Огаҳий (тахаллуси; тўлиқ исм-шарифи Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809.17.12, Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1874.14.12) — шоир, тарихчи, таржимон. Мироб оиласида туғилган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган. Шарқ классиклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган.
1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон (1825—42) Огаҳийни Муниснинг ўрнига мироб этиб тайинлаган. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи «шакарланг» (шол) бўлиб қолган (1845). 1857 йилдан мироблик вазифасидан истеъфо берган. Умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.
Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти — «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори», 1872) бизгача тўла етиб келган. Девон анъанавий тартибда тузилган, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 мухаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида — жами 18000 мисрадан иборат. Девонга «Ашъори форсий» номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1300 мисра шеъри ҳам киритилган. Девондаги асарлар мазмун-мундарижаси марказида ишқ мавзуи туради.
Огаҳий ижодининг мавзу доираси кенг. Аммо у қайси мавзуга мурожаат қилмасин, ишқни четлаб ўтолмайди. Ишқ унинг қаламида мавзуни ёритишда, ғояни илгари суришда асосий бадиий восита; шеъриятида ишқ — иймон, эътиқод, ватан, заковат тимсоли каби лирик қаҳрамоннинг ўй-кечинмалари, фаолияти, дунёқарашини ҳаракатлантирувчи куч. Огаҳий девонида замон ва замондошлари тасвири ҳам катта ўрин эгаллаган. Шоир ўзи яшаб ижод этган мураккаб даврни маҳорат билан бадиий умумлаштирганда, замон ва унинг аҳлига муносабат билдирганда, баҳо берганда, инсонпарварлик, халқпарварлик нуқтаи назаридан ёндашган.
Огаҳий жанр имкониятларига ижодий ёндашиб, уларни такомиллаштирган: ўзигача бўлган 7—8, 10—12 байтли ғaзал ёзиш тартибини 23 байтгача етказган, мустазод жанрининг қўш орттирма мисрали янги шаклини кашф этган.
Шоир арузнинг жуда кўп баҳрларидан фойдаланган. Унинг ғазаллари «Шашмақом»нинг ҳамма куйларига тушади, Хоразм халқ оҳангларига мос келади.
Огаҳий «Риёз уд-давла» («Салтанат боғлари», 1844), «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи», 1845 — 46), «Жомеъ ул-воқеоти султоний» («Султонлик воқеаларини жамловчи», 1857), «Гулшани давлат» («Давлат гулшани», 1865), «Шоҳиди иқбол» («Иқбол гувоҳи», 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон (1843—46), Муҳаммад Аминхон (1846 — 55), Сайид Муҳаммадхон (1856—64), Муҳаммад Раҳим II (1864—1910) ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.
Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Огаҳийнинг «Қасидаи насиҳат» асари Ферузга бағишланган. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган.
Огаҳий фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳ ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли, камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса, унинг ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради. Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи лозим. У айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқовлиқдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўлиши керак. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган. Шу боис ҳам Огаҳий тарихий асарлари бадиий наср сифатида ҳамда 19-аср Хоразм воқелигини ҳаққоний акс эттирувчи нодир тарихий ҳужжатлар сифатида қимматлидир.
Огаҳий «Равзат ус-сафо» (Мирхонд), «Тарихи жаҳонкушойи Нодирий» (Муҳаммад Махдий Астрободий), «Бадоеъ ул-вақоеъ» (З. Восифий), «Мифтоҳ ут-толибин» (Маҳмуд бинни Шайх Али Ғиждувоний), «Табақоти Акбаршоҳий» (Муҳаммад Муқим Ҳиротий), «Тазкираи Муқимхоний» (Муҳаммад Юсуф Мунший), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Ризоқулихон Ҳидоят), «Ахлоқи Муҳсиний» (Кошифий), «Қобуснома», «Зубдат ул-ҳикоёт», «Шарҳи далоил ул-ҳайрат» (Муҳаммад Ворис), «Гулистон» (Саъдий), «Юсуф ва Зулайҳо» (Жомий), «Шоҳ ва гадо» (Ҳилолий), «Ҳафт пайкар» (Низомий) ва бошқа тарихий-бадиий асарларни форс тилидан ўзбекчага таржима қилган. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий йўл билан, «Гулистон»ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Шоҳ ва гадо» достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган.
