Жаҳонотин Увайсий (1779-1845)

Увайсий (тахаллуси; исми Жаҳон) (1779 — Марғилон —1845) — шоира, маърифатпарвар. Увайсий оилада хат-саводини чиқариб, аввал халфа, сўнгра онасининг ёнида мактабдорлик қилган. Акаси Охунжон ҳофиздан шеърият илмини ўрганган, тез орада шоира, отин сифатида танилган. У, айниқса, арузни, муаммо (шеърда фикрни яшириб ифодалаш) санъатини мукаммал эгаллаган. Қўқон адабий муҳити билан яқинлашиб, мушоираларда қатнашган. Саройда Нодира ва бошқа хотин-қизларга шеърият илмидан дарс бериб, устозлик қилган.

Дилшод отиннинг маълумот беришича, Увайсий Нодира билан Конибодом, Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Андижон каби шаҳарларга борган. 1842 йилда Бухоро амири Насруллахон Қўқонни эгаллагач, Марғилонга қайтиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган.

Увайсий 4 девон тузганлиги маълум. Лекин бу девонларнинг асл қўлёзмалари топилмаган. Увайсий мумтоз ўзбек шеъриятининг барча жанрларида ижод қилган. Навоий, Фузулий ва бошқанинг асарларига мухаммаслар боғлаган. Шоиранинг адабий меросида 269 ғазал, 29 мухаммас, 55 мусаддас, 1 мурабба, чистон, 3 достон, тугалланмаган бир манзума бор. Ижодининг ғоявий мавзу доираси теран ва кўп қиррали.

Шоира адабиётда тараққийпарвар намояндаларнинг қарашлари асосида майдонга келган инсон тақдири, шахс эрки ва маърифатпарварлик ғояларида латиф ва дилкаш асарлар яратган, асарларида инсонни эъзозлаш, одамларни табиат ва хает ноз-неъматларидан баҳраманд бўлишга ундаш, дўстлик, вафо ва садоқат ҳақидаги улуғвор ниятларини Қуръон оятлари, ҳадислар ва тасаввуфий талқинлар билан асослаган ҳолда ижодий баркамолликка эришган. Унинг шеърларида тариқатнинг талаб ва қоидаларига тааллукли бўлган талқинлар кўп учрайди:

Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огоҳ,
Қабиҳ гуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Увайсий ўз асарларида юксак одамийликни, шу одамийликни қалб тўрида авайловчи вафодор ёрни улуғлайди, уни Қуёш билан қиёс қилади. Қуёш ҳар тонг уфқдан бош кўтариб, ўзининг оташин нури билан оламга, одамларга ўз меҳр ва шафқатини сочади. Шоира ёр ва офтоб ташбиҳларидан қаршилантириш санъати орқали энг гўзал туйғулар силсиласини яратади. Унинг лирик қаҳрамони мушоҳадакор донишманд, вафоли ошиқ.

Унинг анор ҳақидаги машҳур чистони ўзининг муҳим мазмуни ва юксак бадиийлиги билан шоира ижодининг ёрқин бир саҳифаси сифатида кўзга ташланади:

Бу на гумбаздур, эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгун пок қизлар манзил айлабдур макон?
Туйнугин очиб, аларнинг ҳолидан олсам хабар,
Юзларида парда тортуғлиқ турурлар, бағри қон.

Увайсий хаётлик давридаёқ нафис лирикаси билан машҳур бўлган ва замондошларининг эътиборини қозонган. Лирик шеърларидан ташқари, унинг «Шаҳзода Ҳасан», «Шаҳзода Ҳусан» каби лироэпик асарлари ва «Воқеоти Муҳаммад Алихон» каби тарихий достонлари мавжуд. Шоиранинг лироэпик достонлари ислом тарихи билан боғлиқ воқеалар асосида яратилган.

Увайсий асарлари ўзининг латиф мазмуни ва дилкаш бадиийлиги билан халқ оммаси орасида кенг ёйилган, ҳофизлар, хонандалар томонидан мақом ва халқ оҳанглари йўлида куйланиб келинади. Унинг хаттотлар томонидан кўчирилган 3 нусха қўлёзма девони Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Андижон университети кутубхонасида сақланади.

УВАЙСИЙМАН

Меҳнату аламларга мубтало Увайсийман,
Қайда дард эли бўлса, ошно Увайсийман,

Истадим бу оламни, топмадим вафо аҳлин,
Барчадин юмуб кўзни муддао Увайсийман.

Уз дилинг тааллуқдин, банд қил худо сори,
То дегил кеча-кундуз: “Мосиво Увайсийман!”

