Ноқис (1860-1929)

Ноқис (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдулқодир Муҳаммадшокир ўғли) (1860 — Каттақўрғон — 1929) — ўзбек шоири. Каттақўрғон, Бухоро мадрасаларида ўқиган. 1895 йилда Каттақўрғонга қайтиб, мадрасада мударрислик қилган, деҳқончилик билан шуғулланган.

Саъдий, Жомий, Навоий, Фузулий ва бошқага эргашган, улар ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Айниқса, Муқимий ижодига эҳтиром билан қараган, тазмин мухаммаслар ёзган («Доғмен», «Кел эртароқ», «Нозаниним» ва б.).

1905 йилдан Ноқис ижодида ижтимоий мазмун кучайган. Шеърларида ижтимоий адолатсизликка, нодонликка қарши нафрат ифодаланган. Ғазаллари «Баёзи Маҳдий», «Армуғони Хислат», «Баёзи Мирий», «Баёзи Жўрабек» ва бошқа баёзларга киритилган.

Ноқис қўлёзмалари — «Баёзи Ноқис» Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №1005)да, «Девони Ноқис» Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №97)да сақланади. 19-аср охири — 20-аср бошларида Бухорода тузилган тазкираларда Ноқис ижодига юқори баҳо берилган.

Шоир «Лайли ва Мажнун» сюжети асосида достон ёзганлиги ҳақида маълумот мавжуд. Аммо у ҳали топилмаган. Ноқиснинг баёзлари ва 6 минг мисрага яқин шеърлари сақланган. Faзал ва мухаммаслари ҳофизлар томонидан куйлаб келинади («Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман…» ва б.).

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Меҳр моҳинг, оҳу чашминг, гул жамолингдин хижил,
Тўти нутқингдин хижил, булбул мақолингдин хижил.

Лола — гулзори юзунг, наргис кўзунгдин доғлар,
Ғунча оғзинг, дур тишинг, шаккар зулолингдин хижил.

Хайи жабҳангдин — гулобу тийри мужгондин — синон,
Бош эгибон янги эй, қоши ҳилолингдин хижил.

Вўсма қошинг қорасидин, сурма кўз савдосидин,
Хат юзунгни саҳфасидин, нуқта холингдин хижил.

Оғзинг асрориға бўлғай юз Палотун ақли лол,
Софтабъон, мўшикофон шарҳи ҳолингдин хижил.

Жилва ғамзангдин хижолатманд, ғамзанг — жилвадин,
Шуълаи шамъи шабистондур шуоингдин хижил.

Найшакарлар, сарвлар, шамшодлар бу боғ аро
Яъни бўлмишлар бу қадди нав ниҳолингдин хижил.

Зилли покингдин ҳумоу тожу тахти шоҳлар
Салтанат маснаднишинлар нек фолингдин хижил.

Руҳафзо, табъи боло, нукта зебо ёрсен,
Назм иншосиға Ноқисдур камолингдин хижил.

* * *

Даҳр аро, эй нозанин, хўблар сароси сизмусиз,
Ё магар ойинаи оламнамоси сизмусиз?

Сиздин ўзга маҳлиқоларни кўнгул ёд айламас,
Ё жаҳон зеболарин нашъу намоси сизмусиз?

Ғамзадин хуммор кўзлар ўлдуруб, гаҳ тиргузур,
Ишқ аҳлини бошиға можароси. сизмусиз?

Оллоҳ-оллоҳ, ушбу зеболиғда мумтоз ўлдингиз,
Ё Самарқанд ўлкасини подшоси сизмусиз?

Ё малаксиз, ё башарсиз, ё пари, ё ҳурсиз,
Аҳли оламни талабда муддаоси сизмусиз?

Ақл ҳайрон, сийна бирён, дил парешон, эй пари,
Рост айтинг, эй санам, жонлар балоси сизмусиз?

Жумла маҳрўлар ичида гавҳари якдони сиз,
Ё карам баҳрини дурри бебаҳоси сизмусиз?

Марҳаматни бу гадолар бошидин тутманг дариғ,
Меҳрингиз дилда магар меҳри гиёси сизмусиз?

Кулди, айди, мунча қўйманг пойим узра бошингиз,
Ноқисо, танҳо бу йўлни мубталоси сизмусиз?

МУХАММАСЛАР

* * *

Ишқингда зор бўлдум-у, ғамгин думоғман,
Бемори фурқатингман-у, зоҳирда соғман,
Ақлу ҳушум санинг била ўздин йироғман,
Кўрсат юзингни толиби нури чароғман,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Ўлдум жамолинг шавқида дардинг ололмадим,
Бошингдин, эй санам, нега мен ўргулолмадим,
Бир лаҳза ишрат уйида мажлис қуролмадим,
Лаъли лабингни қандини бир дам сўролмадим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Золим фалак фироқингга солди мени, нетай,
Қандоғ ғамингни сийнада элдин ниҳон тутай,
Сабру қарорим қолмади, эй жон, нечук этай,
Мажнуни бенаво киби ё бош олиб кетай,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Кўрдум юзингни, қолмади бир зарра тоқатим,
Тун-кечаларда йўқ мани бир дам фароғатим,
Заҳр ўлди шаккар оғзима, кетти ҳаловатим,
Билмас киши ғаминг била чеккан надоматим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Сенсан париваш аҳлини шўхи замонаси,
Менман сенинг ғаминг била олам фасонаси,
Кўнгул қушини боиси чангу таронаси,
Зулфунгни доми-ю, яна холингни донаси,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Раҳм айла ҳоли зорима, ороми жоним ўл,
Еткур висол боғига, жону жаҳоним ўл,
Боғи баҳорим ўлғилу ҳам бўстоним ўл,
Жоним фидо қудумингга, кел, нуктадоним ул,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Ўлсам эди висолингга парвонадек куюб,
Жон берсам эрди, бошими остонангга қўюб,
Махмурлккда бодаи васлинг била тўюб,
Ноқислигимда кўксими тийри мижанг ўюб,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Лабинг ганжи ниҳони узра печ урмишму аждар хат,
Ва ё ишқ аҳлини торож этарға ёзди лашкар хат,
Назокатлар бериб даври рухингда атри анбар хат,
Юзунг ёнидаким бош чекти ҳар ёндин муаттар хат,
Гул узра мушкдин килки қазо қилмиш муҳаррар хат.

