Абдулла Вахшиворий (1962)

1962 йил 31 мартда туғилган. “Сизни яхши кўраман”, “Ишқ дарахти” китобларининг муаллифи. Шоирнинг янги, “ Жаннат юртим”, шеърий тўплами нашрдан чиқиш арафасида.
Тошкент телерадиокомпаниясида катта муҳаррир бўлиб ишлайди.

ЎЗБEК ЭЛИМ

Эшикдан келганга тўрини берган,
Меҳмон, деб қалбининг қўрини берган,
Топган-тутганини, борини берган—
Ҳимматли эл бўлса, шу — ўзбек элим!
Ҳурматли эл бўлса, шу — менинг элим!

Бировнинг пойига урмаган тикан,
Борини дўст билан бўлишиб еган,
Ўғил-қизларининг камоли учун,
Оғзи қонаса ҳам тинчликни деган —
Ҳимматли эл бўлса, шу — ўзбек элим!

Давлат, деб боласин шўхликларини,
Худойимдан сўраб йўқликларини,
Осмонга бўй чўзган чинор сингари —
Қударатли эл бўлса, шу — менинг элим!
Қудратли эл бўлса, шу — ўзбек ўзбек элим!

Аждоди Чин-мочун, фарангни кезган,
Ложувард юдуздан ерда боғ тузган.
Тўрт марта тугалиб, беш марта ўзган,
Ҳимматли эл бўлса, шу— ўзбек элим!
Қудратли эл бўлса, шу — менинг элим!

Бу менинг юртимдир, бизнинг элимиз,
Соҳибқирон бобом бизга қолдирган,
Асраб келаяпмиз кўзларимизда,
Мустақил элимни жаҳон олди тан…
Қудратли эл бўлса, шу— ўзбек элим,
Ҳурматли эл бўлса, шу — менинг элим…

РАҚИБГА

Яхшидан ёмонни излаб кўрдингиз,
Тирноқдан қаро кир излаб кўрдингиз,
Эсли-ҳушлиларни йўлдан оздириб —
Рост қолиб ёлғонни сўзлаб кўрдингиз,
Асли муддаонгиз қанақа ўзи?

Чўлоқ ақлингизни пешласангизчи,
Тер тўкиб, бир жойда ишласангизчи!
Дуч келган суллоҳга сафсата сотмай —
Нонингизни катта тишласангиз-чи,
Асли муддаонгиз қанақа ўзи?

Гиж-гижлаб юрасиз, ковлаб юрасиз,
Содда қулоқларни овлаб юрасиз,
Барчага аён-ку, ношудлигингиз,
Айбни яна элу-халқдан кўрасиз,
Асли муддаонгиз қанақа ўзи?

Биламан нияту-мақсадингизни,
Бериб қўярдим-ку, адабингизни…
Барча лаганбардор атрофингизда —
Қўли кўп узун-да, мансабингизни…
Асли мақсадингиз қанақа ўзи?

***

Ўзбек деган чинорнинг танасини чопдилар,
Кундаларга айланди ўзак бўлган таналар.
Илдизларин суғуриб, ҳар томонга отдилар —
“Арракаш”лар тер тўкмай, ишдлаб олди тангалар.

Ўзбек деган чинорни қувдилар даласидан,
Ўтқаздилар ўрнига аллам-бало чўпларни.
Момо замин айрилди, муштипар боласидан —
Сибирга ҳам парчинлаб ҳайдадилар кўпларни…

Ўзбек деган чинорни ёқдилар, кул бўлмади,
Асли ўзбек минг норни чопсалар ҳам ўлмади.
Тангрининг каромими, ё она ернинг меҳри —
Истиқлол қўёшидан чўнг куртаклар гуллади.

Кўз ёриди илдизлар, новда отди, бўй чўзди,
Беш бармоқдек бирлашиб, бири биридан ўзди.
Чинорларинг юксалди, томири юракларда —
Ҳануз “арракаш”лар бор, каттароқ очгин кўзни!

Каттароқ очинг кўзни, ширин алдовлар кўпдир,
Ширасига алданиб, қолмангиз надоматга.
Нафсингизга қул бўлиб, гулбоғни ғорат этманг —
Сочлари оқ Ватанни қолдирманг маломатга!

ЎЗБEК ДEҲҚОНИ

Оқ пардан осмонга юксалган тоғни —
Хирмонни хорижда кўплар кўрмаган,
Бунинг завқи бўлак, ҳайрати бўлак —
Юрагинг қинида ўйнар ғурурдан.

“Муз тоғлари каби, баҳайбат”, дея,
Бошидан қалпоғин туширди меҳмон.
Ушоқдек чигитдан ҳосил бўлса-я?…
Сирли-синоатлар ахтариб ҳайрон.

Лол бўлма, меҳмоним, афсун қидириб,
Нигоҳингда чақнар ҳайрат маёғи.
Қўймадинг, юрақол, сенга кўрсатай —
Хирмон барпо этган сирли таёқни.

Балли, адашмадинг, бу сирли таёқ,
Деҳқоним қўш қўллаб силаган кетмон!
Юртим насибасин заминдан сўраб —
Илоҳий -қўшиқлар куйлаган кетмон!

Мен деҳқон ўғлиман, қўлим қавариб,
Айни саратонда қилганман чопиқ.
Ғўзага ўхшайди табиатимиз —
Кулган чаноқлардек кўнглимиз очиқ…

Бўлди, синоатлар излама меҳмон,
Излама пахтамни камситмоққа йўл!
Билсанг жаҳон аҳлин кийинтирмоқда,
Ўзбек деган миллат, деҳқон — қадоқ қўл!

