Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида ходим, “Муштум” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Совет Ўзбекистони” газетасида мухбир, “Халқ сўзи” газетасида катта мухбир, бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходими, “Оила ва жамият” газетасида мухбир, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси ўринбосари, “Шарқ ҳафтаномаси” газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
Қамчиқ довони. Хаёл иккимиз
Симиллаб оғрийди туманнинг бағри
Қайдадир иҳлайди тоғлар, қиялик.
Юзимга урилар унггирнинг қаҳри
Шундоқ тепамизда ҳавотир, ҳадик.
Бошини ҳар ёққа уриб борар йўл,
Ўнги қир, сўли чоҳ, орти малолат.
Ҳайратнинг кўзи кўр, тафаккур малул,
Бу сўзларда фақат яшар хаёлот.
Менда азму қарор, покиза ният,
Сенда шижоат бор Хаёл, Хаёлжон!
Бизни кутаётир Пойтух, Жонобод,
Айниқса интизор отам — Андижон.
Уявер қовоғинг, ранжимам — Довон
Минг шукур, ҳар тугул бағрингда бормиз.
Эсон-омон ўтиб олсак… икковлон
Қайноқ бағирларга синггиб кетармиз…
Симиллаб оғрийди т…уманнинг бағри,
Жунжикиб эмранар йўллар, қиялик
Эҳтиром
Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонга
Сирдарё бўйлари соз
Лочин, турна, ғоз билан.
Дала-дашти, қўй-қўзи
Чўпон, дили роз билан.
Елларда ёлқин ёлли
Йилдирим дўнонлари.
Овулларда янграйди
Минг йиллик ўланлари.
Қизлари шўҳ, чўҳ қайсар,
Жўқ, дедими, жўқ, тамом.
Чиноздан ўтолмайсан
Бошқа йўли йўқ, тамом.
Водийларда изғима
Ўхшашини топмайсан.
Сурув-сурув қўйли бўл,
Сулувига ёқмайсан.
Бу ёқларда «сиз-биз»инг
Кеккайишинг кетмайди.
Қирқ қозонда «жиз-биз»инг
Бир овулга етмайди.
Тўй берса тўрт полвони
Тўққиз тўқли еб кетар.
Кўпкарига Кеш, Сурхон,
Хоразм ҳам кеб-кетар.
Юртлар кездим бир жозиб,
Буғдай сўз, туз, нони бор.
Сирдарёга тараф йўқ
Тўра Сулаймони бор.
Узун умрим арқони
Туянгизга тук бўлмас.
Борим: ёзган, йиққоним
Қирчанғизга юк бўлмас…
Устоз, бизни алқабсиз,
Сизни Худо алқасин!..
Ёр ибоси
Иброҳим Мусахон ғазалига мухаммас
Ёр ибоси ақлу-хушимни олади,
Боқиши бағримга ўтлар солади.
Нега ёди ёдима чулғонади?
Нега жисмим зулфидек тўлғонади?
Нега қалбим ҳажр ўтида ёнади?
Ёнгинамда юрса кўзга илмаса,
Кунда юз бор кўрса парво қилмаса.
Илтифотсиз ўтса, бундоқ кулмаса,
Севгига ҳар дам ҳуқуқим бўлмаса,
Нега мудроқ ҳисларим уйғонади?
Ваҳ, аламжон, ёндируб ичу-тошин,
Совчилар боғлаб кетибду, олар бошин.
Ашклари эриблар оққан қўрғошин,
Кўзларида сездим ишқнинг оташин,
Нега тилда тан ололмай тонади?
Бир замон энтикди, оҳи урди жўш,
Титраб деди: «Тангриданму ҳар не иш?
Йўқ экан тақдирда ўйнаб-кулиш».
Истагим зулфи билан чирмаш бўлиш,
Ташна кўнгиллар қачон, айт, тонади?
Ёмон отлиғ Интизорингнинг оти,
Айби шулким: андиша борлиқ исмати,
Жавонмардликда унвону-хислати,
Кори хижронмуш, муҳаббат қисмати,
Чун Шифоий иши ўтида ёнади.
