Абдулла Авлоний (1878-1934)

Абдулла Авлоний (1878.12.7 – Тошкент – 1934.24.8) – маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тўқувчи оиласида туғилган. Мактабхона ва мадрасада ўқиган (1885—95). 1906 йилдан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафаккирларнинг асарларини ўқиган, баъзилари (масалан Л. Толстой, К. Д. Ушинский асарлари)ни ўзбек тилига таржима қилган.
1906 йил «Тараққий», 1907 йил ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газеталарини чиқарган. Бу газеталар ёпиб қўйилгач, 1908 йил яширин равишда «Осиё» газетасини нашр этди. 6-сонидан сўнг ҳукумат бу газетани ҳам тақиқлаб қўйган. Шундан сўнг Авлоний илғор ғояларни мактаб орқали халққа тарқатишга ҳаракат қилди: Тошкент шаҳрининг Миробод маҳалласида маҳаллий аҳоли болалари учун янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарё берди. 1909 йил «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин Авлоний Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Бу мактабда дунёвий фанлар ўқитилиши билан мактабхоналардан фарқ қилган.
Авлоний янги мактаблар учун кўлланма ва ўқиш китоблар ёзиб, нашр қилдирган [мас, «Биринчи муаллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жузд (қисм)ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909—15; «Мактаб гулистони», 1915; «Мардикорлар ашувласи», 1917 ва б.]. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини ташкил этган.
Авлоний халқ онгини ошириш учун театр санъатидан ҳам фойдаланган. У 1913 йилда «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1910—16 йилларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва ўзи саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда кўйилган. Бу асарларда 20-аср бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топган. Авлоний труппасида Маннон Уйғур тарбия топган; труппа билан Ҳамза, Озарбайжон драматурглари Узайр Ҳожибеков, С. Руҳулло ҳамкорликда бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди («Хафалик соатда» шеъри, 1919).
Авлоний 1917 йилда «Турон» газетасини нашр қилди. Газетада сиёсий ва ижтимоий воқеалар ёритилган. 1918 йил Авлоний «Иштирокиюн» газетасини ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди. 1919—20 йилларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули. «Касабачилик ҳаракати» журнали бош муҳаррири (1921). 1921 йилдан Авлоний мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари билан шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотин-қизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924—29). 1930—34 йилларда Ўрта Осиё университети тил ва адабиёт кафедраси мудири, професоор. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7-синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933).
Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан танқидий ва илмий мақола, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилган.
Бегали Қосимов

“АДАБИЁТ ЁХУД МИЛЛИЙ ШЕЪРЛАР”дан

ҲАМД

Санойи ҳамд беҳад раббаноға,
Дуруду беадад ҳақ мустафоға.

Худонинг раҳмати бўлсун дамодам,
Суяр ёри анинг тўрт раҳнамоға.

Абу Бакру Умар, Усмон, Ҳайдар,
Ҳасан бирла Ҳусайни Карбалоға.

Анинг авлоди асҳобиға раҳмат,
Яна ҳоби расули мужтабоға.

Ёғулсин доимо борони раҳмат,
Жамии аҳли суннат ошноға.

Илоҳо, қилмағил хотир паришон,
Тутундим ман бу кун бир ибтидоға.

Хаёлим лавҳи кўрсатмакда бир нақш,
Ҳабибнинг ҳурмати еткур бақоға.

Нафас тори билан жон растасидан
Қўшай овоз бир миллат садоға.

Кеча-кундуз ғами миллатда. Ҳижрон,
Гадо, чун чанг урур қимматбаҳоға.

БИЗ, МИЛЛАТ

На хўрлиқ, на касолат?—Доимо афгор биз, миллат,
Ҳама гул даста қилса, не терармиз?—Хор, биз, миллат.

Жаҳолат қазияси дўндурди истиқболи рифъатдан,
Маъоз-иллоки, на иқрор, на инкор—биз, миллат.

Тутуб селоби ғафлат мавжи ғамға ташлади, ҳайҳот,
Жаҳон Жайҳунлариға тўъмаи тайёр—биз, миллат.

