Равнақ (1725-1805)

Паҳлавонқули Равнақ (1725—Хоразм — 1805) — шоир. Хивадаги Шерғозихон мадрасасида ўқиган. Дастлаб Хива хони Абулғози Соний (1742—47) ни мақтаб шеърлар ёзган.

1768 йилда тахтга ўтирган Ғойибхон таъқибидан қочиб, бир неча йил сарсон-саргардонликда юрган. Сўнг Хива мадрасаларидан бирининг ҳужрасида фақирликда ҳаёт кечирган.

Ўзбек, форс ва араб тилларида, асосан, лирик жанрларда ижод қилган. Ягона қўлёзма девони бизгача етиб келган. У 286 шеър — 5251 мисра: 258 ғазал, 22 мухаммас, 5 қасида ва 1 мустазоддан иборат. Шеърларининг асосий мавзуи инсонга ва ижтимоий ҳаётга муносабат масалаларидир. Равнақ ғазал жанрини тематик жиҳатдан бойитган. Ғазалларида инсоний ишқ-муҳаббатни, табиат ва ҳаёт гўзалликларини мадҳ этиш билан бирга давр ва тақдирдан, замона носозликларидан шикоят қилган. Навоий (14 та), Фузулий (3 та), Машраб, Хуррамий ва бошқанинг ғазалларига мухаммаслар боғлаган.

Равнақ қасидалари анъанавий услубдан фарқ қилиб, муайян шахс ёки воқеага эмас, шоир яшаб турган ижтимоий ҳаётга бағишланган, уларда амалдорлар инсофга чақирилган («Мунча жавринг дегил…» ва б.). Равнақ шеърлари ғоявий ва бадиий жиҳатдан қимматли.

«Девони Равнақ» номли қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №922).

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Суртуб юзуми тун кеча дилдор эшигида,
То субҳ умидим эди дийдор эшигида.

Кўрмак тилабон орази хуршид мисолин,
Бор эрди кўзум тонггача бедор эшигида.

Ногаҳ юзи шаъшааси жонға солиб ўт,
Кул қилди вужудимни баякбор эшигида.

Гар кўрса жамолин бўлур эрди маҳи Канъон
Жон нақдин этиб сарф харидор эшигида.

Ҳар субҳ недин ерға қўяр чеҳраи заррин,
Хуршид агар бўлмаса бемор эшигида.

Ғам шоми ул ой кўйида гардунға чекиб оҳ,
Кўз ёшим эрур кавкаби сайёр эшигида…

Савдозадалар ноласидин кунда бўлур гарм,
Юз-юз қиёмат каби бозор эшигида.

Не хизматинга ким юз йил агар турса уруб бош,
Шаҳларға қачон бўлғусидур бор эшигида.

Дардоки қилур ул бути Чин ноз уза юз ноз,
Ҳарчанд ниёз айласам изҳор эшигида.

Равнақ ҳарами кўйиға етканга эрур фарз,
Гар Каъба тавофи кўринур ор эшигида.

* * *

На бир қосидки еткурса саломим жона жонимға,
На бир маҳрамки, арз этса саломим дилситонимға.

Хироми қомати ҳар дам қиёмат ошкор айлар,
Нечук ташбиҳ этай шамшодни сарви равонимға.

Десангким ҳажр аро жону дилим бору йўқин айлай,
Юзунг оинасини рўбарў тут имтиҳонимға.

Жамолинг бир кўруб, жон бермагимга бермайин фурсат,
Чекиб тийғи тағофил қолма, эй жаллод, қонимға.

Фиғонким, лаъли хандонинг кўзумдин бўлғали пинҳон,
Жаҳон ғарқ ўлди сели ашки чашми хунфишонимға.

Бир ўтдур манда, ваҳким, учқунидин кул бўлур олам,
Кетурмай тоғ тоқат сўзиши доғи ниҳонимға.

Эмас ранги ҳино ул шўхи қотил илгида, Равнақ,
Қўли қон бўлди, шамшири жафо чекканда жонимға,

* * *

Бу кун бир дилрабо кўрдумки сочи ол янгоғ узра,
Анга менгзарки сунбул чирмашибдур гулға боғ узра.

Чиқиб юз ноз ила серпиб ниқобин лолагун юздин,
Ул ой сийнамда ҳарён доғларни қўйди доғ узра.

Лабиким кўнглуму кўз мардумин ҳам баҳраманд этти,
Муанбар холким жон нуқтаси янглиғ дудоғ узра.

Кавокиблар дурур ҳусн осмони буржида ёхуд
Тузилмиш дона-дона инжулар сиймин сақоғ узра.

Сочинг васли муяссар бўлмағондин, эй пари, гўё,
Эмас тишларға юз ғам ниш сончилмиш тароғ узра.

Юзинг шамъи латофатдур фурўзон кун чароғидин,
Эрур олтун утоғанг шўълалиғдур ул чароғ узра.

Жунун саҳросида саргашта жонлар бўйнуға, Равнақ,
Эрур занжири заррин силсила бодом қабоғ узра.