Кетса-кетибдир
Ҳофиз Шерозийга тажаббу
Куйингда бир муғанний адо кетса-кетибдир,
Васлингни мудом излаб хато кетса-кетибдир.
Хато савти барқидин бу очунда талотум,
Ой юзидин абри шарм-мато кетса-кетибдир.
Чин ёр улдир, муносиб, тил ёрса лабни хиёл
Бир ой юзлиғ тили бол тота кетса-кетибдир.
Дилим айтур тилим-а, маъшуқлик лофин урма,
Ишқ сирдир Турку Ажам, Хито кетса-кетибдир.
Ўзидан беҳабарлар осий билди, инжима,
Сидқи иймон муборак, итоб кетса-кетибдир.
Бадгумонлар жаззаси яхшилик қил, яхшилик,
Яхши дилдан бу янглиғ хитоб кетса-кетибдир.
Васфинг асли Мирзо ҳам интизор муддаоси,
Бу йўлда икки шўрлик шитоб кетса-кетибдир.
Кўнгилга ҳаж
Жалолиддин Румийга назира
Йўлга чиқдим излабон, асли сен кўнглимдасан,
Васлинга етгунча юз қояни йиқмак осон.
Бунча соҳир битмасанг бағрима жамолингни
Жамолингни топғунча жон баҳридин ўтмак осон.
Шайтон куйи авжланур фикратимда туну-тонг,
Бу дилни покламакдин Нилни қатрон этмак осон.
Роббимо, руҳи бастим қил музайян, ҳилъатинг
Этса шояд қарзимни даргоҳингга элтмак осон.
Йўлингда Интизоринг, гарчи Сен кўнглидасан,
Кўнглина етгунча минг бор Каъбага етмак осон.
Абстракция
Кўзим, кўзларингда ким бор?
Кимдир кўзларида зорсан ўзинг?
Нигоҳдан нигоҳга тортиб дор
Учқур сўзларимни уздинг-а, уздинг…
Сўзларимнинг боши йўқ, энди
Қонига беланиб ётар унларим.
Унларимдан юраклар унди,
Муҳаббатлар унди, қарагин.
Кўзим, кўзларингда ким бор?..
ТУН
Ойнамда жовдираб ой ботди,
Келдингми, кулбамга, жоним — Тун!
Сен-ла ёлғиз сирлашмоқ учун,
Мен бутун қишлоқни ухлатдим.
Келдингми, сокинам, чаросим,
Насим нафаслиғим — тим Зебо.
Дилда қанча айтимларим бор,
Борми, айт, айтурнинг чораси.
Бўзламоқ истарман, бўзламоқ,
Келарми, бир бора хонаси.
Мен ахир ошиқман — оловман,
Ёнасим келади, ёнасим.
Борди-ю, мен ёнсам, мен ёнсам,
Дардимга, васлингга муносиб.
Уйғониб кетмасми бу осмон,
Кетмасми, дунёни нур босиб.
Изларман
Бўзламоқ чорасин,
Ёндирмай сокинам, чорасим,
Борлиғи бокирам… Ё насиб!..
ОЙЛАР ТЎЛИНИ
Жоним,
Энди ортга қарама,
Сен бир армон, армон! Кетавер!
Шамол, сочларини тарама,
Кўча, хайр! Бизларни айир.
Дийдирама,
Қўй, ипак рўмол.
Сен титрама елкаларида.
Уни кутар бир лазиз висол,
Юрагимдан… уч кун нарида.
Сен сўрама
Кўча, кўчажон,
Бахтлими, деб ойнинг тўлини.
Сендан битта ўтинч, илтижом,
Кетмасанг бас йўлда бўлиниб.
О, ойдин тун,
Ойдин лаҳзалар,
Тунга дўниб тўсманг йўлини.
Хотиралар еткизманг озор,
Кетар менинг ойдай тўлиним.
Кетсин-ай, ай-й ойлар тўлини…
ЁНАР СЎЗ
Бир дилрабо куйдирдинг,
Бир оташин ёндим мен.