Тамаддунфешаликдан ўзгалар руҳи мужассамдур,
Ҳаёта қобил эрмас, сурати девор—биз, миллат.

Ҳама илму ҳунар асбобини олмақни истарса,
Чафон, чалма, риё сотмоқға хўб тужжор—биз, миллат.

Тафаккур соясида ўзгалар шаҳду шакар ерса,
Турурмиз бақрайиб ҳар гўшада бекор—биз, миллат.

Маю миносини тарк айласа ағёр, бизлар, оҳ,
Ичиб жоми жаҳолатдан, ҳамиша зор—биз, миллат.

Ҳама касбу камолот этса ҳосил илм-фан бирла,
Шифиргучи, ямоқчи, хайрчи—кўб хор—биз, миллат.

Тақозойи замон, ҳар жинс кийса жисмиға лойиқ,
Қилиб қоф-халтадан кўлмак-чопон—беор—биз, миллат.

Ўзи билмас, сани душман, сани жоҳил билур, Ҳижрон,
Ҳаёту руҳ керакмас—жисмидан безор—биз, миллат.

МАКТАБ ҲАҚИНДА

Билинг, ўғлонларим, сизларни ғамдан қутқарур мактаб,
Сироти мустақим, роҳи адамдан қутқарур мактаб,
Маишат бобида ранжу аламдан қутқарур мактаб,
Ҳаёту руҳа душман жаҳли самдан қутқарур мактаб,
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб.
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.

Тараддуд бирла доим дур олинг дарёи мактабдан,
Теринг жон растасиға хўб забаржадҳойи мактабдан,
Топар мақсудини ҳар ким қидирса лойи мактабдан,
Умидим шул, жўжуқлар, узмасанглар пойи мақтабдан—
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб,
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.

Чолишмақ бирла доим то лаҳад боргунча илм иста,
Ҳадиси мустафодир: Шаҳри Чин боргунча илм иста,
Сиҳатсан то баданға ҳарфи мад боргунча илм иста,
Қўюб оҳиста-оҳиста қадам, боргунча илм иста,
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб,
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.

Жаҳонда барча неъматдан лазиз илм ўлмаса, недир,
Ҳунар боғида туби қад азиз илм ўлмаса, недир,
Насими мушки тотори тамиз илм ўлмаса, недир,
Гулоб, тарбияти жаҳли мариз илм ўлмаса, недир.
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб,
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.

Ҳама хурсандликни маъданидур илм, эй ўғлон,
Ҳама фазлу карамни манбаидур илм, эй ўғлон,
Ҳама хўбларни хўбин масканидир илм, эй ўғлон,
Ҳама ислом элини маснадидур илм, эй ўғлон,
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб,
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.

Такаббурлар қаторида ҳавоға бўлмасанг мағрур,
Дутору танбуру чангу навоға бўлмасанг мағрур,
Тараддуд вақтида базму казоға бўлмасанг мағрур,
Бўлиб ҳажрида Ҳижрон маҳлиқоға бўлмасанг мағрур,
Қўлингга бир куни муҳри Сулаймонни берур мактаб,
Шаҳодатномаи фирдавси ғилмонни берур мактаб.


ФАЛАК КАЖРАВ, Ё РАБ

Фалак кажрав бизи ағфола айландурдиму, ё раб,
Ва ё хуршиди нури кўзлари тиндирдиму, ё раб,
Қамар қон оғлатиб бизларға нуқсон вердиму, ё раб,
Таажжуб, юлдузи иқболимиз ғам эрдиму, ё раб,
Тутуб абри жаҳолат бизни пинҳон қилдиму, ё раб.

Тамоман бизға берди ё замин, ё осмон ғафлат,
Ҳаво берди биза онжақ насими дилкушон ғафлат,
Замона наҳри су ўрниға берди, оҳ, қон ғафлат,
Зимистони жаҳонда борму биздек титрагон ғафлат,
Баҳори тарбият бизларға тўфон эрдиму, ё раб.

