Девоний (1887-1938)

Девоний (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммадкомил Исмоил Девон ўғли) (1887, Хива яқинидаги Сангар қишлоғи — 1938, Тошкент) — шоир. Хивадаги Арабхон мадрасасида таълим олган, форс тили, хаттотлик санъатини ўрганган. Феруз саройида бирмунча вақт котиблик қилган.

Шеърларида замона носозликларини танқид қилган, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган («Афсус» радифли ва б. шеърлари). Шоир ижодига Табибий («Мажмуат уш-шуаро») ва Лаффасий («Тазкираи шуаро»)лар юқори баҳо берганлар. Девонийнинг девонлари асл нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти (инв. № 901, 906, 1142) ва ўғли Ҳамза Комиловнинг шахсий кутубхонасида сақланади.

ҒАЗАЛЛАР

Ёрсиз кечган куним бир тийра зиндондур манга,
Лаъл ранг май ўрниға кўнглум тўла қондур манга.

Варзишим фурқат аро оромсиз шаб то саҳар,
Ханда ўрниға надомат бирла афғондур манга.

Келмангиз теграмга эмди, эй саломат аҳли ким,
Сели ашким бирла олам турфа тўфондур манга.

Қайда борсам йиғламоқ бирла жунуним тавридин,
Олам аҳли минг кўз ила ваҳки ҳайрондур манга.

Токи ул дилдор базми васлидин бўлдум йироқ,
Айшу роҳатдин ёвуқроқ эмди ҳижрондур манга.

Дашти ваҳшат ичра кирдим айтингиз, аҳбоблар,
Бўлмоғум сизларга улфат қайда имкондур манга.

Шиддати ранжу аламдин музтариб ҳолим кўруб,
Ҳайрат ила давр эли ҳар лаҳза гирёндур манга.

Дод қилсам илкидин ҳар дамда ман эмас ажаб,
Боиси зулму ситам ул лаъли хандондур манга.

Ёр васлидин йироқ. Девониё, ман йиғламай
Найлайинким, гардиши гардун гардондур манга.

* * *

Оҳ ким, эй дилрабо, ҳажрингда зор ўлдим санга,
Келмадинг базмим аро кўп интизор ўлдим санга.

Келгуси деб роҳинг узра ўлтуриб тонг отқуча,
Тортиб ҳижронинг ғамини ашкбор ўлдим санга.

Элга бу сирри ниҳоним фош бўлса тонг эмас,
Дарди ишқингдин ажаб мажнун шиор ўлдим санга.

Бир нафас ором топмай ҳар тарафға бош уруб,
Ўртаниб дарду ғамингдин беқарор ўлдим санга.

Топғали базми висолинг жидду жаҳд айлаб басег
Телбалардек ун чекиб, кўйингда хор ўлдим санга.

Фурқатинг дардин чекиб, ошуфталиғдин сарбасар,
Ихтиёрим йўқ қилиб, беихтиёр ўлдим санга,

Етмайин васлингға айлаб изтироб ҳаддин фузун,
Тортғоли мунча алам қайдин дучор ўлдим санга.

Ваҳки ҳар офатни жавринг шиддати бирла чекиб,
Тиғи ҳажринг бирла охир дилфигор ўлдим санга.

Барча ушшоқингни лутфинг бирла қилдинг мўътабар,
Ваҳки ман Девонийдек беэътибор ўлдим санга.

* * *

То айлади кўз меҳри жамолингни тамошо,
Жон кишвариға тушди ғаминг бирла алоло.

Ақл ила хирад бўлди жудо телба кўнгулдан,
Зулфинг сияҳи бирла тушуб бошима савдо.

Васлингға етургил мани дил хастани эмди,
Холимға тараҳҳум қилиб, эй дилбари барно.

Кўнглум аро йўқ зарра каби сабр ила тоқат,
Чун ўртаниб ишқинг ўтидин булбули шайдо.

Андуҳу бало чеккуси ҳижрон туни беҳад,
Ҳар кимки қилур дилбари васлини таманно.

Не бўлғуси бу кулбаи аҳзонима келсанг,
Меҳр ила вофо расмин этиб бир кеча ифшо.

Девоний каби этмас эдим бир нафас армон,
Васлинг арр бир лаҳза агар топсам эди жо.

* * *

Эй ситамгар, недурур бу навъ қилмоқлиғ жафо,
Қилмайин ушшоқи маҳзун ҳолиға меҳру вафо.

Гулъузоринг шавқида булбул каби фарёд этиб,
Айлагумдур ҳолима субҳу масо афғону во.

Қолмади орому тоқат нотавон кўнглум аро,
Бўлғали токи висолинг гулшанидин ман жудо.