«Мифтоҳ ут-толибин» (инв. №8473), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Д-125), «Табақоти Акбаршоҳий» (ТНС—106), «Тазкираи Муқимхоний» (ТНС—105), «Фирдавс ул-иқбол» (С—571), «Шоҳиди иқбол» (С—572), «Юсуф ва Зулайҳо» (ТНС—117), «Таъвиз ул-ошиқин» асарларининг қўлёзма нусхалари Тошкент, Душанба ва Санкт-Петербургда сақланади. «Зафарнома» (Али Яздий), «Баҳористон», «Саломон ва Ибсол» (Жомий), «Ҳашт беҳишт» (Хусрав Деҳлавий) асарларининг Огаҳий таржимаси ҳанузгача топилмаган.
«Таъвиз ул-ошиқин» Хивада тошбосмада нашр этилган (1905—09). Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй-музейи очилган; музей олдида Огаҳийга ҳайкал ўрнатилган.
Нусрат Жумаев.
* * *
Ошиқ ўлдинг,эй кўнгул,жонинг керакмасму санга?
Ўтға кирдинг жисми урёнинг керакмасму санга?
Истабон ул юз тамошасини кўздин дамба-дам,
Қон тўкарсан чашми гирёнинг керакмасму санга?
Ҳардам эткунг орзу кофир кўзи наззорасин,
Қил ҳазарким нақди имонинг керакмасму санга?
Лутфунг этдинг хаста кўнглимдин дариғ, эй шоҳи ҳусн,
Бу гадойи зори ҳайронинг керакмасму санга?
Ўзгаларга илтифотинг айладинг махсус, бу
Мустаҳиқ лутфу эҳсонинг керакмасму санга?
Сел ғамдин хонавайрон ўлдиму ёд этмадинг,
Айтким бу хонавайрининг керакмасму санга?
Огаҳий ҳолин кўруб доим тағофил қилғосан,
Шоири донойи давронинг керакмасму санга?
* * *
Мушкин қошингнинг ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина.
Қилғил томошо қомати, зебоси бирлан оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина.
Нозу адо-ю ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам,
Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизод устина.
Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким,
Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина.
Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шому саҳар,
Булбулдек айлар юз наво минг навъи фарёд устина.
Бошимға ёғғон ғам тоши мингдин бирича бўлмағай,
Гардун агар минг бесутун ёғдурса Фарҳод устина.
Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини –
Ким,меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.
Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина.
Не журъат ила Огаҳий очғай оғиз сўз дергаким,
Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зор ношод устина.
* * *
Манга зулм айлаб ул қотил аён оҳиста-оҳиста,
Чекиб тиғини айлар қасди жон оҳиста-оҳиста.
Жафоси зўридин икки кўзимдан оқди дарёлар –
Ки, қолғой остида онинг жаҳон оҳиста-оҳиста.
Улусга айлаган зулмин кўриб ондин ҳазар қилмай,
Келиб чекдим жафосин ман ёмон оҳиста-оҳиста.
Бўлур ҳажрида зиндон гар манинг манзилгаҳим бўлса,
Гулистон балки гулзори жунон оҳиста-оҳиста.
Тўла буржом тут лутф айлаб,эй соқийки, бу ғамдин
Қутулғойман ичиб ман нотавон оҳиста-оҳиста.
Вафо йўқ даҳр боғининг гулига берма кўнглунгни,
Бугун тонгда кетар, эй боғбон, оҳиста-оҳиста.
Эмас гардунда раъд овозиким ҳижрон туни ичра,
Эрур ул Огаҳий чеккан фиғон оҳиста-оҳиста.
* * *
Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг,
Меҳри жамоли устида икки ҳилолини кўринг.