Бир жонфизо суйдирдинг
Севдим, сени жон-жондин.
Куяр, ёнар хонумон,
Нурга дўнар бор-борим.
Ёниб қолар изимдан
Шеърларим — ёлқинларим.
Шеърларимда ёнаман,
Бундан бошқа йўлим йўқ.
Ёнар сўз бўп қоламан,
Сўзга асло ўлим йўқ.
Бир дилрабо куйдиргил,
Бир оташин ёнай мен…
ЁШЛИГИМ
Бир ҳасрат бор мунглиғ кўзингда,
Бир ҳасратки, жонни ўртарлик.
Бир буюк ғофилот тўйиб ўзимда
Ёнодир бу вужуд, ёнодур борлиқ
Энди сен қайтмайсан, йўлимиз айро,
Кўзларинг мунгранур кето-кетгунча.
Ёшлигим-ёшлигим, о дили вайрон…
Сенда ўткинчи-ё, мен-да ўткинчи.
Эҳ, ҳай-й, балоларга қилдим гирифтор,
Шаъну шавкатларга сени совурдим.
Гарчанд ёғдирмайсан ва на гинанг бор,
Ўзимни кўзингда гуноҳкор кўрдим.
Бир ҳасрат бор қарочиғингда,
Не бало қисмат бу? Орқага йўл йўқ.
Олдинда ғофилат, сарсон кезингай,
Қайтар йўллар вайрон, кўприклар бузуқ.
Хайр, о-о Ёшлигим,
… видо-о-о Ёшлигим!..
СEН ЙЎҒИНГДА
Бизнинг кўча соғинди сени,
Дов-дарахтлар кетди ичикиб.
Кўтаролмай ҳижрон юкини,
Симёғочлар қолдилар чўкиб.
Йўлинг пойлаб қушлар сайради,
Тентиради сойлар телбавор.
Лойлар кечиб баҳор ойлари,
Йиғлаб ўтди сенга интизор.
Эҳ, мени қўй,
Қўявер мени,
Ичикмадим дарахтлар каби.
Симёғочдай чўка билмадим.
Сайролмадим қушлар сингари
Лойлар кечиб баҳор фаслидай,
Хун-хун йиғлаб ўта билмадим.
Менми,
Мен… Эҳ, қўябер мени…
Кўчалар ҳам соғинди сени.
ТИЛАК
Юртим,
Сени яшартириб яшасам,
Меҳрим унса ҳар бир майса, гиёҳда.
Қанча суйсам,
Қанча куйсам шунча кам,
Шунча камдир, шунча камдир, шунча кам.
Юртим,
Кўзим!
Ёшинг артсам, яшартсам,
Вола бўлиб қолсам, воланг ўзим ҳам.
Сени суйиб, қучоғимга айлаб жо
Кўзинг бўлиб кўзин-га нур қўшолсам.
Ўзинг бўлсам,
Ўзим бўлсанг, ўзлашиб,
Бир дил бўлсак,
Битта дилдай яшасак.
Ва севишсак, севишсалар шу қадар,
Муҳаббатга ишққа дўнса Келажак.
Хаёларга дўниб қолса ҳаволар,
Хаёларни қона-қона симирсак.
Телбаланиб бизнинг далли наволар
Осмонларда учиб юрса ҳаволаб.
Эзгуликка айланса ҳув булутлар,
Жолам бўлиб армонларинг ювсалар.
Қуёш мисол чарақласа умидлар,
Умидларда унса ширин бўсалар.
Дунё,
Сени яшартириб яшасам…
ЧОРЁРЛАРИМ
1
Бойнинг
Пули
Доим
Оғироёқ.
2
Тунги
Машваратиниям…
Машваратига
Солса…
3
Ўз
Кўнглида,
Ҳамманинг
Кўнглида.
4
Пўстакда
Қолсаям,
Мирпўстин-да,
У.
5
Одмилик
Одамийликдан,
Кўпроқ
Тариқат!
6
Солим
Куз
Сокинот…
Оғушида.