Масканимга еткур ўзни интизор ўлдим басе,
Марҳамат зоҳир қилиб бир кеча, эй ширин лиқо.

Соқиё, тутғил карам жомин мани лаб ташнаға,
Асру хуммор ўлмишам ранж ила бу ҳижрон аро

Фурқати оломидин фарёд қилсам ногиҳон,
Ўртанур оҳим ўтиға ҳар саҳар арзу само.

Еткур ўзни ком топмоқ истасанг, Девониё,
Амният оромгоҳи гўшаи фақру фано.

* * *

Фигор этган кўнгулни тийри мужгонингға салламно,
Жаҳонға фитна солди чашми фаттонингға салламно.

Саросар шавқидин қон айлаган афгор кўнглумни,
Қизил гул ғунчасидек лаъли хандонингға салламно.

Тараҳҳум қилмадинг дедим санга ким шарҳи ҳолимни,
Дегай ҳар кимса кўрса чиқмағон жонингға салламно.

Қилиб қатл ишқ элини зулму бедод айладинг бунёд,
Жаҳон бўстонида, эй шўх сомонингға салламно.

Кўнгулдин сабру оромим паришон айлади охир,
Тонг эрмас гар десам зулфи паришонингға салламно.

Чу аввал аҳди маъшуқ айлабон сўнг минг жафо қилди,
Манга ёлғондин этган аҳду паймонингға салламно.

Фироқи шиддати шарҳини девонингға бер тартиб,
Дегай, Девониё, назм аҳли девонингға салламно.

* * *

Кулбама кел, мақдамингға йўқ ила борим фидо,
Не йўқ ила бор, балки жони беморим фидо.

Бир кўруб то суратингни айладим сар-то бапо
Дини исломимни, эй хуршиди рухсорим, фидо.

Сўргали ҳоли харобим масканимни маскан эт,
Сарбасар бўлсун санга пинҳону изҳорим фидо.

Марҳамат зоҳир қил эмди, жону кўнглумдин асар,
Қолмайин бўлди сенга, эй чашми хунхорим, фидо

Боғ аро кирсанг агар сарве ўзини қилғуси,
Қоматингға ҳар нафас, эй сарви рафторим, фидо.

Жонини қурбон этиб шавқинг била субҳу масо,
Қилмоғон борму ўзин даҳр ичра, эй ёрим, фидо.

Жону дилни садқанг айлаб, айладим Девонийдек,
Ҳам матон васфинга нақди ашъорим фидо.

* * *

Ёндим ғамингдин сарбасар раҳм айлагил, эй дилрабо,
Ҳажринг тунидин кўзларим зулфинг каби бўлди қаро.

Недур гуноҳим, эй пари, ман нотавонинг билмадим,
Тун-кун қилурсан ҳолима раҳм айламай жавру жафо.

Ҳар неча жон қилса фидо афсуским ишқ аҳлиға
Ҳижрон аро ҳусн аҳлидин бир заррадек йўқдур вафо.

Муҳлик фироқи ичра гар фарёд қилсам не ажаб,
Ул сангдилдин бўлмади ҳаргиз мани комим раво.

Ман хастаға боқмай даме ул моҳ пайкар дам-бадам,
Кўргузгуси ағёрға ҳаддин фузун лутфу ато.

Яъқубдек субҳу масо ул моҳи Канъондин йироқ,
Байтул-аҳзанда иш манга чекмак эрур ранжу ано.

Беҳуда меҳнат чекмагил маҳзун ўлуб, Девониё,
Ҳусн аҳлидин меҳру вафо умидидур айни хато.

* * *

Ваҳ недин жавр қилурсан, дегил, эй ёр, манга,
Еткурур дарду ғаминг дам-бадам озор манга.

Фурқатинг шиддатидин ўлмакка ётдим, лекин
Бўлмадинг ҳажринг аро сирдошу ғамхор манга.

Бу ҳазин ҳолима бир зарра тараҳҳум қилмай,
Дам-бадам жавру жафо айлагунг изҳор манга.

Юзларинг шавқидин ўт кўнглум аро шуъла уруб,
Ҳажр аро дарду ғаминг бўлдики бисёр манга.

Кирпикинг ханжари кўнглумни басе қилди яро,
Эмди раҳм айлагил, эй шўхи ситамкор, манга.

Қилмасанг лутфу карам ҳолима, эй шўх, агар,
Эмди жон асрамоқ ҳижрон аро душвор манга.

Ҳар саҳар оҳим ўти чархи фалакка етушур,
Базм этиб тарки ситам айлаки дилдор манга.

Зулм этиб бошим уза дарду бало еткурадур,
Бир тараф ҳажринг ўти, бир тараф ағёр манга,

Фироқинг шиддатидин англа чу Девоний каби
Айламак боис эрур мухтасар ашъор манга.