* * *

Ёндим севарим, хоҳ инон, хох инонма.
Куйди жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Дарёи ғами ишқинга мустағрақ ўлубман,
Олий гуҳарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Хоки сари кўйинг аро бўлдум санга помол,
Эй тожи сарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Ишқингда жунуним эрур ул навъки, ўздин
Йўқтур хабарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Жон риштасиға солди гиреҳ фикри миёнинг,
Нозик камарим, хоҳи инон, хоҳ инонма.

Лаълинг ғамидин ғунча каби кўнглум эрур қон,
Гулбарги тарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Жондин гузарим бор, вале лаъли лабингдин
Йўқтур гузарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Ҳарён чамани сийнада юз лола очибдур,
Доғи жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Заҳри ғами ҳажринг мени ўлтургани етти,
Эй лаб шакарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Бар бод берур ҳар кеча авроқи саҳарни
Оҳи саҳарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

Равнақ каби ишқингда куюб барқи балодин,
Йўқтур асарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

* * *

Эй малак сиймоки, олам халқидур ҳайрон санго,
Аҳли инсондур демак оламда не имкон санго.

Хўбрўлар ҳусн мулкида гадойингдур сенинг,
Десалар бўлғай раво, хўблар аро султон санго.

Партави нури юзинг этмиш мунаввар олами,
Чун малоҳат авжида дерлар маҳи тобон санго.

Қил нигаҳ, тангри учун, бир лаҳза ҳоли зорима,
Муддатедур бўлмишам мен зору саргардон санго.

Истабон васлинг саҳарлар нолаю фарёд этиб,
Булбули зорам мен, эй шўх гул, ҳайрон санго.

Кўрмадим ҳаргиз бу гулшанда сенингдек нозанин,
Қилса бўлғай, эй пари, ҳардам фидо юз жон санго.

Ишқ аро Равнақ Масиҳ анфоси топмас дардинги,
Лаъли руҳ афзосининг анфосидур дармон санго.

* * *

Жилва қилиб ноз ила ул санами комёб,
Жону кўнгул хайлиға солди яна изтироб.

Чиқти ҳарамдин ул ой, шўри қиёмат солиб,
Эмди нечук бўлмағай, кишвари олам хароб.

Кўргач они, во, бу не, шўриши ғавғо эди,
Нолаи ушшоқдин топти жаҳон инқилоб.

Чеҳра очиб ул пари пардаи гулфомдин,
Зери шафақдин магар бўлди аён офтоб.

Жону кўнгул зоридур, ошиқи дийдоридур,
Зулф ила рухсоридур — тийра шабу моҳтоб.

Лола рухи сиймбар, кўзлари бодоми тар,
Қатлима ҳардам чекар ханжари нозу итоб.

Зулфида хамдин гажак, белига сончиб этак.
Қатлима чизғаб билак, қонима айлаб шитоб.

Ғорати иймон этиб, даҳрни вайрон этиб,
Ноз ила жавлон этиб, гул юзи ғарқи гулоб.

Жонни мен онсиз нетай ё бошим олиб кетай,
Ё ўлаю ё йитай, мунча недур сўзу тоб.

Кўз йўлидин ҳар саҳар, қон бўлуб оқиб жигар,
Мавж урубон чашмалар, ер юзида ғарқи об.

Зулфи каманди била Равнақ анга мубтало,
Кўнглида юз ибтило, жонида минг печу тоб,

* * *

Ҳарамдин чиқти ул сарви гуландомим хиром айлаб,
Жаҳонни шуълаи рухсоридин ўртаб, тамом айлаб.

Очиб ой оразин гул-гул тамошои жамолидин,
Гулистон айлади ғамгин кўнгулни шодком айлаб.

Намоён этти рухсор узра мушкин донаи холин,
Мусалсал сочлари жон қушлари тубиға дом айлаб.

На кофирдур кўзунгким, аҳли дин қонин ичар ҳардам,
Чекиб тийғи ғазаб бедод этардин қатли ом айлаб.

Эмас кўк домани узра шафақким чашми жаллодинг,
Улус қонин тўкардин они гўё лаълфом айлаб.

Шароби лаълидин ул ой азал субҳида кўнглумни,
Хироми маст қилди, гардиши чашмини жом айлаб.

Эрур мансух ул кундин бери афсонаи Мажнун,
Чу туштум водии ишқ ичра тарки нангу ном айлаб.

Фалак соқийсидин жоми тараб кўз тутмаким, ҳар кун
Қўяр қатлинг юзи заҳри ажалдин талхком айлаб.

Работедур жаҳон, Равнақ, ўтар эл корвон янглиғ,
Мунингдек раҳгузарда бўлмағай турмоқ мақом айлаб.

* * *

Не ниҳоли умр эрур сарви хиромонингча хўб,
Не гули боғи Эрам гулбарги хандонингча хўб.

Не жамолингдек эрур зебо рухи ҳури биҳишт,
Не эрур кавсар зулоли оби ҳайвонингча хўб.

Не дами Исо эрур жонбахш анфосинг каби,
Не қуёшнинг партави рухсори тобонингча хўб.

Не наботу қанд эрур ширин лабинг алфозича,
Не ақиқи нобдур лаъли дурафшонингча хўб.

Қайда бўлғай жилваи товуси гулзори Эрам
Тарзи рафтори қади мастона жавлонингча хўб.

