Ҳувайдо (тахаллуси; асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли) (? — Ўш шаҳри — 1780/81, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи) — шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган.
Ҳувайдо девонида келтирилган бир нақлга кўра, Ҳувайдога «Хўжаназар» исмининг қўйилиши ҳам Офоқхўжа билан боғлиқ. Ҳувайдо мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир.
Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.
Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган («Дариғо, ҳайф, одам…», «Куйгай», «Кимга бориб дод этай…» ва б.).
Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди (масалан, «Анго», «Қилдинг» радифли шеърлари ва бошқалар).
Шоирнинг «Роҳати дил» ахлоқий манзумаси панднома турининг гўзал намунасидир. Унда очкўзлик, таъмагирлик, вафо, боқийлик, фонийлик, яхшиликнинг фойдаси, ёмонликнинг зарари, гўзаллик ва меҳнатсеварлик, моддий ва маънавий поклик каби хилма-хил ахлоқий мавзулардаги ибратли ҳикоялар келтирилган. Ҳувайдо диний-ахлоқий мазмундаги «Иброҳим Адҳам» номли шеърий достон ҳам ёзган. Ҳувайдо вафотига бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган. Шоирнинг отаси Ғойибназар Эшон шажараси дахмаси ҳозир ҳам зиёратгоҳ жойлардан ҳисобланади.
«Девони Ҳувайдо»нинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси Самарқанд давлат университети кутубхонасида сақланади (инв. №3903).
Ҳувайдонинг набираси Сирожий (1877 йил вафот этган), чеваралари Самарбону (1837— 1891), Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳувайдо анъаналарини давом эттирганлар. Ҳувайдо номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.
Бегали Қосимов.
* * *
Кўрмай эй, дилбар, юзунгни, бўлди аҳволим хароб,
Раҳм этиб келсанг на бўлғай хаста жонимни сўроб.
Ҳоли бемору ғариб сўрмак савобдур беадад
Эрмиш, эй ёрим, санга ҳаргиз керакмасму савобе
Сояи ғамда қолибман, кулфатимдур беҳисоб,
Тегмади ман заррани бошиға ҳаргиз офтоб.
Толиу бахти забундурман нетай, эй дилрабо,
Келмади оё нечук сан деб мани золим сўроб.
Оҳ урсам сақфи гардунға тегар оҳим ўти,
Шиддатидин ўт чиқиб айлаб садо йиғлар саҳоб.
Қил ҳазар оҳим ўтидин, эй нигори нозанин,
Бўлса жўш оҳимға йеру кўк қилмас ҳеч тоб.
Неча йилдурким, нигоро, остонанг ёстониб
Супуруб мужгон билан, септим кўзум ёшидин об.
Қилмадинг ҳеч лойиқоти хизматим, эй моҳ рўй,
Ори-ори боқмадИнг бир йўл олиб юздин ҳижоб.
Эй Ҳувайдо, юрмадинг сан бир дами беғам бўлуб,
Хотиринг бўлди саранжом оқибат бўлғунг туроб.
* * *
Бир бузуқ вайронадур ул уйдаким ёр ўлмаса,
Ёр ила обод эрур ул уйда ағёр ўлмаса.
Гоҳ кўрунуб, гоҳ қочар ошиқларин куйдургали
Ишқ лаззат бермағай дилбарки айёр ўлмаса.
Ошнолиқни узуб ёр андин айлар иҳтироз
Ул кишиким ёридин бирдам хабардор ўлмаса.
Кўп бало ўқин отар ошиқ сари, ошиқ эмас
Кўксин очиб ёрини олдида тайёр ўлмаса.
Бўлмағай оҳу фиғон тонг отқуча бедорлик,
Ошиқи дилхастани ёри ситамкор ўлмаса.
еб ётиб ором ила ошиқлиғи бекор эрур,
Чарб ширин еб ичардин кимки безор ўлмаса.
Аввал ўзунг қил амал, сўнгра насиҳат элга де,
Эй Ҳувайдо, сўзлама санда амал бор ўлмаса.
* * *
Арзимни айдим боди сабоға,
Еткурса ҳолим ул дилрабоға.
Қилса худойим кўнглин мулойим,
Раҳм айлағайму ман мубталоғае!
Қилғайму хайрин ўз қўли бирла,
Борсам кўйига мискин гадоғае
Деди рақиблар ёрға ёмонлаб,
Солди жудолиқ найлай ароға,
Кўнглумда йўқтур зарра гумоним,
Кимки ёмондур солдим худоға.
Ҳолимни айтсам ёрим инонмас,
Эмди қўюбман явмулжазоға.
Ёрсиз кишини фирдавси йўқтур,
Суйдим санамни қолдим балоға.