* * *

Эй пари, келмасму раҳминг чашми гирёним кўруб,
Жавру зулминг бирла ҳар дам ўтлуғ афғоним кўруб.

Йиғлашурлар дам-бадам аҳли саломат даҳр аро,
Муҳлик ҳижронинг. аро бу ҳоли вайроним кўруб.

Ишқ таркин майл этибдурлар бори ишқ аҳликим,
Фурқатинг ичра менинг хотир паришоним кўруб.

Баҳри ҳайрат ичра ғарқ ўлмишдурур аҳли хирад,
Шоми ҳижронинг аро аҳволи ҳайроним кўруб,

Барча олам халқи ҳар дам ҳолима таҳсин деюр,
Бу сифат ранжу аламда чиқмағон жоним кўруб.

Тонг эмас мурғи саҳар маъдум қилса ноласин,
Ҳажр аро ҳар дам мени бу ҳоли нолоним кўруб.

Ваҳки Девоний каби ошуфтадурман раҳм қил,
Васлинга етмакда қилғон қасду жавлоним кўруб.

* * *

Дедим: гирифтор айладинг анвори ҳуснинг кўрсатиб,
Дедики: куйдургум сани ҳажр ўти бирла ўртатиб.

Дедимки: тинмай васлинга фурқат ўтидин зорман,
Дедики: еткунг васлима Мажнунға ўзни ўхшатиб.

Дедимки: эй дилбар, манга жилва қилурсан не сабаб,
Деди: ҳалок эткум сани қошу кўзумни ўйнатиб,

Дедим: лабингни шарбати шавқидин ўлдим ҳажр аро,
Дедики: жон топғунгдурур васлим аро они тотиб.

Дедим: фироқинг дардидин жисмим фигор ўлди басе,
Деди: фигор этдим они қилдинг ғалат новак отиб.

Дедимки: жон нақдин берай бир бўса бер лаълинг учун,
Дедики: бил жон нақдиға ҳаргиз они бўлмас сотиб.

Дедимки: етсам васлинга Девонийдек не ҳол ўлур,
Дедики: маст ўлғунгдурур то субҳи маҳшарча ётиб.

* * *

Субҳу масо гул васлини айлаб таманно андалиб,
Саҳни чаманни ўзига чун қилди маъво андалиб.

Дашти жунунға юз қўюб, фарёд этиб Мажнун киби,
Орому сабрин ғам била ҳам қилди яғмо андалиб.

Парвонадек сар-то бапо шавқи шарарга куйгали,
Ул оташин гул ишқидинким бўлди шайдо андалиб.

Тортиб туман озорлар ранжу таабдин айлади,
Олам аро юз шўру шар бошиға барпо андалиб.

Ишқ ўти бирла ўртаниб, айлаб фиғону нолалар,
Боғ ичра солди шавқдин юз шўру ғавғо андалиб.

Қилғоч тамошо ногиҳон гул оразин гулшан аро,
Ҳар дамда юз турлук наво чун қилди пайдо андалиб.

Айлаб басе оҳу фиғон Девонийдек тинмай даме,
Завқ ўти бирла ёндиким кул бўлди гўё андалиб.

* * *

Ман ҳаста ҳолин, эй сабо, хуршиди тобонимға айт,
Ўлдим ғамидин ҳажр аро яъники султонимға айт.

Бир-бир баён айлаб кўзум ашк ўрниға қон тўкконин
Ҳам хотирим ошуфтасин зулфи паришонимға айт.

Шарҳи фироқида тилим лол ўлғонин сар то бапо,
Айлаб тараҳҳум ҳолима шўхи суҳандонимға айт.

Бир сўрмади ҳоли дилим лутфу карам изҳор қилиб,
Ёндим ғамидин сарбасар ул чашми фаттонимға айт.

Сабр этгали ҳижрониға ҳаргиз қарорим қолмади,
Дарду аламлар заҳматин ошуби давронимға айт.

Бир келмади кулбам аро бўлди пушаймон ё магар,
Ким айлаб эрди ваъдалар ул аҳди ёлғонимға айт.

Бир сори ҳажри шиддати, бир сори ҳам ағёри шум,
Қилмас жафо таркин манга бир лаҳза жононимға айт

Бу тийра кулбамга келиб меҳри жамолини очиб,
Қилсун мунаввар бир кеча шамъи шабистонимға айт

Девонийдек қилғум дуо ҳаққингда ман субҳу масо,
Ман хаста ҳолин, эй сабо, хуршиди тобонимға айт.

* * *

Чекиб ул ой ғами ҳажридин офат,
Кўнгулда қолмади бир зарра тоқат.