Ғамзанг андоқким тўкар элдинки, жаллоди ажал
Моҳир эрмастур нигоҳи чашми фаттонингча хўб.

Равнақ, ул гул кўйида вақти саҳарлар боғ аро,
Нолаи булбул эмастур оҳи афғонингча хўб.

* * *

Ваъдаи васл бериб айламак эҳмол недур,
Сўнг яна юз ҳийлау макр била ол недур.

Муддаий ҳарне санга деса қабул айлаб они,
Рад қилиб сўзларим, этмак мени бадҳол недур.

Умр ўтуб, ғам била зоеъ мени бебахтға ҳайф,
Билмадим мен ониким толеу иқбол недур.

Билманамким, бу қадар акси муродимға мудом,
Гардиши даври мухолиф фалаки зор недур.

Субҳи айшимни қилиб зулмати нагбат қаро шом
Англамам ҳафта недур, балки маҳу сол недур.

Ичурур даври фалак балки манга ғам заҳарин,
Англамон таъми наботу шакару бол недур.

Кимгаким жонни фидо айладим ихлос била,
Демади лутф ила бир кун санга бу ҳол недур.

Ўзгалар боши етиб кўкка бу даврон аро, лек,
Бахтим этмак мени ғам хайлиға помол недур.

Равнақо, кунжи қаноатдин этиб ўзни фароғ,
Югуриб ит каби қилмоқ талаби мол недур.

* * *

Дунёи дунки кимга дей онинг вафоси бор,
Ҳар дам вафо элиға туман минг жафоси бор.

Ҳар соҳиби камолки, бордур жаҳон аро,
Иззат топарға қайда фалакнинг ризоси бор.

Нодон азизу муҳтараму, лек хордур
Ҳар одамеки дониши табъи расоси бор.

Не деб шикоят айлайин золи чархдин,
Не жаврининг шуморау не интиҳоси бор.

Жуз зоти ламязал самади ҳаййи лоямут,
Ҳар зи вужудким онинг охир фаноси бор.

Хуршид саждагоҳи келиб остони дўст,
Туфроғидин фалак кўзининг тўтиёси бор.

Равнақ, қилурға аҳли вафони жигар кабоб,
Хуршид демагилки, фалак ўтлу тоси бор.

* * *

Ул паривашки қуёшдек гули рухсораси бор,
Ошиқ ўлтурмак учун ғамзаи хунхораси бор.

Сомирийдин ўтуруб сеҳр фусунсозлиғин,
Жодуи маст ики наргиси айёраси бор.

Тиламас марҳам ила они фароҳам қилмоқ,
Кимки ғамзанг қиличидин жигар пораси бор.

Қоматинг бўлса қаю дийдағаким мадди назар,
Қайда бўстони Эрам сарвиға наззораси бор.

Баски ғам тунларида бўлди кўзум ёшидин
Қайда бу навъ фалак ахтари сайёраси бор.

Келса не золи фалак ҳодисасидин, эй дил,
Сабру таслимдин ўзга на онинг чораси бор.

Тийғи ҳижронинг уруб захм дили Равнаққа,
Марҳаме қўйки, онинг бағрида кўп ёраси бор.

* * *

Иноят чоғи бизга дўст истиғнои нозин кўр,
Вале бир неча дунларға они назру ниёзин кўр.

Қўйиб даврида юз бахшойишидин шодлиғ элға,
Ва лекин биз тарафға лашкари ғам туркитозин кўр.

Тўла айлаб дирамдин барча дунлар жайбу домонин,
Қошида бенаволарнинг тиҳи дасти ниёзин кўр.

Бизингдек нотавон ушшоқни кўйиға ёвутмай,
Тақарруб базмиға маҳрам рақиби ҳийласозин кўр.

Азиз айлар арозилни, хор айлар азиз элни,
Сипеҳри сифлапарварнинг бу бир акс имтиёзни кўр.

Не афсунгардурурким элга кўргузмай вафо охир,
Бақосиз даҳри фонийнинг аруси ҳийлабозин кўр.

Фалак давронида Равнақ муроди бўлмайин ҳосил,
Ҳамиша бахти нофаржомдин сўзу гудозин кўр.

* * *

Хўблар жаҳонда сендек соҳибжамол эмастур,
Жаннат гули юзингдек рангину ол эмастур.

Ҳуру пари сенингдек марғуб эмас кўнгулға,
Кавсар суйи лабингға ширин зулол эмастур.

Хуршиду ойға нисбат қилмоқ сени не лойиқ,
Ҳусн ичра чун сангаким онлар мисол эмастур.

Ҳар жилвасида гўё зоҳир бўлур қиёмат,
Тўбий қадингга ўхшаш раъно ниҳол эмастур.

Не офати замонсен, эй нозанин паризод,
Бир кимса йўқ жаҳонда ҳуснинга лол эмастур.

Мастона кўзларингни махмури бўлған элға,.
Лаълинг майидин ўзга дафъи малол эмастур.

Ҳар Лайливашға ошиқ бўлғанлар ул париға,
Мажнун бўлуб менингдек ошуфта ҳол эмастур.

Заҳри фироқ ранжи ишқ ичра чекмаганлар
Шойистаи шифои нўши висол эмастур.

