Ғозий (XVIII аср – 1818)

Ғозий, Муҳаммадғозий (18-асрнинг 2-ярми — Қўқон — тахминан 1818) — шоир. Бухоро мадрасаларида ўқиган. Қўқондаги Мадрасаи Мирда мударрис, муфти бўлган. Акмал Хўқандийнинг яқин дўсти.

Ўзбек ва форс тилларида ижод қилган. Фузулийни ўзига устоз билган. Шеърларининг мазмуни билан ҳам, дунёга, атроф-муҳитга муносабатини кўрсатишда, бадиий санъатлардан фойдаланишда ҳам Фузулий йўли, услубини қўллаган, унинг ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Кўпроқ лирик ғазаллар, таърих-шеърлар ёзган, девон тузган. Лирик шеърларида инсон қалбининг кечинмаларини, орзу-истакларини, қувонч ва қайғуларини куйлаган, чин инсоний муҳаббат, гўзаллик ва садоқат, инсонпарварлик ва адолатпарварликни улуғлаган.

Ғозий шеърлари 18-асрнинг 2-ярми — 19-аср бошларидаги ижтимоий ҳаётнинг ҳаққоний манзарасини кўрсатишга, адабий ҳаётда мавжуд бўлган турли йўналишларнинг моҳиятини тўлароқ ёритишга хизмат қилади. Ижтимоий лирикасида эса ўша даврда ҳукм сурган адолатсизликдан, ҳақсизликдан, бахтсиз толеидан шикоят қилади («Букулди қоматим…», «Девонамен…» ва б.).

Таърих-шеърлари асосан рубоий тарзида ёзилган бўлиб, кўпчилиги шаҳар аъёнлари, йирик амалдорларнинг вафотига бағишланган. Дидактик мавзудаги асарларида инсон фазилатларини юқори тутиш, ҳаётла камтар бўлиш, инсон қадрини ерга урмаслик, ўз қадр-қимматини сақлаш зарурлиги таъкидланган. Анъанавий «ширу шакар» усулида мусаддас ва мустазод-таржеъбандлар ҳам ёзган; мустазодларининг айримлари оригинал усулда ёзилган.

Ғозий девонининг 4 қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган, улар Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида (инв. №121, 6117, 2296, 11) ва Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Санкт-Петербург бўлими (инв. №109) да сақланади.

Бегали Қосимов

 

ҒАЗАЛЛАР

Эй қуёш, субҳи узоринг бирла мағрур ўлмағил,
Бир нафасда шом ўлур, албатта масрур ўлмағил.

Тингла пандим, эй кўнгул, бўлма вафосизларға ёр,
Вора-вора зору, кундин-кунга ранжур ўлмағил.

Бўлма коми нафс учун ҳар сифланинг олдида паст,
Обрўсизлик юкин чекмакка маздур ўлмағил.

Масти иқбол ўлма, идбори била оғритма бош,
Тотмағил бу бодани, зинҳор махмур ўлмағил.

Шамъ янглиғ маҳфил оро бўлмағил, куймак ишинг,
То муяссардур жаҳон аҳлиға манзур ўлмағил.

Доға қўй олмосдин марҳам, вале миннат била
Мубталойи дарди бедармони кофур ўлмағил.

Ғозиё, нўш айла меҳнат жомидин заҳроби ғам,
Бенавойи шарбати чинию фағфур ўлмағил.

* * *

Соқиё, бўлди гул айёми кетургил саҳбо,
Ким ҳаво мўътадилу гулшан эрур руҳфизо.

Ғунча хандону чаман сабзу, булут қатрафишон
Базм асбобини туз булбул ўла нағма саро.

Бўлса бир дилбари майхорау, бир гўшаи боғ,
Бенгзамаз ҳур ила фирдавс, худо шоҳид анго.

Мундин ортуқ на эмиш ҳашмати давлат анга ким,
Ула бир мутрибу, бир жоми, лабо-лаб мино.

Кўз юмуб, маст бўлуб ноз ила ул маҳваш,
Турки ашъор ўқуб, чолса қўбуз вовайло.

