Абдул Раҳмон (Абдураҳмон Пиримқулов) – 1969 йилда туғилган. Ангрен педагогика институтини тамомлаган. “Моҳият ва маҳорат”, “Изтироб инкишофи”, “Навоийни севган нозанин” сингари китоблар муаллифи. Филология фанлари номзоди.
ОҚИБАТ
Ул ситамкаш жабридин чекдим афғон оқибат,
Ишқидин тонди тамом, қолдим ҳайрон оқибат.
Ол юзин деманг уятдан ул ранг олмиш қонимдан,
Оқди кўзимдан гулоб, бўлди уммон оқибат.
Лаби мисли ғунчадур мен учун очилмаган,
Юз тараҳҳум қилдим, аммо, йўқ бир эҳсон оқибат.
Аҳдидан кечди, унутди, илк бўса нашъасин,
Хаста дилга ўт туташди, куйди чандон оқибат.
Қайси ошиқ кўрди ёрдан мен каби жабру жафо,
Мен каби йўқ ишқ элида телба, сарсон оқибат.
БУЛ СИЁҲДОН ЎЗГАЧА
Келди кулбамга кулиб, анбарафшон ўзгача,
Олдим белидин қучиб, қадди ларзон ўзгача.
Зим-зиё эрди уйим, қалб эди парча буюм,
Нур таратди бир уюм, шуълаафшон ўзгача.
Кўз қамашди шуъласидан, дил ёришди жилвасидан,
Шул қаро кўз ишвасидан, бўлдим ҳайрон ўзгача.
Мен дедим: “Эй, офатижон, бу ишинг беҳад ёмон!”,
Ул деди: “Сен қилсанг эҳсон, роҳати жон ўзгача”.
Қўлима ушлаб қаламни сурмадонға шайласам,
Ноз қилиб дер ул пари: “Бул сиёҳдон ўзгача”.
Шодланиб марҳаматидан тинмадим то тонггача,
Тонг чоғи кетди ёнимдан кулиб хандон ўзгача.
ЎЛТУРУР
Ҳажрида мени қилиб зор кўзи жайрон ўлтурур,
Бўйнима сочин қилиб дор зулфи маржон ўлтурур.
Кеча-кундуз йўл қарарман, келмагай бир ҳол сўраб,
Кулбасин зулфини бойлаб банди зиндон ўлтурур.
Итига бердим бағирни муддаийни қўйма деб,
Муддаийни чорлаб аҳён, айши пинҳон ўлтурур.
Қон ютиб бордим ёнига ўлтурур зеболаниб,
Мен томон боқмай назар ул паришон ўлтурур.
Мен дедим: “Эй маҳлиқо! Бўлма мунча пуржафо”,
Ул деди: “Кет, бевафо!” сўзи нолон ўлтурур.
Шўр бу қисмат заҳридан Абдул Раҳмон тоқ ўтар,
Бир уриб пешонасига, қалби вайрон ўлтурур.
БОР
Кимки ошиқдир анинг бир пари рухсори бор,
Кимки маъшуқдир анинг ишваю озори бор.
Кўрдим Фарҳоду Ширин, Вомиқу Узро қисматин,
Ким алар бўйнида ишқдин марварид зуннори бор.
Боғима кирма дея манъ этма, эй боғбон,
Сарвдир ул боғ аро на бел, на рафтори бор.
Менга хуш ёққай санам гар кетурса турфа гул,
Чунки ёрим узган гулнинг ўзгача ифори бор.
Абдул Раҳмон сўз мулкида топди шуҳрат, саодат,
Ким анинг илкида қора қаламдин дастори бор.
УМИДВОР ЭТДИ МЕНИ
Бир хабар олмай нигор интизор этди мени,
Учрашиб ағёр билан дилафгор этди мени.
Ноумид бўлмай ҳануз кутдим ул ой васлини,
Унутиб ошиқ кўнгилни умидвор этди мени.
Жабр этмак чун гўзаллар расмими ишқ элида,
Кўз ёшим шому саҳар шашқатор этди мени.
Ўтди қирқ йил келмади, соч оқарди, тушди тиш,
Кетди белдан куч ва қувват, бемадор этди мени.
Бир умр боқдим йўлига, уззукун айлаб дуо,
Мен томон боқмай назар шармисор этди мени.
ҚАНИ
Кулбам аро ёлғизман ул нигор келса қани,
Мен била бўлса бу кеч, тонггача қолса қани.
Қоши, кўзи, юзининг таърифин битиб юракдан,
Оқ варақнинг бетида шул қалам толса қани.
Базмимиз авжга чиқиб бир-бир босиб этса хиром,
Сўнг пиёла зўрига зўр шароб қуйса қани.
Ул дилоро ўйидан гар ўзгага ўтса ўйим,
Майли сочим толасини битталаб юлса қани.
Истарам бул кеч тамом ўзга бўлса ўзгадин,
Розиман тонг чоғи ёр жонимни олса қани.
АТРОФИМДА ЧОР ДЕВОР
Мени телба деган зотнинг ўзи бир гўлмасмикин?!
Ўлдириб номим, шаънимни, ўзи ҳеч ўлмасмикин?!
Ўзини ботир санар қуёнюракдан асраким,
Гўлга сажда қилган эл соврилиб, сўлмасмикин?!
Тоқатим тоқ бўлди барча феъли говлар дастидан,
Барча дўстни айро қилган манфаат, пулмасмикин?!
Атрофимда чор девор, юз ўгирди дўсту ёр,
Ҳолима йиғлар онам, бир куни кулмасмикин?!
Йўрғалайди қаламим, гоҳ тўкилар аламим,
Буни билар дўст- ғаним, мунаққид билмасмикин?!
Шеър ёзар булбулу зоғ, шеър ёзарми ҳеч нўноғ?
Бунда бор дарвешу шоҳ, Абилжон қулмасмикин?!
ДЕРЛАР
(Машрабона)
Сени жонон, мени нодон, ишқда нораво дерлар,
Сени султон, мени ғилмон, кўйингда бир гадо дерлар.
Кўзинг нури зиёсидан бу олам эрса чароғон,
Кўзинг юмсанг, кенг бу олам мисли мотамсаро дерлар.
Васлинг истаб кеча-кундуз ишқ саҳросида кезсам,
Сени ақли расо, мени ажаб, телбанамо дерлар.
Ишқ шаробин сипқориб бир он ўздин кетар бўлсам,
Ишқ хайли кулиб хандон: бу шоир бенаво дерлар.
Кўриб ойдай жамолини танимдин жон равон эрса,
Қиё боқмаски маҳваш, чун гўзаллар бевафо дерлар.