Манга зулму ситамлар зоҳир айлаб,
Тонг эрмас даҳрдин қилсам шикоят.

Муродим топмадим ёр оллида ким,
Вале ағёрға айлар иноят.

Неча бедод қилса чархи золим,
Таҳаммул айламакни айла одат.

Топар албатта кому мақсадини
Кишига бўлса фан расми қаноат.

Сўранг, эй васл эли, ул дилрабодин,
Ки ҳижрониға бордурму ниҳоят.

Бало дашти аро саргаштадурман,
Кўруб Девонийдек ранжу машаққат.

* * *

Недин кўп муддат ўлди, эй паризод,
Ки ман афтодани ҳеч қилмадинг ёд.

Фироқинг ичра андуҳ шиддатидин
Ҳазин ҳолимға ишдур оҳу фарёд.

Вафоу меҳр этиб аввалда беҳад,
Қилурсан не са.бабдин эмди бедод.

Жамолинг неъматидин, эй париваш,
Ҳазин ошиқларингни қилма ношод.

Вафо аҳлиға зинҳор, эй ситамгар,
Вафо қилғил, жафо ўрниға бунёд.

Қоронғу масканим ҳажр оқшомида
Висолинг шамъи бирла айла обод.

Чекиб ўтлуғ наво тун-кун ғамингдин,
Қилибман сабру оромимни барбод.

Карам зоҳир қилиб бир кеча, эй шўх
Қил эмди ҳажр зиндонидин озод.

Етарсан васлиға, Девоний, оҳиста,
Жафосини чекиб бас қилмағил дод,

* * *

Эй пари, ишқинг ғамидин айлаб афғон ҳар саҳар,
Айладим элдин ниҳон ашкимни тўфон ҳар саҳар.

Келмадиму зарра раҳминг тоқат этмай, эй пари,
Ҳасрату оҳимға ушбу чархи гардон ҳар саҳар.

Партави ҳуснингдин ойру тийра ҳижрон ичраким,
Айлади жаври ғаминг ҳолимни вайрон ҳар саҳар.

Гўшаи ҳижронинг ичра топғали ғамдин амон,
Йиғладим аҳволима борича имкон ҳар саҳар.

Фурқатинг андуҳидин бир дам фароғат топмадим,
Чунки ҳажринг ханжари кўнглум қилиб қон ҳар саҳар.

Ранж ила меҳнатдин асру зор эрурман ўртаниб,
Қил тараҳҳум ҳолима, эй моҳитабон, ҳар саҳар.

Ҳажр аро шавқи ғаминг беҳад ситамлар еткурур,
Айлади Девонийдек кўнглум паришон ҳар саҳар.

* * *

Ул ситамгарким, жафо расмини муътод айламиш,
Ишқ эли сабр ила оромини барбод айламиш.

Заррадек меҳрини кўрмай зулму озорин чекиб,
Давр эли ҳарён кўрунгким, илкидин дод айламиш.

Қайда ором айлагум ул нозанини жаврфан,
Ким мани мажнунға беҳад зулму бедод айламиш.

Ошиқи бечораға жавр айлабон субҳу масо,
Муддаийни базми васлида вале шод айламиш.

Ул парининг ўзлариға барча маҳвашлар кўринг,
Дилраболиқ шевасин билмакда устод айламиш.

Не ажаб, Девониё, гар шиква қилсам бу фалак,
Чунки туз аҳлиға кажравликни ижод айламиш.

* * *

Жавру зулмини манга бу кун аён этди фироқ,
Қоматим хам қилдию кўнглумни қон этди фироқ.

Сабру оромим олиб ҳам бу бузуқ кўнглум аро,
Дам урорға заҳра қўймай нотавон этди фироқ.

Оҳим ўтидин шарор оламға тушса тонг эмас,
Тиғи жаврини бошим узра равон этди фироқ.

Нола қилсам ҳолима шаб то саҳар эрмас ажаб,
Оқибат ман нотавонға қасди жон этди фироқ.

Ҳар на бўлса меҳнати ранжин манга фош айлабон,
Лек жавридин рақибимни амон этди фироқ.

Ўлғоли етдим ҳаводис зулмидин, аҳбоблар,
Дилни хун, қоматим андоқ камон этди фироқ.

Бу ситамга чора не қилғумдурур, Девониё,
Ман ҳазинни заррадек кўздин ниҳон этди фироқ.

* **

Бу оқшом кулбам ичра лутф этиб, эй маҳлиқо, келгил,
Чекиб дарди фироқингни бўлубман мубтало келгил,

Билиб ҳижрон аро афтода ҳолим дарди ишқингдин,
Кўнгул мулкини вайрон айлади хайли бало келгил.

