Ибрат (тахаллуси; асл исм-шарифи Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли) (1861, — Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани — 1937, Андижон) — ўзбек маърифатпарвари, шоир. Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасида ўқиган (1878—86). 1887—92 йилларда Истанбул, София, Афина, Рим, Кобул ва Жидда шаҳарларида бўлган. Ҳиндистоннинг Бомбай ва Калькутта шаҳарларида яшаган (1892—96). Сафардан қайтгач, Тўрақўрғонда янги усул мактабини очган (1907), ўз қишлоғида «Матбааи Исҳоқия» номли литография ташкил қилган (1908). Ибрат янги мактаблар очиш, ўқитувчилар тайёрлаш, аёлларни илм-маърифатли қилиш ишларида фаол қатнашган. Ўз шеърлари («Тарихи чопхона», «Маданият ҳақида маснавий», «Газета хусусида», «Қалам»)да маҳаллий ва чор амалдорлари кирдикорларини фош этган («Илми Ибрат», шеърий тўплам, 1909). Ибрат араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус сўзларидан таркиб топган «Луғат ситта ас-сина» («Олти тилли луғат», Т., 1901) тузган, бу асар ўша давр учун катта аҳамиятга эга бўлган. Ибратнинг ёзувлар тарихига оид «Жомеъ ул-ҳутут» («Хатлар мажмуи», 1912) асарида лотин, юнон, хитой, ҳинд, араб, Кирилл ёзувининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи ҳақида маълумот берилган, илмий-тарихий асарлари («Тарихи Фарғона», 1916; «Тарихи маданият», 1925; «Мезон уз-замон», 1926) эса Қўқон хонлигининг вужудга келишидан то 20-аср 30-йилларигача бўлган даврни ўз ичига олган. Ибрат «Туркистон вилояти газети», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталарига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган. 1937 йилда қатағон қурбони бўлган. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 14-ўрта мактаб ва Тошкентдаги бир кўчага Ибрат номи берилган.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Ўшал булбул қилар афғон, саҳар вақти чаман ичра,
Қўнар гул деб тикан узра, саҳар вақти чаман ичра.
Қилар бағрини булбул қон, тикан узра берай деб жон,
Бўлур гул завқидин қурбон, саҳар вақти чаман ичра.
Ўшал булбул бўлур доғлар, чаманни гашт этиб чорлар»,,
Қизил гулни тилаб йиғлар, саҳар вақти чаман ичра.
Чиқар булбулни афғони, чаман ичра оқиб қони,
Тасаддиқ гул учун жони, саҳар вақти чаман ичра.
Муҳаббат бирла маст эрди, ани йўлида жон берди,
Қизил гулдин хабар сўрди, саҳар вақти чаман ичра.
Муяссар бўлса ул жонон, ато қилса ўшал субҳон,
Йўлида жон қилай қурбон, саҳар вақти чаман ичра.
Ибрати бехабар бўлма яна ғафлат билан ўлма,
Гуноҳи беадад қилма, саҳар вақти чаман ичра.
* * *
Бўлма амалга мухтор озурда жон ўлурсан,
Бад фикр фитнасидин дил ўтла қон ўлурсан.
Гар тўғри сўз қилурсан, ул фаҳм эгри айлар,
Анга тушунтурурга дарди даҳон ўлурсан.
Валлот ёки қози кори эрур машаққат,
Ашрорлар сўзидин дарди ниҳон ўлурсан.
Гар ушласанг шариат пос ушламоқ машаққат,
Бир қўл низоми давлат токи омон ўлурсан…
Ҳасмини бир-бирини алар этса муқайяд,
Иккиси санга рожиъ, қайдин омон ўлурсан.
Адлинг бўлурса ақви, изҳор айламас ҳеч,
Гар зарра зулм қилсанг, халққа аён ўлурсан.
Гар ҳукми жорий қилсанг норози ҳар иккиси,
Ман судга арза бергум, анда ямон ўлурсан.
Келгай бириси бирдан, ҳар кимни ўғри айлаб,
Топгунча тарбия сен, сендин гумон ўлурсан.
Бечоралиғдин ўзга иш ихтиёр қилма,
Ҳар чанд хўб бўлсанг, бир дам замон ўлурсан.
Кўб бўлди адвокатлар ё омидин вакиллар,
Кўфиядин бўлакни билмас, фиғон ўлурсан.
Келгай заифи хайли, санга жадали майли,
Уқини шаст қилғай, сан бир камон ўлурсан.