7
Асарларининг
Бари
Асирга
Тушган…
8
Ёздан
Ёзғиради,
Куздан
Куюнади…
9
Эсини
Танибди-ки…
Эсини
Ейди.
10
Кунботар
Юртларнинг
Кунлари
Туғди?
11
Издошлари
Изини
Супуриб
Кетди.
12
Нолалари
Наҳрида
Оқибатлар
Инграйдир!..
13
Зафарниям,
Қучавериб…
Безор
Қилди.
14
Отасини…
Она
Қорнида…ёқ
Тепди.
15
Элнинг
Оғзида
Элак
Эскирди!..
16
Астағфируллолаб,
Шайтонга
Шилт
Беради.
17
Бир
Оҳорли
Оҳлар
Урди-ки!..
18
Чучварани
Хомидаям,
Пишиғидаям
Санайверади.
19
Унмайдиган
Жойни…
Оёғи
Искамайди!..
20
Амалга
Мингунча,
Отасини…
Танирди.
21
Эзопларга
Эзоп
Тилини
Ўргатамиз.
22
Иқтибосниям
Фақат
Ўзи…дан
Олади.
23
Дунёдан
Ховлиқиб…
Ўтиб
Кетди.
24
Тўнғиз
Кў-ўп,
Тўқайлар
Йўқ!..
25
Ўзи
Дам,
Завжаси
Там-там.
26
Таваллуд
Кунлари…
Тасодифларга
Тўла.
27
Таъналарини…
Танасига
Ўйла-аб…
Қилади.
28
Уруғ
Аймоғи
Билан
Аймоқийди.
29
Телпакниям,
Тепалаб-
Тепалаб
Кийди.
30
Эру
Хотин,
Қўш…
Бигиз.
31
Уста
Кўрган,
Устаси
Фаранг.
32
Байроқни
Энди
Бойлар
Ҳилпиратсин!
33
Қўйнидан
Тўкилгани…
Қўнжимни
Тешди.
34
Милтиғи
Доим
Дўсти
Қангшарида.
35
Эҳром
Кийиб,
Эррайимланиб
Юрса.
36
Юзи…
Седана
Суртилган
Кулчатой.
37
Юрагига
Булдозерда
Кириб
Келди.
38
Изқувардай,
Изларни
Қувиб
Ўтди.
39
Бир
Ошами,
Ошинг
Хоми.
40
Ёлғизлик,
Ёлғизлигим
Ёқадими,
А?
41
Юлдузларим,
Олисларим
Чиройи…
…дирсиз!
42
Кучала
Еган
Жойида…
Тиришолмади.
43
Қора
Торти-иб,
Келмайди-я,
Қиззиғар!
44
Қош-
Кўзлари,
Қошу
Кўзида.
44
Қиш
Ғамида
Ёз
Яйради.
46
Отарчининг
Араваси…
…да…
…миз…
47
Қошлариям…
Қовоғига
Қараб
Керилади.
УЧ ОҒАЙНИЛАР
1
Эркинг,
Ўзганиям
Эркидир.
2
Оғзида,
Сўзинг
Моғорлайди.
3
Одамийликда,
Одамий
Эмас!..
4
Катта
Балиқчи-ю,
Чавақхўрроқда-а…
5
Шихти
Сўхта,
Ғўраша.
6
Порахўрликдаям
Мактаб
Яратди!
7
Тупугиям…
Тош
Босади.
8
Улфатлари
Фақат,
Уламолар…дан.
9
Инқиллаб
Юриб…
Мақтанади.
10
Кулишларинг
Бирам
Ҳасратли-ки!..
11
Қучоқларнинг
Қулига
Айланди.
12
Эзгуликниям
Эзғила-аб
Қилади.
13
Замоним-а,
Тошойнанг…
…дайман!
14
Садоғдан…
Садолар
Қолди.
15
Семизлиги…
Қўйга
Ярашайди.
16
Кўнглида
Қўтирлари
Бор.
17
Нишоб
Яшаб
Ўтди.
18
Наволари
Бир
Навҳали!
19
Фикрлари
Чуқур…
Авахта.
20
Ўзгармагим
Ўзгармагингми,
Дунё?
