Сайқалий (1730-1798)

Сайқалий, Ҳисорий, Собирий (тахаллуслари; исми Собир) (1730— Ҳисор — 1798) — шоир. «Қиссаи Иброҳим», «Рангномаи имом Муҳаммад Ҳанафия», «Аҳтамнома», «Равзат ушшуҳадо» каби диний-дидактик асарлари бор. Уларда Шарқда машҳур айрим сюжетлар қисқа баён этилган.

Ғазал, мухаммас, мусаддас, мусамман ва маснавийларида замонасидан, ҳақсизлик ва қашшоқликдан шикоят қилган, инсонни, унинг севгисини улуғлаган. Сайқалий ижодида ишқий-саргузашт мазмундаги «Баҳром ва Гуландом» достони алоҳида аҳамиятга эга. Асар маснавий ва лирик жанрларда аралаштириб ёзилган. Кириш қисмида 20 дан ортиқ ишқий сюжетларни санайди. Унинг асарида халқ оғзаки ижодидаги Баҳром образи асосий қаҳрамон қилиб олинган. Рум шаҳзодаси Баҳромнинг Чин маликаси Гуландомга ошиқ бўлиши ва уларнинг саргузаштлари асарнинг асосий сюжетини ташкил этади. Асарда мардлик, ватанпарварлик, садоқат, мақсадга интилишда собитқадамлик каби олижаноб инсоний фазилатлар тараннум этилган.

Сайқалий асарлари Марказий Осиё, Қозоғистон, Татаристон ва бошқа жойларда кенг тарқалган, бир неча бор нашр этилган. Қўлёзма нусхалари Санкт-Петербург, Тошкент, Ашхобод, Душанба, Самарқанд каби шаҳарлардаги қўлёзмалар фондларида сақланади.

«БАҲРОМ ВА ГУЛАНДОМ» ДОСТОНИДАН

Бор эрди подшоҳи кишвари Рум,
Ажаб оқилу доно, хуш такаллум.

Кўп эрди молу ашёси жаҳонда,
Хазойинлар қўюб эрди ниҳонда.

Бериб эрди анга иззат худованд
Ғаройиб жоҳу нусрат, ғайри фарзанд.

Агарчи дунёлиғдин эрди беғам,
Тиларди тангридин фарзанд дамодам.

Фақирларға қилурди хайру эҳсон,
Қилиб фарзанд учун жонини қурбон.

Бу орзу бирла ёши қирқға етди,
Бил-охир тангрим анга раҳм этди.

Ато қилди анга бир олий фарзанд,
Кўруб фарзандини шоҳ бўлди хурсанд.

Суюнгандин қилиб тўю тамошо,
Тасаддуқ айлади кўп молу ашё.

Қилиб аркони давлатларга инъом,
Ки қўйди ўғлини отини Баҳром.

Қилурди жону дилдин парваришлар,
Тасаддуқ айлабон олтин кумушлар.

Мунингдек ўғли олти ёшга етди
Ўқутғоли ани муллоға элтди.

Ўқур эрди бориб мактабға ул ёш,
Ўзи ёш эрди, аммо қилмиши бош.

Ўқубон олти йил ул бўлди мулло,
Хати хўб, табъи аъло этди пайдо.

Ўн икки ёшоғон сўнг ул муориз,
Сипоҳилик равишин этди ангиз.

Чиқарди сўйи саҳро гоҳ-гоҳи,
Олиб арқосидин хайлу сипоҳи.

Ўтуруб тийр андозлиқ қилурди,
Гаҳи ўйнаб қиличбозлик қилурди.

Гаҳи тева миниб чопарди ҳар сў
Ажаб ишлар қилурди ул неку рў.

Кўрунган ҳар ҳунарга кўз солурди,
Учар қуш нақшидин улгу олурди.

Ҳунардин ончинон бўлди бағоят,
Кетиб донги вилоят бо вилоят.

Бу кайфиятда ўн саккиз яшади,
Алам кўрмай бағайр азрўйи шоди.

Ажаб эр чиқди ул нодири даврон,
Забардасти замон бўлди батуғён.

Мубриз марди майдони диловар,
Жамоли шамси анвардин мунаввар.

