Дилшод Отин, Барно, Дилшоди Барно (тахаллуслари; асл исм-шарифи Дилшод Раҳимқул сўфи қизи), (1800, Ўратепа — 1905/06, Қўқон) — шоира, маърифатпарвар. Отасидан савод ўрганган. Мактабдорлик қилган — хотин-қизларга хат-савод ўргатган. Анбар Отин Дилшод Отиннинг иқтидорли талабаларидан бўлган.
Дилшод Отин ғазал, мухаммас, масаддас, чистон ва бошқа билан бирга хотираномалар ҳам яратган. Унинг 91 та ўзбекча ва 51 та тожикча шеъри, «Тарихи муҳожирон» («Муҳожирлар тарихи») бадиий-тарихий асарининг ўзбекча ва тожикча 3 қўлёзма нусхаси («Тазкираи Барно», «Сабот ул-башар маа тарихи муҳожирон» — «Инсон матонати ва муҳожирлар тарихи», «Мунтахаб ал-ашъори Барно» — «Барнонинг танланган шеърлари») бизгача етиб келган.
Буларда ўзаро урушлар, халқнинг турмуш шароити ва бошқа ижтимоий-сиёсий воқеалар ўз ифодасини топган. Туркистонни чор Россияси босиб олишига бўлган муносабатда шоира замондошларидан илгарилаб, бу ҳодисанинг барча оқибатларини тўғри тушунган. Шу жиҳатдан Дилшод Отин шеърияти халқ тақдирининг бадиий йилномаси даражасига кўтарилди. Шу билан бирга шоира бахтиёр замон, яхши кунлар келишига ишонди («Бу жабру зулмат албат муваққат…», «Фарғона» ва бошқа), туркистонликларни дўст-иноқ яшашга ундади («Халойиқ, борсангиз…», «Тарихи мухосара» ва б.).
Дилшод Отин лирикасида муҳаббат ва садоқат мавзуи, ватан ва инсон озодлиги масаласи уйғунлашиб кетган («Сочим сунбул деюрлар…», «Фалакда сузувчи ой…» ва б.).
Дилшод Отиннинг «Тарихи муҳожирон» асарида 19-аср Қўқон хонлигидаги тарихий, ижтимоий-сиёсий воқеалар акс этган. Аёлларни маърифатли, эркин, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлишга чорлаган. Шунингдек, асарда Ўратепа ва Қўқонда яшаган 30 дан ортиқ шоир ва шоиралар ижоди ҳақида маълумот келтирилган.
Дилшод Отин асарлари қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. № 1207). Асарлари ўзбек ва тожик тилларида нашр қилинган.
Бегали Қосимов.
ҒАЗАЛЛАР
Бу муҳаббат жомидур, деб даҳрдин чиқди нидо,
“Ёр аксин майдай кўр”, деб жомдин чиқди садо.
Хонақоҳ аҳлиға айтдим: “Алвидо, эй сўфилар”,
Дайра кирдим, риндлиқни эмди қилғум ибтидо.
Ман ичиб ишқ бодасини, бой бердим мазҳабим,
Ҳар на бўлса кўрса кўзим, жон анга бўлсин фидо.
Бу қадаҳ ичра кўрунди орази ул ёрнинг,
Занжири ишқини солди бўйнума, эрмиш ридо.
Ошиқини ғул уруб банд айласа маъшуқ агар,
Шукр қилғай, бўлмасам деб, бандидин ҳаргиз жудо.
Жаннату дўзах баробар ошиқи зор олдида,
Ишқ имомиға ҳамиша айламишдур иқтидо.
Гарчи Барно зордур бир орази ёр олдида,
Ишқ имомиға ҳамиша айламишдур иқтидо.
* * *
Одам айтибдур аввал улуғ нурға қараб,
Бир марта кулгил, эй нур, қаро ерға қараб.
Ховар боқибдур ул дам анвор меҳр ила,
Зулфин этиб паришон, сою қирға қараб.
Ер айланиб турибдур, парвона ховар узра,
Ҳаё тери оқибдур Амую Сирға қараб.
Чиқганда дона-дона булоқ кўзидин ул тер,
Ҳайратда ховар ўлмиш ул он дирға қараб.
Сиру Аму оқибдур, кишвари кокилидек,
Назар солмабдур алсо адирға қараб.
Одам қўлида охир ўлибдур ром жайҳун,
Таъзим этибдур ул дам ул Сирға қараб.
Инсон пайрави бўл, Дилшод ўлғайсан,
Таъзим этма ҳаргиз бегу мирға қараб.
* * *
Келинг, қизлар, чалайлик даф ила соз,
Бир осойиш замонни чорлайлик боз.
Диёримизни таъриф айламакка
Ҳамма мақсадни бирга айлайлик соз.
Қўшиқни Нодира шеъриға боғлаб,
Бўлайлук созиға бизлар ҳамовоз.
Увайсий бирла Маҳзуна қошида
Турайлуклук суҳбат айлаб бирга дамсоз.
Ғазаллар пардасини ҳар қаноти,
Ҳаётлик кўнглимизда этса парвоз.
Кимики мисли маъдан эрса рангин,
Ғазаллар ҳусни эрмас, балки пардоз.
Жамоли мисра асли эрса, Барно,
Ўқуған одам айлар онча эъзоз.
* * *
Қалам теккизма қошингга, бузилмасун бу хат,
Фалакдин ой мисоли узилмасун бу хат.
Икки чизиқда мужассам ёсин айлади пай,
Бу икки маст қўйилмай тузилмасун бу хат.