21
Қушнинг
Мийясиям…
Мийя!
22
Аравасида,
Қўшиғини
Айтволди!
ИРМОҚЧАЛАР
1
Сафсатасиниям…
Сотади.
2
Ичи
Кўмирконми-я!..
3
Қари
Қурчоқ…
4
Чўнқайволи-иб,
Човаланарди.
5
Гулдон…
Кулдон.
6
Истансаси
Йўғроқ.
7
Қасамхўрнинг
Қасидахони.
ЎЗИМДА ЎЗИМ…
Сен – ўзингсан, ўзга ҳеч кимса…
ГЁТЕ.
Мендан
Излайверманг… расо одамни,
Ўзимда ўзимдан ўзга кимса йўқ.
Изласангиз изланг киройи ғамни,
Дардларим ғамгузор, дардларим ёруғ…
Менда бани дардлар ҳур ва шавқивор,
Ҳавасларим келар ҳатто ўзимнинг.
Дилимда ғам учун барча имкон бор,
Ғамларга бандаргоҳ қилдим ўзимни.
Ўзимда ўзимдан ўзга кимса йўқ!..
2012
СЎЗ СОҒИНЧИ
Азму ихтиёрим
Илкимдан олиб,
Феълимни жисмингга қилволиб энгил,
Мени ўтдан олиб, ўтларга солиб,
Қайларга кетяпсан, девона кўнгил?
Мундоқ
Дилингни ёр. У қандай макон?
Ким у наволаларда чорлаётган зот?
Сен борсанг, наво ҳур бўпкетармикан?
Эмин бўпкетарми? Бўларми озод?!
Э ҳай, йўқ,
У маъво шунчалар шаънки,
Эрксизлиги ҳурлик. Йўқ, ундан афзал.
Унда салтанатнинг эрки кишан, ки
У Сўздир, у Шеърдир, у Ашъор – Ғазал!..
Сўзга зор қилибсан, шукр, барига.
Нолалар қилармиз – оҳи зоҳидо.
Бизку, бороврамиз сўзнинг сорига,
Сўз ҳам кептурсин-да, гоҳи-гоҳида!
2015
ИЙК ОТА ЗИЁРАТГОҲИДА
Қани довлик, дўлворликларим?
Ошар-тўшаримиз тамом маданий.
Ҳою-ҳавасларда битар кунларим,
Тузим дастурхони шоҳона ғаний.
Кечаги музтарлик бугун ўксурук,
Алвон қуюқлашди сизу бизимиз.
Билмадик, эртага қоларми тирик,
Дунёни титратган “ур-ҳо!” сўзимиз!
Майли, истило, деб қурол тутмайлик,
Босқин жангларига кирмайлик, майли.
Жангсанъат керакдир, бугун Ватанга.
Томоша харбларда юрмайлик лайлиб,
Эсланг, ҳий боболар жасоратини,
Номуси, қисмати… Тирик аланга!
Санжақларни сермаб кирардик жанга,
Ер-кўкни титратиб, урҳо гуриллаб!..
Жангда… санъат керак, куйик Ватанга!
Жўмард ҳарб керакдир бийик Ватанга!
Жангмардлар керакдир бу ийк Ватанга!
2014
НОЯБРЬ
(Манзара)
Бир кечада
Қариди дарахт,
Нафармонга дўнди ҳислари.
Ҳаво сўник, ўт-ўлан карахт.
Куз синиқиб кузар қиш сари.
Тегажоқ нар чўқир модани,
Мода янир: “Чуғурчуқлар бор!”
Изғиринлар келар модалиб,
Ҳадемай, уйқуга кетади шудгор.
Куз жунжикар чумчуқ патида…
Боғлар иси омборларга тот.
Барглар ётар лойга чапилиб –
Улар ёздан келган видо – хат.
Юпун дала –
Сокин сарҳисоб,
Ажинлари – кузнинг баёзи.
Уни уқмоқ бунчалар азоб,
Қийин имло – манглайи ёзуқ.
Ҳаво чатнар,
Этинг жунжикар,
Изиллатар бир фасли авр.
