Мунтазир (1831-1889)

Мунтазир (тахаллуси; исми Юсуфқори) (1831, Қўқон — 1889, Андижон) — шоир. Қўқондаги «Мадрасаи олий»ни тугатгач, мударрислик қилган. У Низомий, Ҳофиз, Навоий, Бедил асарларини чуқур ўрганган.

Муқимий, Фурқат, Завқий, Писандий, Муҳаййир, Рожий Марғинонийлар билан яқиндан танишган, адабий ҳамкорлик қилган. Худоёрхон ўғли Насриддинбекни Андижонга ҳоким этиб тайинлаганда, Мунтазирни унга маслаҳатчи қилиб юборади (1860). Шу сабабли умрининг охиригача Андижонда яшаб ижод қилади.

Мунтазир ўзбек ва форс-тожик тилларида ёзган зуллисонайн шоир сифатида шуҳрат қозонган. Мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида ижод қилган, кўпроқ ғазал, мухаммас, мувашшаҳ, рубоийлар ёзган. Уларда замонадан шикоят, эрк ва маърифат ғоялари ифодаланган. Мунтазирнинг «Баёзи Мунтазир» шеърлар тўплами бизгача етиб келган. Баёзга 800 мисрадан кўпроқ шеърлари кирган.


ҒАЗАЛЛАР

* * *

То кўзим ўлди дучор ул сарви гул рухсорға,
Келмади тил ҳайрон этиб кўнглими гуфторға.

Ёр улким воқиф ўлғай хўблиқ ойинидин,
Йўқ не лозими таашшуқ сурати деворға.

Қолмади бир зарра тоқат зулми жавринг ҳукмиға,
Мунча мойилдир нигорим хотиринг озорға.

Поймолинг ўлди жисмим, қилмадинг бир йўл нигоҳ,
Йўқму охир бир назар мен нотавони зорға.

Яхши лутф эттингки, қаҳр айлаб, ёмон дединг мени,
Талх сўз зебо эмишдур лаъли шаккарборға.

Бир тараҳҳум айла, ёраб, Мунтазир янглиғ мудом,
Умри зое айлаган бадкору бадкирдорға,

* * *

Десангким, фард ўлай оламда меҳри оламородек,
Жаҳон асбобидин бир йўл дамон чеккил Масиҳодек.

Ўзингдин ўзга гарчи восил эрмас мақсудинг, ғофил,
Кўзинг оч, воқиф ўл, қўл сунма ҳар жонибга аъмодек.

Тамошо айла мавжи гавҳари дил истиқоматдин,
Югурма ҳар тарафға, бу сифат саргашта дарёдек.

Мунаввар ўлса ҳар гаҳ маърифат анворидин ботин,
Тилар бу зоҳир айлар ҳар нафас луълуъи лолодек.

Тажаллий гоҳи зоти ҳақ ўлур ағёр нақшидин,
Кўнгил лавҳи агар пок ўлса миръоти мусаффодек.

Ўлуб байт ичра пинҳон, Мунтазир, элдин яшур номинг,
Ўкуш санъатлар ила маҳкам ўлғон бир муаммедек.

* * *

Ул ойнинг бода тоби бирла то рухсори ол ўлмиш,
Жамоли партавидин базмимиз жаннат мисол ўлмиш.

Висолиға етишгач бу кеча аҳбоблар ичра,
Дамо-дам юзланиб минг шодлик, ғам поймол ўлмиш.

Лаби лаъли хаёли бирла бағрим қон ўлуб ҳар дам,
Кўнгул ҳам фикри зулфи бирла бас ошуфтаҳол ўлмиш,

Белу оғзин йўқу борини таҳқиқ ила билмакчун,
Мадорис аҳлиға юз баҳс ила минг қийлу қол ўлмиш.

Бу не мазҳаб, паривашларғаким тортиб жафо тиғи,
Гунаҳсиз мубталолар қонларин тўкмоқ ҳалол ўлмиш.

Онингдек фурқатинг-ла заъфдин зору низор ўлдим,
Ки ҳоло эл кўзиға хаста жисмим бил, хаёл ўлмиш.

Бугун топдим ҳаёти жовидон дилдор васлидин,
Манга ўлмаклик эмди, эй ажал, амри маҳол ўлмиш,

Муҳаббат шоҳроҳин солики ўлсам ажаб йўқким,
Манга ҳоди бу йўлда хуршиди соҳибкамол ўлмиш,

Шукур, тамйизи топсанг, Мунтазир ашъоридин тонг йўқ,
Ким ул мадҳин адосила ажаб ширин мақол ўлмиш.