Замона аҳли дерлар бизни фандан бехабар, ҳайҳот,
Зироатдан, саноатдан хабарсиз бесамар, ҳайҳот,
Қилиб тарк амрини шарр ишлаюрмиз, алҳазар, ҳайҳот,
Ҳунарда посибон ҳаммолдурмиз дарбадар, ҳайҳот,
Бу ҳикматлар биза рўзи азалдан эрдиму, ё раб.

Улум аҳли бўлуб бир-бирға зид нафсонаи сархуш,
Муаллимлар усул атрофида парвонаи сархуш,
Жўжуқлар тарбиятсиз, илмдан бегонадур сархуш,
Авомун-нос ғийбат ҳосили афсонадур сархуш,
Эшон, сўфи тамаъ жомиға хўландирдиму, ё раб.

Ғанилар ҳиммати тўю тамошоға кетар, Ҳижрон,
Замона бўстони, фасли гул елдек ўтар, Ҳижрон,
Фақир бечора булбулдек ватан ғамда ётар, Ҳижрон,
Боқинг аҳли басират ғунча дилни чок этар, Ҳижрон,
Жаҳолат жисмимизға хор ўрнаштирдиму, ё раб.

ИСТАМАС

Ҳеч инсон дунёда фақру фанони истамас,
Ҳеч тан ўз жониға ранжу балони истамас.

Айлама панду насиҳат нокаса беҳудаким,
Қобилият бўлмаса, шарму ҳаёни истамас.

Илм роҳидан адашган бесаруполар абас,
Бехабар кавнайндан, роҳи ҳудони истамас.

Майли жаннат айламас дийдоридан уммидвор,
Толиби дийдор эмас, амри худони истамас.

Сидқ ила шаръи паямбарға амал қилмаски ул,
Рўзи маҳшарда Муҳаммад Мустафони истамас.

Чориёри босафоға ҳар киши мункир эса,
Ул Ҳасан бирла Ҳусайни Карбалони истамас.

Ҳар кишида бўлмаса ихлос ҳубби хонадон,
Нури чашми Мустафо хайрал-нисони истамас.

Ҳар кишини табъида гавҳаршиноси бўлмаса,
Қадри қиммат билмаса, қимматбаҳони истамас.

Қимки умматтур, билинг, ҳар ишда пайравлиқ қилур
Айшу ишратдан кечуб завқу сафони истамас.

Уммат эрса ҳар киши миллатни андуҳин чекур,
Кимки Ҳижрон бўлмаса, миллат казони истамас.

УШБУ «АДАБИЁТ»А ТУРКИСТОН АҲЛИНДАН ЖАВОБ

Афандим, бу сизинг афғонингиз бизларга кор этмаз,
Очарга кўз қани бизда, имолар асло ор этмаз,
Хазон бўлғон гулистондур, гулини ихтиёр этмаз,
Сизингдек бинг мухотиб доди-фарёди мадор этмаз,
Нечук чиқсун бу миллат, ғайрату ҳимматни ёр этмаз.

Қани эр бизда уйқудан уёғ, хотин қаторинда,
Дилу жонин жаҳолат қопламиш, ётмиш мазоринда,
Нечук ибрат олур жонсиз жамод ул қабри зоринда,
На деб сўз тинглаюрким, пунба ғафлатгў шикоринда,
Нечун турсун бу ғафлатдан тағофул эътибор этмаз.

Бу жаҳлистон элига ваъзлар кор этмагай, фарёд,
Бу сангин диллари тепкулар озор этмагай, фарёд,
Бу осиё сангин устида турпо кетмагай, фарёд,
Бу кўҳистон дилини каҳфи хоби битмагай, фарёд,
Ётар доим фароғатда на нанггу ор ғор этмаз.

Бу мавҳистонда бермас ибрату ғайрат самар, ҳайҳот,
Ҳама йўл кўрсатучилар тамаъчи, дарбадар, ҳайҳот,
Бу фанлардан хабарсиздур, фалаклар қарс урар, ҳайҳот,
Яҳуду армани, лотишлар айлар алҳазар, ҳайҳот,
Абу Жаҳлу Язидлар биз каби миллатни хор этмаз.

