Бону ёки Манзурабону тахаллуси билан қалам тебратган бу шоира Нозимахонимнинг истеъдодли шогирдларидандир. Тошкентнинг собиқ Раис кўча маҳалласи (ҳозирги Хуршид кўчаси)да туғилди. Маҳалладаги эски мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ зийрак, ақлли, қизиқувчанлиги билан атрофдагиларнинг диққатини тортди. У Навоий, Фузулий ва Машраб шеърларини жуда берилиб мутолаа қиларди. Ўзида ҳам қалам тебратишга мойиллик сезгач, шеър машқига киришади. Манзуралар оиласига яқин қариндош — мактабдор шоира Нозимахоним уни ўз тарбиясига олгач, бўлажак шоира форс тили ва адабиётини, туркий халқлар адабиётларини қунт билан ўрганишга киришди. Тахминан ўн олти ёшларида Нозимахонимнинг маслаҳати билан Манзурабону тахаллусини қабул қилди. Манзурабону ўша йиллари анъанавий лирик услубда бир қанча ғазаллар ёзди.
Ёшлигидан Нозимахоним қўлида эрксеварлик ва маърифатпарварлик ғоялари руҳида тарбияланган шоира 20-йилларда хотин-қизлар озодлиги мавзусида ҳароратли шеърлари билан майдонга чиқди. Фаол жамоатчи сифатида Тошкентда ташкил этилган Хотин-қизлар клуби ишларида қатнашди. Шоира «Янги йўл» рўзномаси ва кейинроқ шу номда чиқа бошлаган ойномада, «Шарқ ҳақиқати» рўзномасида мунтазам иштирок этиб турди. Кейинчалик шеърларини тўплаб қўлёзма девон тузди. Унинг қаламидан яралган талай ғазаллар ўзига хослиги билан диққатга сазовор. Шоира башарият учун азалий ва абадий мавзу бўлмиш асл одамий ишқ-муҳаббат борасида латиф тароналар ярагди. Улар одамлар қалбида оташин туғён ва масрур кечинмалар, ажиб саодатбахш кайфиятлар қўзғайди. Шу боисдан, Манзурабону ғазаллари эл орасида машҳур ва манзурдир.
* * *
Эй, нозпарвар гул, сарви раъно,
Ҳусн аҳли ичра мақоми зебо.
Ул ҳури жаннат қулдур қошингда,
Гул юзларингдин хуршид ҳувайдо.
Холи хатингдин ўт тушди дилга,
Ёлғиз бошимга минг турли савдо.
Лайливашим сан, танда мадорим,
Бўлсам, ажаб йўқ, Мажнуни шайдо.
Ул лола янглиғ бағрим аро доғ,
Қилсам еридур оҳ ила ғавғо.
Зулфингни тори чулғаб танимни,
Ҳар сори судрар дашт ила саҳро.
Мужгон ўқидин кўксумга санчиб,
Усру кўз ила қилдинг тамошо.
Ёндурди ҳижрон, Манзурабону
Ошиқлар ичра ҳам бўлди расво.
МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Билинг, ишқ оташи, дўстлар, юрак-бағрим ниҳон ўртар,
Бу тан мулкини вайрон айлабон ҳар дам ёмон ўртар,
Юрурман ишқи водийси аро, жисмимда жон ўртар,
Агар ошиқлигим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён қилсам, тақи ул хонумон ўртар.
Кимам ишқ йўлга по(й) урди, бўлибдур зору саргардон,
Қуюн дашти аро бўлғай мисоли чуғздек* ҳайрон,
Агарчи зоҳири одам, бўлибдур ботини бирён,
Кишиға ишқ ўтидин зарраи етса бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.
Ўшал парвонадек, найлай, куюб-ёндим фироқингда,
Висол айёми на билмай, куюб-ёндим фироқингда,
Ўзим аҳволими сўрмай, куюб-ёндим фироқингда,
Мани бехонумон тинмай, куюб-ёндим фироқингда,
Отинг тутсам, нигоро дебки, завқидин забон ўртар.
Жаҳон ошиқлари ичра бу ишқимни аён айлай,
Фиғону нола бирла андалибни безабон айлай,
Таъмагир, таънагир, зуҳҳод элиға сад зиён айлай,
Қаю тил бирла, эй жоно, сени васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларим ниҳон ўртар…
Фироқингда адо бўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Очилғон гул эдим, сўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Кўнгул ғавғосидин тўйдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Ғаминг бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.
Қулингдур, Бонуни, ёр-о, ки васлингдан жудо қилма,
Кечибдур дину имондин, ани кўб шунча куйдирма,
Ғамингда марг бўлмушдур, яна якбора ўлдирма,
Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.
___________
Чуғз — бойқуш