Ҳайратий (1870-1963)

Шоир мулла Ҳошим Солиҳ ўғли Ҳайратий 1870 йилда Шаҳрихоннинг Бегвачча Қашқар маҳалласида ҳунарманд аравасоз оиласида дунёга келди. Ёшлигидан уни мактабдорлик қилувчи амакиси мулло Жалил ўз тарбиясига олди. Амакиси унга хат-савод ўргатди, сўнгра бўлажак шоир дўсти Оразий билан бирга шахсий мутолаа қила бошлайди. Классиклар асарларини қунт ва чидам билан ўрганиш, улардаги маҳорат сирларини эгаллаш унда бадиий адабиётга ҳавас уйғотади. Ҳайратий 1903 йилдан бошлаб шеърлар ижод қила бошлайди.

1897—1898 йиллари Муқимийнинг Шаҳрихонға келиши, Оразий, Ҳайратий билан учрашиб, уларга ижодий йўлланмалар бериши, шоир учун ҳам унутилмас бир мактаб бўлди.

Ҳайратий 1916 йили Шаҳрихонда юз берган қўзғолондан сўнг, Оразий сингари, Марғилон атрофида яшириниб юришга мажбур бўлади.

Шоир 1940 йилдан умрининг охиригача Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилди. Шоир 1963 йилда шу ерда вафот этди.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Аё гулчеҳра, соқий, кел қадаҳ даврини ижод эт,
Муҳаббат қоплаган ғамлик дилим лутфинг била шод эт.

Паёпай тут қадаҳни, ташналик кетсин вужудимдан,
Мурувват бирла жисмим боғини янгидан обод эт.

Қизил май акси рухсорингни гулгун айлади, э жон,
Қизорган, яшнаган чоғингда ман маҳзунни бир ёд эт.

Букун ғамдан қутулдим, суҳбатингга аржуманд ўлдим,
Бериб бир коса, кўнглим зангини якбора барбод эт.

Куярман ишқ ўтида доимо мисли самандардек,
Халос этмоққа, жоно, бу аламдан, манга имдод эт.

Рақиблар билмасин, қилғил тараҳҳум манга пинҳоний,
Талаб сандан шудир, э нозанин, бир бор дилшод эт.

Бу базми дилкушода Ҳайратийга марҳамат айлаб,
Асир бўлғон дилимга раҳм қил, қайғудан озод эт.

* * *

Ишқ савдосида доим масканим майхоналар,
Бир пучак пулга сотарман масжиду бутхоналар.

Моҳрўлар юзлари гулдек очилган то саҳар,
Базм аро даврон этар оқу қизил паймоналар.

Масканим майхона бўлди, улфатим махмурлар,
Саждагоҳим тоқи абрўи пари жононалар.

Нася жаннатнинг шаробин менга, зоҳид, мақтама,
Дайр аро кўргил бориб гулгун қабо ғулмоналар.

Бир пиёла май қилур ғам хонасини тор-мор,
Юмшатиб мойил қилур, бўлса дили сандоналар,

Аҳраманлардан батар ағёрдан безорман,
Юргизар эл ўртасида асли йўқ афсоналар.

Ҳайрато, бир йўқлабон келса нигорим олдима,
Хўп тўйиб ҳуснига қонгайди дили сўзоналар.

ҲАЖВИЯЛАР

* * *

Биз мусулмонларга ўлганга азо қилмоқ надур?
Жидду жаҳд ила денгиз, бу можаро қилмоқ надур?

Соч ёзиб, ўздан кетиб, кўкка етуриб навҳалар,
Содир айлаб ҳой-ҳу бирлан наво қилмоқ надур?

«Сизни кўп кўрди худойим», деб тобутга ташланиб,
Кош мен ўлсам, дебон, ўзни фидо қилмоқ надур?

«Вой боламу, вой отам» деб, юзни тирнаб қон қилиб,
Кўп хотин ўздан кетиб, фарёду во қилмоқ надур?

Чиқса эркаклар ўликни кўтариб гар кўчага,
Эргашиб қиз ҳам хотинлар оҳу во қилмоқ надур?

Яъни ким ўлса, унинг отин етаклаб қабрига,
Уккипардан отнинг бошига жиғо қилмоқ надур?

Уч кун ўтмасдан хотин-қизлар либосин бошқалаб,
Йил — ўн икки ой кийим-бошни қаро қилмоқ надур? .

Бас «йигирма», «қирқ», «йил ошига» ер-мулкин сотиб,
Бор-йўқдан ажраб, ўзни мосиво қилмоқ надур?

Яъни бир мискин ўлугига кетар бир қанча пул,
Ўлгани етмасми, ортиқча жафо қилмоқ надур?