Тараққий йўлина тушсунми ё шахсисидан қолсун,
Фунуну илмдан ибрат деса, пул топмадан қолсун,
Маишат бобида пул топсину ўз жайбина солсун,
Боқуб ҳирси ила таъриха, Қорундан на деб қолсун,
Насиҳат ақчасиз бу санги дилларда қарор этмаз.

Яҳудийлар келиб савдони андак қисмини олди,
Шупурғучи, ямоқчи, хайрчилик бизға ҳам қолди,
Яҳудийлар кўруб турк иттифоқин ақлдан толди,
Ясаб ширкат ғанилар йиғди пул, жойи асил қолди,
Таназзул ифтироқ этмакда бизлар шарму ор этмаз.

Бу кўҳистонға мактабни солур, саҳройиларму, оҳ,
Ҳунар бирла фунун таҳсил этар қишлоқиларму, оҳ,
Муаллим еткарур ким? Бу қадим тарёкиларму, оҳ,
Мадорисларни ким ислоҳ эдар, шаллоқиларму, оҳ,
Ғарибу бекасу бечорани одамқатор этмаз.

Ғанилар ўртамизда бор, ҳиммат нишлари буррон,
Фақирлар жисмили тишлаб олурға тишлари буррон,
Хусумат айламакда дилдаги ғул-ғишлари буррон,
Жамоат, хайрни бузмак учун қирқишлари буррон,
Ғариблар жисмиға бундай аламни заҳри мор этмаз.

Биза лозим эрур ахлоқ таълимиға бир ўн йил,
Жаҳолат жоми биздан тарк ўлур, гар кечса беш-ўн йил,
Улуми маърифатдан то хабар топмак-ла ўн-ўн йил,
Чироғи илм учун Ҳижрон бўлуб ётмакка юз ўн йил,
Агар бинг йил насиҳат ёғгани-ла сабзазор этмаз.


САДОҚАТ БИЗДА ЙУҚДУР…

Садоқат бизда йўқдур, демаким, ялғонимиз бордур,
Улуму маърифатдан демаким, нуқсонимиз бордур.

Демаким, амри маъруф айламакка бизда йўқ бир кас,
Ки ҳар бир тўшаи жомеъда машрабхонимиз бордур.

Мударрисларда йўқ ислоҳ, деб(он) оҳ урма беҳуда,
Бўлур таҳсил ҳосил, деб далил ёзғонимиз бордур.

Табобат бобида биздан муқаддам ҳеч миллат йўқ,
Алафлардан даво қилғувчи бинг Луқмонимиз бордур.

Тижорат айламакда пасда қолдук, деб ема андуҳ,
Тамаъдан ақча тўплар милёнер эшонимиз бордур.

Ҳакимлик биздадур онжақ, буни ағёр билмас, оҳ,
Чибиқлар бирла жин қувлар қасидахонимиз бордир.

Бизим ҳам илму фандин бехабар, деб, айлама таҳқир,
Трамвойдан тушолмай думбалоқ отқонимиз бордур.

Адаб бобида танҳо ўзгалар лоф урмасун, охир,
Ҳазил ўрниға бадному ҳақоратдонимиз бордур.

Муҳандис бизда йўқ, деб норасо сўз демагил, нотиқ,
Шарорат тоғида мино топиб олғонимиз бордур.

Сафони сўфида, обидни меҳробида кўр, доим,
Ибодатни риё айлар бизим шайтонимиз бордур.

Таажжубланма, Ҳижрон, сан, тағофулпешадур кажрав,
Ётар, йиғлар, кулар, ишлар — ажаб давронимиз бордур.


ОЛАМ ИЧРА КЎРМАДИМ…

Олам ичра кўрмадим кизбу хиёнатдан бўлак,
Меҳру шафқат ўрниға шахсий адоватдан бўлак..

Ҳамшикамлар, ҳамнафаслардан фароғат кўрмадим,
Оҳ, кўнглум пора-пора, дил жароҳатдан бўлак.

Ошино ёру биродардан муқаррар чектим ал,
Ҳеч бир шай кўрмадим ғийбат, ҳақоратдан бўлак.

Демак истарман хуружи Маҳдии Исо қариб,
Учрамас бир шай кўза айшу шароратдан бўлак.

