Турди Фароғий (XVII аср – 1699/1700)

Турди, Турдий (асл исми ва тахаллуси; форстожик шеърларидаги тахаллуси эса Фароғий) (17-аср, Бухоро — тахм. 1699/1700, Хўжанд) — шоир. Бухоро мадрасаларида таълим олган. Абдулазизхон даврида саройнинг амалдорларидан, юз уруғининг кўзга кўринган сиёсий арбобларидан бўлган. Субҳонқулихон тахтга чиққач, саройдан узоқлаштирилган.

Аштархонийларга қарши 1685—86 йилларда кўтарилган халқ исёнида фаол иштирок этган. Исён бостирилгач, Турди Жиззах, сўнг Хўжандга бориб, муҳтожлик ва узлуксиз маънавий тушкунликда кун кечирган. Турди ўзбек ва форс тилларини яхши билган. «Дар мазаммати сипоҳигари» шеърида ўзининг асосий касбкори сипоҳийлик («ҳарбийлик») бўлганини, шу касби билан узоқ йиллар нималарнидир тамаъ қилиб, шоҳларга хизмат қилганини, лекин охир-оқибатда ҳеч нарсага эриша олмаганини афсус билан маълум қилган. Лекин ҳарбийлик билан бир қаторда Турди ўз замонасининг ўқимишли, Шарқ адабиётидан мукаммал хабардор, ҳаёт, жамият ҳақида кенг тушунчага эга кишиларидан бўлган. Унинг жамиятда тутган мавқеи эса ўз атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга фаол аралашишни тақозо этган.

Турдининг адабий мероси 18 шеърдан иборат бўлиб, улардан 12 таси ғазал, 5 таси мухаммас ва биттаси фард жанрига оид. 434 мисра ҳажмидаги бу мероснинг 165 мисраси Субҳонқулихон ҳақидаги машҳур ҳажвияни ташкил этган («Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия», 1691).

Турди ҳам ўз ижодини бошқа шоирлар каби анъанавий ишқ мавзуидан бошлаган. Унинг:

Туркона хиром айлади ул шўхи дилоро,
Дил мулкини бир гўшаи чашм айлади яғмо

матлаи билан бошланган ишқий ғазали лириканинг яхши намуналаридан ҳисобланади. Турдининг лирик ғазаллари бошқа шоирларникидан ўзининг ниҳоятда ихчамлиги, яъни 3—4—5 байтдан иборатлиги билан ажралиб туради. Унинг тасаввуфий шеърлари ҳам ғоят гўзал ва фалсафий теран мазмунга бой («…Ибрат ила боқ, кўзунг туфроққа тўлмасдан бурун»).

Турди ғазалларининг аксарияти ҳали ҳеч ким қаламга олмаган, ўткир ижтимоий-сиёсий ва фалсафий-ахлоқий мавзуларга бағишланган. Айниқса, шоирнинг:

Top кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бўли ўзбек юртидур, тенглик қилинг…

матлаи билан бошланадиган ғазалида юртни бошқараётган бекларга мурожаат қилиб, уларни кенг феълли, ўзаро иттифоқ бўлишга, бир-бирини уруғчилик белгиларига қараб камситмасликка чақириш унинг ўз давридаги юксак фикрли, ватанпарвар ва ҳақиқий инсонпарвар киши бўлганлигидан далолат беради.

Субҳонқулихон тўғрисидаги ҳажвий мухаммаси Турдининг шоҳ асари ҳисобланади. Асарда Субҳонқулихон давлат тепасига келгач, мамлакатда аҳвол ёмон томонга ўзгарганлиги, осойишталик ўрнини тартибсизлик, адлу карам ўрнини ўзаро нифоқ эгаллагани ўз аксини топган. Шоҳнинг айби шундаки, у тахтга ўтириши биланоқ тажрибали, ишбилармон мулозимларни қувиб, уларнинг ўрнига ўз атрофида давлатни бошқариш ишидан бутунлай хабарсиз, фикр-мулоҳазалари саёз, ахлоқан тубан кишиларни йиғади. Турди бу асарида Субҳонқулихон қиёфасида жоҳил шоҳ тимсолини яратади. Ушбу ҳажвий асари билан Турди ўзбек ҳажвиётини Алишер Навоийдан кейин янги бир босқичга кўтарган.