ЎЗБEКНИНГ УЙИ

Дерлар, “ўзбек пул топса,
Шоҳона уй қуради”,
Ортганига дўстларин,
Чорлаб тўй ҳам беради.

Адолатли ҳикмат шу,
Насабимнинг кўзгуси,
Баъзи бирлар пул топса —
Ичкиликдур қутқуси!

“Алкаш” — майхўр саналиш,
Миллатимга ор эрур!
Майли, уйинг зўр бўлсин,
Оғу чекма, қаср қур!

Майхўр отадан мерос —
Бўш шишанинг қопқоғи…
Сен фарзандингга уй қур,
Ганчларини оппоқ қил!

Қуравергин, пайдар-пай,
Асосини боплаб туз,
Қачон янгиси битгай —
“Эскисини кийин буз!”

Чақир, дўстингни, чақир,
Завқ олсин бинолардан,
Чақир, ағёрни, чақир —
Ақл олсин бинолардан!

Маҳобатли уйлардан
Қудратинг билаверсин,
Ўзича изза бўлиб,
Ҳолидан кулаверсин!

Ўзбек топса — уй қурар,
Ўзбек топса — тўй қилар!
Моли чиқмас ҳаромга —
Сурув-сурув қўй қилар!

Деб, кулиб юраверсин,
Меҳмонга келаверсин!
Улуғ Ўзбек халқини —
Таранннум қилаверсин!

***

Ватаннинг шавқида солланди кўнгил,
Тилларанг қуббадек товланди кўнгил.
Ўртандим кечалар тархингни чизиб —
Дўстим, шамойилин бир кўриб қўйгил!

Қуёш нурларига чўмилар айвон,
Қиблага очилар деразалари.
Ярқираб туради ганчкор устунлар,
Филнинг суягидан йўнган сингари.

Қараган кишининг баҳри очилгай,
Барокатлар инган ёруғ чаманим…
Ҳовлида барқ урар анвойи гуллар —
Бу менинг масканим, менинг Ватаним!

Ё, ВАТАН

Мамлакат юксалмоқда,
Равон йўллар, бинолар,
Қудратли иморатлар ,
Бўй чўзмоқда минорлар —
Ё, Ватан, юксал яна!

Қурилди коллеж, литсей,
Истироҳат уйлари.
Аркли саройда ўтар,
Ўзбегимнинг тўйлари!
Ё, Ватан, юксал яна!

Толе, истиқлол гуллаб,
Берди асл мевасин,
Ҳар битта фарзандингни
Бутин қил насибасин!
Ё, Ватан, юксал яна!

Асра ёмон кўзлардан,
Нияти бузуқлардан,
Юраги тош—музларан,
Бағрингдан узуқлардан,
Ё, Ватан, юксал яна!

Халқларимиз бахтига,
Миллатлар иноқ бўлсин!
Ёт кўзларга тавфиқ бер,
Дўст бўлсин, ўртоқ бўлсин!
Ё, Ватан, юксал яна!

БОР БЎЛ, ВАТАНИМ

Жаҳонни айландик, фазони қучдик,
Гоҳо булутлардан баландроқ учдик,
Яна қайтиб сенинг бағрингга тушдик —
Осуда ошиёним, бор бўл, Ватаним!
Ўзбек халқимга мангу ёр бўл Ватаним!

Чаманларни кўрдик, гулзорни кўрдик,
Бир эл обод, бирда абгорни кўрдик,
Сенинг жамолингга наззора бердик —
Эй, мангу чаманим, бор бўл, Ватаним!

Бошингдан ўтказдинг маломатларни,
Парвардигор бергай барокатларни,
Жаҳонга туҳфа эт, алломатларни —
Кашфимиз жаҳонга кор қил, Ватаним!

Буюк боболарим руҳлари ҳаққи,
Бағрингда фаравон асрагин халқни,
Жаҳон айвонида қуёш бўл, балқи —
Дунёни элимга ёр қил, Ватаним!

Кўриб ҳайрон қолсин жумла жаҳона,
Довруғинг ҳар ёна бўлсин тарона,
Барча эл, элатлар келсин меҳмонга —
Ошино элларга ёр бўл, Ватаним!

Осмонга тенглашсин Оқ уйларинг ҳам,
Соғ бўлсин, юртбошинг, ҳақгўйларинг ҳам,
Бахтингни мадҳ этсин Вахшиворий ҳам —
Бахимга омон бўл, бор бўл, Ватаним!

МУҲАББАТ ДАРСИ

Тўхтатинг, майда, сур, ҳар хил гапларни,
Қўзғаманг иллатни, ўтган дардларни,
Улғайтинг, ҳур сўзли, одил, мардларни,
Севишга ўргатинг Она Ватанни!

Фисқ-фужур жойламанг, мурғак қалбларга,
Билинг, Ватан қувват эрур алпларга,
Гулоб, деб Ватанни тутинг лабларга—
Севишга ўргатинг, Она Ватанни!

Илдизи заминда ҳар бир дархтни,
Замин кечиргайдир нолон, гумроҳни!
Бир сиқим тупроққа тенгланг фараҳни —
Севишга ўргатинг, Она Ватанни!

Ўргатинг, танисин бор кечмишини,
Четда қолдирмангиз бирор кишини,
Шунда давом қилгай ота ишини —
Севишга ўргатинг, Она Ватанни!

Эриш туюлмасин, сизга бу сўзлар,
Севишни ўрганинг Она ватанни!
Токи улғаяркан шу қора кўзлар —
Севишга ўргатинг Она Ватанни!