Равнақ чекиб ғамингда гардунға шуълаи оҳ,
Ҳижрон туни кўзига уйқу ҳалол эмастур.

* * *

Не ишвау, не нозу карашма, не адодур,
Билмон бу не жон офати, не ҳур лиқодур.

Не ҳолима бир гўшаи чашмини нигоҳи,
Не дардима жуз лаъли равонбахш даводур.

Лаъли ғамидин гарчи эрур талх димоғим,
Лекин шакари лаблари ранжимға даводур.

Кўрдум юзининг оллида гулни мингидин бир,
Не ҳусни тароват анга, не ранги сафодур.

Зебо кўзу юз кўзга гулистони Эрамдин,
Гулзори жамолин доғи не нашъу намодур.

Қатлим чоғи бармоқлари ул шўхнинг ўлмиш
Қоним била гулгун демаким, ранги ҳинодур.

Гар тишларининг васфини шарҳ этса Аторуд,
Не гавҳари авсофиға ҳадду не баҳодур.

Жонимға ситамдин ёдамай гардиши даврон,
Не шеваи бедоду, не жабру, не жафодур.

Равнақ кўтариб қўлни, малойик дегай омин,
Қошики ижобат чоғи меҳроби дуодур.

* * *

Не жўраи замонада бор эркан эътибор,
Не ошно деганда саботу не устувор.

Не ёру дўст ваъдасида бордурур вафо,
Не пойдор элга муҳаббат не барқарор.

Не ҳолдони анису, не ҳамдарду ҳамдами,
Не бир рафиқи якдила, не ёри ғамгусор.

Мумкин эрур топилмоқи аҳли замонда
Не ошнон содиқу, не ёри дўстдор.

Дей кимга дарди ҳолимиким журми фазл учун,
Помол қилди гардиши бадмеҳри зўркор.

Гар ўтса назм мартабаси тоқи аршдин,
Аҳли суханни хор қилур чархи бемадор.

Билмон не юздин айлади тарки вафоу меҳр,
Бу дўстларки бор эди Равнақға хостдор.

* * *

Бу не толеъ эдиким қилмади имдод ҳануз,
Бўлмади хотиримиз қайғудин озод ҳануз,

Оҳким айламади ҳеч бизинг сори нигоҳ,
Шоҳиди давлат ила бахти худодод ҳануз.

Адам аҳлида, фиғонким, мени ноком каби
Гардиши даври фалак берган эмас ёд ҳануз.

Умр ўтуб, оҳки, бир дам фалаки буқаламун
Шеваи меҳру вафо қилмади ижод ҳануз

Кўр жаҳон даъбиниким, бўлғали бунёд элига
Қила олғунча қилур зулм ила бедод ҳаиуз.

Кимниким бир-икки кун айлади меҳмон ўртар,
Қилмайин ком раво, ушбу ғамобод ҳануз.

Бахти шўрида нелар келтурубон бошимға,
Умр ўтуб толеъ уйи бўлмади обод ҳануз.

Одам авлодиға кўргазмади нақши вафо,
Тоқи айвони фалак бўлғали бунёд ҳануз.

Равнақо, мунча тараддуддин эрур не ҳосил,
Бўлмаса манглайимизнинг ҳарами бод ҳануз.

* * *

Чиқса ноз айлаб ҳарамдин шўхи сийминсоқ қиз,
Вусмалик қошин қилур сарфитнаи офоқ қиз.

Ёрутур эрди кўзум хилват саройин бир кеча,
Кирса эрди қўйнума ул тўлғон ойдек оқ қиз.

Не учун таъзим этар ҳуснига моҳи чоравар,
Гар эмас хуршиддек маҳвашлар ичра тоқ қиз.

Қилмас эрмас марҳамат ҳури паридин илтимос,
Кўз учидин боқса гоҳи кўргузуб ишфоқ қиз.

Бир қошиқ қоним итига айлагай эрдим биҳил,
Бир мени тийғи нигаҳдин истаса чолмоқ қиз.

Анбарин холи қилур жонлар машомин атрсой,
Истаса зуннори зулфин бўйнума тақмоқ қиз.

Коса-коса қон ютай токай хумори ҳажридин,
Жоми васлингда нетар қилсанг думоғим чоғ, қиз

Жонни қурбон айлар эрдим лаҳжаи шириниға,
Келса аҳволим сўрарға шаккарин дудоғ қиз.

Гар малоҳатлик эса ондин кўрунгай кўзга хўб,
Хоҳ бўлсун турку тожик, хоҳ эрур қалмоқ қиз.

Кимдурурким бўлмағай Равнақ онинг ошуфтаси,
Гар кўрунса, кўзга бир маҳбубан офоқ қиз.

* * *

Оҳким, тушгали бу золи фалакка ишимиз,
Дард таскиниға йўқ ҳоли дил айтур кишимиз.

Борҳо элнинг эрур акси муроди анга эш,
Чархи носоз била мумкин эмас созишимиз.

Бу на бедоддурур нолишимиздин, эй чарх,
Эҳтироз этки, мурувватдин эмас ранжишимиз.

Қадримиз, оҳки, дунлардин эмас мингдин бир,
Юз Фалотундин агар бўлса расо донишимиз.