Кўрар кўзга ажойиб нозанин ул,
Ки бир озодаи рўйи замин ул.

Ки хулқи хўй монанди малакдур,
Масиҳо сўзлари зери фалакдур.

Дер эрди кўрса ҳар ким хуш жамоли,
Юзига тегмасун қаттиқ шамоли.

Онингдек ўғлиға ул шоҳи кишвар,
Тасаддуқлар қилурди лаълу гавҳар.

Ҳамиша жону дил бирла севарди,
Юзин бо иштиҳо кўрса тўярди.

Шукр беҳад қилурди бир худоға,
Худо еткурди они муддаоға.

Юрурди шоҳ хурраму фориғ аз ғам,
Нега ул ғам есун ҳақ берди ҳамдам.

Ки давлат бирла бир кун шоҳи кишвар
Амирларнинг барин йиғдурди яксар.

Қуруб суҳбат ўтурдилар амирлар —
Ҳама соҳиб сухан, равшан замирлар.

Ўтуруб тахти давлат бирла кишвар,
Сочиб ўғли бошиға дурру гавҳар.

Миёни дўсту душман хос ила ом,
Қилур бўлди ўзин ўғлиға инъом.

Турурди шоҳнинг олдида Баҳром,
Адабдин қўлларин айлаб алиф-лом.

Тафарружда эдилар мардуми шаҳр,
Олурдилар руҳи Баҳромдин баҳр.

Шаҳи кишвар қувониб анда бисёр,
Улуғлигин қилиб оламға изҳор.

Азиз ўғлини ул шоҳи хирадманд,
Мулойим сўз билан берди неча панд.

Деди: «Эй нуриайним, тожи барсар,
Аё жондин зиёда тоза гавҳар!

Худо қилди сени мансабга лойиқ,
Эшит мендин равиши подшолиқ.

Адолат қил, раиятпарвар ўлғил,
Ки то халқи жаҳонга сарвар ўлғил.

Ки мискинларни арзин онглағил боз,
Асирларни яна айла сарафроз.

Тараҳҳум қил етимлар ҳолиға сан,
Амал қил яхшилар афъолиға сан.

Мурувват бирла бахшишни шиор эт,
Ҳамиша яхшилиқни ихтиёр эт.

Ки тадбир ақл бирла айлағил кор,
Буларни бил бўлур ҳар ерда даркор.

Қабул айлаб барини шоҳзода,
Тавозуълар қилиб ҳаддин зиёда.

Ки ҳурмат шартини бажо кетурди,
Отасиға ибо бирлан гапурди.

Деди: «Эй шаҳриёри номдори,
Азиз жоним қадам хокинг нисори.

Ҳаётинг борича сен шоҳ бўлғил,
Улу ҳиммат Фаридун жоҳ бўлғил!

Ки гул гашти, чаман фасли баҳори
Бўлубтур рўйи саҳро лолазори.

Ки акнун давлатингдин бўлса рухсат,
Чиқиб сайру шикор этсам бу фурсат.»

Келиб шоҳ завқи шоҳзода сўзиға,
Муҳаббатлар била боқти юзига.

Деди: «Эй рўзгоримнинг чироғи,
Сипоҳ анжом олиб олғил яроғи.

Ҳавас қилсанг, бориб қилғил шикори,
Муборак хотиринг кетгай ғубори!»

Бўлуб хуррам бу сўздин анда Баҳром,
Йиғибон лашкарин айлаб саранжом.

Равон чиқиб юруди сўйи саҳро,
Қилиб мажмуи лашкарларни оро.

Қўюб созондалар кўп созларни,
Иликка қўндуруб шаҳбозларни.

Асоси салтанат устида шаҳзод,
Шикор айлади ул сардори сайёд.

Солиб лочин, югуртиб този чандон,
Шикорилар шикор айлади ҳар ён.

Ҳар алвон жону жонвордин тушуруб,
Ҳама лашкар шикор айлади юруб.

Юрурди анда Баҳром бирла кўп эр,
Йўлуқди ул биёбон ичра бир шер.

Кўрарларким ажаб шери башиддат,
Сиёсотлик, салоботлик, баҳайбат.

