Абдулла Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) 1978 йил 15 апрелда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. Республика «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси. «Сийрат» адабий тўгараги асосчиси.
Абдулла Боқий «Кўнгил кўчалари», «Аёл қалби», «Олий хўжалик суди Ахборотномаси», «Ҳуқуқ ва бурч», «Интеллект» нашрларида фаолият юритган.
Унинг «Кечиккан баҳорим», «Мўъжазгина мўъжиза», «Сийрат ҳудуди», «Номсиз» шеърлар, бадиҳа ва мансуралардан иборат тўпламлари чоп этилган.
НОМСИЗ
Кимдандир олдинда, кимдандир ортда,
Базида пиёда, базида отда,
Гоҳ маккор, гоҳ худбин, гоҳ бўлиб содда
Умр этагига етай деб қолдик…
Асрларга тенгиб ўтмоқда кунлар,
Асабларни енгиб ўтмоқда кунлар,
Азобми, ажрми билмам якунда
Поёнсиз поёнга етай деб қолдик…
Қақраган дилларни ортмоқлаб охир
Қадамлар судралар, судралар оғир
Оғир юк — қоқ-қуруқ қўл билан ахир
Охират эшигин қоқай деб қолдик…
Савобдан асар йўқ, тавбадан асар,
Қай юз билан олдинга бораман, Азал…
Ҳеч бир ниқоб наф бермас кун учун авзал
Сийрат ниқобини тақай деб қолдик…
Сийрат: Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳ…
Сийрат: Тавба қилмоқ учун фурсат бер, Оллоҳ.
Сийрат: Азобми, ажрми билмам якунда…
Ҳикмат: Чўмичга чиққанин тотай деб қолдик…
АДАБИЁТ
Кураш майдони-ми — Адабиёт?
Йўқ асло!
Бўлса бордир — бахс-мунозара…
Асли — ибрат майдони бу — Абадият!
Жумлада жамул-жам бўлса моҳият,
Илло,
Сўзда маъно, теранлик, мулоҳаза…
Мушоҳада майдонидир — Бадият!
Кураш майдонидир — Адабиёт!
Зеро,
Менни махв этмоғ-у ва менни топмоқ,
Ўзликни топиш-у, Ўзни унутмоқ
Ва яна мадора-ю, муроса —
Асли Одоб майдонидир — Адабиёт!
ҲАҚИҚАТ ДАРВОЗАСИ
Бу боғнинг қушчалари то тонгача тинмади-ку,
Юрагимнинг тўрғайлари, уйғонсангиз энди сиз ҳам.
Улуғбек Ҳамдам
Руҳият …
Бу боғнинг қушчалари
То тонгача тинмайди-ку,
Дунё …
Юрагимнинг тўрғайлари
Уйғонинг энди сиз ҳам.
Ҳақиқат …
Сарғайган ҳазонлар хониши
Айтилмаган қўшиқ …
Тингланмаган куй …
Юрак …
Адаб ахли …
… уйғонсин …
… юраклар
Айтилажак ёниқ сўзлардан!
ҚОЯ ВА ТОМЧИ
(симфония)
Кўпикланар, гупурар…
Қояларга ўзини урар…
Дарадаги шаршара,
тошқин сой…
Шашти баланд, шиддати баланд,
Ёшлигига борар ҳонаҳой,
Тоғни қулатмоқни истайди чоғи…
Қоялар пинагин бузмайди…
Қоялар пинагин бузмайди…
Йўқ бу бардош эмас,
Матонат эмас…
сабр ҳам эмасдир,
номи бошқача…
қояда туғилган томчилар
оқимга қўшилиб шошганча,
йўл-йўлакай, тошдан тошгача
турли синовларни кўради
гоҳ сакрайди,
гоҳ сачрайди…
тинмайди,
югуради…
гоҳ сирпаниб,
гоҳ йиқилиб туради,
лекин синмайди…
Қоялар пинагин бузмайди…
Тошдан тошга урилавериб
Тажрибаси ортиб,
Билими ортиб
Томчилар пишади,
Жипслашади…
Томчилар бирлашиб тўлқиланади,
Янада ортади шиддати, шашти.
Янада гупуриб, яна мавжланиб
Сайқаланар — ёшликнинг гашти.
