Абдулҳамид Парда (1958)

Абдулҳамид Парда 1958 йил 17 январда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. «Ўзтелерадиокомпания»да мухбир, таржимон, катта муҳаррир, «Ўзбекистон матбуоти» журнали бўлим муҳаррири, «Ишонч» газетасида мухбир, масъул котиб,
«Жаҳон адабиёти» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб бўлиб ишлаган.
“Олтин беланчак” (1988), “Таҳаммул” (1997), “Муножот” (2000), “Соҳил оҳанглари” (2004), “Дўстнома” (2008), “Чорлов” (2008), “Ичсўз ифшоси” (2008) шеърий тўпламлари ва “Севги санъати” (2011) фалсафий рисолалари чоп этилган.
Абдулҳамид Парда Индонезия ёзувчиси Марах Руслининг “Ситти Нурбая” романини, рус ёзувчиси Владимир Куниннинг “Балойи нафс” қиссасини, АҚШ ёзувчиси Сол Беллоунинг “Фурсат ғанимат” қиссасини, Ливан ёзувчиси Жуброн Халил Жуброннинг “Қўшиқлар”ини, шунингдек, Жон Донн, Ж. Байрон, Шелли, Жон Китс, Р. Тагор, А. Пушкин, А. Блок каби шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

ЧЎЛПОННОМА

Яна жонланмакчиман,
Ҳаяжонланмакчиман.
Қон-қурбон тилар толе,
Ё Раб, қонланмакчиман!

Йиғларман, Раббано, тонглар отгунча,
Тонг отиб ҳам яна кунлар ботгунча.
Ғафлатзада элни оҳу фиғоним
Жаҳолат уйқусидан уйғотгунча!

Сил япроқлар жон талашади,
Ким мансаб, ким шон талашади.
Шонпарастлар касрига қолган
Шўрлик улус нон талашади!

Бевафо этак,
Сержафо чечак.
Ҳушим ўшанда,
Чўлпон шарманда…

Ўлим йўқ, бир ўчиб… ёниш бор,
Гулбоғ ичра мангу хониш бор.
Не ғам, замон зулми бешафқат
Ҳакам Вақт бор, аҳли дониш бор!

Не муножот, мунгли ноламан,
Эл қалбида ўсган лоламан.
Муҳаббату эътиқод-имон
Рамзи бўлиб мангу қоламан.

Во дариғки, ҳар азим,
Талаб қилар минг таъзим.
Қон ялаган қассобдай
Қон ичиб қилар базм!

Дод-фиғоним жаҳон тинглайди,
Жўмард, аҳли имон тинглайди.
Юз ўгирар шайтони лаин,
Не бахт, Раббим, Раҳмон тинглайди!

Кимга само, ким учун ер юлдузи,
Ҳар ошиққа дил розин дер юлдузи.
Мос бўлгани не соз ҳар эр юлдузи,
Мафтун айлар Чўлпонни шеър юлдузи!

Бахт тахтидан наридамиз,
Ғам-алам минбаридамиз.
Қонхўрлар исканжасида
Қонли тўлқин қаъридамиз.

Эл-юрт қони билан равшан маёғи,
Такаббур, узилган ердан оёғи;
Пинҳон алвон лола тубида доғи
“Олтин жабру зулм қинғир таёғи”!

Ҳам Мажнун, ҳам Фарҳод отим,
Муҳаббатим – қўш қанотим.
Аҳли ошиқ асил зотим,
Ишқдан бўлак йўқ бисотим.

Саволига истамас жавоб,
Ҳар амали эзгу босавоб.
Қилар иши тоату тавоб,
Аҳли имон соҳиби савоб.

Юртим, қонли минг доғингдаман,
Мардона сўлу соғингдаман.
Қурбонингман – ардоғингдаман,
Қалб қўрингу қароғингдаман!