Коса сув устига бир чўпни қўйиб қирқ кунгача,
Қелса арвоҳи, ўтирсин деб, рижо қилмоқ надур?

* * *

Эй ёру ошнолар, ҳам қавми босафолар,
Дунё юзини тутди жанжолу можаролар.

Жанг эрди бир тарафда, анча узоқ биздан,
Охирда бизни босди очлик деган балолар.

Бечора камбағаллар нон кўрмагай тушида,
Уйда ётиб гўдаклар йиғлаб қилур наволар.

Бир ён совуқнинг вахми, бир ёнда нонга муҳтож,
Қилмас тараҳҳум асло боёни бесахолар.

Ҳар бир эшикда соил беш-олти, балки ўндир,
Бўлди улуснинг ярми овқат учун гадолар.

Очликнинг ҳукми жорий, бечораларга қишда
Нон қайда, бал ўтин йўқ, ўлмоққадир ризолар.

Соилга берсанг, аввал нон ёки бошқа нарса,
Нон олмас эрди пул деб, айларди иддиолар.

Ҳозирда берсангиз пул, айтурки: «Парча нон бер,
Нонсиз вужудим ўлди монанди каҳраболар!»

Бир неча аҳли қишлоқ ташлаб диёру мулкин,
Овқат ғамида бўлди фарзандидан жудолар.

Баъзи хотин боласин масжидга кетди ташлаб,
Баъзи бировга берди йиғлаб у бенаволар.

Қимматчилик узайди, борми бунинг давоси,
Бойларда ғалла кўпдир, бермайди рў сиёҳлар.

Ҳар жинс ғаллалар бор, попўшлар, дирам бор,
Бойларга бўлса тайёр, хоҳ кеча, хоҳ саболар.

Бечораларнинг ҳаққин бермас ўзига ҳаргиз,,
Қишлоқнинг каттасини айлар улар ризолар.

Бир ёнда нонга муҳтож, бир ёнда босмачилар,,
Ғоратчи муттаҳамлар элга қилар жафолар.

Ҳар уйда доду фарёд, ким айлагай уни ёд,
Бошин уриб пачоқлар авбоши беҳаёлар.

Ҳар кимнинг бўйга етган бўлса қизинолурлар,.
Қон йиғласа эшитмас, йўқ унга бир даволар.

Безор ўлиб халойиқ, ҳар кеча қизларини
Сақлашга гарнизонга айларди илтижолар.

Моли билан қизини элтарди крепостга,
Қелтиргали борарди тонг вақтида атолар.

Ўйланг, нечук бу кулфат, айлаб бўлурми тоқат,
Минг босмачига лаънат, бадбахт, юзи қаролар.

Том устида халойиқ, ҳар кеча уйқусизлик,
Гар ёғса қор, ёмғур йиғлайди бенаволар.

Билганда босмачилар нарвон қўйиб чиқарлар,
Гар қочса томда отиб, жисмин қилур фанолар.

МАРДИКОР ОЛДИ

(1916 йилдаги лошмон, яъни мардикор жанжалидан бошлаб Фарғонада бўлган ҳодисалар)

Биродарлар, келинглар, бизга бир янги замон ўлди,
Жаҳон айвонида бу номимиз бир қаҳрамон ўлди.

Эди бир мингу тўққиз юз ўн олти рўза ойида,
Июль ойига ўн бир эрди бир шўриш аён ўлди.

Ки, яъни мардикор олмоқчи фармони келиб бирдан,
Халойиқ ўртасида аскар олмоқ, деб гумон ўлди.

Бу янги иш эди халқ ўртасида бўлмагай жорий,
Бу иш ҳам бир сабабдек қайнатилган бир қазон ўлди.

Тамоми порахўр бўлган эди ҳоким, приступлар,
Иши битмас эди, гар бермаса, шундай замон ўлди.

Амалдорлар ҳамиша бойга айлар эрдилар хизмат,
Уларга ишчи-деҳқонларни ашёси талон ўлди.

Эшитмас эрди деҳқон арзу додин қози, мингбоши,
У золимларни қилган зулми кун-кундан ёмон ўлди.

На қилсин камбағаллар, қайга борсин, кимга арз этсин?
Мисоли қўй каби деҳқонлара бўри шубон ўлди.

Амалдорларга ёрдамчи бўлиб бой бирла эшонлар,
Фирибгар омидан ҳам салла бойлаб бир эшон ўлди.

Жаҳонга келмасин асло ўшал золим ҳукуматлар,
Букун эл яйрадилар ҳам гадолар алъамон ўлди.

Муродим мардикор олмоқни таърихин ёзиш эрди,
Ва лекин четга чиқдим, бир қўшимча достон ўлди.