* * *

Табъи мавзунинг жаҳон борича бир хамланмасун,
Хотирингдин зарраи файзи сухан камланмасун.

Эй Асирий, офарин табъинггаким мулки сухан,
Эмди сендин ўзгага ҳаргиз мусалламланмасун.

Ҳақ сени қилсун ики дунёда андоғ шодким,
Жони покинг то абад, озмунча ҳам ғамланмасун.

Олам этсун сафҳасин, мамлу сенинг назминг била,
Этмаса мамлу сенинг, назминг-ла оламланмасун.

Сўзларингдин гар чаман касби латофат қилмаса,
Бир гули очилмасун, гулшанда хуррамланмасун.

Айлади тангри паришон ҳосидинг жамъиятин,
Аҳли дунё кўнглидек ҳаргиз фароғатланмасун.

Офият бўстонида ҳар ғуссадин озод ўлуб,
Қомати сарви балият боридин хамланмасун.

Бу сифат азбаски олий келди назминг рутбаси,
Ҳеч ким бу рутбада сендин муқаддамланмасун.

Аҳли маъни мадҳини ўлмиш асири Мунтазир,
Мундин ўзга маъни, ёраб, кўнглиға замланмасун.

МУХАММАС

Узоринг меҳри кўнглим ичра тушгач, ўртаниб жоним,
Лабинг шавқида қон ёшлар тўкиб ул чашми гирёним,
Фироқинг дарди, ҳажринг ханжари бирла оқиб қоним,
Йиқилдим кўйинг узра бехуд, эй бераҳми давроним,
Кўриб бир лутф бирла қилмадинг тадбири дармоним.

Сабо, лутф этгилу, ҳолим бориб жонона изҳор эт,
Ул ойнинг ўтли оҳим, қонли ёшимдин хабардор эт,
Жунун оғози қил, ошиқлиғ атворин намудор эт,
Фиғону нолаю фарёд ила изҳори гуфтор эт,
Ки, барбод ўлди ҳажрингда саботу сабру сомоним.

Икки кўздин фироқинг шиддати ашким равон этмиш,
Ҳамул майгун лабинг андишаси бағримни қон этмиш,
Дуто айлаб қадимни, қошларинг фикри камон этмиш,
Кўриб бу ҳола кофир кўзларинг ҳам қасди жон этмиш,
Бу дамда бир тараҳҳум зоҳир эт, эй номусулмоним.

Майи гулгун ичарсан, ғайр ила ҳар тун тутиб суҳбат,
Қилиб юз лутфу эҳсон гарм эдуб ҳангоман ишрат,
Ютар кўнглим бу ғамдин муттасил хунобаи ҳасрат,
Кўриб бу ҳолатимни меҳр ила кўрсатмадинг шафқат,
Жамолингдан мунаввар ўлдиму бир тун шабистоним?

Азалда қисматим, эй шўх, ишқинг ибтилосидин,
Ҳазин жоним асири меҳнату ҳажринг балосидин,
Кеча-кундуз бошимға меҳнату ғам можаросидин,
Бу андуҳу малолат бирла кўнглим муддаосидин -—
Ки, раҳм этсанг кўриб бу меҳнати беҳадду поёним.

Лаби лаълинг хаёли бирла ашким лолагун ўлди,
Ғамингдин қон ютиб ҳар лаҳза кўнглим ғарқи хун ўлди,
Фироқинг шиддатидин хаста аҳволим забун ўлди,
Балою дарди ҳажринг, оҳ, кундан-кун фузун ўлди,
Кетиб сабру қарорим, етти кўкка оҳи сўзоним.

Давосиз дарда жонимни гирифтор айладинг охир,
Ики чашмимни ҳажринг ичра хуноб айладинг охир,
Кўнгилни, эй париваш, ҳуснингга ‘зор айладинг охир,
Мени солдинг бу ҳола, майли, ағёр айладинг охир,
Тағофулдин эшитмай бир йўли фарёду афғоним.

Юзингдин, эй пари, нури сабоҳат ошкор ўлди,
Кўриб рухсори покинг меҳри анвар шармсор ўлди,
Жаҳон аҳли жамолинг жилвасидин беқарор ўлди,
Кўзим чун талъатингни кўрди, кўнглум онча зор ўлди,
Нигорим, нозаниним, маҳвашим, хуршиди тобоним…

Нисор этдим муҳаббат махзанидин бир неча гавҳар,
Сени васфингда, эй гулбарги тар, шўхи пари пайкар,
Бериб ҳар банди тўғросиға исминг ҳарфидин зевар,
Асиринг Мунтазир кўнглим аро бир муддао гавҳар-
Ки, бўлсанг лутф этиб бир кеча жоним ичра меҳмоним.