Мунча не ондин эрур бехабар ул золимки,
Оҳи дардона чекиб, кўкка етар нолишимиз.

Ҳазар, эй золим, ўшул оҳи саҳаргоҳдин эт,
Ким ўтар эрди сипардин бу хаданг отишимиз.

Муддаий айламайин дасти ситамдин қўтоҳ,
Токай ул хийрасар ўлғай сабаби коҳишимиз.

Ваҳм эт, хасмки, туфроққа қўйиб рўи ниёз,
Дўст даргоҳиға бош қўймоқ эрур варзишимиз.

Жонимиз қайда фалак қонин ичардин сувуғай,
Ҳар қачон кўрсант ани баски ғажирур тишимиз.

Тинмоқ ўлмас нафасе жавр ила бедодидин,
Қайдин ўлғай бу фалак даврида оройишимиз.

Мунча не солди қаро кунни фалак бошимиза,
Билмадукким не эди, Равнақ, анга қилмишимиз!

* * *

Келдингу кетдинг кўринмай, эй пари пайкар санам,
Кўнглима доғ узра қўйдинг доғ, алам узра алам.

Тут бу кунларни ғанимат, бўлма кўп мағрури ҳусн,
Қилмағил мен нотавонға мунча бедоду ситам.

Гар манга кўйинг муяссар бўлса, эй сарви равон,
Ўлсам этмай орзуи гулшани боғи Эрам.

Гар мени махмурингга тутсанг муҳаббат соғарин,
Истамасман шоҳлиғ, қилмон таманно жоми Жам.

Сарви озод айлагай қаддингға арзи бандалик,
Жилва қилсанг боғ аро андоқки товуси ҳарам.

Деб эмишсен пок домонлиғ мусалламдур манго,
Пок дил аҳли назарға айлагил лутфу карам.

Гарчи ҳар дам ўлтурур Равнақни ҳажринг ғуссаси,
Лаъли жонбахши хаёлингдин топар жон дам-бадам.

* * *

Эврулай бошинга, зебо санамим, дилдорим,
Гулъузорим, севарим, моҳи шакар гуфторим.

Не бўлур, тангри ризоси учун, эй сангин дил,
Гоҳ-гоҳи сўрасанг ҳоли дили беморим.

Васлдур марҳам анга, чекма, табибо, заҳмат,
Топмағунг чораи доги жигари афгорим.

Гул ўзин пора қилиб, булбул ўлур девона,
Боғ аро қўйса қадам шўхи пари рухсорим.

Не тилар жону кўнгул менда таажжуб бири йўқ,
Ғорати ишқидин ар қолғон эмас осорим.

Садафи чашмим аро, қани, кириб тутса мақом,
Ҳусн дарёсида олий гуҳари шаҳворим.

Тиргузур Исою Марям каби ўлганларни
Лаъли жон парваридин сўзлари шаккарборим.

Ғамзадин кўз юмуб очғунча тўкар юз мингдин,
Тийғи бедод чекиб, чиқса кўзи хунхорим.

Субҳидам маст чиқиб товус каби боғ аро,
Жилваи ноз қилур ул қади хуш рафторим.

Бўлғали ғамкадайи ишқ мақомим, Равнақ,
Минг ғамим бор, вале сўрғали йўқ ғамхорим.

* * *

Хуш келибсан буён, паризодим,
Қади сарви равон паризодим.

Кўз ё жон уйидадур жойинг,
Марҳабо, меҳмон паризодим.

Барқ урар даҳр аро жамолингдин,
Нури хуршидсон паризодим.

Тўти янглиғ эрур тилинг гўё,
Сўзи шаккарфишон паризодим.

Дур сочарсен лабинг такаллумдин,
Шўхи ширин забон паризодим.

Ишваи нозинг ўлтурур элни,
Нозанини жаҳон паризодим.

Тушти ҳуснинг садои ғулғуласи
Рум то Исфаҳон, паризодим.

Шуҳратингдур замон саҳифасида
Достон-достон, паризодим.

Булбулим, гул жамолингга шайдо,
Эй юзи бўстон паризодим.

Кўксунг устидаги қўша норинг
Қилди бағримни қон, паризодим.

Кўрмай эл нозанин гўзаллар аро
Сен каби навжавон, паризодим.

Ғамзанг ўқини ўткариб жондин,
Қошларингдур камон, паризодим.

Қилди Равнақни сунбулиға асир
Сочи анбарфишон паризодим.

* * *

Ул ўтлиғ чеҳраким оламға ўт солмиш жамолидин,
Қуёш парвона янглиғ ўртанур рухсори олидин.

Юзи меҳри фалакни зарра янглиғ беқарор айлаб,
Эрур маҳжуб моҳи ийд анинг мушкин ҳилолидин.

Шиҳоб эрмаски айлар майли авжи осмон узра,
Гаҳиким кечалар оҳ урсам ул маҳваш хаёлидин.

Хумори чашми мастиға илож эрмас маи кавсар,
Гар ичмас бодаи лаъли лаби ширин зулолидин…

Лаби қилғач такаллум жон топар ушшоқким, гўё
Бўлур зоҳир Масиҳо муъжизи онинг мақолидин.