Замон бирла қилма, дер, ситез,
Замон шиори бўлса: “Эз! Эз!”
Шиддатим Амудай тошган кез
Қилич каби нечун чопмай тез!

Ичармиз қонли бодамизни,
Тангрим чархлар иродамизни.

Фарёди бағри қонларнинг,
Барча замон-маконларнинг:
Ўрдалари бек, хонларнинг
Уяси беимонларнинг!

Мустабидни алқай-алқай маъбуд қилдилар,
Ёш умримни меҳнат билан нобуд қилдилар.
Золим фалак йўқсилларга дўзах тангу тор,
Ўлмай туриб кенг дунёни тобут қилдилар!

Соҳиби тож ўйлар фақат тахтини,
Қасамхўр, эсламас қасам-аҳдини.
Ким суғорар эзгулик дарахтини,
Ким уйғотар-ай, фаллоҳлар бахтини?!

Юрагим минг битта дарду ғам сиқар,
Жаҳолат ханжарин кўксимга тиқар.
Каъбаи кўнглимни юзтубан йиқар,
Меҳваридан она замин ҳам чиқар!

Гар остона ошмас унимиз,
Гар тундан ҳам қаро кунимиз.
Не саодат, зарнигор шафақ
Иқбол тонгин безар хунимиз!

Хазонлар тўкилар: сап-сариқ сомон,
Золим замон каби борми беомон.
Ғариб бошим олиб кетай қай томон,
Йўқсулга тириклик ўлимдан ёмон…

Ай шоир, бесамар даъволардан кеч,
Қуллар ўлкасида тонг отмайди ҳеч!

Гуноҳсиз гуноҳкорлар иши қайта кўрилар,
Минг бир баҳона билан эл-юрт қони сўрилар.
Аҳли жўмард бамисли чалғи билан ўрилар,
Куяр эл хонумони қутурганда бўрилар!

Қўй терисин ёпинса бўри,
Элу юртнинг қурийди шўри.

Андижон, Андижон, Андижон,
Минг юксак ғояга банди жон!
Бобур сарсон, шаҳид Чўлпонинг,
Қонли қисмат, оҳ, ўртанди жон!

Кишан, гавдамдаги излар бугун ҳам битгани йўқ ҳеч,
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кетгани йўқ ҳеч.
Қилич бирлан сенинг эркинг гар бу айём тарих мулки,
Ва лекин эл саодатга то ҳануз етгани йўқ ҳеч!

Эгнимда шеърият ридоси,
Ашъорим асрлар нидоси.
Кишан киймай, бўйин эгмай ҳеч
Бўларман ҳуррият фидоси!

Олтин тўла ерларда оч бўрилар кўзлари,
Ҳамён тўлиб-тошса ҳам тўймаган очкўзлари.
Гар қилар даъво Азиз-авлиёлик Ўзлари,
Вале зид амалига барча ваъда, сўзлари!

Ҳануз кимлар ўмарар карвон-карвон тилламиз,
Ҳануз кимлар ҳузурин кўрар кумуш-пилламиз.
На фарёду на дод бор – ҳамон чаламулламиз,
Ажал етмай, не ажаб, қуриб битса силламиз!

Қиличлар синар,
Золимлар тинар.
Жаннат боғлари
Заминга инар!

Яна янграгай созим,
Яна янграр овозим.
Само, Ердай безавол
Адолатпарвар нозим!

Гар синар созим,
Тинар овозим;
Боқий ҳақ розим
Юксак парвозим!

Ёқамда икки қўлим,
Минг ғаним ўнгу сўлим.
Узилсанг узил, йўлим,
Хўрликдан аъло ўлим!

Асрлардан асрларга ўтар боқий номимиз,
Авлодлардан авлодларга етар, соқий, жомимиз.
Аҳли башар бўлса, не тонг, ҳам мафтуну ромимиз,
Қуёш каби чарақлагай ҳар илоҳий комимиз!