Душманларининг нозу, ниамда
Парвариш айлаб солди ғиноға.
Дўстини ёрим ранжу аламда
Қўйди эл ичра жавру жафоға.
Мискин Ҳувайдо сабру таҳаммул
Айлаб,ҳамиша йиғлар худоға.
* * *
Раҳм айласанг-чи девоналарға,
Ишқингда бўлған афсоналарға.
Айлаб жудолиқ, эй ҳамнишиним,
Қилдинг жафолар ғамхоналарға.
Куйдурма жоним рашк ўти бирла,
Очиб юзунгни бегоналарға.
Сажда қилай деб, ширин, бутимға,
Бордим сўроқлаб бутхоналарға.
Майгун лабингдин бир бўса бергин,
Синсун хумори мастоналарға.
Ҳар дам тиларман ҳусни камолинг,
Уруб бошимни остоналарға.
Ёндур, куёйин хилват ичинда,
Шамъи жамолинг парвоналарға.
Ишқингни ганжи вайрон кўнгулда,
Қўйсанг турарму кошоналарға.
* * *
Ичарға бода саҳар мавсими чаман яхши,
Навойи мутрибу хуш мажлис, анжуман яхши.
Сузуб пиёлаи майни, йиғилса ишрат эли,
Сунарға муғбача май косаи Хўтан яхши.
Хуш ўткар умри азизинг жаҳон ғамини емай,
Май ич, тириклик аро сиҳҳати бадан яхши,
Кишиким ичмаса майни тирик эмас, ўлган,
Анингдек одамиға гўр ила кафан яхши…
* * *
Ҳеч кишига сўзламасдим, дод этдурди фалак,
Кўп халойиқ олдида фарёд этдурди фалак.
Арзи ҳолим еткудек бир ёру ҳамдам топмадим,
Шод кўнглумни, нетай, ношод этдурди фалак.
Ман ғарибу хастани ҳардам фироқ ўти билан
Куйдуруб, кўкка кулум барбод этдурди фалак,
Солди кўнгул сайдиға ҳар лаҳза ғам шаҳбозини,
Ғамни ман бечораға сайёд этдурди фалак.
Эй Ҳувайдо,бўлма қул бу чархи кажрафторға,
Лаҳзада юз шевалар бунёд этдурди фалак.
* * *
Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум,
Халойиқға бўлуб кулгу, баси афсоналар бўлдум.
Қилур таъна кўруб ҳарким маним ҳолимға, эй моҳнм,
Бу элни оғзида ҳар гўшада афсоналар бўлдум.
Ҳама қавму қариндошим мани кўрса қилур номус,
Баридин юз ўгурдум, бир йўла бегоналар бўлдум.
Сани илкингдин, эй дилбар, муҳаббат жомини ичсам,
Ўшал кундин бери билмай ўзум мастоналар бўлдум.
Шабистон ичра, эй ёрим, жамолинг шамъини кўрдум,
Бошингдин ўргулуб ҳар субҳидам парвоналар бўлдум.
Висолинг излабон, дилбар, Ҳувайдойи ғариб миския,
Гадолардек сўраб элдин юруб оворалар бўлдум.
* * *
На қилдим санго ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг,
Бошимда гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг.
Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни,
Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг.
Жудолиғ айлар экансан, оё Лайливаши Ширин,
Не деб аввал ўзунгға ман ғарибни ошно қилдинг.
Нигоро, бори ғам бирла фақиру нотавон айлаб,
Алифдек қоматимни лом алиф янглиғ дуто қилдинг.
Фироқинг осмонидин солиб бир барқи олам сўз,
Вужудим хирманин ўртаб, адо қилдинг, адо қилдинг.
Ўшал рўзе: ЪБилурмусан маниеъ деб айтдинг, эй ёрим,
ЪБалеъ дедим, сани суйдим, балога мубтало қилдинг.
Аё дилбар, Ҳувайдодек балокашни эшикларда,
Солиб кўздин бенаво, зору гадо қилдинг.
* * *
Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға,
Қаро кўзлук, қаро кокул ўшал ширин забонимға.
Ётибдир бир ғариби зор ўлиб оғиштаи туфроқ,
Бу ҳолимни бориб айтғил мани оромижонимға.
Мани бошим ани йўли ароға ҳар бало келса,
Боқарман, эй биродарлар, қачон суду зиёнимғае
Фалак чархи узилди-ю, йироқ солди мани андин,
Қачон қўшғай худовандим анингдек меҳрибонимғае
Ани дарду фироқи ўлгуча мандин жудо бўлмас,
Таралмиш жисмима жондек тамоми устихонимға.
Ҳувайдони фироқига они ҳеч келмади раҳми,
Қаро тошлар су бўлди раҳм этиб оху фиғонимға