Кечалар фиғонимдин тинмади кавокиблар,
Арз то само узра можаро Увайсийман.

То кўриб хароботин таъна этма, эй зоҳид,
Бир нафас эмас холи иқтидо Увайсийман.

Фақр боргоҳига қўйса гар қадам ҳар ким,
Бош агар керак бўлса, жонфидо Увайсийман.

Вайсий бериёзат деб саҳл тутма, эй ориф,
Ишқ аро ниҳон дарди бедаво Увайсийман.

КЎНГУЛ ДОҒ ЎЛДИ…

Замона кулфатидин бу кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди,
Бу чархи бемурувватдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Жароҳат бўлди бағрим тиғИ бедоди рақиблардин,
Бу кўтоҳфаҳм мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Бу гулзори фано ичра маҳали бехалал йўқтур,
Ҳамеша захми хородин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огаҳ,
Қабиҳгуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Кўнгул қони фароғИ дийдадин бир лаҳза банд ўлмас,
Вужудим изтироб айлаб кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Турубдур бағрим ичра қон мисоли ғунча, найларман,
Очилмай гулсифат ушбу кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Сўзимдин хотиринг узра гумоне ўзга еткурма
Ки, изҳор айламай найлай, кўнгул доғ ўлду, доғ ўлду.

Мен расвойи оламдин мабодо эътироз этма,
Такаллум бирла шод айла, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Кўнгулни оташин бежо қилибдур нутқи гуфтори,
Қаю боғ андалибидин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Бу сўзни айлади барпо ажаб густоҳлик бирла,
Малоли хотир ўлғайму, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Ажаб ашъори мавзун боғлади Вайсий ҳасаддинким,
Умархон зуфунунеким, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

СОҒИНДИМ

Бугун, эй дўстлар, фарзанди жононимни соғиндим,
Гадо бўлсам, не айб, ул шоҳи давронимни соғиндим.

Мусофирман, ғарибман, бекасу ҳам бенаводурман,
Вужудим дарда тўлди, эмди дармонимни соғиндим.

Тилимнинг зикрию кўнглимни фикри, яхши фарзандим,
Азизим, ёлғузим, давлатли султонимни соғиндим.

Кеча-кундуз йўлиға мунтазирдурман, тикарман кўз,
Келиб ҳолим сўрубон кетса, меҳмонимни соғиндим.

Насибин узмади тангрим, иложин топмағай келса,
Онам деб бўлғуси бағри қизил, қонимни соғиндим.

Қоронғу бўлди олам кўзима ушбу жудоликдин,
Кўзу кўнглум зиёси, моҳи тобонимни соғиндим.

Мени бекас Увайсий йиғлағайман рўзи шаб тинмай,
Уйимнинг зийнати, кўз равшани, хонимни соғиндим.

ҚАБУЛ ЭТКИЛ

Келибман даргаҳингга, шоҳи хўбоним, қабул эткил,
Бағир қоним била бул чашми гирёним қабул эткил.

Умид айлаб талаб олмоққа кирдим роҳи покингга,
Йўлингда айлаган фарёду афғоним қабул эткил.

Тушубдур бошима савдойи ишқинг, эй шаҳаншоҳим,
Алам бозорида бул дарди пинҳоним қабул эткил.

Ўтубдур гавҳари ноёби умрим токи ғафлатда,
Тазарруъ зор илан қилғон пушаймоним қабул эткил.

Тегибдур новакингдин неча ўқ жисмим аро пинҳон,
Шаҳиди ишқ ўлмоққа оқан қоним қабул эткил.

Увайсий гарчи ноқобил, келибдур остонингға,
Фиғону оҳи сўзонини, султоним, қабул эткил.

ЧИҚИБ ИШҚ ЎТИ…

Чиқиб ишқ ўти кўксим чокидин, бошимдин ошибдур,
Қуруқ шохеки, гўё ўз ичидин ўт тутошибдур.

Кўзинг жон лабга еткурди, лабинг жон қўшти жонимға,
Бу икки дўстлар ул жони маҳзуним талошибдур.

Азал кунда асар этганди сирри май қулоғимға,
Бугун, ваҳ, дил булоғи жўш урмоқлиқда тошибдур.

Висолинг орзуси шиддати ҳижронни йиқмоқда,
Бу икки паҳлавон майдони дил узра курошибдур.

Увайсий, олма бошинг зикру фикри ёр ёдидин,
Сулуки ишқ аро бе ёди ҳақ йўлдин одошибдур.

