Киромий (XVIII-XIX аср)

Сайид Музаффар Хўжа Киромийнинг биографияси ва ижоди ҳали тўла ўрганилган эмас. Хоразм шоирларидан Нишотий ўзининг «Ҳусну дил» номли достонининг 10-бобида бу асарни ёзишда Киромийдан илҳомланганини айтиб ўтади. «Ҳусну дил» 1778 йилда ёзилган. Хоразмда 1791 йилда тузилган бир баёзга Киромийнинг иккита мухаммаси киритилган. Демак бу вақтларда Киромий отоқли шоир бўлган.
Киромий ўз даврининг маданий савияси юксак ва талантли шоирларидан эди.
Нишотийдан бошқа Мунис ҳам ўзининг машҳур шеърларидан бирида Низомий, Жомий, Навоий каби устодлари қаторида Киромийни ҳам ҳурмат билан эслайди. Шубҳасиз, Киромий ўтмишдаги форс ва ўзбек адабиётини чуқур билган. У ўз ижодида Навоий изидан борган, Навоий ижодининг Хоразм меҳнаткашлари, олим, шоирлари орасида тарқалишида катта хизмат кўргазган, Нишотий Равнақ, Роқим, Мунис каби талантли шоирлар ижодига йўл очиб берган.
Биз бу ерда Киромийнинг Навоий ғазалларига боғлаган бирмунча мухаммасларини келтирамиз. Бу шеърлар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондидаги 7054 рақамли қўлёзма баёздан олинди.

МУХАММАСЛАР

Олиб аввал назарда ақлу ҳушимни тамом айлаб,
Не ҳосил қилдинг, эй бедард, зулму кин мудом айлаб,
Мени ранжур олур сиҳҳат лабингдин шод ком айлаб,
Ўлукни тиргузур лаълинг масиҳосо калом айлаб,
Такаллум чошнисин шарбати юҳйил-изом айлаб.

Санойиъдин бири келмай вужуда, эй малак симо,
Адам кунжида эрди бору йўқ дунё ва мофиҳо,
Қилурда сурати покингни устоди қадар пайдо,
Азалда лаълинга сайд эткали кўнглум қушин гўё,
Қазо сайёди жонлар риштасидин ёйди дом айлаб.

Ғаройиб зеб коши ток ила кохи эрур ҳизре,
Муфарраш анда ҳар бир санглохи эрур хизре,
Қуруқ қақшал шажарлар жавфи суроҳи эрур ҳизре,
Чаманда тозаликдин ҳар қуруқ шохи эрур хизре.
Магарким ўтмиш андин оби ҳайвоним хиром айлаб.

Раводур нуқтаи мавҳум демак оғзинг эъломин,
Очилмайдур неча наззора қилсам кулгу ҳангомин,
Қолур ҳайратға кўрса улки аллома қўюб номин,
Агар ҳарф ўлса мудғам ваҳки холинг нуқта идғомин,
Аён қилди кўзумнинг мардуми ичра мақом айлаб.

Хароб ўлмакдин ўзга чора йўқдурким келиб қаршу,
Жафо новаклариға айладинг жону дилим қобу,
Недин тушди қаро кун бошинга деб сўрма, эй маҳрў,
Не бўлғай рўзгорим тийра бўлмайким, очиб гесу,
Қаро шомимни муҳлик айладинг, субҳимни шом айлаб.

Агар уқбода роҳат истасанг нафсингга бўлғил зид,
Саҳарлар йиғлабон элдин ниҳон бўл тангриға обид,
Амалнинг яхшиси улдур риёга бўлмағай оид,
Чу ҳақ даргоҳидин мардуд этар найларсан, эй зоҳид,
Қабули халқ учун ортуқи тоат илтизом айлаб.

Жаҳолат тойирин афғон чекиб ҳуркутди фақр аҳли,
Кўнгулни хонумондин оҳ уруб совутди фақр аҳли,
Назар қил, матлабига етгуча қон ютди фақр аҳли,
Ёшингни дона, бағрингни сув қилким тутди фақр аҳли,
Ҳидоят қушларин бу донау сув бирла ром айлаб.

