Шоҳ Ғариб Мирзо (тахаллуси Ғарибий) (15-аср 2-ярми, Ҳирот) — шоир, темурий шаҳзодалардан бири. Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Замондошлари томонидан ўз даврининг нодир истеъдодли шоири сифатида эътироф этилган. Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонида Шоҳ Ғариб Мирзога алоҳида боб ажратиб, унга кўпгина яхши насиҳатлар қилган. Кейинчалик вафот этганда ҳам, унинг вафотига улуғ шоир марсия бағишлаган.
Шоҳ Ғариб Мирзо ўзбек ва форс тилларида ижод қилган. Унинг форсча ва ўзбекча шеърларидан иборат девонининг қўлёзма нусхаси Гамбург миллий кутубхонасида сақланади (инв. №15). Унда Шоҳ Ғариб Мирзонинг форсча 37 ғазал, 1 қитъа ва 1 мухаммаси (умумий ҳажми 557 мисра) ва ўзбекча 76 ғазал ва 4 мухаммаси (умумий ҳажми 1210 мисра) ўрин олган.
Унинг лирик шеърларида ишқ, васл, ҳижрон, соғинч, вафо, жафо, садоқат, май ва булардан ҳосил бўладиган кайфиятлар, яъни қувонч, қайғу, саодат, ҳасрат, маъшуқанинг гўзаллигини таърифлаш каби мавзулар етакчи ўринни эгаллайди. У ғазалнавис бўлиб, унинг ижодида 5 мухаммас ва 1 қитъадан ташқари, барча асари ғазал жанрида ёзилган.
Ижодида бадиийлик, янгилик, ўзига хослик кучли. Ўзбекча ва форсча шеърлари ниҳоятда равон тил, гўзал услубда яратилган. Ғазалларида мавзу ва ҳолатни сақлашга уринган. Шеърларида халқнинг, хусусан, Ҳирот аҳолисининг урф-одатлари, анъаналари, тушунчалари, кийинишлари, турмуш тарзи, ҳатто спорт ўйинлари ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, халқ оғзаки ижоди ҳам унинг шеърларига, ижодига муайян таъсир ўтказган.
Ижодига форс ва ўзбек шеъриятининг мумтоз намояндалари, айниқса, Ҳусайний, Навоий ва Жомийнинг таъсири сезиларли. Шеър мусиқийлигини ошириш учун мусиқали сўзларни танлаш, сўзларни такрорлаш, бир жойдан чиқадиган ундош ҳарфларни ёнмаён келтириш, ҳар байт ё ҳар мисрани бир сўз билан бошлаш каби усуллардан фойдаланган. (Шафиқа Ёрқин, Отабек Жўрабоев)