Турди ижоди ҳаётий фактларга, теран мулоҳазаларга бойлиги ва услубининг реалистик характери билан ўзбек адабиёти ривожига самарали таъсир қилган. Махмур, Гулханий каби сатирик шоирлар ижодининг шаклланишида муҳим босқич бўлган. А. Мажидий томонидан топилган ва 1924—25 йилларда нашр этилган шеърлар қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланади (инв. № 1407).

Абдуқодир Ҳайитметов.

ҒАЗАЛЛАР

Тор кўнгуллук беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон иккн бори ўзбак юртидур, тенглик қилинг.

Бирни қипчоқу хитою, бирни юз, найман деманг,
Қирқу Юз, Минг сон бўлуб бир жон ойинлик қилинг.

Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлук, бир тиризлик, бир яқо, енглик қилинг.

Қим қўюбдур, уҳдайи ўз мулкунгиздин чиқмайин,
Икки, уч, тўрт даъвосин этмакни кўтаҳлик қилинг.

Мардлар майдон чекиб, рангин кўтариб захмлар,
Сизга йўқ, ул жавҳару юзга упо-энглик қилинг.

* * *

Бир сари азм айла, жойи номусулмондур бу мулк,
Фитнаи авбош, зулму куфру туғёндур бу мулк.

Бир калима ҳурматидин лек ислом оти бор,
Мутлақо кирдори хайли кофиристондур бу мулк.

Дур аҳду танг чашму бесару яъжуж вазъ,
Мухталиф мазҳаб гуруҳи ўзбакистондур бу мулк.

Нақди жон берсанг топилмас истасанг бир зарра айш,
Мсҳнату андуҳни сўрсанг, фаровондур бу мулк.

Жойи ислому мусулмонлиғ, Фароғий, истама,
Пойтахти кишвари Субҳонқулихондур бу мулк.

* * *

Куяр тил шаммаи гар ҳолатимдин айласам тақрир,
Гирибон чок ўлур этса қалам дарди дилим таҳрир.

Шаби ҳижрониминг поёни тай ўлмаз, тойири гардум
Маҳу хуршед ўлуб икки қаноти айласа шабгир.

Тулуи субҳдин навмед, минг тунлар яқо йиртиб,
Саводи шоми ғамдин сори бахтим хомаи тақдир.

* * *

Танаъумнинг надоматсиз, тамошонинг талаҳҳуфсуз,
Жаҳон истаб юрурда кўрмадим бир тан таассуфсиз.

Ҳақиқатбингадур жузву кулу ҳар зарра бир хуршед,
Гуҳарни билма холи қатрадин,. ҳар чаҳни Юсуфсиз.

Тафаккур вартасинда маҳв ўлуб кирдим жаҳон сори,
Ҳарифи топмадим оламда йўқлуқдин такаллуфсиз.

Бошима бир кўҳи ғам бир от коҳу емндин,
Бир кўнгул юз пора йўқлўқ заъфи ваҳму биймидин.

Қад букуб, бўйнум эгиб, тегди оёқларга бошим,
Аҳли дунё пойбўси хизмату таъзимидин.

Дил—кабобим, қон—шаробим, ашки ҳасрат — нуқли базм,
Етти қассоми азалнинг хизмати танъимидин.

* * *

Қатраям ночиз, аммо зоти қулзум Турдиман,
Келтуран амвожға баҳри талотум Турдиман,

Қирқ, Юз, Минг ақраболар этдилар мандин нуфур,
Не бало, бахти қарою толии шум Турдиман.

Риштадек минг печу тоб чашми сўзондин утар,
Бовужуди эътибори чашми мардум Турдиман.

* * *

Туркона хиром айлади ул шўхи дилоро,
Дил мулкини бир гўшаи чашм айлади яғмо.

Туфроғда жон битса раводур, на ажаб гул,
Чўх сарви сиҳи этди ниҳон кўзлари шаҳло.

Ҳар қанда ғами дўсти дилпорани истар,
То субҳ, яқо йиртмади меҳр ўлмади пайдо.