Шаби ҳижрон аро доим ёқиб уммид чироғини,
Эрурман интизоринг раҳм этиб, эй дилрабо, келгил.

Саросар жаври ҳажрингдин ҳаётим мунқатиъ бўлмиш,
Мани маҳзунға эмди қилиб тарки жафо келгил.

Етушмай жоми васлингға басе хуммор ўлубдурман,
Висолинг бодасидин қилғали комим раво келгил.

Ҳазин кўнглумни ҳижрон бандидин озод этиб лекин,
Қилиб лутфу карам беҳад тутуб расми вафо келгил.

Муяссар бўлмади мани зорингга висолинг туни ҳаргиз,
Қадим дарду ғаминг остида бўлди мисли «ё» келгил.

Фироқинг шиддати бирла басе афтода бўлмишман,
Паришон ҳолима, эй жон, қилиб лутфу ато келгил.

Балоу ғам аро Девонийдек маҳзун ўлубдурман,
Бу оқшом кулбам ичра лутф этиб, эй маҳлиқо, келгил.

* * *

Ман санга айлай бори ҳолимни изҳор, эй ҳаким,
Сан вале фош этма бу сирримни зинҳор, эй ҳаким.

Беадад қилдинг давойи ваҳ нечук суд айласун,
Ким эрурман ишқ дарди бирла бемор, эй ҳаким.

Бу маризи ишқдин сиҳҳатлиғим мумкин эмас,
Бермагил ман хастаға беҳуда озор, эй ҳаким.

Ушбу муҳлик дардима гар нола ҳилсам ҳар саҳар,
Андаке сокин этар фарёд ила зор, эй ҳаким.

Ўлмайин ҳаргиз халоси топмагин имкони йўқ,
Кимсаким гар бўлса бу дард ила дучор, эй ҳаким.

То лабининг шарбатин нўш айласам васли аро,
Ушбу дорулар менинг ҳаққимда бекор, эй ҳаким.

Қўйғил ўз аҳволима, жоҳиллик изҳор этма кўп,
Ким қилур доруларинг дардимни бисёр, эй ҳаким.

Ҳожатим йўқ дард учун доруларингға заррадек,
Чун менинг дардимнидур доруси тайёр, эй ҳаким.

Етмайин ҳасрат чекарман рўзу шаб Девонийдек,
Токи бўлдум бу мараз бирла пирифтрр, эй ҳаким.

* * *

Кўзум қон тўкмаги ҳижрон аро ранжу машаққатдин,
Паришон бўлмоқи кўнглумни ҳам андуҳи фурқатдин.

Дамодам нотавон ҳолим кўруб айб этманг, эй аҳбоб,
Қадимни ҳамлиғи ҳижрони ичра бори меҳнатдин.

Тилаб айшу тараб юз урмангизлар суҳбатигаким,
Касофат етгуси даврон аро нобоб улфатдин.

Қаноат пеша бўл, қилма тамаъ аҳли ҳасосатдин,
Агарчи берса бир нон ўлтурур албатта миннатдин.

Жунун дашти аро гар юз бало ҳар дам ғулув айлар,
Тиларсан айшу ишрат қочмағил албатта заҳматдин.

Десанг эмин бўлай доим ғаму оломи даврондин,
Даме бош чекмагил, Девониёким, хоки узлатдин.

* * *

Бўлмаса базм ичра жонон, ўзга дилбарни нетай,
Орази меҳридин ойру моҳи анварни нетай.

Даҳр аро саъй айлабон гар жоми васлин топмасам,
Маст ўлурға жом аро гулгуна соғарни нетай.

Сарв янглиғ қоматиға қилмасам наззораким,
Гулшани олам аро сарву санубарни нетай.

Қилма, эй носиҳ, манга жаннатда кавсар васфини,
Чун лаби шаҳдидин ойру оби кавсарни нетай.

Бўй этарга базм аро шабранг зулфидин йироқ,
Боғ аро райҳон ила ҳам сунбули тарни нетай.

Кўрмасам лаъли лабин базм ичра, эй аҳбоблар,
Айламанг таърифини ёқути аҳмарни нетай.

Даҳр аро Девонийдек гар дурри нутқин топмасам,
Инбисоти даҳр ила тахти Скандарни нетай.

* * *

Тушуб бошимға ҳажрида ул ой зулфини савдоси,
Кўзум хун тўккуси ҳардам ҳазин дил зори шайдоси.

Таним урён кўруб кўйида айб этманг мани, аҳбоб,
Басе ҳолимға қаттиғ бўлди ғам хайлини яғмоси.

Нетонг дод айласам саҳройи ғурбат ичра ҳолимға,
Ки йўқдур ман ҳазиндин ул парини зарра парвоси.