Икки ҳилолини кўруб қонмаса меҳрингиз агар,
Сафҳайи орази уза нуқтайи холини кўринг.
Нуқтайи холини кўруб сабр эта олмас эрсангиз,
Ҳусну жамоли боғида қадди ниҳолини кўринг.
Қадди ниҳолини кўруб кўнглунгиз этмаса қарор,
Жон кўзи бирла боқибон лаъли зилолини кўринг.
Лаъли зилолини кўруб жонингиз этса изтироб,
Чораи ҳолингиз учун шаҳд мақолини кўринг.
Шаҳд мақолини кўруб топмаса чора ҳолингиз,
Нуктага лаб очар чоғи ғунжу далолини кўринг.
Ғунжу далолини кўруб истасангиз муроди дил,
Огаҳийдек қучуб белин айши камолини кўринг.
* * *
Ваҳ,не балодур билмадим,эй дилрабо,қошу кўзинг –
Ким,бир назарда солди ўт жоним аро қошу кўзинг.
Олди қарору тоқатим оқ сийнаю нозик белинг,
Солди қаро тун бошима икки қаро қошу кўзинг.
Жонимға қўйди доғлар рашк ўтидин холи лабинг,
Кўнглумга еткурди туман дарду бало қошу кўзинг.
Ҳар юз ўликни тиргузур лаълинг аро ширин сўзинг,
Ҳам минг тирикни ўлтурур айлаб жафо қошу кўзинг.
Қошу кўзинг бедодидин дод айласам эрмас ажаб –
Ким,не жафолар қилмади охир манго қошу кўзинг.
Ҳусн аҳли шоҳисен бори ошиқларинг ўлтургали,
Гўёки жаллоди қилич бўлмиш санго қошу кўзинг.
Ман зори ҳайронинг нечук девона бўлмай, эй пари,
Ким, ақлу ҳушим айлади мендан жудо қошу кўзинг.
Йўқтур манга ишқинг аро юрмоқ тирик имкониким,
Жонимни ё қадди юзунг олғуси,ё қошу кўзинг.
Қошу кўзинг иймисидин бўлди қиёмат ошкор,
Қўёки олам офати қилмиш худо қошу кўзинг.
Эл қатилини қасд айлабон мастона қилғач бир назар,
Солди жаҳонга нолаи ва ҳасрато қошу кўзинг.
Айлай ҳаётим нақдини ҳар дам нисору садқаси,
Ёшурмағил ман зоридин айлаб ҳаё қошу кўзинг.
Мажлис фазосида усул этган чоғи раққос ўлуб,
Бир ғамзада юз жон олур,эй махлиқо, қошу кўзинг.
Ширин лабингдан Огаҳий жисмиға жон берким, они
Ўлтурди бир имо қилиб боққач қиё қошу кўзинг.
* * *
Дарди дилим анго дедим,дема они манго деди,
Ким манга ошиқ ўлса ул лозим эрур анго деди.
Юз уза икки наргисинг ваҳ,не бало қаро дедим,
Кўнглунгу жонинг олғувчи икки қаро бало деди.
Лабларинг оғзума етур жон топайин анго дедим.
Лаъли табассум айлабон йўқму ўлим санго деди.
Ҳуснингга айлайин назар ман сори бир қара дедим,
Ёшурибон юзин кет,эй масхара,беҳаё деди.
Бўса лаби савоб учун айла манга ато дедим,
Қошу қапоғини читиб қўй бу сўзинг хато дедим.
Ваҳ, недин эркон этмогунг ҳеч вафо манго дедим,
Зоҳир ўлубдурур қачон ҳусн элидин вафо деди.
Хаста кўнгулга қилғосан мунча недин жафо дедим,
Дема жафо ани сенинг дардингадур даво деди.
Огаҳий комини недин айламагунг раво дедим,
Ким топарму жонни ул қилмоғуча фидо деди.