Жаҳон аҳли ёниб кул бўлғай, аҳволимға қон йиғлаб,
Десам гар шаммаи маҳзун кўнгул дарду малолидин.

Эмас беҳуда тўбий гулшани фирдавс аро пинҳон,
Ниҳондур эл кўзиға сарви қаддинг инфиолидин.

Недур озурда жон топмоқ кўзининг қатлидин, Равнақ —
Ки, ҳардам тоза руҳе еткурур ширин мақолидин.

* * *

Айлади ёр жаҳондин сафар, афсус-афсус,
Қилди ғам кўнглуми зеру забар, афсус-афсус.

Бўлғали хоки раҳ ул меҳри умидим пинҳон,
Манга шом ўлди бу ғамдин саҳар, афсус-афсус.

Кечалар ёдима тушган сойи ул моҳлиқо,
Нархдин қилди фиғонким: гузар, афсус-афсус.

Водариғоки, ажал боди хазони эсибон,
Гулшани умриға етди зарар, афсус-афсус.

Қилмангиз айбки, ғам даштида мажнун бўлмай,
Эмди найлай мени шўридай (…), афсус-афсус.

Не ўт эрди буки як сон туташиб кул бўлди,
Шўълаи оҳим ила баҳру бар, афсус-афсус.

Ёр юзин тутди оқиб дийдаи гирёнимдан,
Ҳар тараф лужжаи хуни жигар, афсус-афсус.

Анжум эрмас, шаби мотамки чиқиб дуд бмла,
Чирмашур кўкка дамидин шарар, афсус-афсус.

Дод этай кимга қўлингдин фалаки шўъбадабоз,
Зоҳир этдинг манга юз шўру шаръ, афсус-афсус.

Не қилай чора, не айлай мени мотамзада, оҳ,
Гар бу навъ ўлса қазоу қадар, афсус-афсус.

Чун камондори қазо берса ажал ўқиға шаст,
йўқ анга бўлғали монеъ сур (?), афсус-афсус.

Кимки дунё уйидин қилди бақо сори хиром,
Бўлмаса кимсаки ондин хабар, афсус-афсус.

Бемурувватлик эрур бешаи даврони сипеҳр,
Равнақо, қилмасанг ондин ҳазар, афсус-афсус.

* * *

Не ой юзлик, шакар гуфторлиғ зебо санамдур бу,
Қаю зебо санамким, нозанин сар то қадамдур бу.

Юзин кўргач бўлур Мажнун каби шўридау шайдо,
Эрур ҳури биҳиштий ё паризоди Эрамдур бу.

Адоу ноз ила мастона жавлон айлаган чоғда,
Дегил кабки дарий ё улки товуси ҳарамдур бу.

Зиҳи ширин шамойил дилрабои олам ошуби,
Қиёмат жилва, маҳшар ишва, не қоши қаламдур бу.

Мусалсал турраи зулфи гиреҳгирингда билмонким,
Гирифтор айлаган жон қушларини ҳеч ғамдур бу.

Ҳаёти жовидон элга бағишлаб жон фидо лаълинг,
Уларман рашкдин, не ҳасрати дарду аламдур бу.

Манга нўши лаби жонпарварингдин бўлмайин рўзий,
Ютарман лаҳза-лаҳза, ваҳки, не хуноби ғамдур бу.

Десам ширин даҳонинг бирла зебо қошларинг васфин,
Не янглиғ гавҳари шаҳворни дуржи адамдур бу.

Жунун даштида то бўлдум балият мулкини шоҳи,
Бошимда дерлар ўтлуғ оҳни олтун аламдур бу.

Ичиб май қон тўкарга чиқса ул гулгун қабо сархуш,
Дегайсен ғамзасин не ханжари олмосдамдур бу.

Не тил бирла сифат айлай онинг холу хатин, Равнақ,
Ёзилғон сафҳаи оразда не мушкин рақамдур бу.

МУСТАЗОД

Мастона чиқиб қатлима бодом қабоғи,
бебоки ситамгар,
Бир илгида жоми маи гулранг оёғи,
бир илгида ханжар.
Чашми сияҳидин мени маст этса ажаб йўқ
то рўзи қиёмат,
Бир ғамзаси мастона шакаррез дудоғи,
чун бодаи кавсар.
Олам элини кўз юмуб очғунча қилур қатл,
гар тўкмак учун қон,
Жаллод кўзи ғамзасидин чекса пичоғи,
чун кофири Хайбар.
Не нурдурур шуълаи ҳуснингдаки кўрмай
то бўлғали бунёд,
Хуршиди жамолинг каби рахшанда чароғи,
бу гунбази ахзар.
Савдоси сари зулфида бошимга чиқиб дуд,
ёндим тутай эркан,
Ҳижрон ўти сийнамда қўйиб доғ уза доғи,
чун лолаи аҳмар.
Савдозада ғам даштида Мажнун кабидурмен,
овораи шаб-рўз,
Ҳарён қилиб ул шўхи паривашни сўроғи,
пўянда чу сарсар.
Ғам шоми ул ой кўйида Равнақ каби то субҳ,
тош узра уруб бош,
Не айш, не роҳат манга, не хоби фароғи,
не фарш, не бистар.