Бода ичмакдин ўшал ким, бу маҳал тавба қилур,
Бехабар ғулдурур, одам эмасдир асло.

Ғозийни маст кўруб ёри била зоҳид ҳам
Айлади майға гарав субҳау дастору ридо.

* * *

Тараҳҳум айламаз ҳолимға ул шўхи паризодим,
Неча қулмен десам ҳаргиз инонмаз сарви озодим.

Менга хурсандлиғ мумкин эмасдур айламиш гўё
Қазо меъмори ғам туфроғидин таъмири бунёдим.

Қиё боқмай тутуб ағёр илкин сарви ноз ўтти
Тағофул машрабим, золим табиат, қадди шамшодим.

Ажабдурким анинг бераҳм кўнглиға асар қилмаз,
Фалак миноларини айлади симоб фарёдим.

Манга, эй дўстлар, таклифи сайри гулситон этманг,
Очилмаз сайри гулзори эрамда табъи ношодим.

Чекиб тиғи жафо эл қонин ичмакдур иши доим,
Худобезор, кофиркеши шаҳрошуби жаллодим.

Кўнгул мулкини хайли ноз илан яғмо қилур ҳардам
Қиёмат бехабар девона душман дўст бедодим.

Қаролиқ бирла ўтти рўзгорим зулфидин доим,
Мунаввар бўлмади шамъи рухидин зулматободим.

Мени, эй Ғозий, бу ноқис шайхларга йўқтур ихлосим.
Муҳаббат муршидим., дарду аламдур хатти иршодим.

* * *

Манга рафъи ғам этмаз сайри саҳро, гашти гулшан ҳам,
Кўруб аҳволи зорим дўст ҳайрон ўлди, душман ҳам.

На деб ошиқлиқ эттинг тингламай пандимни, эй кўнгул,
Ўзунг олам аро шарманда бўлдинг, оқибат ман ҳам.

Табибо, тийра кўнглум захмидин ол марҳамингниким,
Қаронғу бўлса уй даркордур ночор равзан ҳам.

Кўруб аҳволи зоримни, рақибо, кулма холимға,
Сенингдек мен эдим, бўлғил илоҳи ман каби сан ҳам.

Қутулдим дўстларнинг пандидин, ағёр таънидин,
Биҳамдиллаҳ ғамингдин кетди жон орқасидин тан ҳам.

Қошида муддаи махзуз сен маҳрум, эй Ғозий,
Мунунгдек юрганингдин яхшидур албатта ўлган ҳам.

МУСТАЗОД

Жонимға қилур ҳардам ўшал турки дилозор.
Минг жавру жафони,
Билмаз магар ул маҳваши бедоду ситамгар
Ойини вафони.
Ҳар сирри хафиким ўла ифшо эда ҳалқа
Холи лаби лаълинг,
Эй шоҳи жаҳон, айламағил маҳрами асрор
Бу юзи қарони.
Қошина чекиб ўсма, олиб илгина ханжар
Келди ғазаб олуд
Ул шўх менинг қатлима, эй воҳиди қаҳҳор,
Қайтар бу балони.
Не лутф ила манга даво қилди, не марҳам,
Бераҳм табибим,
Кўрди мени ишқида ажаб бекасу бемор,
Кўксимда ярони.
Юз панд ила қайтиб эди ишқ йўлидин,
Бу ғамзада кўнглум,
Кўргач юзини бўлди тақи зору гирифтор
Ул ҳурлиқони.
Сармаст агар кўрса бути бодакашимни
Ҳаргиз анга шак йўқ,
Дарҳол эдар майға гарав зоҳиди беор,
Тасбиҳу ридони.
Ишқида бўлуб зор, ўлар ҳолата еттим
Ул моҳвашимни,
Тенгри учун, эй боди сабо, айла хабардор
Еткур бу дуони.
Лахти жигару луқмаи андуҳ дамодам
Ҳар кечаю ҳар кун
Ўлдум ғам ила, ҳеч санга қилмадим изҳор
Чўх бил бу ғизони.
Ҳолини кўруб гоҳ тараҳҳум била ёд эт
Ранжури ғамингдур,
Бу Ғозийи бечораға зулм айлама зинҳор,
Ёд айла худони.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

То ёр кўйина мен девона етмишам,
Бир муфлисамки давлати хоқона етмишам,
Бир ташнаамки чашмаи ҳайвона етмишам,
Жонлар вериб сенинг каби жонона етмишам,
Раҳм айлаким етанча санга жона етмишам.