Кишанбанд тафаккур, занжирбанд санъат,
Шайтанат билан пайваста салтанат.
Ҳовуч кибор, туман масканат, лаънат,
Хонумон вайрон, армон мувозанат!

Золим замон наздида ёмон бўлсак, не ажаб,
Ҳақ жангида шаҳиду қурбон бўлсак, не ажаб.
Қашқир чангалида ҳам омон бўлсак, не ажаб,
Замон келиб соҳиби замон бўлсак, не ажаб!

Кўнглим дарддан сиқилар,
Бор деворлар йиқилар.
Парвоз тилаб бўғзимга
Озод Руҳим тиқилар!..

Шамдай сўнган мўмин виждон, имони,
Йиқилмаган, таланмаган гўша йўқ.
Золим фалак беомон минг камони
Юрагимга қайта-қайта отар ўқ!

Бегона ҳуррият асалу қанди,
Қасд қилар жонимга минг битта анди.
Қалбим лочинига ҳозирлар қафас
Қуллар ўлкасида ҳар тутқун банди.

Бахту саодат сароб,
Кўнгил гулшани хароб.
Ташнамиз, золим замон
Тутар заҳарли шароб!

Бўхтон достон тўқийсан токай,
Ёлғон қисса ўқийсан токай.
Етар, бас қил, ё майли ўлдир,
Юрагим, айт, чўқийсан токай?!

Бошга бало ҳар касофат,
Жаҳолат ҳам гар талофат.
Икки олам ичра вале
Йўқ шум ҳокимликдай офат!

Тошдан қаттиқ метин бардошим.
Ашъоримдан бўлак, қардошим,
Насиб қилмас ҳаттоки лошим,
Эрк йўлига тикилган бошим!

Ғолибият хандасиман,
Ҳар эркпараст бандасиман.
То қиёмат эрк-ҳуррият
Булбули хонандасиман!

Кишвари кўнглимнинг хони муҳаббат,
Таним жони, қалбим қони муҳаббат.
Давлату савлату шони муҳаббат,
Олий эътиқод-имони муҳаббат!

Шоирлик сийратим сояси гўзал,
Сарбаланд мақсадим ғояси гўзал.
Ғаним ҳам ҳавасманд саодатимга
Қонли қисмат – бахтим дояси гўзал!

Кирмасман кўчанинг боши беркига.
Таслим ҳам бўлмасман муҳит эркига.
Жўмардлик – эътиқод-имону диним,
Қалбимда булоқдай қайнар бетиним!

Элга бор будимиз нисор қилармиз,
Кўксимиз қалқону Ҳисор қилармиз.
Элу юрт юзига оёқ қўяр ким
Айбин фош этиб, шармисор қилармиз!

Майлига волиданг шакар-қанди бўл,
Отанг ҳар пандига, майли, банди бўл.
Ва лекин саодат истасанг олий,
Она юрт ўғлони, эл фарзанди бўл!

Энг сўнгги умидим қон ичра қолди,
Энг сара шеърларим жон ичра қолди.
Чўлпон не золим замон ичра қолди,
То абад шуҳрату шон ичра қолди!

Фавворадай то қон сочилмас,
Иҳлом дарвозаси очилмас.

Яқин айла йироғимиз,
Ўчирма ҳеч чироғимиз.
Ё Раб, ортиқ зинҳор аввал
Олма ҳеч яхшироғимиз!

Маҳв этдилар шонамиз,
Эвоҳ, шўрпешонамиз.
Армон қора қабр ҳам
Қолмади нишонамиз.

Қиличин қайраб кинни,
Писанд қилмас ҳеч динни.
Ё Раб, телбалар юрти
Шоҳу гадоси жинни!

Эзгуликдай қоя йўқ,
Ёвузликдай доя йўқ.
Ёлғон даъюс даъвоси,
Нур-ёғдуда соя йўқ!