Шайхлар сайёд ўлуб, сайди мурид ўлди, дариғ,
Зуҳду тақвони на қилсунлар саёҳатдан бўлак.

Илм истарлар амалдин заррача йўқтур нишон,
Истамаслар бир шайи назру саховатдан бўлак.

Миллати ислом учун ҳеч кимса заҳмат чекмасун,
Бизга онжақ йўқ зарар заҳмат ҳижолатдан бўлак.

Истама Ҳижрон ўлуб ножинслардан дафъи ғам,
Бу шажарларда самар йўқтур жаҳолатдан бўлак.

АФСУС

Афсус, бизим доғлади, ёндурди бу матлаб,
На табъ, на матбаамиз вор, на мактаб,
На илму на таълими қироат, на мураттаб.
Ҳайҳот, бизим қоплади, кўр жаҳли мураккаб,
Овораи саргаштаи зор оғладик оғлаб.

Ходимлик ўлубдур кеча-кундуз биза пеша,
Ҳосидлик ўлуб бир-биримиз бирла ҳамиша,
Донандаи фаҳманда урур миллата теша,
Миллат шажаринда на қолуб шох, на реша,
Беҳосил ўлуб ҳосил, хор оғладик оғлаб.

Қўй зоҳид элин, гўшада қилсунла(р) ибодат,
Ўз нафсина оройиш ўлуб солсун аморат,
Балки авзина топар маҳшар куни жаннат,
Йўх онлари дахли туша гар чўллара миллат,
Шахсилик ила аксари кор, оғладик оғлаб.

Қўй, бойларинг ҳолина этсунла(р) тижорат,
Пулларни қўюб бонкая, топсунла(р) ижорат,
Фақр аҳли эдуб бир-бирина кизбу хиёнат,
Исми ўлан Ислома на мактаб, на синоат,
Пул пул қозонуб, охири нор оғладик оғлаб.

Йўх заррача, э вой, ғанилар сахавоти,
Мактаб со(л)са бўлсунми ани харж маноти,
Кўрсатма аларга дину миллат харажоти,
Маъсум жўжуқ ўйная берсун жасоти,
Чўб ота минуб охири мор оғладик оғлаб.

Фармойиши пайғамбара бизларда амал йўқ,
Фарзу вужубу сунната бизларда маҳал йўқ,
Миллат ишини ишламага жаҳду жадал йўқ,
Ўлдук бадавий, бизда қавонини милал йўқ,
Ҳосил ишимиз журми кибор оғладик оғлаб.

Шарбу мая олудаду(р) бизларда жавонлар,
Каняк-ла тўлур вақти сафарда чамадонлар,
Суҳбат еримиз бўлди нумиру рестуранлар,
Кўр, кўзлара, оҳ, учрамаюр, ғайри фиёнлар,
Саргарм ўлубон, дилда ғубор оғладик оғлаб.

Ҳожилари кўр, ишлари ҳар ерда риёдур,
Олимлари кўр, доми тамаъ, кори рибодур,
Жоҳиллари кўр, кизбу хиёнатда жалодур,
Ожизлари кўр, зору гирифтори балодур,
Олуда ўлуб абри баҳор оғладик оғлаб.

Ҳар ердаки, илма бизи тарғиб эта(р) мазҳаб,
Таҳсили улум этмака бизда қани мактаб,
Миллат боласи то ўқусун — ҳал ўла матлаб,
Нокаслара Ҳижрон ўлубон, ўлма мухотаб,
Ҳайҳот, жаҳолат биза ёр, оғладик оғлаб.