Рақибимнинг қулоғига етар кўйита гар борсам,
Қилиб итлар била жангу жадал ман телба ғавғоси,

Кел, эй соқий, қадаҳ тутғил харобот ичра эмдиким,
Ўзумни айладим ишқи ғамидин даҳр расвоси.

Кўруб девоналиғда, носиҳо, айб этма ҳаргизким,
Ҳазин кўнглумда бордур васли базмини таманноси.

Ажаб йўқ муддаийни айласам, Девониё, эъзоз,
Қавий бўлса, кишини даҳр аро йўқ чора, аъдоси.

* * *

Даҳр аро ман чекмаган қайғу била ғам қолмад»,
Йиғламоқдин кўзларимда қатраи нам қолмади.

Бир нафас мунглуғ кўнгул сиррин десам чарх илгидии,.
Ваҳки бир даврон аро сирдошу ҳамдам қолмади.

Ғусса чекмоқда кўруб афсурда маҳзун хотирим,
Ҳасрату ғам чекмаган ҳолимға одам қолмади.

Турфа йўқдур нола қилсам сарв янглиғ қоматим
Бўлмайин ҳижрон ғами бори била хам қолмади.

Зоҳир этмакликда ҳар лаҳза манинг шонимғаким,
Не эса зулми фалак кўп бўлдию кам қолмади.

Эмди тутдум муғтанам бу фурсат умримниким,
Соқиё, бергил фано жомин манга дам қолмади.

Шаҳнаи ғамға асир ўлмоқ била, Девониё,
Вой ким, маҳзун кўнгул бир лаҳза хуррам қолмади.

МУХАММАС

* * *

Жунуним шўришин айб этмагил ҳижрон балосидин,
Жаҳон бир тийра уйдир дуди оҳимнинг қаросидин,
Хабар сўрмасму ҳеч дилбар кўруб ўз мубталосидин,
Фиғонким эмин ўлмасман даме даврон жафосидин,
Ситам кўпроқ етар эркон кишига ошносидин.

Неча муддатдурур зулминг чекарман, эй пари рухсор,
Ситам тиғи била кўнглум саросар айладинг афкор,
Фироқинг дардидин ўлмишдурурман ўлгудек бемор,
Эшит додимни лутф айлаб тағофул қилмағил зинҳор,
Ҳазар қил, эй ситамгар, эмди бу қаддим дутосидин.

Ҳазину нотавонингман, маииким мунча зор этма,
Етуш кулбам сори, эй нозанин, кўп интизор этма,
Рақиби муддаийлар сўзларини эътибор этма,
Тараҳҳум зоҳир эт, девонаи кўйингман, ор этма,
Муносибдур шаҳи олий хабар тутса гадосидин.

Вафо расмин тутуб ҳажрингдин озод этмадинг ҳаргиз,
Фироқим ичра бормусан дебон ёд этмадинг ҳаргиз,
Бузуқ кулбам висолинг бирла обод этмадинг ҳаргиз,
Санга таҳсин! Хароб ҳолим кўруб шод этмадинг ҳаргиз,
Хароб ўлғусидур олам кеча оҳим садосидин.

Эшит арзим карамдин, эй парилар сарвари, охир,
Тўкар қоним мани кирпикларингнинг ханжари охир,
Ғулув қилди вужудим шаҳриға ғам лашкари охир,
Нигоҳи илтифотингдин етур мақсад сари охир,
Ҳалок ўлмоқлиғим таҳқиқ эрур қошингни ёсидин.

Хаёли қоматинг сабру қароримни олур, лекин,
Дамодам жон қуши кўюнг сориға уйрулур, лекин,
Фироқ ичра ғариб ҳолим бори олам билур лекин,
Агар шарҳин қилур бўлсам тилим ожиз келур, лекин,
Кўнгулни минг китоби бордурур ғам можаросидин.

Бало дашти аро бўлдум асири дарду ғам, келгил,
Ҳазин ҳолимға тарк айлаб даме зулму ситам, келгил.
Хиромингдин қилиб зоҳир басе лутфу карам, келгил,
Бу тун кулбам аро, эй нозанини муҳташам, келгил,
Етарсан матлабингға ушбу маҳзунинг дуосидин.

Манга таъйин экан гўё азалнинг дафтари бирла,
Ки бу ёнмоқлиғим парвонадек шавқ ахгари бирла,
Кўнгулни пора айлаб ранжу меҳнат ханжари бирла,
Улук янглиғ йиқилдим шоми ҳижрон сарсари бирла,
Етур қувват қуёши васлингни боди сабосидин.

Жаҳон тўфон ўлубдур йиғламоқдин ашкборингға,
Тараҳҳум айлабон фурқат аро афғону зорингға,
Ажаб эрмас қуёш янглиғ етушса шоми торингға,
Бузуқ ҳолингни, Девоний, рақам то айла ёрингға,
Жафосини эса тортиб умид этгил вафосидин.

