Исми-шарифи Исомуҳаммад Имоммуҳаммад ўғли, Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Сақичмон маҳалласида (ҳозирги Чиғатой кўчасида) туғилган. «Шарифбой» мадрасасида Мирзаохунд номли мударрисда хатми кутуб қилган. Тошкентнинг машҳур бедилхонларидан.
Қабри Чиғатойда. Девон тузган бўлса-да, тақдири номаълум. Айрим ғазаллари асримизнинг 10-йилларида тузилган баёзларда учрайди.
Шоир ҳақидаги маълумотлар Мўминжон-Тошқиннинг «Тошкентлик ва Тошкентда бўлган ўзбек шоирларининг таржимаи ҳоллари» қўлёзма китобидан олинди.
Шеър — «Баёзи янги» (Тошкент, Яковлев типо-литографияси, 1911 йил)дан кўчириб босилмоқда.
Бегали Қосимов
* * *
Олам муаттар ўлмас зулфи ечилмагунча,
Ис бермагай қизил гул барги очилмагунча.
Изҳор айламасман сиррингни элга зинҳор,
Ғамзангни ўқларидин бағрим тешилмагунча.
Эй зоҳиди хўжаста, этма насиҳатингни,
Тарки муҳаббат этмам, бошим кесилмагунча.
Ул сарвноз қилмас ошиқлиғимни бовар,
Қумри каби кигизни бўйнимга илмагунча.
Ғам тун қоронғусида шамъ ўлди нахли мотам,
Кулбам мунаввар ўлмас дилдор келмагунча.
Тўкмай сиришк бўлмас шамъи висоли ҳосил,
Хуршид зоҳир ўлмас кавкаб қирилмагунча.
Лаълига хат кўрунгоч топти зуҳури ҳусни
Маъни саҳифада йўқ лафзи ёзилмагунча.
То этмайин тавозеъ рифъат муяссар ўлмас,
Кўзгуда топмади жо абрў эгилмагунча.
Юсуф қудуқ ичидан чиқмас хаёл бирлан
Дилдор кокулига ҳар дам осилмагунча.
Ким кўрди гулни васлин ҳамроҳи хор бўлмай,
Ғаввос дур ололмас дарёга чўммагунча.
Етмаклик мумкин ўлмас, бўлмай фано худоға,
Чиқмам бу Чорсудан рахтим сотилмагунча.
Кўксумни қилди ёра пайконидин нишона,
Кўрсатмади жамолин бағрим эзилмагунча.
Гулшан бу тоза мазмун назм айлади анингчун,
Лўлў намуна бермас ипга тизилмагунча.