* * *
Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай,
Оҳима ҳеч шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Ҳардам улусға лутф ила боқғуси қаҳр ила, вале
Ман сори бир назора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Ишқ эли кўнгли дардиға чора қилур,вале менинг
Дарди дилимга чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Ҳажрида заъфим ўйлаким, оҳи ҳазиним ўтиға,
Шуъла била шарора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Жон лабидин чу бермади жисмима,ваҳки қошидин
Қатлима бир ишора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Кўйига борсам этгуси васлиға ваъда, ул доғи
Бўлғуси бора-бора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Толейи равшан ўзганинг лутфи қуёши нуридин,
Мен киби бахти қора йўқ, бўлмаса бўлмасун,нетай.
Бўлди ситораси исиқъ хулқға меҳр ёр карам,
Манда исиғ ситора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.
Дедим ўлубтур Огаҳий ашки канорасиз, деди:
Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун,нетай.
* * *
Ваҳки,мандин ёшурин ёр ўзгаларга ёр экан,
Кечалар хилвар аро базми ниҳони бор экан.
Хотиримни зоҳиран юз ваъдадан хушнуд этиб,
Ботинан кўнгли ҳамиша мойили ағёр экан.
Ошкоро тил учи бирла бўлиб мойил манга,
Конгли майли ўзга элга ёшурун бисёр экан.
Дев сийрат муддаийлар сори рағбат кўргузуб,
Мен ҳазину бедилу бечорадин безор экан.
Ҳар кеча ишрат майин нўш айлабон авбош ила,
Тонгғача масти шароби соғари саршор экан.
Чун ниҳон ағёр ила базм этмиш ул султони ҳусн,
Фаҳм қилдимким,анга ман хаста қулдин ор экан.
Кўнгли сандин ўзгаларға роғиб ўлмиш,э й кўнгул,
Умрлар ишқида меҳнат чекканинг бекор экан.
Ошиқиким топса ҳосид гар онинг ёриға қурб,
Бу жаҳон ичра тирик юрмак анга душвор экан.
Ёр топмишлар рақибу муддайилар олида,
Огаҳий,эмди санга ул кўй аро не бор экан.
* * *
Мунчаким дилкашдурур фархунда дийдоринг сенинг,
Тонг эмастур жон била бўлсам гирифторинг сенинг.
Ҳусн аро гарчи қуёш олий мақом ўлди, вале,
Кўйинга юз қўйғон ул бир ошиқи зоринг сенинг.
Маҳв ўлуб дийдоринга гуллар яқосин қилди чок,
Боғ аро чун кўрдилар гулзори рухсоринг сенинг.
Доми ҳайрат пой бандидур мудом озода сарв,
То тамошо қилди зебо қадду рафторинг сенинг.
Жовидони жонға восил хаста жисмим бўлғуси,
Гар эшитсам бир нафас жонбахш гуфторинг сенинг.
Илтифот айлаб агар кулбамға еткурсанг қадам,
Бош қўйиб олдингда жон эткумдир исоринг сенинг.
Нетти сўрсанг Огаҳийнинг ҳолини раҳм айлабон –
Ким, ўларға етти дардингдин бу беморинг сенинг.
* * *
Васл аро мушкил ғами ҳижрон эканни билмадим,
Ҳажр дарди бўйла бедармон эканни билмадим.
Шукр қилмай васлиға тушдим ғами фурқат аро,
Ушбу ғам мундоқ балойи жон эканни билмадим.
Базмгоҳи васл аро эрдим жаҳондин бехабар,
Ҳажр аро тушкач, жаҳон зиндон эканни билмадим.
Оҳким, то кирмагунча ҳажр муҳлик даштиға
Васл базми равзаи ризвон эканни билмадим.
Етмагунча токи жоним комиға заҳри фироқ,
Ёр лаъли чашмаи ҳайвон эканни билмадим.
Жонға осойиш висол ичра етиб шому саҳар,
Ҳажр дардидин ўлум осон эканни билмадим.
Дарди ҳижрон дафъиға, дедимки, тортай соғаре,
Ёрсиз саҳбойи гулгун қон эканни билмадим.