Навоий ғазалига мухаммас

Тутуб меҳру вафо расмин, манга тарки азоб айлаб,
Билиб ҳоли харобимни, мурувват беҳисоб айлаб,
Бори ушшоқ аро мен нотавонин интихоб айлаб,
Тун ақшом келди кулбам сори ул ғулруҳ шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза хайдин гулоб айлаб.

Ўзига фан қилиб нозу адо расмини сар-то сар,
Юзини шамъидин ҳижрон тунини айлади анвар,
Кўзу қошидин эрди фитнау бедод иши азҳор,
Қилиб мужгонни шабравлар киби жон қасдиға ханжар,
Белига зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.

Вафо расмин тутуб кулбам аро таъжил ила кирди,
Фасоҳат риштасиға нуктаи гавҳарларин терди,
Каломи рамзидин айшу тараб осори фош эрди,
Кулуб ўлтурдию илким чекиб, ёнида ер берди,
Такаллум бошлади ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.

Бало даштида айлаб рўзу шаб мажнун киби маскан,
Ишим аҳволима эрди туну кун нолау шеван,
Табассум фош этиб деди манга ул дилбари пурфан,
«Ки эй зори балокаш ошиқим, менсиз нечуктурсан?»
Мен ўлдум лолу айта олмадим майли жавоб айлаб.

Қилиб лутфу карам ул нозанин, кулбамаро келди,
Ғами ишқи аро оҳу фиғоним кўзига илди,
Неча муддат фироқи ичра хуммор эрканим билди,
Чиқарди шишаи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб, тутди манга юз навъ нозосо итоб айлаб.

Бериб майни дедиким: Айлагил ашкингни бас кўздин,
Бўлуб сармасти лояъқил мени маҳзуни бу сўздин,
Таваққуф қилмайин ўлдим ҳаёни рафъ этиб юздин,
Ичиб, фарёд этиб туштум аёқиға, бориб ўздин,
Мени йўқ бодаким, лутфи анинг масти хароб айлаб.

Бировким рўзу шаб ҳажр ичра иши бўлса гом урмоқ,
Чекиб ранжу миҳан, уммид этиб комин раво бўлмоқ,
Етушса ўзни айлаб кўйида Девонийдек туфроқ,
Аниким элткай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Навоий ғазалига мухаммас

Билмагай шавқ аҳли ҳолин шавқдин кўтоҳлар,
Етмагай манзилга гом урмоқ бйла гумроҳлар,
Ҳасрати ҳажр ила тортиб нолаи жонкоҳлар,
Улки солғай шуъла аъзосиға ўтлуғ оҳлар,
Қайда билгай куймакин зарбафт кийган шоҳлар.

Водийи ғам ичра ишқ аҳлидин ўзга билмагай,
Бўйла ҳолин ҳусн аҳли ҳаргиз кўзига илмагай,
Оҳу фарёдин кўруб чун зарра раҳми келмагай,
Бағридин қон томғучи ушшоқ заҳмин билмагай,
Тиғидин қон томғучи бераҳм олий жоҳлар.

Ҳар неча гарчи балойи ишқ эрур хунрезким,
Айламай чун зарраи заҳмидин они парҳезким,
Тешасин жон қасдиға айлаб дамодам тезким,
Шиддатин Фарҳод қилғай фаҳм, йўқ Парвезким,
Дардни хокийлар англар, йўқ фалак даргоҳлар.

Равзаи дилдин фароғат гулларини юлғали,
Эйки риҳлатдин фано кўйида чун гул сўлғали,
Тарки жон айлаб жунун аҳлиға ҳамдаст ўлғали,
Жону кўнглум кирдилар ғам даштиға гум бўлғали,
Ман ҳам этдим жазм, чун азм эттилар ҳамроҳлар.

Ҳар нафас тиғи ситам кўнглини юз қатла тилур,
Ҳажр аро ҳар не бало ишқ аҳли бошиға келур,
Чекмагунча то ани аҳли саломат не билур,
Бўлсалар огаҳки, бир ғамгинни ҳижрон ўлтурур,.
Фикр этар ҳолиға ҳижрон дардидин огоҳлар.

Муддаийлар не билур фурқатда ҳамроҳим недур,
Шавқдин ҳар лаҳза чеккан нолау оҳим недур,
Бўйла суръатдин фано шаҳри аро жоҳим недур,
Ваҳ не билғай ҳажр занжирида дилҳоҳим недур,
Ҳалқа урғон базм айши даврида дилҳоҳлар.