Жонимға минг жафо эдан ҳардам сипеҳри дун,
Минойи айшу ишратими этти вожгун,
Меҳнат юкини чекди алиф қаддим ўлди нун,
Шукронаи висолинга жон верди тан бугун,
Чўх дард чекмишамки бу дармона етмишам.

Билдимки чарх толиби аслу-насаб дагил,
Афғону нолишим ҳама дам бесабаб дагил,
Кўнглум ҳамиша мойили завқу-тараб дагил,
Жону дилим муродина еттим ажаб дагил,
Бир бандаамки даргоҳи султона етмишам.

Соқийи даҳр, ичурди банга заҳри ғам эзиб,
Кул бўлди меҳнатинг ўтидин пайкарим қизиб,
Дутти ғамингни жон ҳама аҳбобдин безиб,
Мўри муҳаққарамки саросима чўл кезиб,
Ногоҳ боргоҳи Сулаймона етмишам.

Ҳажринг туконларидин эрур гулшани таним,
Кел сайри боғ айлагил, эй рашки гулшаним,
Гулхан кулидур эмди менинг жоҳу масканим,
Бир булбуламка гулшан ўлубдур нишиманим,
Ё тўтиямки бир шакаристона етмишам.

То котиби қазо қалами қилди одими,
Этти зиёда ишқ элина эътиқодими,
Райҳон хатинг айлади равшан саводими,
Даври фалак муяссар эдибдур муродими,
Гўёки толиби гуҳарам — кона етмишам.

Йўх шоми мотамимға бугун субҳдам падид,
Боғланди айш қобуси пайдо эмас калид,
Ғозий бўлурму ҳеч шақи жаҳд ила саид,
Мискин Фузулиямки санга дутмишам умид,
Ё бир камина қатраи уммона етмишам.

МУХАММАС

Боғ аро юзланки то гулчеҳра раъноланмасун,
Сабзасин помол қил, раъноси зеболанмасун,
Ноз этиб зулфинг дағи сунбул мутарроланмасун.
Оразинг кўрсат кўнгул, гулшан тамошоланмасун,
Қоматингға жилваи тўби таманноланмасун.

Дину имон нақди торож айламакдур мазҳаби,
Қатли ом этмак эрур (тарсоларингни) матлаби,
Не сабабдин яхшилиқ нутқи Масиҳо мансаби,
Бир нафасда юз ўлукка жон берар лаъли лаби,
Эй қуёш, бергил хабар Исо масиҳоланмасун.

Бир алифдур қоматинг, эй сийм тан, жон ичраким,
Қон ичар ёқут лаълинг, ҳажридин кон ичраким,
Тишларингдин йўқтур онча баҳри уммон ичраким,
Оч юзингни бир табассум қил гулистон ичраким,
Гул юзингу ғунча оғзинг бирла даъволанмасун.

Лабларинг эъжозидур аҳбоба руҳ омезлиқ,
Хатту холингни шиори мушку анбаррезлиқ
Кўзларингни шеваси найрангу сеҳр ангезлиқ
Эй пари, қилғил такаллум бирла шаккаррезлиқ
То ани тўти кўруб, олдингда гўёланмасун.

Эй кийик кўзлу, шакар сўзлу, қуёш юзлу нигор,
Бўлса минг жоним мени қилсам тасаддуқ жонивор,
Ёшуруб лутфин, ғазаб расмини айлар ошкор,
Мақсадинг гар қатлим эрса айла пинҳон зинҳор,
Зоҳир этма бу карам то халқ ғавғоланмасун.

Ёр сўрди ҳоли зори ошиқи жонбозини…
Фош этти чўх жафо айлаб муҳаббат розини,
Кўйида, эй ишқ, ончун беқарор эт Ғозини,
Ҳажр даштида қуюн янглиғ шикеболанмасун.