Нетиб ором олай минг бир наърадан,
Нетиб, айт, қутилсам минг бир ярадан.
Хотирам унутманг, чиқмасам омон
Қашқирлар қутурган қонли дарадан!

Зим-зиё саналар тундан фарқи йўқ,
Кулгимиз нолаю ундан фарқи йўқ.
Сувратан одаммиз, хароба сийрат
Етти бор букилган нундан фарқи йўқ!

Олов, исёнкор аслим,
Ҳеч қачон бўлмам таслим!

Кин ўзга, киндор ўзга,
Дин ўзга, диндор ўзга.
Замин қора қулимиз
Ё Раб, заминдор ўзга!

Ичганим хун тўла жом,
Минг дарду алам – анжом.
Даҳри дун хунрез, бадном
Касбу кори қатли ом!

Билолмадим ҳеч бу каслар динини,
Сув каби оқизар улус хунини.
Бекаму кўст адо этар, во дариғ,
Улуғларни таҳқирлаш қонунини.

Ном-нишон йўқ самимиятдан,
Нажот кутма ҳокимиятдан.
Замон келар, шоирга ишон,
Золимликдан қолмас ном-нишон.

Тарихга айланар шайтанат,
Ҳақиқат-адолат салтанат
Паноҳида бор аҳли башар
Беармон дориломон яшар!

Гўрковимиз иблисзода шайтанатин,
Қофиябозлик дема шоир санъатин.
Не кашшофи ҳаққоният салтанатин
Индирармиз заминга само жаннатин!

Гоҳ шодлик майи ноби,
Гоҳ аллалар бахт хоби.
Ботса иқбол офтоби
Даҳшат инсон азоби!

Ҳаёт шому саҳарли,
Ким қишлоқ, ким шаҳарли (к).
Гар бахт болли-шаркарли,
Қайғу тиғи заҳарли!

Садоқатли ёлғиз суянчиқ
Юрагим ҳам панд берар… санчиқ!

Ҳаёт-мамот аён минг сири,
Айтар афсунгар сўз соҳири:
Заҳар қисмат ботин-зоҳири,
Малъун кулфатлар йўқ охири!

Бефарқ ҳаёт-мамот – даҳшат тўлқинга,
Унутдим, мансубман қайси бир динга.
Қаттиқ жойлангандай зулфиқор қинга,
Айланганман лоқайд томошабинга!

Бўғизлаб дод-ноламни,
Уздилар жон толамни.
Маҳрамим қилдилар, воҳ,
Мангу зулмат оламни!

Қўймадилар: қоним ичиб тўймасам,
Қўймадилар: юрак-бағрим ўймасам.
“Бош эгмасман!” қон ютиб ичдим қасам,
Музаффар туғ ол кафаним беқасам!

Қалб деманг ҳеч – қонталаш доғ у,
Гиёҳ унмас дағал тош-тоғ у.
Пора айлаб бағримиз фалак,
Ошимизга ҳам қўшар оғу!

Аҳли исёнмиз бебош,
Не ғам ғаним отса тош.
Не ғам, гар кундада бош
Аллоҳим қўлдош-йўлдош!

Мавт оламин муваккили ой,
Қалб қўридан жудо, эй чирой!
Кун бўйи хор, кечалар бедор,
Сенга ҳам ҳеч кун йўқ хойнаҳой!

Гар муқаррар ҳалокат,
Қадам-дамда фалокат.
Не ғам, марди Худога
Кунда тахтдан аъло кат!

Ҳақ-адолат жарчисиман – оқинман,
Ой-офтобга яқиндан ҳам яқинман.
Пайваста нур билан ботин-зоҳирим
Зулмат! Бағринг пора айлар чақинман!

Гар ҳамон дунё бир кам,
Имонимиз мустаҳкам.
Гар бари ёлғондакам
Вақт энг олий ҳакам!

Раҳнамою шайхи ўрдамиз
Урар ҳам бурда, ҳам хўрдамиз.
Расмиятан азиз, тўрдамиз,
Моҳиятан мурда-гўрдамиз!