Сенда, Девоний, недин шарму ҳаёни фикри йўқ,
Етгали манзил сори қасди вафони фикри йўқ,
Хотирингда ваҳки жуз журму хатони фикри йўқ,
Эй Навоий, шоҳларға чун гадони фикри йўқ,
Айлағил сен тенгри даргоҳиға шайъан лиллоҳлар.

Огаҳий ғазалига мухаммас

Норасолар жоми васлиға хумор ўлмоқ абас,
Кўйининг гарди била чашми ғубор ўлмоқ абас,.
Халқи олам таъни бирла шармсор ўлмоқ абас,
Шўхлар ҳуснин кўруб беэътибор ўлмоқ абас,
Бевафолар васлин истаб беқарор ўлмоқ абас.

Ҳар киши кўнглини берса шўхларға ногиҳон,
Меҳнату ғам остида қаддини қилса чун камон.
Истаса гар лутф топмоқни алардин ногиҳон,
Сўзларидур заҳри қотил они шаҳд айлаб гумон,
Содаликдин заҳри қотилға дучор ўлмоқ абас,

Йиғласанг ҳар дам тилаб васлини бўлмоқ ҳамдами,
Йиғламоқдин кўзларингда қолмаса қатра нами,
Зарра лутф айлаб алар тарки жафо қилмас дами,
Йўқ аларнинг лутфидин чун шодлиғнинг марҳами,
Йўқни истаб тиғи ғамдин дилфигор ўлмоқ абас.

Қажлик ила бу фалакни кўр қарори йўқдурур,
Ғам чекар ишқ аҳли туну кун ғамгусори йўқдурур,
Шўхларға жон фидо қилсанг мадори йўқдурур,
Қилсалар ҳар ваъда онинг эътибори йўқдурур,
Алданиб ул ваъдаға беэътибор ўлмоқ абас.

Хўбларнинг йўқдур ошиқларға унсу улфати,
Хор ўлуб ҳижронида чекма балоу меҳнати,
Ошиқи бечораға бўлмас муяссар вуслати,
Мумкин эрмас чун аларнинг васли базми ғурбати,
Бас они истаб алар кўйида хор ўлмоқ абас.

Сўрмағайлар раҳм этиб ушшоқ ҳолин билса ҳам,
Йиғламоқдин ишқ элининг кўзлари кўр ўлса ҳам,
Оҳу ашки ишқ элидин бу жаҳон гар тўлса ҳам,
Келмагайлар раҳм этиб ҳижронда ошиқ ўлса ҳам,
Рўзу шаб келмакларига интизор ўлмоқ абас.

Дилраболарни кўрунг раҳму вафо кўнглида йўқ,
Бўлғали ушшоқ элига ошно кўнглида йўқ,
Қилғали Девоний комини раво кўнглида йўқ,
Огаҳий ҳусн аҳлини раҳму вафо кўнглида йўқ,
Бас алар олдида кўздин ашкбор ўлмоқ абас.

МУСАДДАС

* * *

Аввал ул шўх юзи нуру зиёсини кўрунг,
Сўнгра эл қатли учун қошлари ёсини кўрунг,
Жонға етган ғамида дарду балосини кўрунг,
Жавриға ошиқининг сабру ризосини кўрунг,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Чекмак андуҳи ситам бўлур ишим субҳу масо,
Юзланиб жони ҳазинимға туман дарду бало,
Қилғали жоми висоли била комимни раво
Айладим кўйи аро ўзни мен телба гадо,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Нетай ул шўх ўзин ғайриға ҳамроз айлар,
Арзи ҳолимни десам ғамза била ноз айлар,
Жавр расмини мени телбага оғоз айлар,
Тилаб ишқ аҳли қатлини таку тоз айлар,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Туну кун шоми фироқида ишим афғондур,
Қон тўкуб икки кўзум хаста жигар бирёндур,
Васлиға етмак ҳазин хотирима армондур,
Нечаким ваъда манга қилди бори ёлғондур,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Ногаҳон қилса бошимдин ул шўх гузар,
Айладим итларидек гўйи ҳаримида мақар.
Токи қилдим мен онинг ҳусну жамолиға назар,
Қолмади кўнглум аро сабр ила тоқатдин асар,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Қоматим айлади ё шавқи қади зебоси,
Йўқдурур ҳоли харобимдин онинг парвоси,
Хаста кўнглумда эрур ишқу жунун савдоси,
Айб эмас бўлсам агар эмди жаҳон расвоси,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Ўзни Девоний каби айламадим аҳли фунун,
Ҳолатим ишқ ғами бирла бўлуб асру забун,
Ихтиёр этдим ўзумга мени саргашта жунун,
Бу сабабдин букулуб қоматим ўлмишдур «нун»,
Ваҳки ул моҳлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.