Ҳабодур ортмас рўзи киши ҳар неча саъй этсун,
Не ҳосил меҳнат ила жамъ қилмоқ сим ила олтун,
Киромий, қил қаноат не муқаддар бўлса чекмай ун,
Навоий, кунда чун бир қурси мақсум ортмас нечун,
Фалакдек бўлма танг саргашта тун, кун эҳтимом айлаб.

* * *

Мони чекарга суратинг нақшини кўп қилди жадал
Бўлмайин сирри мусбати тасвириға тушди халал,
Ваҳ не ажаб маснуъсен, йўқтур назиринг, эй гўзал,
Гўё лабу хатингни тарҳ этканда наққоши азал,
Шингарфу зангор ўрниға лаълу зумуррад қилди ҳал.

Будур ул ойнинг одати, солур бошимға кулфати,
Ўтмай замони фурсати, текгуси жонға шиддати,
Ақлимни олиб фикрати, кўнглумга еткай роҳати,
Фош этти гоҳе рифқати, кўз қони томғон ҳайъати,
Ким кўз қаросин фурқати, қон бирла айлабдур бадал.

Эй дилбари гулгун қабо, васлингдин ўзга муддао
Йўқтур манга субҳу масо, қилди рақиб юз минғ жафо,
Мен зорни сендин жудо, ҳижрон ўти жоним аро,
Доғи фироқ, эй дилрабо, андоқ кўзум қилди қаро,
Ким кўз қаросидек манга, матлуб эрур доғи ажал.

Сархуш майи рангин ила, сар то қадам тазйин ила,
От секритиб ойин ила, чиқдинг қошингда чин ила,
Роҳинғда мен таҳсин ила, қилдим дуо омин ила,
Сен фурқат истаб кин ила, мен ер ўпуб тамкин ила,
Қатл аҳлиға таскин ила, қилмоқ намоз эрур ҳиял.

Фурқат шарори ногаҳон, ёқти таним бермай амон.
Қилдим басе оҳу фиғон, мамлу унимдин осмон,
Дардим нучук айлай ниҳон, элдин мени беҳонумон,
Ҳажринг ўтидин ҳар замон, андоғ куяр озурда жон,
Ким соғинур боғи жинон, дўзахга кирса филмасал.

Пандим эшит, эй нозанин, не гул қолур, не ёсмин,
Айлаб ажал бир кун камин, тортар бошингға тиғи кин,
Не важҳ ила бўлмай ҳазин, охир кетар ҳар моу тин,
Юз йилға умр ўлсун қарин, бир дам кўрар аҳли яқин,
Бас недур эй хилватнишин мунча санга тули амал.

Гулзор аро ул нўшлаб, базм айламакка рўзу шаб,
Айёми гул бўлди сабаб, ҳамроҳ неча олий насаб,
Ваҳм айлама, чекма тааб, ишрат, Киромий, қил талаб,
Вуслат замони бўлажак, соқи қадаҳ тут лаб-балаб,
Мутриб, тузат савти тараб, ўткар, Навоий, бир ғазал..

* * *

Тузуб асбоби шоҳи беадад аҳли хидам чекти,
Жаҳони тира узра нурдин хони карам чекти,
Кеча ҳиндусини дафъ эткали тиғи дудам чекти,
Саҳар ховар шаҳи чарх узраким хайли ҳашам чекти.
Шиоий хат била кўҳсор уза олтун алам чекти.

Таолалло ёйиб офоқ аро хуршед ёғдусин,
Мусаффо айлади кўкнинг муқарнас тоқи минусин,
Бериб зийнат супурди ер юзидин тун қоронғусин,
Қазо фарроши чекти субҳнинг симин супургисин,
Музаҳҳаб парларин андоқки товуси ҳарам чекти.