Ўртана-ўртана қон кўнгил,
Раббим! Пўртана, вулқон кўнгил!

Ёпилса жаннат бор тешиги,
Очлар кенг дўзах эшиги.
Қутурса қон ялаган қассоб
Тобут имон аҳлин бешиги!

Жон билан тўлаб ўлпон,
То абад порлар Чўлпон.

Зоҳиран фозил,
Ботин – Аззозил!

Рўзғор-ғорнинг минг ташвиши минг бир тўр,
Бадавлат зар билан, зулми билан зўр.
Аччиқ қисмат, уни билмас фақат ғўр,
Ёлғон дунё адолат ҳам порахўр!

Кўнглим кенгликларин кезарман яёв,
Гар гоҳи Мажнунман телба, бўш-баёв.
Вале қолма зинҳор ғафлатда, эй ёв,
Оташ ҳар каломим ханжар беаёв!

Фазилат нуқсонга қул,
Адолат қон қусар тул.
Ҳар маъқул гап номаъқул
Минг бир бегуноҳ мақтул!

Ҳамла қилса гар мардум тоқатига,
Лаънат фуқаролик садоқатига.
Изн берса улус дод-фарёдига
Минг лаънат содиқлик қасамёдига!

Хунолуд фикр,
Қон қусар зикр.
Қора қон ютиб
Армон қалб бикр!

Золим билан тили бир авом,
Интиқомга, эвоҳ, интиқ ом!

Барҳам бер, Раббано, қайғу селимга,
Куч-қувват ато эт билак-белимга.
Илоҳий илҳом бер шайдо дилимга,
Олийжаноб, одил султон элимга!

Заҳаролуд дардим дориси,
Иблиссифат замон қориси.
Золим ҳоқон икки қўли қон,
Эвоҳ, қашқир – тож-тахт вориси!

Қадамда минг қопқон, минг бир тўр,
Ё Раб, қора манглайимиз шўр.
Қилич қайрар замон муштумзўр,
Ўз юртимиз ўзимизга гўр!

Қафасда ҳам бийрон сайраймиз,
Минг азобдан гулдай яйраймиз.
Ғаним ғофил, тош қайғу билан
Адолат шамширин қайраймиз!

Йўқотганлар калава учин,
Ё Раб, бизга кўрсатар кучин!

Қасамхўрлик қилиб нон тутар,
Қасддан минг бегуноҳ жон тутар.
Ал-қасосул минал ҳақ, ё Раб,
Қотилни муқаррар қон тутар!

Шаклан равон-тўғрихона,
Ўрда эмас, ўғрихона!

Даҳри дун кўрмаган бундай кишини,
Фарқи йўқ ҳеч ёзи билан қишини.
Беҳуда деманг эл-юрт миш-мишини:
Қилар ғассол билан гўрков ишини.

Кўнглимда ғам шамоли.
Юксак орзу жамоли.
Қонхўр замон аъмоли
Билан шеърим камоли!

Не ғам гар бағримда минг доғ бор,
Не ғам гар зиммамда минг тоғ бор.
Не ғам, гар минг қузғун, минг зоғ бор,
Минг шеърим – безавол минг боғ бор!

Гезарган минг йиллик гардун ранг-рўйи,
Ҳайкалдай тош қотган тафаккур-ўйи.
Хоиндан ҳам тубан бир пул обрўйи
Замон доноси золим дуогўйи!

Бедод устига бедод,
Ҳар икки олам барбод.
Имонсиз қозидан дод,
Хон ҳам тож қийган жаллод!

Зим-зиё зиндон
Тахтида шайтон!

Эй ҳукм, эй ҳоқон, эй қарол, шайтон,
Ўкир, қасос куни келар беомон.
Кўп танлар, кўп жонлар этилар қурбон,
Имонлар покланар, оқланар виждон!