Қудрати, ғайрати сиғмай ичига
Яна қояларга
ўзин уради…
ўзлигин унутиб…
баъзан лаққа тушиб пуч ғояларга
Билмайди —
Ҳарсангтош чўкади, ҳасдек сузмайди
Қоялар пинагин бузмайди…
Кун келиб дарёга қўшилар
Дунёнинг кенглигин англайди,
Ўзлигин топади янгидан…
Феъли ҳам кенгаяр, кенгга — кенг дунё…
Томчига, қояга, ёшга, қарига
Барчага баробар, тенг дунё…
Қоялар пинагин бузмайди…
ШЕЪР МУЛКИ ЁКИ СИЙРАТ ҲУДУДИ
Кўринганинг каби бўл эди
Ва ё аслинг каби кўрингин эди
Сурат, сокинликни кўрсатиб туриб
Қалбимга шиддатни жойладинг, энди…
Аслинг қандай бўлганин қайдан англайин?..
Англамоқ — сийратнинг суратин топиб,
Суратнинг сийратин кўрмоқ эди-ми?
Англамоқ — шеърият вазнидан қочиб,
Моҳият қатида турмоқ эдими?
Сокинликни кўрсатиб, Сурат,
Қалбимга бахш этдинг жилвакор суръат.
Яна шеър ёзмоққа топилди журъат…
Яна шеърда сузмоққа берилди фурсат…
Сийрат, шеърларим ичида яшай… қол…
Сийрат, Шеър бўлиб ичимда яшайқол…
… Англадим — Аслинг қандайлигин англадим —
Моҳият… Шеър мулки… Сийрат ҳудуди…
Уч бирлик — Сен-у, Мен ва Ҳаёт — худди.
ҲАР КЕЧА…
Ҳар кеча… Тушларимга киради Зуҳро…
Ҳар кеча… Ишқ ўтида қоврилар жони…
Ҳар кеча… Бир чеккада мунғаяр Ҳилол
Ҳар кеча… Рашк ўтида қоврилиб жони
Ҳар кеча… Жамолидан кўзим қамашар
Ҳар кеча… Ётоғимга киради юлдуз…
Ҳар кеча… Ҳаёллар оғушида тунайман
Ҳар кеча… Ҳар кеча.., ҳали-хануз…
Ҳар кеча… … тушларимда яшайман…
Ўнгимда туш кўриб қадам ташлайман…
Туним билан куним алмашган…
Менинг учун кечалар — кундуз
Ва яна бағримда уйғонади тонг…
Ҳар кеча..
Ҳар кундуз такрор ва такрор…
Барчаси бекордир… Барчаси бекор!!!
… Йўқ мен ойни сева олмайман…
Ой бевафо, юлдузлар миллион…
Менга керак ягона, танҳо…
Кун келар…
Қалбни уйғотмоққа чалинади бонг…
Кун келар…
… Туни билан тўлғонар вужуд…
Саловотлар ёғилар сим-сим…
Кун келар… Унгача сабр…
Ҳар кеча…
МУҲАББАТГА…
Сўзларимнинг ранги ҳам,
Ҳисларим жаранги ҳам,
Нигоҳимнинг жанги ҳам
Сен туфайли, муҳаббат.
Ҳаётми бу, «Улоқ»ми?
Меҳр — қайнар булоқми?
Ду торимнинг қулоғи
Ўзингмисан, муҳаббат?
Сайратасан тилимни,
Яйратасан дилимни,
Эҳ, ўғирлаб ақлимни…
Ўғримисан, муҳаббат?..
Ҳаёт сен билан гўзал…
Ҳаёт сен билан тугал…
Демишлар, аввал-азал,
Тўғрими шу, муҳаббат?
II
Оиланинг «О» ҳарфи
Одобдан, дедим, нишон,
«И»нинг бутун бир сарфи,
Дедим, маънои ишонч,
Лобарликдан «Л» олиб,
Қўл ушлашиб «О», «И»ла,
Аҳиллик билан қолсак
Мустаҳкам, деб, ОИЛА…
Таянгандим Ақлимга…
Мен ақлимга таяниб
Ҳисларим унутганда,
Туйғухонам тўрида
Тўлғондингми, муҳаббат?
Севмасдан қурдим турмуш,
Қара, қандай соддаман,
Бугун охир-оқибат
Тўрт фарзандга отаман.
Ўғлим ёнимдан кирган…
У белимнинг мадори,
Қизларим — қувончларим…
Оила — Бахт тумори…
Шудир ҳамон шиорим…
Борим шудир, муҳаббат.
Кечам, эртам, бугуним
Ҳаётимнинг мазмуни,
Оиламнинг устуни
Ўзингдирсан, муҳаббат!