Шудгор тўниб қорга ичикар,
Ербағирлаб сирғалар ҳовур…
Ай, сездирма-ай кеп қолди-я, куз?!
2015
ГУЗАРЛАР ЙЎҚ
Ошиқсанг…
Манзиллар кўп,
Соғинар бир гузар йўқ.
Бошингга бир иш тушса,
Ҳол сўрар ғамгузор йўқ.
Ёшлик ҳам гузар экан,
Нураркан, кузар экан!
Унда бағри эзилиб,
Кутар бир интизор йўқ.
Энди ҳув гузарлар йўқ,
Изҳори узорлар йўқ!
Ортига бир қайрилиб,
Кўнглингни бузарлар йўқ.
Болалик қишлоғига
Учиб-қўниб борсангу,
Чилвир сочларин ўйнаб
Кўзларин сузарлар йўқ!
Йўқдай бўпқолдик, ай дўст,
Борлигингга борлар йўқ.
Биз дарди бедавога
Кўзи учган зорлар йўқ!
Ў-ўх, иш тушибди бошимга!..
2016, Дўрмон
* * *
Вақт,
Бунчаям
Сирпанчиқсан?
Тутиб қололмасман
Бирон лаҳзангни!
У ёндан
Бу ёнга уйрилгунимча
Сен йўқсан,
сен йўқсан,
сен йўқсан!
2016
* * *
Қачон
Қарамай,
Чорлаганинг чорлаган,
Мен эса
Интилганим интилган, сенгга.
Бирон кун, бирон дафъа
Тинчлик борми ўзи, сендан,
Ҳай, қурмағур Дераза?
2016
ҚУЛАШ
Абдулла Ориповга
Мана,
Сўнгги чинор… Қулади.
Қарсиллаб қулади, улуғвор!
Ичингдан бир ингроқ келадир:
Қулаб кетди, қанча улуғлар!..
Хувилле-еб қолди бу ўрмон,
Довруғи дов… Бари кулади.
Туваки гулларга тегар энди сон,
Арчашларнинг бахти кулади.
Ай, сўнгги чинор ҳам қулади,
Қуламайди энди, дарахтлар.
Қулайдиган дарахт қолмади,
Қолмади қулайдирган дарахтлар! 2016
* * *
Юрт шаъни,
Эрки деб, эрлар энтикса,
Эр қизларни туғса шаддод жувонлар.
Аёллар номусдан совутлар тикса,
Ҳаққу ор завқидан гувранса чоллар!..
Бу элнинг улимас, қули бўлай, мен!
2017
СОҒИНЧ ҚАРИМАЙДИ
Укам Дилмуроджонга
Андижон,
Бир пайтлар
Дилкашроқмидинг…
Гиналар қилардинг жигаримдай хуш.
Нечундир, сийракроқ йўқлайсан энди,
Меҳринг ҳам бир қадар олгандай сўлиш?..
Бир пайтлар,
Соғинсам, шитоб жўнардим,
Энди шайланаман икки, уч ойлаб!
Не бир мулоҳаза, минг бир андиша,
Ва яна, имконнинг раъйига қараб!..
Кўклам келсин,
Шу қор эрисин,
Ҳаволар илисин, дейман, кутаман.
Довон ҳавфли – йўллар қурисин…
Соғинчнинг маҳрига сабр тутаман.
Соғинч…
Қаримаскан,
Юзга кирса ҳам,
Яшариб бораркан кексайган саринг.
Андижон,
Гарчи сен йўқламасанг ҳам,
Кетиб қолаверар сенга ЎЙЛАРИМ!
2017
* * *
Мен –
Ёзғутнинг
Жонли қалами.
Ёзаман, умримни, умрим етгунча.
Мен ҳам
Битта халқнинг битта алами,
Яшайман, шу алам тугаб битгунча.
Яшайман, аламлар тугаб битгунча!
2017
* * *
Ўйларим – уйларим.
Исталган замон,
Исталган маконда,
Қўнқайтириб яшайвераман.