* * *

Ўзбак* ўғли ўқуса тафсир ила мишкотни,
Рўз савму шаб қиём афзун этиб тоотни.

Етса торожи ҳаводис, жамъ ўлуб авбоша дер:
«Саҳмгин солиб сурон ур, молин олғил сортни».

Бир пиёда кўрса шатранжи бисоти даҳрда
Зулму жавр айлар мухайё, соз этиб лучмотни.

Дер: «Қачон ўз шавқим ила муътакиф масжиддаман,
Илтизом эттим бу иш ночор йўқдин отни».

________________
* Шоир бу термин остида кўчманчи ҳарбий — феодалларни назарда тутади,

* * *

Мусулмон билма асло ҳеч мазҳаб йўлида ўзбак,
Буларнинг куфриға бил-иттифоқи жумла йўқдур шак.

Не мазҳаб, қайеи дин ўз мулкин ўзи хароб этгай?
Эрурлар муфсидул-арз аз азал бу фирқаи бадрак.

Атолур ҳожи кофир Макка бориб ҳаж қилиб келса,
К-и ҳаргиз ўзга бўлмас ҳақ йўлин юрган билаи эшшак.

Кўруб зоҳирда они шайху сўфи эътиқод этма,
Кириб масжидга чиқмак бирла қуймас гўнг емакни сак.

ОТ ВА ИНЪОМНИНГ КЕЧИКИШИ ҲАҚИДА

Аё мири валиниамийи кироми от инъоми,
Юзини кўрмага ҳасратда бўлдум эшитиб номи.

Не ёлғуз от эди уммид юз инъом, иҳсондин,
Ки нобуда хаёли шаҳдға ширин эдиб коми.

Не гардига етишдим, не боқиб кўрдим қаросини,
Саманди умрдин, боди нафасдин тез экан гоми.

Била олмон бу дулдул рахши Рустам ё паризоди,
Ки одам ўғлига ром ўлмаган, не ерда ороми?

Шарофат адлу иҳсон, бовужуди касрати куфри,
Қолиб Нўширвон Ҳотамнинг оламда неку номи.

Ҳазора қалъасинда жамъи хосу ом аросида,
Забони пурдурар борингдин эшитдим бу пайғоми.

Ўшал тарихдин ўн ой ўтуб йилга қадам қўйди.
Ки не оғозини билдим яқин, маълум анжоми.

Мени(нг) озода бошимни гирифтори тамаъ қилдинг,
Мудомат бермас ўлсанг нега бердинг ваъдаи хоми?

Неча елдим, югурдум бўлмади хосияти маълум,
Қуруқ овозаи инъоми маҳзу от бадноми.

МУХАММАСЛАР

Ёд мандин ким берур: яхши замонлар кўрдиман,
Ринд сархайлию хуш айши дамодам сурдиман,
Ҳалқаи ушшоқда базму мажолис қурдиман,
Мушти хокам давру давронлар(ни лекин) кўрдиман,
Хуш димоғ этган майи софи ҳарифлар дурдиман.

Қилмадим шукронаи, солдурди туфроқ ошима,
Қолмади жуз дарду ғам ҳамдам, мусоҳиб қошима,
Хақ ўзи раҳм айлағай оҳи саҳар кўз ёшима,
Тафриқа тошини ёғдурди замона бошима,
Хонумон овора селоби ҳаводис сурдиман.

Нозили ҳукми қазо ҳеч ким раду манъ этмади,
Барча бўйнига солан бу риштайи қатъ этмади,
Адли ҳоле топмадим бошдин бало дафъ этмади,
Кулфати ғурбатни турлук суннати рафъ этмади,
Хору беқадрамки мундин отиниб, жабрандиман.

Воқифе йўқ, бу мусофирлиғда мандин не ўтар.
Баски юз кўйи била рўзи келиб, рўзи кетар,
Узмағай мундин балою бўлмагай мундин батар,
Ақраболар суҳбатимдин ор этар, қошин чатар,
Салб дилларда, назарларда кариҳ сиприндиман.