КУЗАК ШАМОЛИ
(баллада)
Шамол шовуллайди, увлайди
На тиним бор на уйқу унда
Аламини ёза билмайди
Шодлигин ҳам этолмас удда
Рауф Парфи
Шовуллайди шамол, увлайди шамол,
Сарғайган баргларни юлиб отади.
Тонг қадар олисдир шамснинг жамоли,
Тун қадар Ҳижрон тош дилга ботади.
Шамол шовуллайди, шамол увлайди,
Яланғоч дарахтлар афсун айтади.
Афсун-ки, бир дуо — кадарни қувлар,
Ишонч айтар:
Тонг қайтар,
Шамс қайтар,
Баҳор қайтар,
Бахт қайтар…
Висол қайтади…
01.11.2023й. 21:56.
II
Шамол шовуллайди, шамол увлайди,
На ҳаловат бордир, на тин бор унда
Билмам, Аламданми ва ё қувончдан
Ҳазонларни тўзғитар кузакли кунда…
02.11.2023й. 21:00.
Шовуллайди шамол, увлар эринмай,
Жазавага тушиб тўрт томон чопар.
Гоҳ у ён, гоҳ бу ён тебраниб тинмай
Зикр айтар дарахтлар — Аллоҳу акбар!
III
Шамол шовуллайди, увлайди шамол,
На уйқу бор унда, на бир ҳаловат.
Узоқдан, яқиндан, тўртта томондан
Қулоққа чалинар саловат:
Аллоҳумма, соли ала сайидина Муҳаммад.
ЙЎЛ-ЙЎЛАКАЙ
Умрим бўйи …
йўл…
юрдим…
қанчадир…
манзил-у, макон кўрдим.
Гоҳо бўлдим сўзамол,
гоҳида лол бўлдим…
ҳайрат ичра жим турдим.
Қайдадир бурилдим ўнгга,
Қайдадир сўлга,
Қайдадир тоғ ила тўқнашдим…
Тоғ тутдим қаддим…
Қайдадир дуч келдим кўлга,
Қайдадир чўлга…
Бепоёнлик касб этди…
Чўл қадар қадрим…
Қайдадир йўлиқдим дарёга…
Қалбим дарё бўлди — тўлиб оқдим.
Қайдадир боғ бўлди манзилим…
Кўнглим чаман бўлди…
Дунёга кулиб боқдим.
Дунёга кулиб боқдим…
Кулгумдан…
Жаранглаб кетди осмон,
Жаранглаб кетди қуёш,
Зуҳро-ю, Ҳилол…
Жаранглаб кетди…
Йиллар… йўллар…
Жаранглаб, кетди…
…
Умр бўйи йўл юрдим —
Ватан ичра мусофирлик бўлди касбим…
ТИРИКЛИК
Юрак сарҳуш… недан сарҳуш… қайдан сарҳуш…
Юрак сипқорган у қон эмас…
Май эди… у… майдан сарҳуш…
Кўнгил сарҳуш… недан сарҳуш… қайдан сарҳуш…
Чўли ироқдан келди най…
Чўли ироқдан… найдан сарҳуш…
ҚИЗИЛ ШЕЪР
Ҳали бировларнинг кўзи тушмаган —
Кўнглимни қўлимга олдим-у,
чокидан сўкдим…
Ҳали бировларнинг кўзи тушмаган —
Ҳисларимни, туйғуларимни
қоғозга тўкдим…
Ҳали бировларнинг кўзи тушмаган —
Қоралама, ёҳуд оқ шеърмас,
Қизил шеър бўлди…
Ҳали бировларнинг кўзи тушмаган —
Қизил шеърни такрор ўқидим,
Кўнглим, дил тўлди…
ДУНЁДА ДУНЁ ТАЛАШ
Томирда югурган у
Шаробмиди ёки қон…
Майдан қонар жисм-у жон…
бўзлаган Дил…
Қон талаш…
Қассоб гўшт қайғусида,
Эчкининг қайғуси жон…
Тириклик бозорида…
Бўғиздаги жон талаш…
Кимдир яланг оёқда…
Қайдадир очлик замон…
Дастурхонда таёқдай
Қотиб қолган нон талаш…
Бир Одамдан тарқалган
Ака-укалар ҳар ён,
Қўл ёпишган ёқага…
Ўз аро макон талаш…
Мол давлат илинжида…
Қолдириб кўзни хайрон…
Сотарлар арзон…
Виждон…
Ўртада Шуҳрат талаш…
Шавкат талаш…
Шон талаш…
Кўнгил дунёси аро
Кўнгилда Дунё талаш…
Дунёни қўй, эй Кўнгил,
Бахт сари Иймон талаш!!!