МУХАММАСЛАР

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Гарчи аъжози Масиҳо лаъли дурпошиндадур,
Юз жаҳон бедодгарлик ғамзаи қошиндадур,
Шўриши рўзи қиёмат кўи авбошиндадур,
Ўн секиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб чун сарви нозим ўн секиз ёшиндадур.

Чиқса гулгун тўн кийиб, мастона ул чобуксувор,
Ошиқ ўлтурмак учун илгида тийғи обдор,
Жилвасидин тонг эмас бўлмоқ қиёмат ошкор,
Деса бўлғайким яна ҳам ўн секкиз йил ҳусии бор,
Ўн секкиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Юз ямоғлиғ тўн кийиб улким гадони кулдурур,
Моҳи Қанъон бебаҳо ҳусниға онинг қулдурур,^
Уйлаким бозори маҳшар кўйида ғулғулдурур,
Ун секиз йил дема, юз сексон йил ўлса ўлдурур,
Ҳусн шоҳи ул балоларким кўзу қошиндадур.

Ул қуёшким кўйида ўзни гадо қилмиш Масиҳ,
Муъжизоти лаълиға жонин фидо қилмиш Масиҳ,
Аҳли дунёдин қочиб азми само қилмиш Масиҳ,
Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Булъажабларким бу эски дайр хуффошиндадур.

Чора айлаб юзға даврон офатидин баҳри ашк,
Оқизур Равнақ ҳаводис кулфатидин баҳри ашк,
Мавж уруб гардунға ҳижрон шиддатидин баҳри ашк,
То Навоий тўкди ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси онинг бошиндадур.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Не ситам гар етса сендин, жонажоним сен менинг,
Бордурур эркинг не қилсанг, ҳукмроним сен менинг,
Хоҳ қаҳр эт, ҳоҳ лутф эт, меҳрибоним сен менинг,
Гар жафо қил, гар вафо ким, дилситоним сен менинг,
Гар мени ўлтур, агар тиргузки, жоним сен менинг.

Хоҳ раҳму илтифот эт, хоҳ эт хуни жигар,
Хоҳ шод эт, хоҳ :ғамгин, йўқ манга сендин гузар,
Хоҳ бўл ғойиб кўзумдин, хоҳ бўл маддий назар,
Хоҳ раъно қад била, борғил ёнимдин жилвагар,
Хоҳ кел қошимғаким, сарви равоним сен менинг.

Жазбаи ишқинг кўнгулға бўлғали илҳоми ғайб,
Йўқтурур девонаи шайдолиғимға шакку райб,
Водии шавқинг аро қилсам жунундин чоки жайб,
Жилва айлаб ҳар замон афғону оҳим қилма айб,
Ҳам сен-ўқ чун боиси оҳи фиғоним сен менинг.

Жон бериб дилдорнинг топмон вафосидин нишон,
Ҳеч ошиқ ёри, ё раб, бўлмасун номеҳрибон,
Дарди ҳижрондин ўларга етмишам мен нотавон,
Лаълидин бир-икки сўз мазкур қил, эй хаста жон,
Бори бу бир-икки дамким меҳмоним сен менинг.

Бўлма ғофил кечалар оҳимдин, эй гул хирмани,
Ким, шафақ эрмас қизил ўтдек фалакни домани,
Хок ўлуб ишқинг йўлида Равнақинг жону тани,
Ўлди меҳрингдин Навоий, бевафо дебсен ани,
Эртаги нозук мизожи, бадгумоним сен менинг.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳодисоти даҳри дундин кўнглинга ғам бўлмасун,
Гар хилофи раъйинг этса чархи торам бўлмасун,
Гулъузорингдин тиҳи гулзори олам бўлмасун,
Бори меҳнатдин ниҳоли қоматинг хам бўлмасун,
Бошимиздан сояи сарви қадинг кам бўлмасун.

То жаҳон айвони бунёд ўлди, эй қоши қалам,
Бўлмамиш мавжуд ҳаргиз сен каби зебо санам,
Кўзга баским нозаниндур суратинг сар то қадам,
Кўрмасам рухсори лаъли чашми ғамзанг дам-бадам
Умр бир он, бир замон, бир лаҳза, бир дам бўлмасун

Субҳидам чиқса гулистон сайриға сончиб этак,
Иштиёқи тийғи нозинг гулга қон айлар юрак,
Кўрмади бир сен каби қотилни даврони фалак,
Сендин офат келдукин билса эди ҳақдин малак,
Илтимос айлардиким дунёу олам бўлмасун.

Оҳким, мунглиғ бошимға тушгали савдои ишқ,
Солди юз шўри қиёмат бошима ғавғои ишқ,
Оламу одам эрур масти маи минои ишқ,
Дер эмиш зоҳидки бўлмоқ айбдур савдои ишқ,
Бу сўзи фош этмасун, расвои олам бўлмасун.

Равнақо, зоҳидлара дийдори жонон ҳайфдур,
Ошиқи комиллара ишқ ичра бўҳтон ҳайфдур,
Кимки бемори муҳаббат бўлса дармон ҳайфдур,
Эй Фузулий, завқи дарди ишқа нуқсон ҳайфдур,
Эҳтиёт эт пунбаи доғингда марҳам бўлмасун.