Қани, кириб кўрсин, бирон кимса…
Бузолмайди, бирон, соҳиби қирон.
Солиққа тортолмас қаллоб полислар.
2017
ОТАЖОН
Ҳа Ота,
Мендан, рости…
Нима авзум топдингиз?
Ҳар қадамда адашдим…
Яширдингиз, ёпдингиз.
Гоҳида, ҳаддан ошсам,
Аразлаб ҳам қолдингиз.
Сал ўтмай, яна борсам,
Яйраб кута олдингиз.
– Бу ёққа чиқ, ёнимга, –
Дердингиз, ёлвир боқиб.
Меҳрингиз дарёсида
Кетардим сувдай оқиб.
Зейн солиб ранг-рўйимга,
Чамалаб бир ширин сўз.
Буям чўкиб қопти, деб
Чўкармиди, кўнглингиз.
Ҳай,
Майли-да,
Чўксак ҳам,
Тирикмиз-ку, ҳар қалай!
Олисларда юрсак ҳам,
Юрибмиз-ку, ҳар қалай!
Сиз борсиз
Шу уй – макон
Жаннатнинг бир гўшаси.
Сиз борсиз бор, Андижон,
Тошкан… жигаргўшаси.
Шукр, токи сиз борсиз,
Қариликка йўл бўлсин.
Умрингиз, имонингиз,
Узун бўлсин, мўл бўлсин!
Отам бор, деб биз довон
Ошиб юриб хорийлик.
Сизда эса яшариб,
Бораверсин, қарилик!..
2017
* * *
Бораяпман
Йўлнинг танобин тортиб,
Танобимни тортиб келяпти у ҳам.
Билмадим,
Кимнинг сабри олдин тугаркин!
Ҳар қалай, мен йўл берсам керак!
2017
* * *
Нафинг тегиб турса
Жонсан, жигарсан,
Ҳар касга ғойибдан етган атосан.
Нафинг тегмай қолса, юзинг қародир.
Қатордан хатосан – ҳассан, гадосан!
Қора тортиб борсанг ўзин тортарлар,
Қора тортганларинг мотамсародир.
Ё, Худо,
Бунчалар бебақо, оқибатларинг!
2017
УМР ЙЎЛИ
Ай йўл,
Ай, илон,
Мени авраб, қаён элтурсан?
Олтмиш йилки,
Мен билан биргасан,
Билмадим,
Қаёққа кетяпмиз сен билан.
Айтмайсан, айтмайсан…
Биламан,
Йўлингдан ҳам қайтмайсан,
Қайтмайсан!..
2017
* * *
Ҳафақонроқ отди тонг,
Салқиб қовоғи,
Қуёш чиқди – кўзи тўла ғам.
Бу ҳол куннинг кўнглига ботди,
Қовоғи очилмай ўтди бугун ҳам.
Қовоғи очилмай
Оқшом ёйилди,
Қуёшни кутгали чиқмади уфқ.
Меними, сўраманг,
Минг йилдан буён
Ғимирсиб юрибман. Кайфиётим йўқ!..
2017
* * *
Сўлиб қопти
Атиргулнинг дудоғлари,
Сўлийди-да, Ёзарлар ҳидламаса.
Ёронгулнинг дудоғлари қуврапти,
Қуврайди-да, еллар парво қилмаса.
Дўрмонгулнинг дудоғлари қуврапти,
Қуврайди-да, кўзлар ўпиб турмаса.
Дўрмондилнинг бутоғлари қуврапти,
Қуврайди-да… сўзлар ўпиб турмаса!
2017, Дўрмон.
ТЎРТЛИКЛАР
***
Сўзим ва юзимни ёруғ қил, Эгам!
Сўзимда юзимни ёруғ қил, Эгам!
Бу ёқда сўзимнинг юзлари қора,
У ёқда юзларин ёруғ қил, Эгам!
***
Ўтрик хаёлларим, ўтди, ким билди,
Кимнинг яқосидан тутди, ким билди?
Келарнинг ҳукмига эҳтисоб*ку йўқ,
Келарга не битик битди, ким билди?!