НАЪТИ РАСУЛИ АКРАМ

Ул кунки, эрди олами Ислом беадиб,
Инсонлар эди куфру залил ичра дилфириб,
Лоту Уззони вақти хароби эди қариб,
Ислом учун керак эди бир раҳнамо хатиб,
Дунё қучоғина сизи қилди худо насиб,
Мавлудингиз-ла берди икки оламиға зеб,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Ҳақ берди сизга ул куни ловлок хилқати,
Мўъжиз учун бериб сиза Фурқон ояти,
Ойни иккига бўлдингиз айлаб ишорати,
Эй, соҳиби муассиси Ислом миллати,
Ҳақдин тилаб ҳамиша гуноҳкор уммати,
Ҳақ ваъда қилди кавсару жаннат шафоати.
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Адлу адолат эрди ҳама кори борингиз,
Уммат дебон кечур эди лайлу наҳорингиз,
Ислом сабз айлади фасли баҳорингиз,
Сероб қилди ташналари шаръи жорингиз,
Тутди ливои шаръингиз чаҳор ёрингиз,
Бул кун ғариб миллату биз интизорингиз,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Меърожа чорлади сизи қурбат учун Жалил,
Оят буюрди масжиди Ақсоғача далил,
Андин самоға бошлади қўлингизда(н) Жаброил,
Бўлди саёҳатингиз-ла само атри занжабил,
Фазлу фасоҳатингиз-ла малаклар эди хижил,
Топди вужудингиз шараф айни салсабил,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Рифъат буюрди ҳақ сизи тўққуз фалаклара,
Пайғамбар айлади сизи инсу малаклара,
Уммат ғаминда боғладингиз тош юраклара,
Ҳақ жилва берди сиз била шолу йифаклара,
Ҳоли иноятингиздан ўтдики бу мардумаклара,
Миллат шафоат истади бул кун тилаклара,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Уммат хатоға қилди жадал, қилмаюр савоб,
Миллат харобу ҳол харобу ватан хароб,
Шаръи шариф ишламаюр ҳоли изтироб,
Булбул ерина қилди ватан бу замон ғароб,
Илму амални ўрнига уммат ичар шароб,
Диллар кабобу бағр кабобу юрак кабоб.
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Асҳоби шаръ бўлди, ажаб, зору нотавон,
Донанда лолу жоҳил шарманда—нуктадон,
Боғи фасод гулшану миллат гули—хазон,
Сўлди гули шариату булбуллари—ниҳон,
Аҳкоми шаръ ўрнига жаҳл ўлди ҳукмрон,
Миллатни боғи бекасу маҳв ўлди боғбон,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

Бу на замонки, миллати ҳоли забундур,
Буғзу адоват ўртада ҳаддин фузундур,
Ҳар кас ўзининг нафси учун сарнигундур,
Жаҳл ўтина ёниб дилимиз лаългундур,
Уммат амални ташлади, кўз ёши хундур,
Ҳижрон — биз, ўзгалар ҳама сарвати фунундур,
Сиздин тараҳҳум истаюр Ислом, ё ҳабиб,
Боқ, умматингиз(ни) ҳолина бемор ҳам ғариб.

ИЛМ

Илм боғинда бизам тоза баком ўлмалиюз,
Илм гулзорина булбул каби ром ўлмалиюз,
Илм васлина хирадманди хиром ўлмалиюз,
Илм ила миллати Ислома ғулом ўлмалиюз,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.

Илм учун бизга бўлаклар каби ғайрат лозим,
Илм учун бизга муаллимлара диққат лозим,
Илм учун бизга мурувват била ҳиммат лозим,
Илм учун бизга тараддуд била хидмат лозим,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.

Илмсизларга жаҳоннинг кенг уйи тор ўлди,
Илмсизларга замон бермаки озор ўлди,
Илмсизларга ҳама дарду алам ёр ўлди,
Илмсизларга маишат йўли душвор ўлди,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.

Илмдур икки жаҳон манзилининг аълоси,
Илмдур икки жаҳон маснадининг болоси,
Илмдур икки жаҳон роҳатининг маъвоси,
Илмдур икки жаҳон шавкатининг барпоси,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.

Илм бир гавҳари ноёб, йўқ ўлмас, битмас,
Илм бир нури зиёдурки, жилоси кетмас,
Илм бир нури илоҳий — кишини хор этмас,
Илм бир қувват эрур — миллатини маҳв этмас,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.

Илмсиз ушбу замонларда яшар кун битди,
Илмсиз хоби касолатда ётар кун кетди,
Илмсизларни билимлик йўқ этар кун етди,
Илмсизлик бизи, Ҳижрон, яшатур кун ўтди,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.