Кўзунг рамзи магар шўри жаҳонга манбаедурким,
Маони жамъида ҳар нуқта холинг мусъаедурким,
Ки навхатларни таълимида хаттинг мисраедурким,
Жамолинг сафҳасида икки қошинг матлаедурким,
Ёзибдур котиби сунъ они ҳусн аҳли учун сархат.

Кўрунур турфа зебо кўзға райҳон чеҳраи хаттинг,
Юзунг авроқи узра кўп сафолиғ мўҳраи хаттинг,
Не хуш ул чашмаи лаълинг лабида зумраи хаттинг,
Гули рухсорингга кўп зеб берди сабзаи хаттинг,
Бағват хуш бермиш қизил қоғозда ахзар хат.

Қаро қошингмудур кўзга нишон ё тиғи хунхори,
Ва ё гулзор ичида печутоб урмиш сияҳ море,
Парешон кокулунг торимудур ё ишқ элин дори,
Юзунгни теграсида хатмудур ё сунъ паргори,
Қуёшни даврида таҳрир учун чекти мудаввар хат.

Мунаввар қилди ҳуснунг партави оламни сар то пой,
Жамолинг шамъи равшан қилди тунни гар шаби ялдой,
Сани васфинг баёни бўлмағай қоғоз юзида жой,
Юзунгни доғи бирла анжумингдин не асиғ, эй ой,
Қуёшдек ораз узра хуштурур гар хол эрур, гар хат.

Карам базмини ҳар дам манга муътод этсанг, эй соқий,
Хароб ўлған кўнгул мулкини обод этсанг, эй соқий,
Агар бир май сунубон хотирим шод этсанг, эй соқий,
Мани махмурлиғ ранжидин озод этсанг, эй соқий,
Ёзарман гарчи илким титрамакдин келса абтар хат.

Етар ишқ аҳлиға гаҳ зулм, гоҳи марҳамат сандин,
Лабинг бир хандадин гаҳ жон берур, гаҳ жон олур тандин,
Агар ёзсанг хатин ёдида ҳар сўз суд эрур мандин,
Хатинг васфида ҳар неким савод этмиш кўнгул андин,
Эрур бир анбарин занжир савдо аҳлиға ҳар хат.

Шуълаи оразингму ёки шамъи маҳфил, эй маҳваш,
Сафои юзмудур ё барқ урмиш шуълаи оташ,
Бу янглиғ нақши ҳайроний қилур дил жомини беғаш,
Кўрунур гул киби оразда мушкин хат лаби дилкаш,
Варақ гар хуб эмасдур, хуб эмас ёзмоқ муяссар хат.

Сухан бас айла носиҳ, санга йўқтур нафъ бу сўздин,
Сен ўз фикрингда бўлғил, сол мани бу дайр аро кўздин,
Кўруб Ноқис бу хат мазмунини узди умед ўздин,
Навоий берма пандим хосса хат бош чекти ул юздин,
Чиқа олмон хатидин ҳар нечукким чекса дилбар хат.

* * *

Ҳар ки аз расвогии роҳи жунун ораш кунад,
Фикри ботил оқибат расвои бозораш кунад.

Соғаре бигрифту ҳар кас шуд муриди майфурўш
Файзи жомаш то абад аз хоб бедораш кунад.

Сўҳбати ноаҳл пиндорам ба маҳфил гар расад,
Жоми хотирро пур аз махлуз зангораш кунад.

Эй ҳавас, бе марҳабо по дар тамошояш манеҳ,
Ҳалқаи гисўи ногаҳ гирифтораш кунад.

Эй сабо, бар шохи гул таҳрики нолойиқ масоз,
Барги гул бар рўйи ў афтода озораш кунад.

Ман ғуломи он касам аз ғайрати мастонагй
Хоки навмеди кунун бар чашми ағъёраш кунад.

Гар бубинам оразаш як зарра ғам навбад маро,
Ҳафт дўзахро агар бар гарданам бораш кунад.

Ғарра бар иззи жаҳон гаштан нишони аблаҳист,
Як нафас боди ажал ўро нигунсораш кунад.

Зоҳидо, мо аз сари сажжодажўи фориғем,
Сар ба савдои жунуну завқи дидораш кунад.

Ефт зинат з-илтифоти Мири нақши хомаам,
Муждаи назми ман аз мазмуни ашъораш кунад.

Ноқиси табъи маро ҳаргиз нашуд ҳосил камол,
Жодаи бечорагй з-ин қисса бемораш кунад.