ҚАСИДА

Мунча жавринг дегил, эй чархи ситамкор, недур,
Ҳар не этмак бу қадар зулм падидор, недур.

Юз туман захм етиб ханжари бедодингдин,
Аҳли дониш жигарин қилмоқинг афгор, недур.

Лаҳза-лаҳза оқизиб хуни жигар кўзларидин,
Қилмоқинг они ики Қулзуми заххор, недур.

Тоқи аълода ёмонларға бериб жойи қарор,
Яхшиларни урасен ерга, бу кирдор недур.

Кимки нодондур этиб они жаҳон ичра азиз,
Кимки донодур, они айламакинг хор, недур.

Кимки жоҳилдур, они лойиқи иқбол кўруб,
Кимки олимдур, они қисмати идбор, недур.

Кимки дун ўлса сурайё уза они чиқариб,
Сарфароз айламакинг они бу миқдор, недур.

Кимки ганжинаи донишда дури нобдурур,
Тахтабанд этмак анга гармии бозор, недур.

Кимгаким кўрсанг агар фазли камолоти шуур,
Фоқаи фақрға қилмоқ они дучор, недур.

Кимки нокасдур ўзин давлата етгач унутиб,
Қайда бидгай ониким дўст недур, ер недур.

Ким бу гулшанда эса сарв каби озода,
Қаро туфроқ уза қилмоқ они ҳамвор, недур.

Кимки хуршид каби бўлса сарафрози жаҳон,
Қилмоқинг они қаро ерга нигунсор, недур.

Кимки миръоти замирида онинг бўлса жило,
Тўкмакинг ойинаи табьиға зангор, недур,

Кимки эгридур ўлуб шаҳлар ўнгунда мажро,
Соҳиби манзалати маҳрами дарбор, недур.

Кимки султондур этиб тожи саририн барбод,
Кимки дарвеш эса бежуббаи дастор, недур.

Кимки дун ўлса этиб муътабари олам они,
Қилмоқ ул сифлани соҳиб зару дийнор, недур,

Мард элин ерга уруб ёр ўласен номарда,
Дегил они мангаким, сенда бу атвор, недур.

Олами дун аро мумтоз этиб ул сифланиким,
Билмайинким ҳадафи гавҳари шаҳвор, недур.

Ким хиёнатгар эрур сўзда узун унга замон,
Хозани гавҳари ганжинаи саркор, недур.

Мунча, эй гардиши даври фалаки шўъбадабоз,
Бўлмоқинг душмани дорандаи новор, недур…

Кимки аблаҳдур, они даҳр этибон зарринпўш,
Комиға дўнмак онинг гунбази даввор, недур.

Кимки меҳр ўлса иши лек онинг подоши,
Тузмак ул ғамзадаға кийнаи пайкор, недур…

Ким сухандондур ўлуб тут анга хуноби жигар,
Билмай эл оники ошомиға меъёр, недур.

Кимки туғди онадин ўйлаки гирдоби бало,
Ғарқ этарга они бу Қулзуми заххор, недур.

Кимки номард эрур бошиға даврони сипеҳр
Абри найсон каби ҳар лаҳза дуру бор, недур.

Осмон бирла замин фарқини дарк этмаган эл,
Тутуб одам ўзини бошида пиндор, недур.

Ваҳ, не бадмеҳр сен эй даҳри дағал, даврингда
Билмадук оники, сайри гули гулзор недур.

Ноқис эл айш суруб, аҳли маишат ғамдин
Ким, камол аҳлидур олам кўзига тор, недур.

Норасоларға бериб сиймни хирман-хирман,
Ким расодур ғами харвор уза харвор, недур.

Кимки дун ҳиммат эса кўкка чекиб они жаҳон,
Жоми хуршид онинг базмида саршор, недур.

Кимки туз бўлса замондин тўла соғар-соғар
Қон ютуб, кулбаи аҳзонда жигархор, недур.

Ким лаим ўлса бўлуб рутбада ангуштнамо,
Молдор аҳлиға ул қофила солор, недур.

Хор этиб ишга ярар элни фалак турфа буким,
Мойили тарбияти мардуми нокор, недур.

Даҳр элин арбададин айлагувчи зеру забар,
Гардиши шўъбадаи ахтари сайёр, недур.

Ким кўкартурса фасоҳат чамани ичра ниҳол,
Ваҳки, қўймоқ они бебаргу бебор, недур.

Кўрмайин соф замир элга раво нўши мурод,
Бағриға урмоқ онинг ништари хунхор, недур.

Соқиё, тут манга бир жомки, айлаб ани нўш,
Билмайинким равиши чархи жафокор, недур.

Ким шарир ўлса салотин қошида қурб топиб,
Лойиқи боргаҳи хаймаи хиргоҳ (?) недур…

Кимки нокасдур ўзин турфаки одам соғиниб,
Нуктагири сухани мардуми ҳушёр, недур.

Билманам не эди журмим манга сендин, эй чарх,
Ранж-ранж узраки, озор уза озор, недур.

Кимки озодадурур, айлаб они зору залил,
Кўрмакинг мунча маломатға сазовор, недур.

Неки тақдирдурур ўзга ёзилмас, Равнақ,
Тавба қил, ёва демакдинки бу гуфтор, недур.