Деди шаҳзодаким: «Эй паҳлавонлар,
Ўзин манман баҳодирман деганлар,

Бориб олсун бу шерни эмди якка,
Чу кетгай эрлиги тахти фалакка.»

Эшитиб барча лашкар бўлди хомуш,
Қилиб бир нечалар эсин фаромуш.

Бўлуб ҳайрон боқиб турдилар ул дам,
Борурға чиқмади ул шерга одам.

Ки ул ҳолатда Баҳром шоҳзода
Пиёда бўлди ул майдон арода.

Ки Рустам эрлиги ангиз қилди,
Онингдек шерга танҳо хез қилди.

Кўруб шаҳзодани хез этди ул шер,
Қочарни билмади шердин ўшал эр.

Кўтариб шер ул дам икки илгин,
Ўзин шоҳ устига ташлади ул ҳин.

Ки шоҳ ҳам бўлди шердин рад берибон,
Ўтуб кетди ололмай шери ғаррон.

Югуруб кейнидин шаҳзода ул дам
Солиб қўл қуйруғидин тутди маҳкам.

Кўтариб зўр этиб ким ердин они
Они Рустам киби соҳибқирони.

Ўгуруб бошидин бир неча навбат,
Ки тўлғаб ерга урди босиёсат.

Ки шоҳнинг зарбидин шер устихони
Бўлубон майда-майда чиқти жони.

Бу зўрлиғни кўруб мажмуи лашкар
Дедилар: «Офарин оллоҳу акбар!»

Мунингдек эрни ҳеч ким ёд билмас,
Агар Рустам эса бу ишни қилмас.

Илоҳи сен ўзинг айла иноят,
Ёмон кўздин муни қилғил еаломат.

Баси отланиб ул Баҳроми сарвар,
Дуо қилдилар ул дам барча лашкар.

Буюрдиким: «Бу шерни ортингизлар,
Ки элтиб шоҳга пешкаш тортингизлар»

Ўшал дам анда неча паҳлавони,
У шерни ортибон бўлди равони.

Ки шоҳни олдиға элттилар алъон,
Кўрубон шоҳ қолди анда ҳайрон.

Яна ҳар ким кўруб ул шер сиёқин,
Дедилар: «Офарин бу ишга таҳсин».

Бу ишга шоҳи кишвар кўп севинди,
Ишониб ўғлига ҳам кавни тўлди.


БАЙТЛАР

Ўз диёримда мени ҳоли маконим бор эди,
Ақраб қавми қобил меҳрибоним бор эди.
Бир неча фарзандларим — ширинзабоним бор эди,
Ўз қўлимда ихтиёру ҳам имконим бор эди,
Давр жаври бирла кўрки, кетди илгимдин имон.

* * *

Ки ақл, тадбир била айлагил кор,
Буларни бил, бўлур ҳар вақтда даркор.

* * *

Кел эмди, Собиро, азми сафар қил,
Неча кун сайр тоғу баҳру бар қил.
Ватаннинг кулфатин токай чекарсан,
Ютарсан тобакай хуни жигар сан.

* * *

Йигитлик мавсуми, даврон ғанимат.

* * *

Гадони шоҳ қилур, шоҳни гадо ишқ.

* * *

Ҳазар қил, кўп жафо қилма, эй ҳур,
Ки ошиқ аҳлининг оҳи ёмондур.
Кечасиз рўз бўлмас, шодсиз ғам,
Равиши даҳр илан бу ҳола одам.

* * *

Ҳалимликни қилсанг агар ихтиёр,
Бўлур халқи олам сенга дўст-ёр.
Бўлур мевали шрхнинг боши паст,
Ҳалим ўлғуси оқилу ҳушёр.

* * *

Ажаб тўти такаллум хушсуханлар,
Аларнинг шонида кел эй суханвар.

* * *

Мурувват бирла жонни нисор эт,
Ҳамиша яхшиликни шиор эт.

* * *

Бўлсанг оламда фасоҳат аҳлининг сардафтари,
Ҳар сўзунг бўлса балоғат қулзумининг гавҳари.

* * *

Тутиб соҳибсуханлар, эй халойиқ,
Сўз айтур ҳар ким ўз ҳолига лойиқ.