Ясаб устоди қудрат бесутун бу чарх таъмирин,
Кавокибдин ул айвон ичра қоқти қубба тасвирин,
Не тил бирла қилай мингдин бири тавсифи таъбирин,
Китоба сунъ килки сураи вашшамс тафсирин,
Фалак тоқи ҳавошисида зарҳалдин рақам чекти.

Сабуҳи май чекарга риндлар гулшанда ўлтурди,
Муножот аҳли масжид ичра ёраб ҳалқасин қурди,
Алоло солди куффор аҳлию ноқус чолдурди,
Муаззин Каъба тоқи узра гулбонги самад урди,
Бараҳман дайр айвонида оҳанги санам чекти.

Қилиб бошдин қадам ушшоқлар азми висол этти,
Кўруб ўтрусида маъшуқлар арзи жамол этти,
Ўқуб мубҳам иборатларни шоирлар хаёл этти,
Маоний аҳли гоҳе нуқта узра қилу қол этти,
Муғанний хайли гоҳе нағма узра зеру бам чекти.

Шаби ҳижронда минг ғам юз қўюб бир-биридин собиқ,
Тонг отғунча фиғон тортиб, ситамдин ошиқи содиқ,
Нигори лаъли ёдидин кўруб жон бермагин лойиқ,
Яқо чок этти гоҳи субҳ ул мотамға ким ошиқ,
Бу муҳлик шоми ҳижрон ичра юз хуноби ғам чекти.

Шафақдин тўн кийиб илгига олиб дамбадам тиғин,
Чекибдур қаҳр ила қатл этгали чархи дажам тиғин,
Урар ҳар бегуноҳ кўксига раҳм этмай алам тиғин,
Замона кулди, ул ғофилға ким даврон ситам тиғин,
Анга урмоқни англаб, ўзгага тиғи ситам чекти.

Адам мулкига рахтинг чек, бақосиз умрни англаб,
Кўнгул уз қасру жоҳингдин биносиз умрни англаб,
Кечурмас даҳр бир соат жафосиз умрни англаб,
Хушо улким мунингдек чоғ вафосиз умрни англаб,
Сабуҳи жомини аҳбоб бирла дамбадам чекти.

Қаю ошиқ топарға матлабин пур иштиёқ ўлса,
Суруру айшу роҳат кўнгли мулкидин йироқ ўлса,
Фиғони боиси бир моҳталъат симсоқ ўлса,
Агар кўнглида бир гул ҳажридин хори фироқ ўлса,
Баҳона йиғламоқға бир неча жоми алам чекти.

Не хуш бўлғай фалак они вафо бирла тузуб улфат,
Дегай ноҳида рост ушшоқ қил туз чанг ила суҳбат,
Гадое кулбасиға келса шоҳи чун очиб талъат,
Агар худ васл иқболи муяссар бўлса бир соат,
Фаридун тахти узра базм тузди, жоми жам чекти.

Юрутса жоми жамни ноз ила ул қошлари пайваст,
Асири кўнглудин ҳажр оташин бир соғар эткай паст,
Мунингдек давлат иқболи кишига берган эрмас даст,
Бўлуб матлуб рухсориға маҳв жомидин сармаст,
Юзин туфроқға қўйди, бошини оллиға ҳам чекти.

Анингдек базмни ҳақ асрасун бегона кўздинким,
Сабуҳи май ичиб, бурқа олиб фархунда юздин ким,
Кўруб они тани титраб, тили ҳам қолди сўздин ким,
Не давлатдурки бу ҳолатда андоқ борди ўздин ким,
Бақо иқлимидин тахтини то мулки адам чекти.

Киромий, бандасиға раҳмати довар насиб ўлғай,
Шафоатхоҳи маҳшар арсасида ул ҳабиб ўлғай,
Талаб йўлидоғи бекасча не сабру шикиб ўлғай,
Навоий, шояд ул раҳравға бу мақсад насиб ўлғай,
Ким ул дашти фано қатъ этгали йиллар қадам чекти.