Яхши вақтлар ёд этиб (ундин кетиб, мундин қолиб),
Ҳарза тифли ашкдек айни назарлардин солиб,
Носара дирҳам сифатлиқ рад қилиб, қўлга олиб,
Даста фарсуда, юзи қайтиб, оёқларда қолиб,
Кўҳна тиғи таҳ-батаҳ ғам занги тутғон кундиман.

Оҳ бу умри кироми сарфи ғафлат айладим,
Ғуссаи беҳуда асбоби надомат айладим,
Билмадим ўз айбими халққа мазаммат айладим,
Шукр шаҳдин билмадим, куфрони неъмат айладим,
Заҳми ниши рўзгор аҳлини талху тундиман.

Ҳукм жори, сўз қабули, бир дури даргўш эдим,
Аҳли давлатлар билан ёру ҳариф, ҳамдўш эдим,
Ҳой-ҳойи базмларда шаҳд нўшо-нуш эдим,
Хуш замонлар Юз қазони бошида саржуш эдим,
Бу замон явғон қозон остида қолғон юндиман.

Чархи дун қилди манга жавру жафолар беҳисоб,
Гардиши даврон берур ҳар лаҳза юз минг печутоб,
Ҳар сори елдим-югурдим сув сониб мавжи сароб.
Ташна лаб, гарди кудурат зери пойинда хароб,
Баҳри давлатдин йироқ гардан шикаста мўндиман.

Касрати йўқлуқ, тамаъ кеттирди қадру қийматим,
Юз сариғлиқ ерга урди обрўю иззатим,
Ғайрдин изҳори матлаб айлади дун фитратим,
Ақл зойил, умр кам, беш ўлди, дарду меҳнатим,
Давлат урган пушти пою, бахти (қаро суприндиман).

Ман кимам, гумному нокому жаҳон овораи,
Дийда намноку гирибон чоку бағри пораи,
Ноқабули марҳами, носур битмас ёраи,
Бекаси, мушти хаси, бир бандаи бечораи,
Собирам, рози қазо, тийри балоға кўндиман.

Хешман, дарвиш мискин, мустаҳиқ девонадин,
Баҳраманд эт илтифоту ҳиммати мардонадин,
Сан туруб лойиқмидур, қилмоқ, тамаъ бегонадин,
Қиблагоҳо, мандин икроҳ этма ер майхонадин,
Жуш пур хум соф майсан, ман ғубору дурдиман.

Юз фарозидин озиб, тушдум нишиби қирққа,
Хавфу бийму ваҳм аросинда қариби қирққа,
Дона деб побаст ўлуб, доми фириби қирққа,
Вой, юз минг вой, юз бўлдим фириби қирққа,
Ҳокими Диззах мутиу пайрави журқундиман.

* * *

Даври умримда бало боғлаб, қазо пайваста саф,
Собирам, рози русуми пайрави аҳли салаф,
Шокирам, кониъ дами йўқлуқ такаллуф бартараф,
Келди ийд, обилаи ғам жинси ҳозир нақд каф,
Кулбаи эҳзонима сўзи жигардин бўйи таф.

Рўзи аввал дарду ғамдин хилқати обу гилим,
Пора-пора бағриму қондин яротилғон дилим,
Роҳи селоби ҳаводисга мақомим, манзилим,
Ҳеч йўқ ғайри пушаймонлиқдин ўзга ҳосилим,
Умрни ғафлатда этган, моли ғоратға талаф.

Рахнаи девори тандин умр рахшин сакратиб,
Тезрави боди нафасдин гоҳи кўз юмдум ўтуб,
Ғарқ ўлдум домани беҳосили соҳил бўлуб,
Қатраи найсони селоби сиришкимдин ютуб,
Айладим қути кўнгул баҳринда монанди садаф.

Не оёқ, не бошиға етдим, саропо истадим,
Қолдим икки йўлнинг ўртасида ҳамро истадим,
Базм бир саргарм ҳой-ҳойи урдо истадим,
Ҳалқаи доираи ушшоқда жо истадим,
Айдилар: қаддингни чанг эт, пўсти жисмингни даф.

Реша-реша пой истидлолдиндур доманим,
Оҳ бетаъсир фарёду фиғоним, шеваним,
Касрати заъф этди жисми нотавон парвизаним,
Ун-ун ўлди устухон, ҳеч ерда етишмас уним,
Тиғи оҳимдин лаби хоҳишгарим ўлди асаф.

