаддас хати.
Эр бўлиб от минган жасур Тўмарис,
Қурбонжон додҳолар яшар бу кўзда.
Ҳазрат Соҳибқирон, Навоий, Феруз,
Бобурдай подшолар яшар бу кўзда.
Бу кўзларда чақнар Чўлпон юлдузи,
Қодирий битган чўнг тарих акси бор.
Иброҳим Мўминнинг бўғилган саси,
Шу кўз қароғидан ҳайқирар такрор.
Момоларнинг ўйчан кўзларига боқ,
Сен унда мингларнинг дардин кўрасан.
Урушлар, қирғинлар, қатағонларнинг
Азобли кунларнинг гардин кўрасан.
Бу теран нигоҳда қоришиб кетган
Халқнинг дарду ғами, қувончу бахти.
Илдизлари замин қаърига етган,
Бу кўзларда ўсар Иймон дарахти.
Ватан – тарих асли, тарих – Ватандир
Агар эгилмасин десанг шу байроқ.
Шукрона айтгин-да бугунги кунга,
Кексаларнинг мағрур кўзларига боқ.
Руҳингга илиқ бир нур тўлар шунда,
Қаддинг ҳам байроқдай тик бўлар шунда!
ТЎМАРИС. ЖАНГ АРАФАСИ
Боряпман, юзимни сийпалар шамол,
Боряпман, тулпорим учади елдай.
Ҳадсиз саҳро тўлғанади бемажол,
Ортимдан бир қўшин келади селдай.
“Эрк!” – деб пичирлайди бунда ҳар гиёҳ,
“Ватан!” – деб шивирлар қадрдон чўллар.
“Озодлик!” – деб бархан аста тортар оҳ,
Юртимнинг тупроғин ўпади гуллар.
Боряпман, қалбимда қасос – ўт ёнар,
Менинг бир ўғлиммас, минг ўғлим ўлди.
Шамширим энди ёв қонига қонар,
Сабримнинг биноси қулади, бўлди!
Энди Жайҳун бўлиб бораман, эй Кир,
Қумдарёдай эниб боргум, душманим.
Вақт борида қочиб, катагингга кир,
Онанинг қаҳридан қўрққин, эй ғаним!
Боряпман, тулпорим учар чақмоқдай,
Қасос онларини кутиб, шавқ олиб.
Зарқатим ёллари порлар байроқдай,
Эгарда бир меш қон, борар чайқалиб.
Барини тиқаман ернинг қўйнига,
Тангрим, жангдан чиқай юзим оқ бўлиб.
Энди тушажакдир ёвнинг бўйнига
Ҳар бир тола сочим – бир сиртмоқ бўлиб!
ТИЛАК
Мен сизни аввалдан яхши кўрардим,
Фақат, айтолмадим буни бир умр…
Моҳи Рамазонда Ҳақдан сўрардим:
Дилингизга берсин беадад сурур.
Мен сизни аввалдан яхши кўрардим,
Фақат, айтмоқликка топмадим журъат.
Моҳи Рамазонда Ҳақдан сўрардим:
Иймонингизга бахш айласин қувват.
Мен сизни аввалдан яхши кўрардим,
Ўзингизни четга тортдингиз фақат.
Моҳи Рамазонда Ҳақдан сўрардим:
Сизга ато этсин жиндай қатъият.
Мен сизни аввалдан яхши кўрардим,
Фақат, қаролмадим кўзингизга тик.
Моҳи Рамазонда Ҳақдан сўрардим:
Бошингизга нурдай ёғсин яхшилик.
Мен сизни ҳозир ҳам яхши кўраман,
Яширдим бу ишқнинг овозасини.
Моҳи Рамазонда Ҳақдан сўрайман:
Кенг очсин муҳаббат дарвозасини.
Мен сизни жудаям яхши кўраман,
Эй менинг танишу нотаниш дўстим.
Сизни ҳар дам дуо қилиб тураман:
Кўнгил боғингизда бахт гули ўссин…
АЁЛ ЧЕҲРАСИДАЙ ПОРЛАЙДИ ҚУЁШ
Хайриятки, у бор кўҳна очунда –
Тиллар ёмон сўздан тийилиб турар.
Бир ботин ҳарорат, илҳом бор унда –
Қаламдан сатрлар қуйилиб турар.
Минг шукурки, унинг табассуми бор –
Бот-бот кулиб қўяр хўмрайган дунё.
Қўшиғи бор, баҳор каби беғубор –
Мудраган дилларни уйғотар наво.
Сарҳадсиз зулумот салтанатида
Бир тола нур бўлиб яралган аёл.
Тангрининг илоҳий муҳаббатидан
Фаришта, ҳур бўлиб яралган аёл.
Одам Атонинг бир нигоҳи учун
Жаннатдан воз кечган Момо Ҳавво у.
Баъзан ўзгаларнинг гуноҳи учун
Бағриқон, дилпора, умри адо у.
Заминда ўхшаши топилмас бугун:
Тонгдай юз, юлдуз кўз, ҳилол каби қош.
Аёлнинг зулфидай қоп-қорадир тун,
Аёл чеҳрасидай порлайди қуёш!
БОБУРНИНГ ТУШЛАРИ
Бир пайтлар тушимга ранглар кирарди,
Сўзлар товланарди мисли камалак.
Сал кейинроқ нуқул жанглар кирарди,
Жангдан иборатдай эди келажак.
Кейин паривашлар айладилар банд,
Кундузи ҳушимни, тунлар тушимни.
Қисмат гоҳи заҳар, гоҳо берди қанд,
Беқанот қилди у омад қушимни.
Сўнг юртни тарк этдим, дил тўла армон,
Тахтақорачадай довондан ошиб.
Пойимда тиз чўкди Афғон, Ҳиндистон,
Аммо қайга боргум ўтмишдан қочиб?!
Энди таъқиб этар қовуннинг иси,
Туркистоннинг ёди тортиб туради.
Ҳукмдорман, ёниқ толе юлдузи…
Тушларимга ҳар тун Ватан киради.