Ҳар касб пеша қилғил, бўлмас амал санга қут,
Бекасб ўтсанг Ибрат, муҳтожи нон ўлурсан,
* * *
Тириклик заҳматидин ушбу кунлардан қалайсизлар?
Бу қимматлик йили буғдою унлардан қалайсизлар?
Ҳамани қўймади ўз ҳолиға, ташвишлар солди,
Мушавваш айлаган бу аҳли дунлардан қалайсизлар?
Жаҳон ҳеч кнмга гардуш этмади иқболима таври,
Замона ҳоли мол кофу нунлардин қалайсизлар?
Босиб халқи жаҳонни айлади торож ўғрилар,
Саломат ётдигизму, бўйла тунлардан қалайсизлар?
Фасоду олам этти шу каби ҳар ерда инсонни,
Бу тарзда фитнаю торож бунлардан қалайсизлар?
Ки ҳар бир кимсада минг хил аломоти қиёматлар,
Машаққат вақтини умри ўринлардан қалайсизлар?
* * *
Ишқинг дилу жона жо бўлубдур,
Жону дил анга фидо бўлубдур.
Сан айламасанг агар давоси,
Дардим мани бедаво бўлубдур.
Оҳим тутунила рўзигорим
Ялдо тунидай қаро бўлубдур.
Тан боғидин андалиби жоним
Куйингни тилаб жало бўлубдур.
Ишқинг ичра чу мен кими насиби,
Ёри соридин жафо бўлубдур.
Ҳусн ичра вафо йўқ эмиш жонон,
Ки сен каби бевафо бўлубдур.
Васлингга етурға Ибрат асру,
Хажр илкига мубтало бўлубдур.
* * *
Минг уч юзу йигирма олтида чопмахона,
Очмоқға бўлди рухсат ва сўз бериб замона.
Мақсад бу ишдин эрди оламға илм қасри, –
Ҳам қўймоқға асарлар ёд овози жаҳона.
Касбу камол ислом бўлмай тараққиятда,
Ҳолиға тушмасун деб этдук буни баҳона.
Биздин кейингилар кўп илму ҳунар топарлар,
Ҳайфоки анда биз йўқ, эътимодхона.
Оламдин ушбу она сонсиз кишилар ўтди,
Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона.
Мен катта бой эмасдим ким айласам бинойи,
Даҳлим етишмас эрди рўзғори, чою нона.
Сад хайфким ғанилар сарфини билмадилар,
Еб-ичтилар семуруб сиғмай туруб чофона.
Уз асримизда ўтти бир неча ағниёлар,
Қолдурмайин нишона ер остин этти хона.
Бу санга катта Ибрат ҳушёр бўлки, кетти,
Эмди санга келурму кетган у ота-она.
КЎРГОНИ КЕЛДИМ СОҒИНИБ
Гулдек юзингни дилбарим
Кўргони келдим соғиниб.
Сан — шоҳи олам, ман — гадо,
Кўргони келдим соғиниб.
Ишқингда дилбар зор-зор,
Йиғлаб юрибман, эй нигор.
Кел эй, букун кўзи хумор,
Кўргони келдим соғиниб.
Сиздин бўлак йўқтур кишим,
Ўзга билан йўқтур ишим.
Мастона кўзлик маҳвашим,
Кўргони келдим соғиниб.
Тан ичра жоним сан эдинг,
Хуш меҳрибоним-сан эдинг,
Ширин забоним сан эдинг,
Кўргони келдим соғиниб.
Ман ҳаста дил ҳайрон бўлуб,
Ишқингда саргардон бўлуб,
Фарвона янглиғ ўргулуб,
Кўргони келдим соғиниб.
Дардинг билан дармондаман,
Топкин илож бемораман,
Васлинг билан афтодаман,
Кўргони келдим соғиниб.
Эй дилбари нозик бадан,
Ҳам тишлари дурри Адан,
Ой юзлари боғу чаман,
Кўргони келдим соғиниб,
Боғу баҳорим сан мани,
Кўзи ҳуморим сан мани,
Ширин забоним сан мани,
Кўргони келдим соғиниб,
Мандин яширма юзларинг,
Ёдимға тушти сўзларинг,
Куйдирди ёрим кўзларинг,
Кўргони келдим соғиниб,
Кўйингда дилбар зор-зор,
Шому сабо, лайлу наҳор,
Йўқ эмди бизда ихтиёр,
Қўргони келдим соғиниб.