________
* Назорат.
***
Тўларса паймона, тўлоримиз бор,
Ҳарчанд оҳ урмайлик, ўлоримиз бор.
Бўл, деди Ҳақ, бўлдик, бўла бўлгунча,
Бўларда бўлгунча бўлоримиз бор!
***
Оташ аробайкан бу дош ароба,
Бир лаҳза соябон гумбаз, сардоба.
Иймон отларин қўш манзил сорига,
Чобук* чавандозга чобуки доба*.
___________
Чобук – чаққон. Доба – ҳайвон.
***
Сўз десанг сўзингда сўз яйраб турса,
Ҳар сўзда баҳор, ёз, куз яйраб турса.
Бир жайрон кўзли сўз ахтарганингда,
Сенингман-ку, деган кўз яйраб турса.
2017
***
Қалбим йиғлар чорасиз…
Рауф Парфи
Кечир, оға,
Кечир, Роҳинжа,
Сени йўқлаб боролмадим!
Қонингдан лой қорганларни
Қонидан лой қоролмадим.
Янги йилда ҳолинг не кечди?
Янги йилинг омон қолдими?
Қирғинбарот сарҳадларидан,
Гўдакларинг чиқа олдими?
Мени кечир, кечир Роҳинжа,
Жилла нажот етмади мендан!
Чегарадан ўтолдингми, ё,
Тикон симлар ўтдими сендан!
Хунбатига, нима раводир?
Билолмасдан танглар қоляпман!
Қўлимдан келгани, ҳавотир,
Фақат, фақат, йиғлай оляпман.
Мени кечир, кечир, Роҳинжон!
2018
***
Сен яшаган уйнинг
Кўзлари мовий,
Феруза рангида сўзлайди, борсам.
У – сен учун бир уй,
Менга – муғанний,
У сенинг чеҳрангдан куйлайди, боқсам.
Йўқ-йўқ,
У биномас,
У бир – атрдон,
Бўйидан чор тараф бўйлар таралар.
У томон энтикиб-энтикиб оқсам,
Ундан ҳам, орзиққан ўйлар таралар.
Сен яшаган уйнинг
Ойнаси – кўнгил,
Бирон кўзнинг йўқдир бўйла мунглари.
Шу уй кўчасига музтарин кўнглим,
Қачон ёвуқ келсам, тилим гунгланур.
Сен яшаган уйнинг кўзлари… шоир!
Ўтган ҳар кас-нокасга сендан сўзлайди.
Бу уйда, неки бор, васфингга доир,
Теграсида менинг рашким бўзлайди.
Худойим, бу уйни кўзлардан яшир!
Худойим, шу уйни, сўзлардан яшир!
2018
***
Қушлар
Биздан ростгўйроқ шоир,
Чуғурида ўзлик рутбаси.
Ҳар бир саси ҳурликка доир,
Эрк дер, қанча эркли бўлмасин.
Қумри қуврар қумричасига,
Қарғаларга эл ҳам бўлмайди.
Ҳамма ёқни зоғлар боссаям,
Зоғларга ҳушомад қилмайди.
Тўрғайчалик эмасмиз, биз,
Тўрғай зоғлик қилмагай?
Тилига кун қолмасаям,
Ўз тилидан қолмагай?
Менми?
Мен ҳам, шоирман!..
Бироқ… Читтак дадилроқ!
2018
ҲАМОН ТЎКИЛЯПМАН
Куз,
Ажойибсан-да ўзинг!
Яна қайтиб кебсан-да?
Дарахтларни заъфарон
Ўйлатаман дебсан-да!
Соғинаман, биласан…
Ўтаверсин, баҳорлар.
Бир маъсума куласан,
Кўзинг тўла изҳорлар.
Яратганинг рангҳислар!
Бу тил лол, бу тил ожиз?
Тош кўнгилни ҳеч фасл,
Сен каби юмшатолмас.
Тикилиб ўтирибман, ҳазонлар ёғишига!
Тўкилиб ўтирибман… ҳазонлар оғушида!
Куз, ажойибсан-да ўзинг!…
2018