Борча авқотимни беҳуда ўтурдим, гўиё
Умрни бир неча кун меҳмон эканни билмадим.
Огаҳий ёнглиғ ҳамиша айш ила мағрур ўлуб,
Васл аро мушкил ғами ҳижрон эканни билмадим.
* * *
Не тонг сансиз ҳалок ўлсамки, жисмим ичра жонимсан,
Бақойи лаззати айшу ҳаёти жовидонимсан.
Ғамим йўқтур агар ишқ ичра ҳар кун юз карат ўлсам –
Ки, нутқи руҳпарвар дилбари Исо нишонимсан.
Ман аҳли ишқ аро асру хушилҳон булбулингдурман,
Сан аҳли ҳусн ичра юз гул очғон гулистонимсан.
Не тонг комиға еткурсанг карамдин ушбу қулниким,
Сарири ҳусн узра подшоҳи комронимсан.
Топарман шер ёнглиғ аҳли ишқ ичра товонолиғ,
Десанг, токи манга бир хаста шўри нотавонимсан.
Мани лутф айлабон комимға еткурсанг тонг эрмаским,
Нигорим, дилситоним, ғамгусорим, меҳрибонимсан.
Назр бир гўшаи чашминг била қилсанг манга басдур –
Ки, манман бир гадоу сан Сулаймони замонимсан.
Ажаб эрмас бори ушшоқ аро қадрим баланд этсанг –
Ки, борча дилраболар ичра ёри қадрдонимсан.
Сани кўргач топарман Огаҳийдек қуввату ором,
Нединким роҳатафзойи тану ороми жонимсан.
* * *
Оташин рухсоринг очсанг аҳли олам ўртанур,
Аҳли олам йўқки, миноранг торам ўрнатур.
Жилва айлаб, юз очиб майдон аро сурсанг саманд,
Ҳам парию ҳам малак, ҳам хайли одам ўртанур.
Чексам ўтлуғ оҳ ҳажринг бирла гардун ўт бўлуб,
Ҳам куёр хуршид ҳам Исою Марям ўртанур.
Ушбу қадду юз била боғ ичра гар қилсанг хиром,
Ҳам куёр рашк ўтиға шамшоду гул ҳам ўртанур.
Гаҳ-гаҳи лутф айлабон базми висолингға етур,
Тобакай фурқат ўтиға жони пурғам ўртанур.
Илтифоту раҳм изҳор айлабон ҳолини сўр,
Хаста кўнглум ишқинг ўтидин дамодам ўртанур.
Қил тамошо Огаҳийнинг ҳолини ҳижрон аро,
Оҳи ўти учқунидин жумла олам ўртанур.
* * *
Юзинг очким, қуёш садқанг бўлуб, бошингдин айлансун,
Янги ой юз тавозеъ кўргузуб, қошингдин айлансун.
Агарчи лаълу ёқут эл замириға муфарриҳдур,
Ҳаётафзо ики лаъли гуҳарпошингдин айлансун.
Тану жоним ҳадаф айлаб, ўқу тош отсанг, эй чобук,
Бири ўқингдин эврулсун, бири тошингдин айлансун.
Рақибинг гар эрур хасмим, они йўлдош этуб келсанг,
Санга жон садқа бўлсун, жисм йўлдошингдин айлансун.
Чу ўн саккизга етти ёшинг, ол бурқаъ жамолингдин –
Ки, ўн саккиз минг олам ўн саккиз ёшингдин айлансун.
Боқиб кўз учидин пинҳону фош этдинг тағофиллар,
Йўқу борим ҳамул пинҳон ила фошингдин айлансун.
Неча қаллош эсам ҳам ағниё оллида бош эгмон,
Ғанийлар ҳиммат ичра ушбу қаллошингдин айлансун.
Чу бергунг нон ила ош, эй сахий, сидқ аҳлиға бергил,
Риёву кизб аҳли нон ила ошингдин айлансун.
Ул ой кўнглуға қилди Огаҳий оҳу ёшинг таъсир,
Бори жону жаҳоним оҳ ила ёшингдин айлансун.