МУНОСИБ

Эй гул, жигарим қони узорингға муносиб,
Юз порали кўксум дағи хорингға муносиб.

Сарф айлама ҳар бехабара лаъли қадисинг,
То қаҳру ғазаб мени зорингға муносиб.

Тун соғарида шарбати бедорлиғ ичсанг,
Мастоналиғ ул чашми хуморингға муносиб.

То қилди муаттар хати райҳони саҳаргоҳ,
Хушҳоллигим ҳусни баҳорингға муносиб.

Манъ этма тараҳҳум этибон, ёр, йўлунгдин,
Ашким йўл аро манъи ғуворингға муносиб.

Дил манзарини пок этибон мунтазир ўлдум,
Бўлғойму экин табъи гулзорингға муносиб?

Рашк оташини, Вайсий, бугун айла мукаррар,
Юз сен каби девона нигорингға муносиб.

КОКУЛИНГ

Бўлмасайди то паришонлиғда зебо кокулинг,
Қилмағайдим шона чоғида тамошо кокулинг.

Ўрмасам эрдим олиб илгимга ул машшотни,
Қилмағай эрди мени оламга расво кокулинг.

Ё харидор ўлмасам эрдим жунун бозорида,
Солмағайди бошима юз рангли савдо кокулинг.

Ҳухни рухсоринг тўё кўрган эдим қадр туни,
Қилмасайди юзларинг устида ғавғо кокулинг.

Қолмағайдим норасолар таънайи пинҳониға,
Этмасайди сиррими элга ҳувайдо кокулинг.

Қўнмасайди моҳ рухсорингға кўнглумнинг қуши,
Тушмагайди тори то бўйнумга ялдо кокулинг.

Осмасайдинг жон олур вақтинда зулфинг дор этиб,
Бўлмағайди мунча Вайсийга мужалло кокулинг.

МEНДИН ЎРГАНДИ

Ки булбул нола, афғон айламакни мендин ўрганди,
Вужудин шамъи сўзон айламакни мендин ўрганди.

Бориб саҳрога, қон бағримдин изҳор айладим бир кун,
Фалак бағрин қизил қон айламакни мендин ўрганди.

Шафақ хун бўлғуси, дил, ёр меҳри гар ниҳон бўлса,
Само гулгуни домон айламакни мендин ўрганди.

Кўруб абрў ҳилолинг, жон фидо қилдим жамолингга,
Ул ой ҳуснига қурбон айламакни мендин ўрганди.

Фиғонким, ғам тароғи хаста кўнглум реш-реш этти,
Санам зулфин паришон айламакни мендин ўрганди.

Сени изларман андоқким, қуёш дийдорин изларда,
Кезиб тун-кун, шитобон айламакни мендин ўрганди.

Қаноат қилди Вайсий, топти дилдин гавҳари назмин,
Садаф ҳам дурри ғалтон айламакни мендин ўрганди.

ЧИСТОН

Ул на гумбаздур: эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур макон.
Синдуруб гумбазни, қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларида парда тортиғлиқ, турарлар бағри қон.

ОШИҚ БЎЛМИШАМ

Бир пари пайкар суманбар ёра ошиқ бўлмишам,
Лаъли дилкаш, сўзи хуш дилдора ошиқ бўлмишам.

Мадди оҳим кўкдадур, соруғ юзумда ашки ол,
Ул қадди раъно, юзи гулнора ошиқ бўлмишам.

Қилм гулқандинг ила заъфим иложин, э ҳаким,
менки, гулбарги шакар гуфтора ошиқ бўлмишам.

Нолау афғон эртарман қумридек булбул каби,
На ушунким, сарвигулрухсора ошиқ бўлмишам

Лабларингдин то кўриншим хуш-хуш инжу тишларинг,
Лаъли бирла ул дури шаҳвора ошиқ бўлмишам.

Дўстлар кўнглум олон зулфи мусулмонкуш эрур,
Кофиредур, кокули зуннора ошиқ бўлмишам.

Ўзни қутқармоқ учун елдим-югурдим ҳар сари,
Оҳ вовайлоки, бора-бора ошиқ бўлмишам.

Манзилу кўю, алойиқ бандидин озодман
То тариқи `ҳожаи Аҳрора ошиқ бўлмишам.

Баски, саргардон, қуюн янглиғ югурмакдур ишим,
Ишқ водисига ман овора ошиқ бўлмишам.

Вайсийдин хуш истамаклик йўқ муносиб не учун?
Бир пари пайкар суманбар ёра ошиқ бўлмишам.