УЧИНЧИ ЗАМОН…
Ўтган куни —
Алвон рангда эди ҳислар ҳам,
Алвонранг эдида шиорлар…
Алвонранг боғичда кўзини боғлаб
Чўлда кезар эди шоирлар…
(Сургун қилинганди шоирлар…)
Кечаги кун —
Боғичлар ечилди кўзлардан,
Истиқлол шароби ичилди.
Алвонранг шиорлар, алвон сўзлардан,
Алвонранг саробдан кечилди…
Бугунги кун —
Жаҳонга бўйлади — Орзулар,
ишончлар, умидлар, туйғулар…
Жаҳонга бўйлади. Жаҳоний бўлди —
Қувончлар
ва ҳатто қайғулар…
Ўтган куни —
Манқуртларнинг куни кулганди…
Вахм солар эди қизил «Приказ!»
Ўзининг ўзагин ўзи кесганни
Кас дейинми ва ёки нокас…
Кечаги кун —
Таъмал тоши қўйилди
Эркин, фаровон,
Ҳам озод, ҳам обод — Ҳур келажакка…
Бугунги кун…
Глобаллашув —
Оммавий маданият — оммага таҳдид!
Қилмоқ учун Эркинликда эркин қул…
Тармоқда тармоқли хуруж ва хужум…
«Ўзлигингни унут, ўзингни топ», дер,
«Ўзгани қўй, фақат ўзингга чоп», дер,
«Ўзинг учун яша, ўзгани чоп», дер…
Ўзагингни чопишга ундайди нуқул…
Ва яна
Бугунги кун —
Жаҳонга бўйлади — туйғулар,
Орзулар, умидлар, ишончлар…
Жаҳонга бўйлади. Жаҳоний бўлди —
Ютуқлар, шодлиг-у, қувончлар.
Эй, тинч элим, тинчпарвар элим,
Назари тушган сенга Қодирнинг — Ҳақнинг
Жаннатмонанд юртда осуда, омон,
Кўнгли ободликда яшамоқ ҳаққинг…
УЧИНЧИ ЎЛЧАМ…
Хаёлимда иш, фақатгина иш,
Йўлимда дунёнинг ташвиши…
Кўзларимда соғинч —
Кўзларимда Она сурати…
Фикратимда ишқ,
Теграмда рашк,
Қалбимда ғалаён —
Шеърият соғинчи…
Туйғулар тўлғонар…
Юракка ўт солар…
Кўнгил кўчасида дарбадар
Умидлар, истаклар —
Юрт равнақи…
Нигоҳлар сийпалар сочимни,
Сочимга қировлар индириб…
Бу чиркин, дудбосган очунни
Елкамга миндириб,
Кўнглимни синдириб…
Олиб кетармидим гўримга…
II
Оҳларим оҳудан учқурроқ,
Учинчи ўлчамнинг кўзи кўр…
Бу олчоқ дунёнинг ранглари
Оқ-қора, оқ — қора, оқ, қора.
Меҳнатдан хормаган тинка-мадорни
Йўқлик эзғилайди — Адолатпарвар.
Кўзёшга чўмилган кўнгли юпунни
Эркалатиб қўяр тилнинг учида
Қорни тўқ, эгни бут тўралар…
Изғиринли кунлар. Излайман тинсиз…
Қани эди тополсам бирон
Истарали, иссиқ юзлини…
Оҳ, нақадар совуқ…
Қалбим музлаб бормоқда
Кун сайин
Эй, одамлар, ўтинаман,
Кимнинг юзи иссиқ, илтимос,
Иссиқ юзингизга бир нафас
Юрагимни босиб, иситиб олай
Музлаб бораётган Орзуларимни….
АВВАЛГИ НУҚТА
Чархпалакка ўхшайман — Тинмай
оқимга тескари чопаман…
Натижа: ўзимни охир-оқибат
Аввалги нуқтадан топаман…
Тегирмонга ўхшайман — Тинсиз
бир нуқтада айланаман.
Толиққаним сезмайман…
Дард-у, ситамларни ичимга ютиб
Аввалги нуқтани излайман…
Туғилиш — ибтидоси бу умр йўлин…
Туғилиш — ўлим сари қўйилган қадам…
Туғилдиму, Аввалимни қидирдим…
Аввалим бу — Ҳазрати Одам!
Яшагим келади одамга ўхшаб…