АЛИШEР НАВОИЙГА МУХАММАС
Фалакким яхшилар базмида қадримни баланд этмас,
Дами йўқким ямонлар мажмаида мустаманд этмас,
Бу ҳасратдин кўзим ашки йўлин бир лаҳза банд этмас,
Мани ман истаган ўз суҳбатида аржуманд этмас,
Мани истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.
Фиғонким даҳру дун ичра рафиқи топмадим огаҳ,
Қаён борсам бўлурлар ғулвашлар ҳамдаму ҳамраҳ,
Тиларлар баҳра мандин, мен тилаб топман биридин, ваҳ,
На баҳра,топғоман ондинки мандин истагай баҳра,
Ўзи ҳам баҳраманд ўлмас,мани ҳам баҳраманд этмас.
Кўзи заҳри эса ҳар нечаким мойил мамотимға,
Лаби шаҳди эди роғиб ўлимдин ҳам нажотимға,
Бу дам восил иймон ул қотили Исо сифотимға,
Нетой ҳуру пари базминки қатлим ё ҳаётимға,
Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон бу нўш ханд этмас.
Чиқо олмай кўнгул ҳайрондур усру шому фурқатдин,
Тўкар ашкини кўз ҳам интизори субҳ васлатдин,
Иложи бўлмаса ул маҳваши хуршид талъатдин,
Керакмас ой ила кун шакликим ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас,таним бу банд-банд этмас.
Бугун чобаклар ичра йўқ эди ул шаҳсуворимким,
Бирини қилмади манзур чашми ашкборимким,
Ғубор осо нетонг гар қолмаса сабру қароримким,
Керак ўз чобаку қотилвашу мажнун шиоримким,
Бузуқ кўнглимдин ўзга ерда жавлон саманд этмас.
Савод зулфини кўргач юмар Огаҳий тун деб кўз,
Юзиға нозир ўлғоч ҳам тутар қўл бирла кун деб кўз,
Кўнгул, ҳайратға қолма кўрмас они не учун кўз,
Ул ой ўтлуғ юзин очса Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра писанд этмас.
РУБОИЙЛАР
1
Зарра учубон наййири аъзам бўлмас,
Ер болиш этиб авжи фалак ҳам бўлмас,
Инсон аро нодонни билинг ҳайвондур,
Ҳайвон неча зўр айлса одам бўлмас.
2
Ваҳким,яна зулмини аён этти фалак,
Бағримни ҳажр аро қон этти фалак,
Кўз йўлидин ул қонни равон этти фалак,
Охир манга кўрки қасди этти фалак.
3
Қилмоқ била парвариш тикон гул бўлмас,
Ҳам тарбият ила зоғ булбул бўлмас,
Гар асли ямонға яхшилиқ минг қилсанг,
Яхшилиқ онинг нияти билкул бўлмас.
4
То тушти фироқ ўтиға бемор кўнгул,
Юз дарду ғаму аламға дучор кўнгул,
Даврон ситами тиғидин афгор кўнгул,
Бўлмиш мандин малулу безор кўнгул.
ТУЮҚЛАР
1
Ғам юки то қоматим ё қилмади,
Оҳим ўтиға фалак ёқилмади,
Қилмади раҳми манга,худ ўзгага,
Билмадимким қилдиму ё қилмади.
2
Дўстлар, ҳамроҳлиғ айлаб борингиз,
Тунд хў ёрим қошиға борингиз,
Бир кеча базмимға келтурмоқ учун
Бош оёқиға қўюб ёлборингиз.
3
Дард заҳри солди чинлар қошима,
Келмади ҳолим сўрарға қошима,
Ғам юкин чекмакда, эй дил,чобак ўл,
Ҳаргиз ушбу ишда бошинг қошима.
4
Чеҳрасининг гарчи муҳрақ нори бор,
Бергуси доим ниҳоли нори бор,
Сиғмоғун базмим аро, эй муддаий,
Телмуриб турма бу ерда,нори бор.