Қўшингни кўрсатиб ойға, хижолат этма ани,
Юзингда доира шакли сўзилмасун бу хат.
Юзунгга боқсам ўқурман машаф оятини,
Илоҳи ишқим ўтидек қўзилмасун бу хат.
Мужгон ўқи ҳамиша қошинггадур маҳрам,
Қиёмат ўлғуча ҳаргиз тўзилмасун бу хат.
Тоқ узра тут ҳамиша икки қамар янғлиғ,
Жаҳон нури ёғурмиш эзилмасун бу хат.
“Вал-лайли вал-қамар” оят ёзар эрмиш Барно,
Хуруфи оят узра бирдек тизилмасун бу хат.
* * *
Оразинг, ёр, санга мавзуи шиор ўлсун,
Қоматинг диёримда мавсуми баҳор ўлсун.
Форсий гуфтам абрўи ту, гар сўзласам қошинг,
Боғ аро икки раста гулу сабзавор ўлсун.
Туркей айтганим кўзинг, форсий – чашми оҳувор,
Кечаларда юзингга термулуб хуммор ўлсун.
Новакест мужгонат, форсий агар гўям,
Гулшанимда гирдогирд соқчидек қатор ўлсун.
Юзларингни тавсифин гарчи сўзласам, ёрим,
Боғ аро занахдоним олмау анор ўлсун.
Форсии ба дандонат алқиёс агар орам,
Ар гулойингда шероза боби эътибор ўлсун.
Қўлларингда сочимнинг торини санаб боқдинг,
Соли умри Барнора зулмат ошкор ўлсун.
МУХАММАС
Ё фалак ҳаргиз мени дардимга дармон айламс,
Ё табиби хозиқимни ҳеч қадрдон айламс,
Мушкулим кўпдур, ақалли бирин осон айламас,
Орзуйим борасида ҳаргиз имкон айламс,
Манга ҳиммат илгидин бир йўла эҳсон айламас.
Дод деб қичқирғанимға раҳм этмайди фалак,
Ишқ сиррин ўйламакдин қонға тўлди бу юрак,
Ер остониға етмоқлиғин дил айлар тилак,
Шум рақиблар дастидин йўл излаб ўтмоқлик керак,
Бу тилакнинг борасида фикр чандон айламас.
Субҳи ўлмайди туним, ҳаргиз ёришмас бунда шом,
Бу ҳабашни лашкари ошиқдин олур интиқом,
Саф тузиб куз манзарида, қўлида тиғи найём,
Телмуруб йиғлаб турарман, ташнаман, қўлимда жом,
Ховари тун лашкарини несту яксон айламас.
Шўр бахтимға азизим юзни пинҳон айлади,
Ваъда қилдию висолин, бағрими қон айлади,
Йиғлатиб ишқида кўздин абри найсон айлади,
Охири бус ҳум рақибин қасди бир жон айлади,
Ҳеч маъшуқа ошиқини бўйла сарсон айламас.
Эмди ёрим раҳм этиб, қинига солсун тиғини,
Ногаҳон бир зарб ила қирқмай муҳаббат бихини,
Адл бирла ўзи берсун шум рақиб таъзирини,
Шодмон ўлғум, йўқотғум, қайғу бирла йиғини,
Бу вафони дилбаримдин ўзга султон айламас.
Бу муаммо қай куни ҳал бўлғуси, билмам ҳануз,
Ишқ ғолиб бўлмоғИ, зулм кетгуси, билмам ҳануз,
Пардайи исмат охир йиртилғуси, билмам ҳануз,
Ой ҳам ўздин ниқобин олғуси билмам ҳануз,
Найлайин бу матлабим хуршиди тобон айламас.
Чархи кажрав тўғри юрсун бу ғариб Барно учун,
Тўғри йўллар номин айтсун ахтариб Барно учун,
Бахт қонуни ёзилсун ўзгариб, Барно учун,
Ишқ васли ҳам бўладур анқариб Барно учун,
Бу ниятни эмди Барно ҳеч пинҳон айламас.
БАЙТЛАР
Одамга фақат ҳусн эрур руйига зеб,
Ботинда жамил улмаса, бу ҳусн бекор.
* * *
Бу замонда ҳамдами роз ўлмага ўқуш керак,
Ҳар китобни ўқигонда маънисин уқиш керак.
Андин ўрганиб адаб илмин ғазал тўқиш керак,
Норасоликнинг жаҳонда томирини қирқиш керак,
Илмсиз афсунчиларга тири паррондур китоб.
* * *
Ўзунгни ўйлама танҳо, эл ичра содиқ бўл,
Нахўдча етса зиёнинг, ўзинг ҳаётдин кеч.
* * *
Ватанни шод этиш учун кўп қайғуринг.
* * *
Ростликка завол ўлмас эмиш, билинг,
Халқингни ҳалок этмагил, эй ер.
* * *
Ёшлик сенга бир йўл келиб, яна кетар,
Қадриға етиб уйнамоғинг даркор.
* * *
Одамдин нур олди ҳар лайлу наҳор,
Тарихнинг ҳисобин топғон ҳар одам.
* * *
Жаҳонда яхшилик инсон юзига зийнатдур,
Набот берса, заққум бил, бари ямондин кеч.
* * *
Дарахт бесамар улса боғида,
Боғбон танида қолмағай ҳаловат.
* * *
Эл ичра ишла, эл бирла тирик бўлгил амалда,
Ки, танҳо ном чиқармас яхшиликда, дедилар устоз.