Ғафлатдан кеч, қасос жангоҳига кўч,
Чўлпон наъра тортар, талаб қилар ўч!

Сўнгги умидни ҳам бўяган қонга,
Нечун чоҳ қазимай қонхўр замонга!

Ё Раб, дўзаҳ ўнг-сўлим,
Оёқ – от, қилич – қўлим.
Узилсанг узил йўлим
“Ё  истиқлол – ё ўлим!”

Онам, сени қутқармоқ учун жонми керакдур,
Номусми, виждон ила имонми керакдур.
Темур ила Чингиз қони тошди томиримдан
Айтким, Сени қутқармоқ учун қонми керакдур!

Гоҳи юнонлашдинг, гоҳ араблашдинг,
Гоҳида руслашдинг, гоҳи ғарблашдинг.
Бас, қоним билан юв ҳар икки қўлинг,
Машъалдай ёритсин истиқлол йўлинг!

Қалбингда ишқ ўтин ёқдим, эй жонон,
Армоним йўқ қилсам соҳиби имон!

Темур, Чингиз қони жўшар томиримизда,
Навоийлар наъра тортар замиримизда.

Гул – боғ аро, қафасда – булбул,
Золим замон, куйиб бўлгин кул!

Ғаним айлар ғарибга бойни,
Ҳарамида хўрлар минг ойни.
Парвардигор қарғаган жойни –
Лаънатларман ўрда-саройни!

Армони йўқ қай тожир-аттор,
Армонсиз отарчи чертиб тор.
Бизга қолганида, ё Саттор,
Дунё ғаддор, фалак кажрафтор!

Мунаввар ҳар тонг,
Жарангдор ҳар бонг.
Муқаррар, эй дўст,
Янгиланар онг.

Қалбимда минг қуёш – порла, балқ дерман,
Уммони ишқ ичра яйра, қалқ дерман.
Отам – эл, онам – эл, нуридийдам – эл,
Кечиб минг жонимдан, ХАЛҚИМ! ХАЛҚ! дерман!

СОМОН ПАРЧА
Абдулҳамид Чўлпон шеърига назира

Муҳит гирдобида бўлмам ҳеч парча.
Оқмасман, похол чўп, сомон эмасман.
Сени, эй тубанлик, ҳеч “ҳақ” демасман,
Манфур манглайингдан очгум минг дарча!

Жаҳолат, ўкирма! Эгмасман бўйин,
Чақмоғу яшинман, ўчмасман асло.
Ёлғон хаёлларга кўчмасман асло,
Мардона ҳаётим қилмам ҳеч ўйин!

Исёну тўлқину ўт ила тўфон,
Ҳеч қачон бўлмаган, бўлмагай таслим.
Қўзғол, нурли кечмиш, қудратли бўрон,
Жўмардлик шаробин сипқор, мард аслим!

Бўлмасман ҳеч қачон сомон парчаси
Қутурган чўнг денгиз бўрон қўйнида.
Қаҳрим зулфиқор разолат бўйнида,
Юксал, эй умидим яшил арчаси!

Кирмасман ҳеч кўча боши беркига,
Қуёш таслим бўлмас муҳит эркига!

Тун бўйи баҳорги дарёдай тўлиб,
Куйладим ҳазратим Навоий бўлиб!

Тун бўйи қаландар-дарвеш кавкаби,
Фиғон чекдим Машраб султоним каби!

Тун бўйи минг юлдуз, ҳилол ҳам гувоҳ,
Нодираи даврон бўлиб чекдим оҳ!

Келажак бағрида барҳаёт азал,
Муқимий, Фурқатдай битдим шоҳ ғазал!

Тун бўйи қайтмадим қисмат – йўлимдан,
Ҳазратим Огаҳий тутди қўлимдан.

Субҳи содиқ аро музаффар шоён,
Порладим бамисли мунаввар Чўлпон!

2013 йил.