Оҳ бу ҳасрат асоси кўҳна кохи бесукун,
Водийи дорул-ғуруру маскани макру фусун,
Ҳеч билдингму на элтдилар келиб сандин бурун,
Қўймағил омодаи тонглоға, сарф этгил букун,
Молу дунёдур насиби ворису ёким талаф.

* * *

Жойи осойиш эмас ҳеч кима бу қўҳна равоқ
Ёғдирур бошимиза санги жафо, гарди фироқ
Йўқолиб расми вафо бўлди ҳама бошу оёқ
Мулкдин адлу карам кетди келиб кийну нифоқ
Яхшилиқ қилма тамаъ зулм ила тўлди офоқ.

Фитнаи шўр ҳама руоъила маскун тутди
Хўблар маснадини сифла билан дун тутди.
Таҳбатаҳ кўнглуми бу фикр била хун тутти
Жойи шоҳбозлари қарғау қузғун тутти
Ҳамнишин ўлғали шунқор ила доим япалоқ.

Шоҳ ҳамбазм ўлуб ҳожасаролар била ёр
Ҳукми бир акс суруб бўлди ёмонлар сардор
Хор ўлуб олиму ринду фузало бирла кибор
Кўрингиз юртни иши топти на ерларга қарор
Хон жилавини ики ум валадга бериб бўлди иноқ.

Ихтиёрин барининг қавлиға байдат олғай
Ҳар бири айш ила қонун танаъум чолғай
Мулкни нийку бади маслаҳатининг қилғай
Одами зодалари қадрини қайдан билғай
Бари нокас бариси ходими идрис тўқмоқ.

Фуқаро бошиға етди бу ақлсиз шумлар
Ҳамдами шоҳ бўлуб аҳли таҳаккум бумлар
Қани бир эр чиқиб айласа маъдум ҳумлар
Юртни бошини чайнаб еди бу бедумлар
Солса бу аҳмақ гуҳхўрлари бўйнига тузоқ.

Шохлиқ улдур они ҳукму сўзи бир керак
Адл бобими қуруб рост нишон тийр керак
Рострав, дини дуруст пешаси тадбир керак
Не муҳаннас сифату суврати тағйир керак
Суврати марду хотундек ясатиб қошу қабоқ.

На адолат бор ул шоҳда ўлғай лўли зой
Ҳамдами бойлоқу кенгаш бегиси ҳожасарой
Мардлиғ йўқтур ангаким қарасанг сар топой
Шоҳнинг хизматин этиб тузадур сиккизи ой
Тошканд мулкида олғор ётар очу қашоқ.

Қани бир хисрави одилки, анга дод этсам
Сўрса аҳволни ғам хирманининг бод этсам
Доми меҳнаткададин кўнглими озод этсам
Бу бузулған дили вайронами обод этсам
Айласам бўси адаб шоҳа куюб қайди оёқ.

Эй юзи қора, кўзи кўр, қулоғи кар беглар
Билингиз бу сўзими панди саросар, беглар
Айлангиз пайрави шаръи паямбар, беглар
Сизга даркор бу юрт, эй гала занглар, беглар
Бу қадим нақл эрур: эл работу тўра қўноқ.

Едингиз барчангиз итдек фуқаронинг этини
Ғасб ила молин олиб қўймадингизлар битини
Қамчилар доғи солиб бўйнига, тилиб бетини
Ёрдингиз заҳрасини ичидин олиб ўтини
Бўлмади бу кам раъийят бошидин ҳеч таёқ.

Етмадим ҳеч бира бу қофия паймолиғдин
Дод, юз дод ғариблиғ, ғами танҳолиғдин
Кўрмадим манфаате беҳуда савдолиғдин
Йўқ сўққа бошимдин ўзга манга дунёлиғдин
Кош, ул ғари занлар солса қуруқ сўзга қулоқ.

* * *

Тор кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг.
Бирни қипчоқу хитоу, бирни юз, найман деманг,
Қирқу юз, минг сон бўлиб бир жон ойинлик қилинг.